Ўзбекистонда қора металлургияни ривожлантиришнинг устувор вазифалари

Ўзбекистонда қора металлургияни ривожлантиришнинг устувор вазифалари
Соҳага сунъий интеллект ва рақамли ечимларни жорий этиш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.

Тармоқнинг бугунги ҳолати, эришилган натижалар ва асосий муаммолар

Президент Шавкат Мирзиёев қора металлургия саноатини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Таъкидланганидек, мазкур тармоқ қурилиш, қурилиш материаллари саноати, автомобилсозлик, машинасозлик, энергетика ва электротехника каби умумий ҳажми қарийб 50 млрд долларлик иқтисодиёт тармоқлари учун асосий хомашё манбаи ҳисобланади.

Қайд этилганидек, иқтисодиётни технологик ва инновацион ривожланиш моделига ўтказиш ҳамда 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини 240 млрд долларга етказиш учун иқтисодий ўсиш суръатларини йилига камида 8–9% даражасида таъминлаш зарур.

Шу билан бирга, Президент тармоқ ривожланишини чеклаб турган тизимли муаммоларга эътибор қаратди. Жумладан, импорт хомашёсига юқори даражада қарамлик, маҳсулот таннархининг юқорилиги, энергия сарфининг катталиги, шунингдек рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш суръатларининг етарли эмаслиги қайд этилди. Геосиёсий зиддиятлар кучайиб, халқаро логистикада муаммолар сақланиб қолаётган шароитда миллий хомашё базасини мустаҳкамлаш, металл маҳсулотлари турини кенгайтириш ва сифатини ошириш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Сўнгги ўн йилда мамлакатда листли пўлат, навли прокат, қувурлар ва металл конструкцияларга бўлган ички эҳтиёж уч баравар ошиб, 5,5 млн тоннага етди.

Яқин йилларда амалга ошириладиган йирик инвестиция лойиҳалари ушбу талабнинг янада ўсишига хизмат қилади. Хусусан, атом электр станцияси, тўртинчи мис бойитиш фабрикаси ва янги мис эритиш заводини қуриш учун қарийб 2,5 млн тонна листли пўлат ва арматура талаб этилади.

Келгуси беш йилда мамлакатда умумий қиймати 180 млрд долларлик янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиши, 27 млрд долларлик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиши ҳамда 800 минг хонадонли кўп қаватли уй-жойлар барпо этилиши режалаштирилган.

Натижада 2030 йилга қадар иқтисодиётнинг металл маҳсулотларига бўлган йиллик эҳтиёжи 1,5 бараварга ошиб, 8 млн тоннадан ортиқни ташкил этади. Шу муносабат билан Президент ушбу талаб қайси ишлаб чиқариш қувватлари ҳисобидан қопланиши бўйича аниқ ҳисоб-китоблар тайёрланиши лозимлигини таъкидлади.

Ҳозирги кунда Бекобод металлургия комбинати металл прокатининг 40%ини иккиламчи металл ҳисобидан, 60%ини эса импорт хомашёси асосида ишлаб чиқармоқда.

Республика бўйича ҳар йили қарийб 700 минг тонна қора металл парчалари қайта ишлашга топширилаётган бўлса, яна тахминан 500 минг тонна металл расмий айланмадан ташқарида қолмоқда.

Шу билан бирга, мамлакат темир хомашёсининг салмоқли захираларига эга. Разведка қилинган темир рудаси захиралари 1,5 млрд тонна деб баҳоланмоқда. Бундан ташқари, Тошкент, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида ҳам темир рудасининг қўшимча захиралари мавжудлиги прогноз қилинмоқда.

Йиғилишда замонавий технологияларни кенг жорий этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида сунъий интеллектни жорий этиш бўйича амалий натижаларга эришилган.

Хусусан, карьер самосвалларини онлайн кузатиш ва сунъий интеллект асосида энг мақбул ҳаракат йўналишларини танлаш натижасида ҳар йили 1,5 минг тонна дизель ёқилғиси тежалмоқда. Бу эса 22 млрд сўм иқтисод қилиш имконини бермоқда. Экскаватор тишларининг ейилишини олдиндан прогноз қилиш технологияси жорий қилиниши ҳисобидан технологик йўқотишлар яна 4 млрд сўмга қисқарган.

Эришилган мазкур натижалар рақамли технологиялар ва сунъий интеллект металлургия ишлаб чиқаришининг самарадорлигини ошириш, таннархни пасайтириш ҳамда ресурслардан фойдаланиш самарасини юксалтиришда катта имкониятларга эга эканини кўрсатмоқда.

Қора металлургияни ривожлантириш бўйича янги вазифалар ва устувор йўналишлар

Иқтисодиётда металл маҳсулотларига бўлган талабнинг жадал ўсишини ҳисобга олган ҳолда Президент хомашё базасини кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, янги турдаги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш, шунингдек тармоқнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган устувор вазифаларни белгилаб берди.

Энг аввало, қора металл айланмасини тўлиқ тартибга солиш чоралари кўрилади. Металлоломни йиғиш, топшириш ва қайта ишлаш билан боғлиқ барча жараёнлар реал вақт режимида электрон мониторинг тизимига ўтказилади. Соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, нархлар барқарорлигини таъминлаш ва самарали назорат механизмларини жорий этиш мақсадида Ҳукумат ҳузурида алоҳида лойиҳа офиси ташкил этилади.

Мазкур офис металл маҳсулотлари бозорини ҳар куни таҳлил қилади, хомашё ва тайёр маҳсулотларга бўлган талаб ҳамда таклифни баҳолайди, шунингдек маҳсулотнинг сифати, келиб чиқиши, физик ва кимёвий хусусиятлари акс эттирилган рақамли паспортларни юритади. Лойиҳа офисининг фаолияти бир ой ичида йўлга қўйилиши белгиланди. Шунингдек, 1 августдан бошлаб қора металл айланмасини назорат қилиш имконини берадиган «E-lom» электрон платформаси ишга туширилади.

Йиғилишда маҳаллий хомашё базасини кенгайтириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. «Сурун-ота» конида йилига 650 минг тонна темир хомашёсини қазиб олиш бўйича хитойлик ҳамкорлар билан келишувга эришилгани қайд этилди. Ушбу кондан олинадиган темир концентрати 2027 йилдан бошлаб Бекобод металлургия комбинатига етказиб берилиши шартлиги белгиланди.

Шунингдек, «Тебинбулоқ» конини уч-тўрт йил ичида ўзлаштириш орқали йилига 1 млн тонна пўлат ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Тожикистон билан ҳар йили 700 минг тонна темир хомашёсини харид қилиш бўйича меморандум имзолангани қайд этилиб, шартномани қисқа муддатда расмийлаштириш ва келгуси йилдан хомашё етказиб беришни бошлаш вазифаси қўйилди.

Хусусий секторнинг иштироки ҳам кенгайтирилади. Йирик хусусий корхоналар геология-қидирув ишларидан тортиб, хомашё қазиб олиш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ технологик занжирни шакллантиришга жалб этилади. Самарқанд вилоятидаги корхоналардан бири темир кони ажратилган тақдирда хомашё қазиб олишга 500 млн долларгача инвестиция киритишга тайёрлигини билдирди. Бекобод металлургия комбинати эса Фориш туманидаги захираси 32 млн тонна деб баҳоланаётган «Темиркон» конини ўзлаштириш таклифини илгари сурди. Президент ушбу ташаббусларни амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиш бўйича топшириқлар берди.

Шу билан бирга, Тошкент, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида темир рудаси захиралари мавжудлиги прогноз қилинмоқда. Йирик металлургия лойиҳалари амалга оширилиши муносабати билан марганец ва ферросилиций каби темир сифатини ошириш учун зарур минералларга бўлган эҳтиёж ҳам ортади.

Шу муносабат билан истиқболли ҳудудларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш ҳамда бир ой ичида темир рудаси ва уни бойитиш учун зарур минераллар захираларини кўпайтиришга қаратилган геология дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Ҳудуд раҳбарларига ушбу ишларга йирик тадбиркорларни жалб қилиш топширилди.

Бугунги кунда металлургия тармоғида 150 га яқин ўрта ва кичик хусусий корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг хомашё билан барқарор таъминланишини йўлга қўйиш мақсадида марказлашган ҳолда металлургия хомашёсини импорт қилувчи алоҳида компания ташкил этилади. Унинг фаолияти учун 200 млн доллар ажратилади. Импорт қилинадиган барча хомашё биржа орқали сотилади.

Йиғилишда металл маҳсулотлари турини кенгайтириш ва янги ишлаб чиқаришларни маҳаллийлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президент йирик металлургия комбинатлари билан хусусий корхоналар ўртасидаги кооперацияни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда мамлакат ичида чоксиз қувурларга бўлган талаб 280 млн долларни ташкил этади. Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари эса ҳар йили 1,5 млрд долларлик шундай маҳсулотни импорт қилмоқда. Чоксиз қувур ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш учун 275 млн доллар инвестиция талаб этилади. Лойиҳа амалга оширилса, йилига 450 млн долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, шундан 170 млн долларлик қисмини экспорт қилиш имконияти яратилади.

Фойдаланишга топширилган қуйиш-прокатлаш мажмуаси ҳисобига автомобилсозлик, махсус транспорт, технологик ускуналар, маиший ва қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда қурилиш материаллари учун умумий қиймати 1,5 млрд долларлик маҳсулотларни мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади.

Шу муносабат билан уч ой ичида чоксиз қувурлар, совуқ прокат, металлни 3D усулида чоп этиш ҳамда юқори аниқликда металлга ишлов бериш бўйича лойиҳалар пакетини тайёрлаш ва уларни амалга оширишни бошлаш топширилди.

Металлургия саноатининг янги ўсиш нуқталаридан бири Бекобод шаҳрида шакллантирилади. Бекобод металлургия комбинати ҳудудидаги 90 гектар майдонда тайёр инфратузилмага эга «Ўзбекистон экологик технологиялар саноат парки» барпо этилади.

Унинг таркибида қора металлургия бўйича илмий-тадқиқот маркази ташкил қилиниб, янги турдаги маҳсулотларни яратиш ва уларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ишлари йўлга қўйилади. Шунингдек, халқаро сертификат бериш ҳуқуқига эга замонавий лаборатория ҳам ишга туширилади.

Жорий йилнинг ўзида хусусий инвесторлар иштирокида катта диаметрали қувурлар, кўтарма кранлар, фильтрлаш ускуналари ҳамда бошқа янги турдаги металл маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар бошланади.

Ҳудудларда ҳам саноат кооперациясини кенгайтириш назарда тутилган. Самарқанд, Жиззах, Наманган ва Сирдарё вилоятларидаги йирик металлургия корхоналари атрофида умумий қиймати 100 млн долларлик кооперация лойиҳалари дастури ишлаб чиқилади. Бу лойиҳалар қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш, хусусий сектор иштирокини ошириш ва янги турдаги металл маҳсулотларини маҳаллийлаштиришга хизмат қилади.

Йиғилишда рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Барча металлургия комбинатлари учун махсус дастур ишлаб чиқилиб, ускуналардан фойдаланиш самарадорлигини 20%га ошириш, маҳсулот таннархини 10%га, энергия сарфини 15%га қисқартириш, техник хизмат кўрсатиш харажатлари ҳамда технологик тўхташларни 20%га камайтириш вазифалари белгиланди.

Бекобод металлургия комбинатида металлолом таркибидаги металл бўлмаган аралашмаларни сунъий интеллект орқали аниқлаш йилига 25 млрд сўм иқтисод қилиш имконини беради. Эритиш печларига интеллектуал датчиклар ўрнатиш эса ҳар йили 3 млн долларлик электр энергиясини тежаш имконини яратади.

Металлургия соҳасини илмий ва таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш вазифаси Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига юклатилди. Марказ тармоқнинг «ақл маркази» сифатида белгиланди.

Ушбу ишларга Навоий кон-металлургия комбинатининг Марказий илмий-тадқиқот лабораторияси, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Илмий-технологик маркази, Технологик металлар комбинатининг «Ўзбекистон – Корея» илмий-технологик маркази, Тошкент давлат техника университети, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, Олмалиқ давлат техника институти ҳамда Москва пўлат ва қотишмалар институтининг Олмалиқ филиали ҳам жалб этилади.

Ушбу илмий муассасалар ва олий таълим муассасалари янги материалларга бўлган талабни баҳолайди, ҳар бир ҳудудда қандай лойиҳаларни амалга ошириш мақсадга мувофиқлигини, қайси технологиялардан фойдаланиш лозимлигини ҳамда кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишларини белгилайди. Ҳар бир ҳудуд учун бир йиллик, уч йиллик ва беш йиллик ривожланиш дастурлари ишлаб чиқилиб, ҳокимларга тақдим этилади.

Келгуси ўқув йилидан Бекобод металлургия комбинатида қора металлургия кафедраси очилиб, дуал таълим тизими жорий қилинади. Мутахассислар назарий таълим билан бир қаторда ишлаб чиқариш амалиёти асосида тайёрланади.

Шунингдек, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази металлургия соҳасидаги муаммоларни таҳлил қилиш, мавжуд чекловларни аниқлаш ва ривожланишнинг истиқболли йўналишларини белгилашга хизмат қиладиган рақамли платформани ишга туширади.

Илмий тадқиқотлар ишлаб чиқариш эҳтиёжларига йўналтирилиши, технологик янгиланишни жадаллаштириши ва корхоналарнинг амалий муаммоларини ҳал этиши лозимлиги таъкидланди. Илмий ишланмаларни молиялаштириш ва амалиётга жорий этиш мақсадида венчур жамғармаси ташкил этилади.

Белгиланган вазифалар амалга оширилиши натижасида маҳаллий хомашё базаси кенгаяди, импортга қарамлик қисқаради, юқори қўшилган қийматга эга металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ортади, хусусий секторнинг иштироки кенгаяди, ҳудудий саноат кооперацияси ривожланади, ишлаб чиқариш харажатлари ва энергия сарфи қисқаради, рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект кенг жорий этилади, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграция мустаҳкамланади.

Президент металлургия соҳасида технологик сакрашни амалга ошириш зарурлигини таъкидлаб, барча раҳбарлар зиммасига белгиланган топшириқларни сўзсиз бажариш масъулияти юклатилишини қайд этди. Йил якуни бўйича ҳар бир масъулнинг фаолияти ва шахсий жавобгарлиги қатъий баҳоланади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар