Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлишининг фармацевтика тармоғига таъсири

Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлишининг  фармацевтика тармоғига таъсири

Ўзбекистонда фармацевтика соҳаси 1993 йилдан шакллана бошлади. Ўша йили Ўзкимёфарм заводи ва Вакциналар илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасини ўз ичига олган "Ўзфармсаноат" давлат концерни ташкил этилди.

Ҳозирги кунда маҳаллий дори-дармон ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича узоқ муддатли стратегия мавжуд бўлиб, давлат энг зарур дори препаратлари, инфузион эритмалар, вакциналар, қон препаратлари, бир марта ишлатиладиган қон қуйиш тизимлари ва қон ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришда ички эҳтиёжни таъминлаш сиёсатини амалга ошириб келмоқда. Шунингдек, дори воситаларини ишлаб чиқаришнинг халқаро стандартлари тадбиқ этилмоқда.

2017 йилдан бошлаб мазкур соҳани янада ривожлантиришга эътибор кучайди ва дори воситалари ишлаб чиқарувчилар 5 йил давомида барча солиқларни тўлашдан озод.

Шунингдек, янги ишлаб чиқариш кучларини ташкил этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошираётган компаниялар технологик асбоб-ускуналарни олиб киришда барча божхона тўловларини тўлашдан озод қилинди. Худди шу йили Ўзбекистон Президентининг “Доривор ўсимликларни етиштириш ва уларни махсус табиий шароитларда қайта ишлашга ихтисослашган еттита эркин иқтисодий зонани ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Натижада, мамлакатимиз фармацевтика тармоғига сармоялар кўлами ошиб боришига ҳуқуқий замин яратилди.

Ўзбекистонда фармацевтика компаниялари сони 1994 йилда 2 та, 2002 йилда 68 та, 2012 йилда 130 та бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 191 тага етиб, мазкур корхоналарда 2500 дан ортиқ турдаги фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Жумладан, 2018 йил мобайнида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг умумий қиймати 200 миллион долларни ташкил этган бўлиб, шундан 20,3 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Охирги йилларда ички ишлаб чиқаришдаги ўсиш кўрсаткичи ўртача 20 фоиздан юқорилаган.

Ички ишлаб чиқаришда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг салмоғи катта бўлиб, ишлаб чиқариш қуйидаги асосий йўналишларга эга:

а) 2018 йил якунлари бўйича 179 миллион долларлик дори воситалари ишлаб чиқарилган. 6,4 миллион долларлик дори воситалари эса экспорт қилинган. Бу соҳадаги корхоналарнинг 40-60 фоиз қувват билан ишлаётганини ҳисобга олсак дори воситалари йўналиши бўйича юқори экспорт потенциали мавжуд.

б) 2018 йил якунлари бўйича 17,2 миллион долларлик фармацевтик материаллар (тиббий пахта, тиббий дока, бинт ва б.) ишлаб чиқарилган бўлиб, шулардан жами 6,6 миллион долларлик тиббий буюмлар экспорт қилинган. Хусусан 5,4 миллион доллари (82%) ЕОИИ давлатлари ҳисобига тўғри келади. Фармацевтик материаллар ишлаб чиқарувчи корхоналар 77-80 фоиз қувват билан ишламоқда.

Ўзбекистон фармацевтика бозори тез ривожланмоқда

Ўзбекистоннинг фармацевтика бозори МДҲда Россия ва Украинадан кейинги учинчи йирик бозор ҳисобланади. Ўсиш динамикаси (йилига 8-10 фоиз) бўйича МДҲ минтақасида энг тез ривожланаётган бозорлар қаторига киради. Масалан, 2010 йилда 370 миллион доллардан ортиқ миқдорда дори-дармон импорт қилинган бўлса, 2018 йилда бу рақам 775 миллион долларни ташкил этади. Ўзбекистон фармацевтика бозорида бугунги кунда 9000 турдаги дори воситалари, 1684 турдаги тиббий буюмлар ва 1529 турдаги тиббий техника маҳсулотлари истеъмол қилинмоқда.

2018 йилда фармацевтика соҳасида ички бозор ҳажми қарийб 1 миллиард долларни ташкил этиб, унинг 21 фоизи маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан таъминланган. Фармацевтика воситалари импортининг 98 миллион доллари ЕОИИ давлатлари ҳисобига, жумладан, 81 миллион доллари Россия улушига тўғри келади. Аҳоли сонининг йилига ўртача 1,5 фоизга ошиб бораётганлиги ва киши бошига соғлиқни сақлашга ажратилаётган харажатлар кўрсаткичи охирги йилларда ўртача 15 фоизга ошиб бораётганлиги кузатилмоқда ва бу кўрсаткич кейинги йилларда фармацевтик воситаларга ҳам талабни мос равишда ўсиб боришига сабаб бўлмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, ҳозирда Ўзбекистонда импорт қилинаётган фармацевтик маҳсулотларнинг кўпчилигига нисбатан ҳеч қандай тариф қўлланилмайди. Тиббий пахта, тиббий дока каби фармацевтик материалларга 10 фоиз миқдорида божхона тарифи қўлланилади ва 2020 йил 1 январдан бошлаб мазкур кўрсаткич 30 фоизгача оширилиши кўзда тутилган.

ЕОИИга кириш натижасида ички бозор ва маҳаллий ишлаб чиқариш истиқболлари

2010 йилда Беларусия, Қозоғистон ва Россия Федерацияси ўртасида Евросиё Божхона Иттифоқи иш бошлади. Иттифоқ доирасида ўзаро айирбошланадиган товарларга божхона тўловлари тўлиқ бекор қилинди, ягона ташқи тариф жорий этилди. Иқтисодий интеграция жараёни 2012 йилга келиб ишчи кучи, товарлар, хизматлар ва капитал оқимининг эркин ҳаракатланишини таъминлайдиган ягона иқтисодий макон, яъни Евросиё иқтисодий маконини ташкил этишга келишиб олиниши билан давом этди. 2015 йилнинг январь ойида Божхона иттифоқи Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) айлантирилди. Шу йилнинг ўзида Aрманистон ва Қирғизистон мазкур иттифоққа қўшилди.

ЕОИИга аъзо бўлиш мамлакатимиз фармацевтика тармоғи фаолият кўрсатаётган шарт-шароитларни қуйидаги йўналишлар бўйича ўзгаришни назарда тутади:

а) учинчи мамлакатларга нисбатан божхона божларини қўллашни талаб этади (ўртача 5%);

б) 2026 йилдан бошлаб ягона фармацевтика бозори шакллантирилади ва фармацевтик маҳсулотларни мажбурий халқаро GMP сертификатига асосланган махсус рўйхатдан ўтиш тизими асосида расмийлаштириш бошланади. Хорижий ишлаб чиқарувчи ҳужжатларни ягона техник ҳужжат шаклида расмийлаштириши шарт ва ундан ташқари дори моддалар бўйича мастер-файлда Халқаро мувофиқлаштирувчи кенгашга аъзо давлатларда 2016 йил 1 январгача ўтказилган клиник тадқиқотлар натижалари кўрсатилиши керак бўлади. Белгиланган санадан кейин камида битта клиник тадқиқот Иттифоқ ҳудудида тўлиқ ёки қисман ўтказилган бўлиши керак.

в) маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга берилаётган имтиёзларни бекор қилиш мажбурияти юзага келади. Жумладан, ҳозирда Ўзбекистонда қуйидаги фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун белгиланган имтиёзлардан воз кечилади:

- дори воситалари, уларнинг хом ашёси ва ёрдамчи материаллар, тиббий буюм ва тиббий техника қўшимча қиймат солиғидан озод қилинган;

- маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг аналоглари бўлган дори воситалари ва тиббий буюмлар (рўйхат бўйича - 68 номдаги дори воситаси, 8 та тиббий буюм) импортига қўшимча қиймат солиғи қўлланилади;

- фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун технологик ва лаборатория ускуналари, бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, фармацевтика ишлаб чиқариш бинолари учун "тоза хоналар", сэндвич-панеллар ва вентиляция тизимлари, дори воситалари ишлаб чиқаришда ишлатиладиган хом ашё ва материаллар, тиббиёт буюмлари ва қадоқлаш материаллари божхона тўловларидан озод қилиниши кўзда тутилган.

Тегишли равишда, юқоридаги ўзгаришлар юз бериши натижасида қуйидаги оқибатларга олиб келиши мумкин:

1) учинчи давлатларга нисбатан импорт божлари ундирила бошланиши натижасида импорт қилинаётган товарлар нархи ички бозорда ўртача 5%га ошади.

2) маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тақдим этилган имтиёзларнинг бекор бўлиши натижасида улар ишлаб чиқараётган маҳсулот нархи ўрта ҳисобда 10-15%га ошиши кузатилади. Бу эса маҳаллий корхоналарнинг рақобатбардошлигини пасайтиради.

3) импорт қилинаётган хом ашё маҳсулотлари асосан учинчи давлатлардан (Ҳиндистон ва Хитой) импорт қилинишини ҳисобга олсак ЕОИИга қўшилиш хом ашё маҳсулотларига нисбатан ўртача 5%да бож қўлланилишини талаб этади.

Экспорт бозори истиқболлари

Дори воситалари экспорти катта ҳажмни ташкил этмайди ва уларнинг асосий қисми (90%дан ошиғи) ҳам учинчи мамлакатлар ҳисобига тўғри келади. Бу йўналиш бўйича ЕОИИга кириш сезиларли ўзгаришларни келтириб чиқармайди деб баҳоланмоқда.

Тиббий буюмлар бўйича эса экспорт бозори тўлиқлигича ЕОИИ мамлакатларига тегишли. ЕОИИ бозорига чиқадиган фармацевтик маҳсулотларнинг асосий қисми тиббий пахта ва дока ҳисобига тўғри келади. Бу товарлар асосан (90 %дан ортиғи) Қозоғистонга экспорт қилинади. Бунинг учун ЕОИИ ягона тариф тизими асосида 5% миқдордаги бож тўланади. Нархларнинг солиштирма таҳлили кўрсатишича Қозоғистон ва Россия бозоридаги нархлар Ўзбекистон нархларидан баланд. Бу жиҳатдан, ЕОИИга қўшилиш ўрта муддатда миллий экспорт ҳажмига жиддий таъсир кўрсатмайди.

2026 йилга келиб GMP сертификатига асосланган махсус рўйхатдан ўтиш тизими асосида расмийлаштириш бошланиши натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қисқа вақт ичида ўз маҳсулотларини ЕОИИ мамлакатларига сотиш имкониятини қўлга кирита олишлари жуда мушкул. Чунки ҳозирда 191 та маҳаллий корхонадан фақат 10 таси махсус GMP сертификатига эга.

ЕОИИга киришнинг фармацевтика тармоғига таъсирининг миқдорий ўлчамлари

Ҳозирги кунда жаҳон тажрибасида интеграцион жараёнларни мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий ҳаётига таъсирини баҳолашга доир турли ёндашувлар мавжуд. Улардан энг асосийлари бу интеграцион жараёнга қўшилишнинг умумий таъсирини баҳолашга мўлжалланган "Ҳисобланадиган умумий мувозанат модели" (CGE) ва маълум бир турдаги маҳсулот бозорини алоҳида ўрганадиган "Қисман мувозанат модел"лари (PEM) ҳисобланади. Назарий жиҳатдан қараганда Иттифоққа аъзо бўлишнинг ижобий ва салбий тарафлари қуйида жадвалда акс этган.

Шу билан бирга, юқоридаги ёндашувлар асосида олинган натижаларни мутахассислар фикрлари билан уйғунлаштирган ҳолда ЕОИИга қўшилишнинг кутилаётган таъсирлари ҳисоб-китоб қилинди. Натижалар шуни кўрсатадики, мавжуд имтиёзларининг бекор қилиниши натижасида маҳаллий ишлаб чиқарилган дори-дармон маҳсулотлари нархи 5-10 %га ошиши ва ЕОИИ давлатларидан импорт оқими йилига ўртача 15-20 % га кўпайиши оқибатида йилига ўртача 20 миллион долларлик бозор йўқотилади. Учинчи давлатлардан келадиган фармацевтик маҳсулотларга ўртача 5% тариф қўйилиши бу мамлакатлардан импорт кўламининг катталиги ҳисобига ички бозордаги нархлар даражаси 5%га ошиши кутилмоқда ва аҳоли дорига бўлган харажатлари 33 миллион долларга ошади деб баҳоланмоқда. ЕОИИ давлатларидан импорт қилинадиган тиббий буюмларга (тиббий пахта, дока, бинт ва бошқа маҳсулотлар учун божхона тарифлари (ҳозирда 30%) бекор бўлгани ҳисобига Россиядан бундай товарлар импорти ошиши кутилади ва ички ишлаб чиқариш 5 миллион долларга қисқаради деб баҳоланмоқда.

ЕОИИ давлатлари доирасида йўлга қўйилиши кутилаётган маълум турдаги маҳсулотларни мажбурий маркалаш тартиби жорий қилиниши ҳисобига маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тахминан 5 миллион доллар қўшимча харажат қилишларига тўғри келади. Бундан ташқари, ягона меҳнат бозори яратилиши натижасида юқори малакали фармацевтик ва тиббий маълумотга эга бўлган мутахассисларнинг иш ҳақи даражасидаги фарқ ҳисобига ЕОИИ давлатларига чиқиб кетиш хавфи мавжудлиги ҳам айтилмоқда.

Миллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар

Иттифоққа аъзо бўлишнинг таъсирини баҳолашга қаратилган тадқиқот натижалари асосида ЕОИИга қўшилишдан энг юқори самара олиш “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Улар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:

1) соҳанинг рақобатбардошлигини ошириш ва 2025 йилгача маҳаллийлашув даражасини 50%га чиқариш вазифасини бажариш мақсадида соҳага малакали мутахассисларни жалб қилиш масаласини жадаллаштириш;

2) 2026 йилга қадар миллий дори-дармон воситаларини рўйхатга олиш тизимини ЕОИИ тамойилларига мослаштириб бориш;

3) маҳаллий ишлаб чиқариш потенциалини кучайтириш мақсадида соҳага берилган имтиёзлар тизимини 2026 йилга қадар босқичма-босқич тугатиб бориш.

"Экономическое обозрение" журналининг 3 сони

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Бош илмий ходими Бахтишод Хамидов

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар