ЕОИИга кириш йўлида миллий манфаатларни ҳимоялаш ва хавфсизликни таъминлаш йўллари

ЕОИИга кириш йўлида миллий манфаатларни ҳимоялаш ва хавфсизликни таъминлаш йўллари

Мамлакатимизда очиқ иқтисодиётнинг шаклланиши ва унинг ривожланиш истиқболлари устувор даражада жаҳон ҳўжалиги тизимига кириб боришига боғлиқдир. Ҳозирги даврда Ўзбекистонни мустақил давлат сифатида халқаро иқтисодий ташкилотларда ҳам фаол иштирок этмоқда.

Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлиши натижасида дунёда майдони бўйича биринчи ўринда, ЯИМ ҳажми бўйича ўнинчи ўринда бўлган иқтисодий маконга чиқиш имкониятига эга бўламиз. Бугунги кунда мазкур ташкилот билан дунёнинг кўплаб мамлакатлари иқтисодий ҳамкорлик қилишга интилмоқдалар. Бунга сабаб ЕОИИ иқтисодий ташкилот мақомига эга бўлиб, унга аъзо мамлакатлар мустақиллигига, суверенитетига ҳеч қандай таъсир этмайди, унда ҳеч қандай сиёсий тавсифдаги форум ва йиғилишлар ўтказилмайди.

Ўзбекистоннинг ЕОИИ га аъзо мамлакатлар билан ташқи савдоси унинг умумий ҳажмининг 70 фоизини ташкил этади. Бу мамлакатларда, айниқса Россия ва Қозоғистон, Қирғизистонда 3 миллиондан зиёд фуқароларимиз меҳнат қилмоқдалар. Шунингдек, мамлакатимизга келаётган туристларнинг 70 фоизини мазкур иттифоқ мамлакатларининг фуқаролари ташкил этади.

Илм-фан ва таълим соҳасида ўзаро ҳамкорлик давом этмоқда. Жумладан бугунги кунларда Россия Федерациясида 25 мингдан ортиқ, Қозоғистонда 3,7 минг, Қирғизистонда 1,8 минг, Беларусда 200 нафардан ортиқ ёшларимиз таҳсил олмоқдалар. Мамлакатимизда М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, В.Г. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети каби бир қанча нуфузли олийгоҳларнинг филиаллари фаолият юритмоқдалар.

Шунингдек, кейинги йилларда республикамиздаги бир неча олийгоҳларда Россия олийгоҳлари билан ҳамкорликда қўшма факультетлар ташкил этилган. Шулардан келиб чиқиб, мазкур иттифоққа аъзо бўлиб кириш Ўзбекистон учун манфаатли ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари ва иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш асосида Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишида қуйидагиларга эришиш мақсадга мувофиқдир:

  • ЕОИИнинг бошқа аъзолари билан савдо қилишда мумкин қадар қулай режимига эга мамлакат мақомини олиш;
  • тариф ва нотариф тўсиқларнинг бекор қилиниши натижасида ташқи бозорга, энг аввало ривожланган мамлакатлар бозорига кириш имкониятларининг кенгайиши (айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тери, тўқимачилик маҳсулотлари, кимё ва саноат маҳсулотларига нисбатан);
  • савдо муносабатларида дискриминацияларга йўл қўймаслик, ўзбек экспортерлари манфаатларини ҳимоя қилиш, бунинг натижасида мамлакат экспорти учун қулай режимнинг барпо бўлишига имкон яратиш;
  • хорижий сармоядорларнинг ишончини мустахкамлаш, республика иқтисодиётига хорижий сармояларнинг оқимининг кўпайиши учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, халқаро капитал бозорида муносиб ўрин эгаллашга интилиш;
  • юкларни ЕОИИга аъзо давлатлар ҳудуди орқали эркин транзит қилиш ҳуқуқидан самарали фойдаланиш;
  • стандартлаштириш ва сертификациялаш тизимини такомиллаштириш асосида савдода нотариф чекловлардан, шу билан бирга ички бозорни ҳимоя қилиш бўйича санитар ва фитосанитар чора-тадбирлардан компенсацион механизмлар сифатида кенг қамровли фойдаланиш;
  • савдо шериклари билан юзага келадиган тушунмовчилик ва баҳсларни халқаро иқтисодий қонунчилик, ЕОИИ томонидан белгиланган механизмлар ва қоидалар ёрдамида ҳал қилиш ҳамда ташқи иқтисодий сиёсат ҳамда ҳукуматлар ва иштирокчи мамлакатларнинг мақсадлари бўйича тезкор маълумотларга эга бўлиш.

Ҳасан Абулқосимов, профессор,
иқтисодиёт фанлари доктори

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар