Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида” ги қарорига кўра ҳар йили мамлакатимизда қобилиятли ёшларни рағбатлантириш, уларни фаол яратувчилик фаолиятига кенг жалб этиш, иқтидорли ўқувчилар, талабалар ва магистрантларни қўллаб-қувватлаш, ҳамда муносиб тақдирлашга алоҳида эътибор бериб келинмоқда.
Ҳар йили давлат олий таълим муассасаларида ўқиши давомида аъло баҳоларга ўқиётган ва илмий (ижодий) ишларда фаол иштирок этаётган олий таълим муассасалари талабалари учун Ўзбекистон Республикаси давлат стипендиялари тайинланиб келинмоқда. OLIYGOH.UZ жамоаси иқтидорли талабалар учун давлат стипендиялари танловида иштирок этиш, номзодлар учун керакли ҳужжатлар ва нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида содда тилда батафсил тўхталиб ўтади.
Қандай номли давлат стипендиялари бор?
"Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида" Вазирлар Маҳкамасининг 226-сон (13.10.2008) Қарорига биноан, Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат бўйича ўқиётган талабаларига қуйида номдаги Давлат стипендиялари жорий этилган. Булар:
- Беруний номидаги давлат стипендияси;
- Ибн Сино номидаги давлат стипендияси;
- Навоий номидаги давлат стипендияси;
- Улуғбек номидаги давлат стипендияси;
- Имом ал-Бухорий номидаги давлат стипендияси;
- Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси.
Номли давлат стипендиялари қайси курс талабаларига берилади?
Номли давлат стипендиялари бакалавриат бўйича ўқиётган охирги икки курс талабаларига тайинланади. Масалан, 4 йиллик ўқишда 3-4 курслар, 6 йиллик ўқишларда эса 5-6 курс талабаларига тайинланади.
Давлат стипендиялари сони келгуси ўқув йили учун жорий ўқув йили охирида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тақдимномасига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Талабага стипендия беришда қайси мезонларга қаралади?
Стипендияларни тайинлаш учун қуйидаги мезонларни бажариш белгиланади:
- аъло ўқиш ва илмий (ижодий) ишларда иштирок этиш;
- тилларни — давлат тилини ва битта хорижий (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари давлат тилларидан ташқари) тилни билиш;
- бакалавриатдаги таълим йўналиши хорижий тил ҳисобланган алоҳида ҳолларда қўшимча равишда яна битта хорижий тилни билиш;
- Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар учун эса ўқиш олиб бориладиган тилни қўшимча равишда билиш талаб қилинади;
Стипендияга сазовор бўлган талабаларга махсус гувоҳномалар берилади ва талабаларнинг ўқиш жойида тантанали вазиятда топширилади.
Қандай ҳужжатлар топшириш керак?
Давлат стипендиясига талабгорлар дастлабки кўриб чиқиш учун илмий кенгашга қуйидагиларни тақдим қиладилар:
- синов дафтарчасидан кўчирма;
- деканат, кафедранинг тавсияномаси;
- илмий (ижодий) иш раҳбарининг фикр-мулоҳазаси;
- илмий (ижодий) ишлар нусхаси
- илмий (ижодий) ютуқлар нусхаси (диплом, сертификат, ташаккурнома ва ҳ.к)
- тиллар кафедрасининг суҳбат натижалари ҳақидаги маълумотномаси.
Талаба олийгоҳда Иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлимига ҳужжатларни топширади. Барча ҳужжатлар жилдга тикилган ёки папкага жойланган ҳолда тақдим этилади. Муқовада давлат стипендиясининг номи, талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, факултети, курси, гуруҳи кўрсатилади. Талаба таҳсил олаётган олийгоҳ ўзининг талабларидан келиб чиққан ҳолда қўшимча ҳужжатлар талаб қилиши мумкин. ОТМ маъмурияти илмий кенгаш қарори асосида стипендия тайинлаш ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тавсиянома жўнатади.
Вазирлик томонидан қачон кўриб чиқилади?
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги стипендиялар тайинлаш ҳақидаги тавсияномаларни йилига бир марта кўриб чиқади. Кўриб чиқиш муддати — 10—25-сентябр.
Давлат стипендияларига сазовор бўлган талабаларга қандай гувоҳномалар берилади?
- “Беруний давлат стипендиясининг соҳиби”;
- “Ибн Сино давлат стипендиясининг соҳиби”;
- “Навоий давлат стипендиясининг соҳиби”;
- “Улуғбек давлат стипендиясининг соҳиби”;
- “Имом ал-Бухорий давлат стипендиясининг соҳиби”;
- “Ислом Каримов давлат стипендиясининг соҳиби”.
Гувоҳномалар талабаларнинг ўқиш жойида тантанали вазиятда топширилади.
Стипендиат бўлган талабаларга қандай имтиёзлар бор?
- Давлат стипендияларига сазовор бўлган талабалар бакалавриатни тугатганидан сўнг бир йил мобайнида, тегишли мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз, грант асосида қабул қилинадилар. (Кичик изоҳ: Номли давлат стипендия соҳиблари магистратуранинг турдош бўлмаган мутахассисликларга имтиҳонсиз қабул қилинмайди. Агар стипендиат магистратуранинг турдош бўлмаган мутахассислигига ҳужжат топширмоқчи бўлса, унда уларга имтиёз қўлланмайди ва умумий асосларда имтиҳонга топшириши мумкин. Асос: Вазирлар Маҳкамасининг 20.06.2017 йилдаги 393-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 7-банди.)
- Давлат стипендияларига сазовор бўлган талабалар ўқишни тугатганларидан сўнг бир йил мобайнида магистратурада ўқишни давом эттириш учун хорижга юборилаётган ёшлар гуруҳлари таркибига киритилишда устунликка эга бўладилар.
ДИҚҚАТ: Талабаларни кундалик дарсларни ўзлаштирмаганлик, ўқув интизомини ва илмий одоб-ахлоқни бузганлик учун ўқув йили мобайнида давлат стипендияларидан маҳрум қилиш давлат олий таълим муассасалари тақдимномаларига биноан тегишли вазирликлар ва идоралар буйруқлари билан амалга оширилиши мумкин.
ЭСЛАТМА: Давлат стипендияларига ҳужжат топширмоқчи бўлган талабгорлар шунга алоҳида эътибор қаратиши керакки, номзодлар учун қўйиладиган энг асосий талаб бу - илмий (ижодий) ишлар ҳисобланади. Талаба бакалавр босқичининг дастлабки курсидан бошлаб талаба маълум бир йўналиш ва илмий (ижодий) устоз танлаб олиш лозим. Шунингдек, танлаб олинган мавзу йўналишида илмий (ижодий) ишларни пухта тайёрлаб бориш мақсадга мувофиқ. Талабанинг давлат стипендиясига муносиб эканлиги асосан унинг илмий ишлари белгилайди. Шунинг учун илмий (ижодий) ишларга эътибор қаратиш энг муҳим жараёнлардан ҳисобланади.
Исахонов Жаъфархон, Навоий давлат стипендияси совриндори
Изоҳ қолдириш