Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш вазифаси бизнинг умумий устувор йўналишимизга айланиши керак - Шавкат Мирзиёев

Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш вазифаси бизнинг умумий устувор йўналишимизга айланиши керак - Шавкат Мирзиёев

Бугун, 26 июль куни Тошкент шаҳридаги "Hilton" меҳмонхонасида 100 дан ортиқ хорижий делегациялар иштирокида «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт» халқаро конференцисия бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Жумладан, ушбу конфренцияда Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, Америка, Яқин ва Ўрта Шарқ, Осиё-Тинч океани минтақаларининг Афғонистонда барқарорликни тиклашга бевосита жалб этилган 20 дан ортиқ давлатнинг Афғонистон бўйича махсус вакиллари, ўнлаб халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жумладан, БМТ, Европа Иттифоқи, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек, Афғонистон Муваққат ҳукумати делегацияси иштирок этмоқда.

Тадбирни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов очиб берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Камилов Президент Шавкат Мирзиёевнинг конференция иштирокчиларига мурожаатини ўқиб эшиттирди. Давлат раҳбари ўз мурожаатида Афғонистоннинг халқаро майдонда яккалаб қўйилишига йўл қўймаслик муҳим эканини таъкидлаган.

Шунингдек, давлат раҳбари жаҳон ҳамжамияти қўшни мамлакат билан муносабатларда аввалги хатоларни қайта такрорламаслик зарурлигини айтган.

«Амударёнинг нариги соҳилида тинчлик бўлмаса Ўзбекистонда ҳам, бутун Марказий Осиё минтақасида ҳам хавфсизлик ва барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди. Афғонистоннинг халқаро майдонда яккалаб қўйилиши гуманитар вазиятнинг янада ёмонлашувига олиб келиши муқаррар, шу боис бунга йўл қўймаслик муҳимдир. Гап миллионлаб инсонларнинг тақдири ҳақида бормоқда.

Давлат бошқарувида афғон жамиятининг барча қатламларидан вакиллар кенг иштирок этадиган таркибни шакллантириш, инсон, айниқса, хотин-қизлар, барча миллий ва диний гуруҳларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ўрнатишнинг фундаментал асоси бўлиб қолмоқда.

Биз Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматини терроризмнинг ҳар қандай шакли ва кўринишлари олдини олиш ва уларга қарши курашиш, барча халқаро террорчилик ташкилотлари билан алоқаларни узиш учун ўзининг қатъий иродасини намоён этиб, кескин чоралар кўришга чақирамиз. Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш вазифаси бизнинг умумий устувор йўналишимизга айланиши керак, бу жафокаш афғон заминида мустаҳкам тинчлик ўрнатишнинг муҳим шарти ҳисобланди», дейди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антонио Гуттеришнинг конференция иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Конфренцияда Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тиклаш, афғон халқининг ҳозирги ва келгуси авлодлари учун узоқ кутилган тинч ҳаётни таъминлашга қаратилган инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш ва бошқа бир қатор долзарб масалалар кўриб чиқилади.

Шунингдек, халқаро конференция доирасида қўшни Афғонистонда иқтисодий барқарорликни тиклашга қаратилган гуманитар ва инфратузилма лойиҳалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар