Жаҳон иқтисодиётининг янги инқирози – иқтисодий ҳаракатсизлик

Жаҳон иқтисодиётининг янги инқирози – иқтисодий ҳаракатсизлик

Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, жаҳон иқтисодиёти охирги 50 йилда тўрт маротаба ташқи қарз тўлқинини бошидан кечирди. Шундан, дастлабки учтаси инқирозлар билан якунланди. Уларнинг охиргиси сифатида 2010 йилдан буён ривожланаётган мамлакатларда қарз тўлқини ­ўзининг энг юқори чўққисига чиқди. 2018 йилда жами қарз 54 фоиз пунктга ошиб, ЯИМга нисбатан 170 фоизни ташкил этди. Жорий паст фоизли ставкалар юқори қарз муаммоларини бартараф этишда асосий восита бўлиши мумкин . Ҳозирги кунга қадар иқтисодий инқирозлар турли молиявий инстирументларнинг нобарқарорлигидан келиб чиққан бўлса, жорий даврдаги инқирозни юзага келиши тамомила ўзгача тус олганлиги билан фарқланади.

2020 йилда қарз инқирозидан ўзгача тусга эга бўлган, бошланишидан иқтисодий хусусият касб этмаган инқироз омили – бу пандемия эканлигини кузатишга тўғри келмоқда. Натижада, иқтисодий қулашларнинг юз бериши бўйича айрим сигналлар вужудга келмоқда. Булардан асосийси “иқтисодий таътил”ларнинг юз беришидир. Бошқача айтганда, ялпи истеъмолнинг тушиб кетиши ва ялпи таклифнинг тўхталиши билан бевосита боғлиқдир. Мазкур иқтисодий инқирознинг энг асосий белгиси сифатида – иқтисодий ҳаракатсизликни келтириш мумкин. Бу шароитда, давлатларнинг энг асосий вазифаси ­-­ минимал иқтисодий ҳаракатни таъминлаб туришдан иборат бўлиши лозим.

2020 йил февралидан бошлаб айрим Хитой компаниялари “Коронавирус облигациялари”ни эмиссия қилишни бошлашди. Shenzhen Airlines авиакомпанияси 600 млн. юан миқдоридаги облигацияларни муомалага чиқарди. Жалб этилган маблағлар асосан бекор қилинган парвозлар учун билетларнинг қийматини йўловчиларга қайтариб бериш ва озиқ-овқатларни транспортировка қилиш учун молиялаштириш тадбирларига йўналтирилишини маълум қилинди.

Шунга ўхшаш ҳолатларни таҳлил этсак, февраль ойидан буён 25 та Хитой компанияси 24 млрд. юан (3,4 млрд. АҚШ доллари) миқдорида корпоратив облигациялар ҳисобидан қарз маблағларини жалб этди.

Жаҳон бозорида эса, йирик иқтисодиётга эга мамлакатлар ўртасида миллий валюталари воситасида ўзаро иқтисодий мусобақалар бошланиб кетди. Баъзи экспертларнинг хулосалари АҚШ долларининг халқаро валюта бозоридаги ўрни юаннинг қадри ошиши ортидан хавф остида қолишини акс эттирмоқда.

Масалан, 2020 йил Россия молия вазирлиги “Миллий барқарорлик фонди”нинг капитали таркибига юанни ҳам жойлаштиришни бошлашини эълон қилди. Ҳозир кунда ушбу фонднинг асосий қисмини АҚШ доллари ва евро ташкил этади. 2020 йил 1 март ҳолатига ЯИМнинг 7,3 фоизини ташкил қиладиган фонд валюта таркибини янада диверсификация қилиш санкциялар ва геосиёсий вазиятда иқтисодиётни инқирозли ҳолатлардан ҳимоя қилишда муҳим чора бўлиши таъкидланмоқда. Жумладан, юаннинг улушини 15-20 фоиз, долларнинг улушини эса 20-25 фоиз атрофида бўлишига эришиш назарда тутилмоқда.

Бу каби салбий оқибатларни иқтисодиётимиз тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида Давлатимиз раҳбари ва Ҳукуматимиз томонидан тезкор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ этилди. Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5969-сонли Фармонининг қабул қилиниши айни муҳим тадбир бўлди. Ушбу ҳужжатга кўра, макроиқтисодий мувозонатни барқарорлаштиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгилаб берилди. Натижада, белгиланган йўналишларда вазифаларни амалга ошириш қуйидаги макроиқтисодий мувозонат кўрсаткичларини таъминлашга пойдевор бўлиб хизмат қилади. Хусусан, Инқирозга қарши жамғарманинг тузилиши пандемия оқибатларини аниқ молиялаштириш манбасини белгилаб берди.

Ушбу жамғарманинг тузилиши биринчи навбатда, пандемия билан курашиш харажатларини молиялаштиришни ўзида акс эттиради. Касалликни аниқлаш, даволаш каби харажатлар билан бирга тиббиёт ходимларига моддий рағбатлантиришни ўзида акс эттирувчи харажатларни қоплаш назарда тутилади.

Фикримизча, ушбу ҳолат давлатнинг ижтимоий мажбуриятларни ўз зиммасига олаётганлиги ва уни самарали амалга ошираёганлигидан далолат беради. Шу билан бирга, ушбу фармон доирасида макроиқтисодий мувозанатни таъминлашда кам таъминланган аҳоли қатламларига моддий ёрдам бериш ҳажмини ошириш орқали ички истеъмолни рағбатлантириш ва иқтисодий ўсиш суръатини сақлаш назарда тутилганлиги бу соҳадаги салбий оқибатларни юмшатиши билан аҳамиятлидир.

  • Экспорт билан шуғулланувчиларнинг айрим харажатларини тўлаб берилиши, ушбу турдаги корхоналарнинг тўловга қобиллигини сақлашга ёрдам берилиши;
  • иқтисодий қийинчиликка учраётган корхоналарга уч йилгача бюджет ссудалари берилиши;
  • тўловсизликнинг макроиқтисодий мултипликацион таъсирини олдини олиши каби тадбирлар шулар жумласидандир.

Ижтимоий солиқ ва шу каби солиқ, бошқа мажбурий тўловларнинг кечиктирилиши ёки маълум фоизда камайтирилишини жорий этилиши тадбиркорларга барқарор “молиявий таътил”га чиқишини англатади. Натижада, макроиқтисодий талаб ва таклиф мувозанатига эришишга шароит юзага келади.

Бир сўз билан айтганда, фавқулодда юзага келган вируснинг таъсирини кенгайиб кетмаслиги учун ўз вақтида чораларни, жумладан, иқтисодий вазифаларни ишлаб чиқилиши ва ҳаётга тадбиқ этилиши иқтисодий инқироз оқибатларини юмшатишга ва бартараф этишга тўлиқ шарт-шароит яратиб беради, деб ҳисоблаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АОКА, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил қилинган расмий телгерам канали 2020 йил 2 апрель соат 20:40да эълон қилинган “Ойлик даромадсиз қолсангиз, жамғармангиз қанча вақтга етади?” номли сўровномада 467000 дан ортиқ (ўзбек тилида 312000, рус тилида 155000)дан ортиқ инсонлар иштирок этган. Жавоб берганларнинг 40 фоизга яқини “жамғармам йўқ” деб жавоб берган. Хулоса қилиб айтганда, узоқ муддатли даврда истеъмолни таъминлаш долзарб вазифа эканлиги кўзга ташланади.

Умуман олганда, 2019 йилдан бошлаб аҳолининг сотиб олиш қобилиятини оширишга қаратилган чораларнинг қўлланганлиги, хусусан, даромад солиғи туширилганлиги ўзининг ижобий тасдиғини топди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда эпидемик ҳолат натижасида аҳолининг истеъмоли айрим харажатлари вақтинчалик қисқариши натижасида аҳоли даромадларининг истеъмол муддатини оширишга ёрдам бериши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Давлатимиз раҳбари ва Ҳукуматимиз томонидан иқтисодиётни янада либераллаштирилишига қаратилган ислоҳотлар, 2020 йилги Парламентга Мурожаатномада ҳам таъкидлаб ўтилганганидек, иқтисодиётимиз ривожини, аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлайдиган энг муҳим соҳаларни ривожлантирилиши алоҳида аҳамиятга эга.

Нодир ЖУМАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

Дилшоджон РАХМОНОВ, Банк-молия академияси кафедра мудири,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар