Қирғизистон 11,7% билан энг юқори ўсиш суръатини қайд этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос давридаги 8,6%дан анча юқори бўлиб, ўсиш суръатининг жадаллашганини кўрсатади. Тармоқлар кесимида Қирғизистон иқтисодиёти ўсишининг драйверлари қуйидагилар бўлди: қурилиш – 42,5% ўсиш билан, саноат – 10,2% (қазиб олиш тармоғи 10,8% га ўсган, қайта ишлаш тармоғи эса бир оз секинроқ – 9,8% ўсган), хизмат кўрсатиш соҳаси – 10,1%. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигида ўсиш суръатлари секинлашиб, 3,8%ни ташкил этди (2025 йил январь–июнь ойларида – 5,1%).
Тожикистонда ЯИМ ўсиши 8,1%ни ташкил этди. Тармоқлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари саноат соҳасида кузатилди — 24% (Бу Марказий Осиёдаги энг юқори кўрсаткич). Жумладан, қазиб олиш саноати 71%га ўсган бўлса, қайта ишлаш саноати камроқ 5% ўсишни қайд этди — бу кўрсаткич Марказий Осиёнинг аксар мамлакатларига нисбатан паст. Хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам юқори ўсиш кузатилди — 12,8%, қишлоқ хўжалигида эса 9,7% (бу ҳам МОдаги энг юқори кўрсаткич).
Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш суръати 7,2%га етган бўлса, ўтган йилнинг шу давридаги ўсиш 6,6% ни ташкил этган эди. Иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари хизматлар соҳаси (13,3%) ва қурилиш (10,7%) бўлди. Айниқса, ахборот-коммуникация технологиялари 22,1 фоиз ўсиш кўрсаткичи билан Марказий Осиёда етакчилик қилди. Жорий йилда саноат ўсиши 6,6 фоизни ташкил этди. Қазиб олиш саноати 5,1 фоизга, қайта ишлаш саноати эса 7,1 фоизга ўсди. Қишлоқ хўжалигида эса ўсиш суръати тезлашиб, 4 фоизга етди.
Туркманистонда иқтисодий ўсиш ўтган йилдаги даражада сақланиб, 6,3% ни ташкил этди. Юқори ўсиш қайд этилган асосий тармоқлардан бири хизматлар соҳаси бўлиб, у 8,6% га ошди. Қишлоқ хўжалигида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди – 4,5% (ушбу тармоқ анъанавий равишда нисбатан паст ўсиш кўрсаткичлари билан тавсифланишини ҳисобга олганда). Иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари нисбатан паст ўсиш суръатларини намоён этди. Қурилиш соҳаси 5,3% га ўсди. Саноат эса жорий йилда бор-йўғи 1% ўсиш билан чекланди ва бу Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг паст натижа бўлди.
Қозоғистонда иқтисодий ўсиш суръатлари Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан пастроқ бўлса-да, жорий йилда сўнгги йиллардаги энг юқори даражага чиқди – 6,2%. Солиштириш учун, 2024 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич бор-йўғи 3,2% бўлган. Иқтисодиёт тармоқлари ичида энг катта ўсиш транспорт хизматларида (22,7%) ва қурилиш соҳасида (18,4%) кузатилди. Саноатда ўсиш 6,5% ни ташкил этди: қазиб олиш соҳасида 8,4%, қайта ишлаш саноатида эса 5,5%. Қишлоқ хўжалигида эса Марказий Осиёдаги энг паст кўрсаткич қайд этилди – 3,7%.
Ички талаб минтақадаги мамлакатлар иқтисодиёти ўсишининг асосий рағбатлантирувчи кучи сифатида намоён бўлди, бу эса Марказий Осиёнинг барча давлатларида қуйидаги йўналишлар бўйича юқори ўсиш кўрсаткичларида ўз ифодасини топди:
- савдо хизматлари (Қозоғистон – 8,4%, Қирғизистон – 12,1%, Тожикистон – 9%, Туркманистон – 9,9%, Ўзбекистон – 11,1%);
- чакана товар айланмаси (Қозоғистон – 6,6%, Қирғизистон – 19,9%, Тожикистон – 6,2%, Туркманистон – 12,7%, Ўзбекистон – 9,7%);
- кредитлаш ҳажмлари (Қозоғистон – 21,9%, Қирғизистон – 48,3%, Тожикистон – 19,1%, Туркманистон – 19,0%, Ўзбекистон – 16,5%).
Бундан ташқари, жорий йилда деярли барча Марказий Осиё мамлакатларида юқори инвестициявий фаоллик кузатилди. Шундай қилиб, Қирғизистонда биринчи ярим йилликда асосий капиталга инвестициялар ўсиши 42,9 фоизни, Қозоғистонда 19,3 фоизни, Туркманистонда 15,6 фоизни, Тожикистонда 14,6 фоизни ташкил этди. Ўзбекистонда инвестицияларнинг ўсиши ўтган йилнинг биринчи ярмидаги 45 фоизлик кучли ўсишдан кейин 5,5 фоизгача пасайди.
Таҳлил қилинаётган даврда инфляцион босим Марказий Осиё мамлакатларида турлича кечди. Шундай қилиб, Тожикистонда нисбатан паст кўрсаткичлар кузатилмоқда – йил бошидан истеъмол нархларининг ўсиши 1,8 фоизни ташкил қилди (2024 йилнинг биринчи ярмида – 1,9 фоиз). Қозоғистон ва Қирғизистонда ўтган йилга нисбатан нархлар ўсишининг тезлашиши кузатилмоқда. Шундай қилиб, Қозоғистонда инфляция 2024 йилнинг биринчи ярмидаги 3,9 фоиздан жорий йилнинг июнь ойи охирида 7 фоизгача тезлашди. Қирғизистонда нархларнинг ўсиши худди шундай тарзда 2,4 фоиздан 4 фоизга ошган. Ўзбекистонда эса, аксинча, нархлар ўсиши 2024 йил июн ойи охиридаги 5,2 фоизга нисбатан 4,2 фоизгача секинлашди.
Марказий Осиё мамлакатлари учун ташқи савдо йўналишлари турлича шакилланди. Хусусан, Қозоғистонда 2025 йилнинг январь-май ойларида нефт қазиб олиш кўпайганига қарамай, унинг экспорти камаймоқда. Бу эса мамлакат экспортининг 9,2 фоизга 30 миллиард долларга, ташқи савдо айланмасининг 4,5 фоизга 54 миллиард долларга қисқаришида етакчи омиллардан бирига айланди. Қирғизистонда ҳам шу давр мобайнида экспорт 27 фоизга (835 миллион доллар), импорт 11,7 фоизга (4,9 миллиард доллар) камайган, бунинг натижасида ташқи савдо айланмаси ҳажми 14,4 фоизга (5,8 миллиард доллар) камайган.
Марказий Осиёнинг қолган мамлакатларида эса ташқи савдо айланмаси ўсиш тенденциясини кўрсатди. Тожикистонда ташқи савдо айланмаси 7,2% га ошиб, 4,7 млрд. долларга етди. Шу билан бирга, экспорт 4,3% га камайиб 955 млн. долларни, импорт эса 10,5% га кўпайиб 3,8 млрд. долларни ташкил қилди. Туркманистонда ташқи савдо 2,9 фоизга ошди. Марказий Осиё мамлакатлари ичида энг юқори суръатда ўсиш Ўзбекистонда қайд этилди – ташқи савдо айланмаси 16,1% га кўпайиб 37 млрд. долларга етди. Экспорт 29% га ўсиб 17 млрд. долларга чиқди, импорт эса нисбатан секинлашиб 7% га ортиб 20 млрд. долларни ташкил этди.
2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида миллий валюталарнинг АҚШ долларига нисбатан курси турлича ўзгарди. Хусусан, тенге 4,4%, қирғиз соми 0,5% ва ўзбек сўми 2,3% га қадрсизланди. Шу билан бирга, тожик сомони сезиларли даражада мустаҳкамланиб, 12,9% га ошди.
Умуман, кўриб чиқилаётган даврда Марказий Осиё давлатлари иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатларини сақлаб қолди. Кенгайиб бораётган кредитлаш ва инвестиция фаолияти ички талабни янада рағбатлантирди, бу эса инфляция босимини кучайтирди. Нархлар ўсишига, шунингдек, коммунал хизматлар тарифларининг ошиши ҳамда импорт орқали кириб келаётган инфляция ҳам таъсир кўрсатди.
Шу шароитда Қозоғистон ва Ўзбекистон йилнинг биринчи ярмида асосий фоиз ставкаларини оширди. Қирғизистон эса инфляция босими ва иқтисодий ўсишнинг меъёридан юқори суръатлари сабаб июль ойида ставкани кўтарди. Тожикистон, аксинча, ялпи ички маҳсулотнинг етарли даражада юқори ўсишига қарамай, иқтисодий фаолликни рағбатлантириш, қайта молиялаш ставкасини бир неча бор пасайтириб, нисбатан паст инфляция даражасини сақлаб қолиш ва миллий валютани мустаҳкамлаш сиёсатини олиб борди. Туркманистонда йилнинг биринчи ярмида макроиқтисодий барқарорликни сақлаш йўналиши сақланиб қолди.
Умуман олганда, Марказий Осиё мамлакатларида иқтисодий ўсиш суръатлари ортиб бормоқда, бу эса ўсиб бораётган иқтисодий фаолликни диққат билан кузатиб бориш ва ички талабнинг мумкин бўлган ҳаддан ташқари қизиб кетишининг олдини олиш учун тезкорлик билан зарурат туғдирмоқда.
Руслан Абатуров,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш