Ўзбекистонда ипотека бозоридаги кредитлар ҳолати

Ўзбекистонда ипотека бозоридаги кредитлар ҳолати

Марказий банк 2020 йил ва 2021 йил I чораги учун Ипотека кредитлари таҳлилини тақдим этди.

Ипотека кредитлари қолдиғи 2018 йил 1 январь ҳолатига 9,7 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, 2021 йил 1 январь ҳолатига 3 баробарга кўпайиб, 28,3 трлн. сўмга етди. Шунингдек, ипотека шартномалари сони 121,7 минг донадан 238,4 минг донага етиб, қарийб 2 баробарга ошган.

Ўзбекистонда ипотека бозоридаги кредитлар ҳолати cўнгги йилларда уй-жойга бўлган талабнинг ошиб бориши ҳамда аҳолини уй-жой билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ипотека кредитлар ҳажмининг кескин ошишига сабаб бўлди.

Бунда, ипотека кредитлари ҳажми ва унга бўлган талабнинг ошиши:

  • Мамлакатда аҳоли сонининг ўсиб бориши (сўнгги 4 йилдаги ўртача ўсиш 1,8 фоизни ташкил этмоқда);
  • республикада инвестицион фаоллик ва уй-жой қурилиши суръатларининг ошганлиги;
  • аҳоли реал даромадларининг (сўнгги 4 йилдаги ўртача йиллик ўсиш 6,9 фоизга тенг) ошиб бораётганлиги;
  • Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ҳудудларда урбанизация даражасининг ортиб бориши ва уй-жой қурилиши учун зарур инфратузилмаларнинг кенгайиши;
  • бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш тизимининг жорий этилиши натижасида тижорат банклари ипотека кредитлари ажратиш учун барқарор ресурс манбаи билан таъминланаётганлиги;
  • якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун ва улушдор жисмоний шахсларга ажратиладиган ипотека кредитларининг соддалаштирилганлиги билан изоҳланиши мумкин.

2017-2020 йилларда жами 220,2 минг нафар фуқароларга умумий қиймати 25,8 трлн. сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган. Хусусан, 2020 йилда 77,3 минг нафар фуқароларга 9,1 трлн. сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилиб, уларнинг сони 2017 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 2,1 бараварга ўсди.

Ҳудудлар кесими бўйича қаралганда, 2020 йилда ажратилган ипотека кредитларининг 64 фоизи 5 та ҳудудлар ҳиссасига тўғри келиб, бунда 35 фоизи (3, 183,7 млрд. сўм) Тошкент шаҳри, 10 фоизи (871,8 млрд. сўм) Самарқанд вилояти, 8 фоизи (690,6 млрд. сўм) Тошкент вилояти ҳамда 6 фоизи (534,3 млрд. сўм) Қорақалпоғистон Республикаси ҳиссасига тўғри келмоқда.

2020 йилда Ўзбекистонда ипотека кредитлари қолдиғининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 4,9 фоизни ташкил этган бўлса, мазкур кўрсаткич Қозоғистонда 5,3 фоизни, Руминияда 8,5, Венгрияда 9,1 ва Россия Федерациясида 9,4 фоизни ташкил қилди.

Давлатлар кесимидаги солиштирма таҳлиллар ипотека кредитлари ҳажмининг ЯИМга нисбати аҳоли даромадларига нисбатан юқори эластиклик характерига эгалигини кўрсатиб, ўрта ва ундан қуйи даромадли давлатларда шу жумладан Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия ва Болгарияда ипотека кредитларининг ЯИМга нисбати 10 фоиздан ошмаган ҳолда шаклланган.

2020 йилда ипотека кредитлари қолдиғининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши Қорақалпоғистон Республикаси (9,1 фоиз), Жиззах (8,4 фоиз), Сурхондарё (8,3 фоиз) ҳамда Сирдарё вилоятларида (7,9 фоиз) нисбатан юқори шаклланган бўлса, энг паст кўрсаткичлар Навоий (2,4 фоиз), Тошкент (3,8 фоиз), Бухоро (4,4 фоиз) ва Андижон (4,5 фоиз) вилоятларида кузатилди.

Ўтган йилда 36 134 нафар фуқаролар томонидан 1 207,2 млрд. сўм миқдоридаги ипотека кредитлари, жумладан, Тошкент шаҳрида 274,7 млрд. сўм (жами сўндирилган ипотека кредитларининг 22,8 фоизи), Қашқадарёда 146,4 млрд. сўм (12,1 фоиз), Қорақалпоғистон Республикасида 128,5 млрд. сўм (10,6 фоиз) ва Андижонда 89,3 млрд. сўм (7,4 фоизи) сўндирилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар