Эксперт Қишлоқ уйлари қурилишининг қишлоқ иқтисодиётига таъсири ҳақидаги фикрларини билдирди

Эксперт Қишлоқ уйлари қурилишининг қишлоқ иқтисодиётига таъсири ҳақидаги фикрларини билдирди

3 март куни Президент Шавкат Мирзиёев уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Селекторда давлат раҳбари Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар қишлоқларида (шаҳарларга ва вилоят маъмурий марказларига туташ ҳудудларда) кўп қаватли уйлар қурилиши бошланишини таъкидлади. Хусусан, 8 336 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли арзон уй-жойлар қурилиши назарда тутилмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, қишлоқ уй-жой секторини ривожлантиришга қаратилган ушбу ташаббус уй-жойга эга бўлмаган одамлар ҳаётини яхшилаши билан бирга ҳудудлар маҳаллий иқтисодиётига фойда келтириши мумкин.

Жаҳонда амалда қишлоқ жойларида уй-жой шароитларини яхшилашнинг бир неча хил усуллари мавжуд, хусусан:

- маҳаллий ҳокимият идоралари муҳтожларга давлат томонидан қурилган уйларни тақдим этиши мумкин. Хусасан, президент топшириғига асосан бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган оилалар ва хотин-қизларни ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 50 тадан, жами 700 та квартира сотиб олинади. Бундан ташқари, Президент Молия вазирлигига тижорат банкларига маблағ ажратишни ва тижорат банкларига аҳолига 20 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан ипотека кредитларини ажратишни топширди. Ҳозирда ипотека кредити бўйича дастлабки тўлов ҳажми сотиб олинган квартира нархининг 15 фоизини ташкил қилади. Камбағаллар учун уй-жой шароитини яхшилаш учун эса ипотека кредити бўйича дастлабки тўловнинг бир қисмини қоплаш учун давлат бюджетидан уй тахминий нархининг 10 фоизи миқдорида субсидиялар берилади;

- муҳтож одамлар ўзлари уй-жой қуриш учун ёрдам дастурига қўшилишлари мумкин. Хусусан, Президент топшириғига асосан ҳар бир туманида 600 тагача жами 6500 та якка тартибдаги турар-жой бинолари қуриш ва таъмирлаш учун 20 йиллик муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан кредитлар ажратилади. Даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларга якка тартибдаги уй-жойларга ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки беш йил мобайнида фоиз ставкасининг 10 фоизлик пунктдан ошган қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади.

- хусусий ёки нотижорат сектор маҳаллий аҳоли учун арзон уй-жойлар қуриши мумкин. Президент таъкидлашича, Қурилиш вазирлиги билан биргаликда қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурилишини амалга оширадиган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш бўйича танлов савдолари ўтказилиши ва ҳудудий танлов комиссиялари фаолиятининг шаффофлиги ва ошкоралигини таъминлаш устидан тизимли назорат ўрнатилади.

Ушбу тадбирларнинг барчаси қуйидаги каналлар орқали қишлоқ иқтисодий ривожланишига тенг даражада ҳисса қўшади:

  1. Уйларни қуриш ёки реконструксия қилиш турли хил мутахассис ва хизмат турларига талаб яратади. Ерни қурилишга тайёрлаш бўйича дастлабки тадбирлар одатда меъморлар, юристлар, молиячилар ва бошқа маслаҳатчиларни ўз ичига олади. Лойиҳа қурилиш жараёнига кирганда, қурилиш ишчилари ва сантехниклар ва электр устаси каби ихтисослашган ходимлар керак бўлади. Қишлоқ уй-жойларини ривожлантириш қишлоқда яшовчилар учун иш ўринларини яратади ва қурилиш билан боғлиқ касбларга бўлган янги талабни қондириш учун меҳнат бозорига бошқаларни ҳам киришга ундайди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қурилишга сарф қилинган 1 сўм иқтисодиётда 1,97 сўмга тенг қўшимча талаб яратади.
  2. Уй-жой қурилиши маҳаллий иқтисодиётга фойда келтириши мумкин бўлган транспорт ва савдо хизматлари кўламини ошишига хизмат қилади. Қурилиш лойиҳаси учун қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиши ва ушбу товарларни ташиш учун одамлар ёлланишига сабаб бўлади.
  3. Ҳаётни янги уйда бошлаш кўпинча янги жиҳозлар, янги мебелларни сотиб олиш ва уй хизматларидан фойдаланиш кўламини ошишига хизмат қилади. Кейинчалик, уйнинг ўзида бошқа ремонт, ландшафтни ўзгартириш каби ишлар амалга оширилиши ва уста-дурадгорлар ишига талаб яратилишини таъминлаши мумкин.
  4. Қишлоқ жойларда янги қурилиш кўпинча уй-жой қурилишининг янада ривожланишига ҳисса қўшадиган асфалтланган йўллар, электрлаштириш ва сув таъминоти каби маҳаллий инфратузилманинг яхшиланишига олиб келади.

Умид қиламизки, ушбу тадбирлар мамлакатимизнинг қишлоқ жойларини янада обод бўлишига ва яшаш шароитларини яхшиланишига хизмат қилади.

Бахтишод Хамидов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар