2020 йилда жисмоний шахсларга қанча ипотека кредитлари ажратилган

2020 йилда жисмоний шахсларга қанча ипотека кредитлари ажратилган

2020 йилда тижорат банклари томонидан 77 274 нафар жисмоний шахсларга 9,1 трлн. сўм миқдорида (2019 йилга нисбатан 1,1 трлн. сўмга кўп) ипотека кредитлари ажратилган. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар қилди.

Таъкидланишича, 2020 йилда ажратилган ипотека кредитлари 2019 йилга нисбатан Тошкент шаҳрида 87,4 фоизга (ўтган йилга нисбатан 1 484,6 млрд. сўмга кўп), Навоий вилоятида 81,9 фоизга (152,1 млрд. сўмга кўп), Сирдарё вилоятида 63,2 фоизга (122,8 млрд. сўмга кўп), Самарқанд вилоятида 34,8 фоизга (225,0 млрд. сўмга кўп) ўсди.

Ипотека кредитларининг 5,1 трлн. сўми (жами ажратилган кредитларнинг 56,1 фоизи) “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК ҳамда “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК томонидан қурилган уйларни, 3,7 трлн. сўми (40,8 фоизи) бирламчи бозордаги уйларни (жумладан, 1,7 трлн. сўми янги тартиб доирасида ажратилган), 0,3 трлн. сўми (3,1 фоизи) иккиламчи бозордаги уйларни сотиб олиш учун ажратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5886-сонли Фармони асосида жорий этилган янги тартибга мувофиқ, 2020 йилда 7 927 нафар фуқароларга умумий қиймати 1747,0 млрд. сўм миқдордаги ипотека кредитлари ажратилди.

Ипотека кредитларининг 749,0 млрд. сўми (42,9 фоизи) 1 ва 2 хонали хонадонларни, 998,0 млрд. сўми эса (57,1 фоизи) 3 ва ундан кўп хонали хонадонларни сотиб олиш учун берилган. Ажратилган мазкур ипотека кредитларининг энг юқори улушлари Самарқанд вилояти (422,1 млрд. сўм), Тошкент шаҳри (343,5 млрд. сўми), Фарғона вилояти (174,1 млрд. сўм) ҳамда Сурхондарё вилоятлари (163,1 млрд. сўми) ҳиссасига тўғри келмоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, янги тартиб доирасида уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож, субсидия маблағлари ажратилган 2192 нафар фуқарога 503,8 млрд. сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган. Ҳудудлар кесимида ҳисоблаганда бундай кредитларнинг 49,6 фоизи (249,9 млрд. сўм) Самарқанд, 9,8 фоизи (49,3 млрд. сўм) Сурхондарё, 7,6 фоизи (38,4 млрд. сўм) Фарғона, 8,5 фоизи (42,6 млрд. сўм) Бухоро вилоятларига ажратилган.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар