Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази платформасидаги Ҳукумат Акселератори 100-кунлик натижаларини сарҳисоб қилди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази платформасидаги Ҳукумат Акселератори 100-кунлик натижаларини сарҳисоб қилди

Акселератор гуруҳлари 3 та йўналишда ўз фаолиятларини амалга оширдилар. Бу йўналишлар фуқароларнинг давлат хизматларидан қониқиш даражасини баҳолаш тизимини шакллантириш, энергетика статистикасини такомиллаштириш ва ҳалқаро стандартларга мослаштириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолият йўналишлари бўйича рейтингларини шакллантиришни ўз ичига олади.

Акселератор доирасида 100 кун ичида 3 та йўналиш бўйича муаммолар ҳал қилинди. Улар орасида:

  • фуқароларнинг давлат хизматларидан қониқиш даражасини баҳолаш тизими (BAHO.GOV.UZ портали ишга туширилди);
  • энергетика статистикасини такомиллаштириш ва ҳалқаро стандартларга мослаштириш;
  • тадбиркорлик субъектларининг фаолият йўналишлари бўйича рейтингларини шакллантириш.

Белгиланган соҳаларда муаммоларни ҳал этиш жараёнига вазирлик ва идоралар, хусусий сектор, тадқиқот марказлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари жалб этилди. Гарвардуниверситети ва Бирлашган Араб Амирликлари Акcелератор билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган методология асосида илмий тадқиқотлар, семинарлар ўтказилди.

Тадбир давомидаги Акселератор гуруҳлари координаторлари томонидан тегишли соҳаларда 100 кунлик давр давомида бажарилган ишлар натижалари ва эришилган натижалар тақдим этилди.

Фуқароларнинг давлат хизматларидан қониқиш даражасини баҳолаш

Ўрганилган хорижий тажриба асосида Акселератор гуруҳи томонидан фуқароларни қониқиш даражасини ўлчаш концепцияси ишлаб чиқилди ва BAHO.GOV.UZ интерактив портали ишга туширилди, бу эса фуқароларнинг Ўзбекистонда давлат хизматлари билан қониқиш даражасини баҳолаш имконини беради.

Фуқаролар 5 та мезон бўйича махсус QR-код ёрдамида ушбу портал орқали давлат хизматлари тўғрисида (1-5 гача тизимда) ўз фикр-мулоҳазаларини қолдиришлари мумкин:

  • мурожаатни кўришда муддатларга амал қилиш;
  • хизмат кўрсатиш малакаси;
  • одоб қоидаларига риоя қилиш;
  • адолатли ёндашув;
  • мурожаат қилиш учун шароитлар мавжудлиги.

QR-код ёрдамида берилган баҳолар автоматик равишда тўғридан-тўғри BAHO.GOV.UZ порталида ўз аксини топади. Шу билан бирга, битта фойдаланувчига кунига фақат бир марта баҳо беришга рухсат берилади.

Шунингдек, порталда тўпланган баллар бўйича давлат хизматларини кўрсатувчи муассасалар рейтинги шакллантирилади.

BAHO.GOV.UZ порталига бугунги кунда Тошкент шаҳридаги жами 223 та муассасалар уланиши таъминланди ва уларга махсус QR-кодлар ўрнатилди.

Энергетика статистикаси ҳисобини шакллантириш

Акселераторнинг яна бир гуруҳи БМТнинг статистика ташкилоти ва Халқаро энергетика агентлиги стандартлари асосида, республикада ёқилғи-энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш ва самарадорлигини таъминлаш имконини берувчи ягона ёқилғи-энергетика балансини мавжуд эмаслиги қайд этди.

Шунга кўра, Акселератор гуруҳи мамлакатда БМТнинг статистика ташкилоти ва Халқаро энергетика агентлигининг ёқилғи-энергетика баланси кўрсаткичларининг тузиш бўйича тавсияларини ўрганиб чиқиб, республикамизда шакллантирилаётган энергетика статистикаси бўйича маълумотларни инвентаризациядан ўтказиш ва етишмаётган маълумотларни қамраб олиш бўйича амалдаги статистика ҳисоботларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритди.

100 кун ичида ушбу вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ишлар амалга оширилди:

Биринчи босқичда БМТнинг статистика ташкилоти ҳамда Халқаро энергия агентлигининг ёқилғи, энергия баланслари ўрганиб чиқилди ва улардаги мавжуд 54 та кўрсаткичлар рўйхати тузилди ҳамда Республиканинг жорий ёқилғи, энергия балансида етишмаётган 10 та кўрсаткичлар аниқланди.

Бундан ташқари аниқланган кўрсаткичларни шакллантириш мақсадида амалдаги 1-kb shakli, (йиллик) статистика ҳисоботига 8 та ҳамда 1-energo (yetkazish) shakli, (йиллик) статистика ҳисоботига 13 та қўшимча кўрсаткичлар киритилди.

Якуний натижаларга кўра амалдаги статистика ҳисоботларига киритилган қўшимча кўрсаткичлар асосида олинган маълумотлардан шунингдек, халқаро тавсия ва қўлланмалардан фойдаланилган ҳолда 2020 йил учун дастлабки ёқилғи энергия баланси тайёрланди.

Республиканинг энергетика соҳасидаги мақсадли параметр кўрсаткичларининг самарадорлигини оширишда ёқилғи-энергия балансининг аҳамиятлилиги:

- Бирламчи энергия маҳсулотларини ишлаб чиқариш миқдорларини кузатиб бориш ва баҳолаш;

- Ишлаб чиқарилган ва истеъмол қилинган ёқилғи-энергия ресурсларининг заҳира қисмини кузатиб бориш ва баҳолаш;

- Электр энергиясини ишлаб чиқаришдаги ёқилғи сарфларини аниқлаган ҳолда, энергия самарадорлигини ошириш;

- Бирламчи энергия маҳсулотларини қайта ишлаш натижасида олинадиган бошқа ёқилғи, энергия турларини ишлаб чиқарилишни кузатиб бориш ҳамда уларнинг самарадорлигини баҳолаш;

- Иқтисодиётнинг саноат ва бошқа тармоқларининг ёқилғи, энергия ресурслари истеъмолини кузатиб бориш ва баҳолаш;

- Республика аҳолисининг ёқилғи, энергия ресурсларидан фойдаланиш ҳажмини кузатиб бориш ва баҳолаш;

- Ёқилғи, энергия соҳасидаги йўқотишлар ва энергетика соҳасининг ўз эҳтиёжига бўлган истеъмолини баҳолаш;

- Республикадаги жами ёқилғи ва энергия ресурсларининг тақсимоти ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш имкониятини беради.

Тадбиркорлик субъектларининг фаолият йўналишлари бўйича рейтинг баҳоларини юритиш

Акcелератор гуруҳи бугунги кунда истеъмолчилар товарлар (ишлар, хизматлар), уларни ишлаб чиқарувчилари, пудратчилари ва сотувчилари тўғрисида ишончли ва тўлиқ маълумотларга эга эмаслигини аниқлади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўналишлари бўйича рейтингларни юритиш тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиб, рейтинг тизими ҳамда унинг методологиясини жорий этувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди.

2021 йилда рейтинг баҳоси ахборот тизими ишлаб чиқилгандан сўнг тест режимида 2022 йилдан бошлаб тўлиқ ҳажмда амалга оширилади, рейтинг баҳоси натижалари эса ҳар йили тармоқ вазирликлари ва идоралари томонидан танқидий муҳокама қилиниб, уларни яхшилаш бўйича асосли таклифлар тайёрланиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши кураш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги рейтинг координатори, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги эса маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш оператори этиб белгиланди.

Рейтинг доимий равишда шакллантирилади ва ҳар ой янгиланиб турадиган, рейтинг учун махсус яратилган веб-сайтга жойлаштирилади.

Рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар учун жамоатчилик овози ҳам мавжуд бўлади, натижалар онлайн тарзда акс эттирилади ва тўпланган балларнинг ўртача қийматида кўрсатилади.

Қуйидаги жадвалда кўрсатилган маълумотларнинг ҳар бир тўплами учун 1 дан 5 баллгача белгиланган талабларга риоя қилиш даражасига қараб белгиланади, шунингдек, корхонанинг ўртача баҳоси ҳам мавжуд.

Ахборот йиғиш манбаларига очиқ маълумотлар портали, корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри, Давлат солиқ қўмитасининг автоматлаштирилган тизимлари, Давлат статистика қўмитаси, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, шунингдек, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига келиб тушган мурожаатлар киради.

Келгусида, тизимлар интеграциясидан сўнг, рейтингда иштирок этиш учун барча юридик шахсларни қамраб олиш режалаштирилмоқда, бу эса товарлар ва хизматлар сифатини оширишга ёрдам беради, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига рейтинги тақдим этиладиган маълумотларни олиш орқали янада ишбилармонлик шериклиги хавфини баҳолаш имконини беради.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар хизмати


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар