2017 йилдан буён Ўзбекистон иқтисодиётига 83 миллиард доллар инвестициялар жалб қилинган

2017 йилдан буён Ўзбекистон иқтисодиётига 83 миллиард доллар инвестициялар жалб қилинган

Президент инвестиция ва экспорт соҳаларида олиб борилаётган ишлар ва йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, 2017 йилдан бошлаб барча манбалар ҳисобидан 716 триллион сўм (83 миллиард доллар) ёки олдинги даврга нисбатан 2 баравардан зиёд инвестициялар ўзлаштирилган. Шундан 26,8 миллиард долларини хориждан жалб қилинган маблағлар ташкил этади.

Тўғридан-тўғри инвестициялар – 10,6 миллиард доллар, давлат кафолати остидаги лойиҳалар учун – 8,4 миллиард доллар, кафолатсиз кредитлар – 6,6 миллиард доллар, банк ва корхоналарнинг халқаро облигациялари – 1,2 миллиард долларлик маблағ жалб қилинган. Ўзлаштирилган инвестицияларнинг қарийб 65 фоизи саноат ва инфратузилма лойиҳаларига тўғри келади.

Натижада сўнгги 4 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти таркибида саноатнинг улуши 25 фоиздан 33 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 1,3 бараварга ўсди.

Жумладан, автомобилсозликда ишлаб чиқариш – 3,4 баравар, электротехника – 2 баравар, фармацевтика ва қурилиш материаллари – 1,4 баравар, металлургия – 1,2 бараварга ошди.

Тайёр тўқимачилик ва маиший техника маҳсулотлари экспорти 5 бараварга ўсди.

Ушбу даврда 441 триллион сўмлик 47 мингдан зиёд йирик, ўрта ва кичик лойиҳалар ишга туширилиб, 680 мингдан ортиқ доимий янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, сўнгги 4 йилда маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва сервис соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 100 триллион сўм (10 миллиард доллар) инвестициялар йўналтирилди.

– 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон иқтисодиётига 83 миллиард доллар инвестиция кирди. Бу жуда катта рақам. Жуда кўп тажриба орттирдик, бир долларлик инвестиция эвазига қанча иш жойи яратиляпти, қанча рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаряпти, саноат ўсиши қандай – бугун шуларни муҳокама қиламиз – деди Шавкат Мирзиёев.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар