Вилоятда 2021 йилда кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 10 387,2 млрд.сўмни ташкил қилган ва 2020 йилга нисбатан 120,1%га ошган. Хизматлар ҳажмининг Республика кўрсаткичидаги улуши 4%ни ташкил қилган.
2021 йилда вилоятда яратилган ЯҲМ нинг 36,0 фоизи (2020 йилда ҳам 36,0% ) хизмат кўрсатиш соҳасига тўғри келган.
2021 йилда хизматлар таркибида савдо (36,8%), молия (19,5%) ва транспорт (16,1%) хизматларининг улуши юқори кўрсаткични қайд этган. Шахсий хизматлар, яшаш ва овқатланиш (2,7%), компьютерлар, шахсий фойдаланиш буюмлари ва маиший товарларни таъмирлаш, кўчмас мулк (2,6%), ижара ва лизинг (2,4%), соғлиқни сақлаш (1,7%), меъморчилик, муҳандислик ва техник (1,3%) хизматларнинг улуши паст тенденцияни ташкил килган.
Шунингдек, 2021 йилда вилоятда барча турдаги хизмат кўрсатиш соҳалари ўсиш кўрсаткичига эришган. Соғлиқни сақлаш (167,3%), таълим (142%), молия (127,2%), компьютерлар ва маиший буюмларни таъмирлаш (125,4%) ижара ва лизинг (122,9%) хизматлари вилоят бўйича энг юқори ўсиш кўрсаткичига эришган.
2021 йилда алоҳида хизмат турлари бўйича ўсиш кўрсаткичлари ва уларнинг жами хизматлардаги улуши (%да)
Вилоятда ҳудудлар бўйича кўрсатилган хизматлар ҳажмининг улушини олиб қарайдиган бўлсак, Термиз шаҳри (26,4%) ва Денов тумани (12,5%)нинг улуши юқори бўлган. Қумқўрғон (6,3%), Жарқўрғон (6,2%), Сариосиё (6,1%), Шеробод (5,5%), Шўрчи (5,3%), Музработ, Ангор (4,6%), Термиз (4,5%), Узун (4,3%), Олтинсой (4,1%), Қизириқ (4%), Бойсун (3,2%), Бандихон (2,3%) туманларининг хизмат кўрсатиш соҳасидаги улуши паст бўлган.
2021 йилда Сурхондарё вилояти хизмат кўрсатиш соҳасида туман (шаҳар)лар улуши
2021 йилда вилоятнинг барча ҳудудлари кўрсатилган хизматлар ҳажми бўйича ўсиш кўрсаткичига эришган. Энг юқори ўсиш кўрсаткичи Шўрчи (122,1%), Шеробод (121,4%), Денов (121,2%) туманларида қайд этилган.
Вилоятда аҳоли жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми 3 830,1 минг сўм (2020 йилга нисбатан 117,6% ўсиш)ни ташкил қилган.
Аҳоли жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми бўйича Термиз шаҳри (14 725,1 минг сўм), ва Термиз тумани (5 883,4 минг сўм)нинг кўрсаткичи вилоятнинг ўртача кўрсаткичидан юқори бўлган.
Шўрчи (вилоят кўрсаткичидан 33,2% га паст), Узун (34% га паст), Олтинсой (39% га паст) туманларида жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми вилоятнинг ўртача кўрсаткичига нисбатан пастдир.
2021 йилда Сурхондарё вилоят туман (шаҳар)ларида жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми.
2021 йилда аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар ҳажмининг ўсиш суръатини ҳудудлар миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, барча туманларда ўсиш кўрсаткичи юқори бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ:
- Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, умумий овқатланиш, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун махсус солиқ режими жорий этилади;
- вилоят туман (шаҳар)ларидаги 24 та марказий кўчалар махсус хизмат кўрсатиш кўчаларига айлантирилади;
- Ангор туманидаги “Шарқ гули” МФЙ, Жарқўрғон туманидаги “Қораянтоқ” МФЙ, Сариосиё туманидаги “Лутфукор” МФЙ, Бойсун туманидаги “Мустақиллик” МФЙ даги “Янги Ўзбекистон” массивларида 158 та янги хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади;
- Денов туманидаги “Намозгоҳ” МФЙ (18 га ер майдони), Термиз шаҳридаги “Боғи шамол” МФЙ (0,38 га ер майдони) ҳудудларида йирик савдо комплекслари ва ҳудудий савдо-логистика марказлари ташкил этилади;
- Термиз шаҳрида нодавлат умумтаьлим муассасаларини қуриш учун 2 га, Бандихон, Денов, Музработ, Шеробод, Қумқўрғон туманлари ва Термиз шаҳрида жами 6 га ер майдони нодавлат мактабгача таълим муассасаларини қуриш учун электрон онлайн аукционга чиқарилади;
- 2022 йилда хизматлар соҳасини ривожлантириш учун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида вилоят учун 45,0 млрд сўм маблағ ажратилади.
Ушбу вазифаларни бажариш орқали 2022 йилда вилоятда хизмат кўрсатиш ҳажми 15 533,3 млрд.сўмга етади ва ўсиш кўрсаткичи 149,7%ни ташкил қилади. Янгидан ташкил этилиши кўзда тутилаётган 3 893 та хизмат кўрсатиш объектлари орқали 48 минг нафар фуқароларнинг бандлиги таьминланади.
Фурқат Исломов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Қашқадарё филиали етакчи илмий ходим
Изоҳ қолдириш