Ўзбекистонда йил якуни бўйича жалб этилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми аввалги йилдагига нисбатан ошиб, 6,6 миллиард долларга етиши ва экспорт кўрсаткичи 15,1 миллиард доллар миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Дунёда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдорининг 40 фоизга пасайиши ва 2020 йилда жаҳон савдоси ҳажмининг 25 фоизга камайганига қарамай, мамлакатда йирик инвестиция лойиҳалар ишга туширилган.
«Келгуси йилда 7,5 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва экспорт ҳажмини 17 миллиард долларга етказиш режалаштирмоқда. Бунда устувор соҳа энг юқори иқтисодий самарага эга бўлган иқтисодиёт соҳаси бўлади», — дейилади вазирлик хабарида.
Бунинг учун миллий экспортчилар билан ишлашда қуйидаги йўналиш кучайтирилади:
- экспортдан олдин молиялаштириш,
- маҳаллий товарларни халқаро электрон тижорат сайтларида жойлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш;
- ўзбек брендларини жаҳон бозорларига олиб чиқиш.
Эслатиб ўтамиз, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь–июнь ойларида ўзлаштирилган хорижий инвестицияларнинг умумий ҳажми 4,8 миллиард долларни, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар – 3,2 миллиард долларни ва давлат кафолати остидаги хорижий кредитлар — 1,6 миллиард долларни ташкил этганини маълум қилганди.
Изоҳ қолдириш