– Касбий фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз, бу лавозимга қандай келгансиз? Аввал нима иш билан шуғуллангансиз? Зиммангиздаги вазифаларни самарали бажаришда қайси кўникмаларингиз ёрдам бермоқда?
– 2019-2022 йилларда АТ Халқ банки Арнасой филиали бошқарувчиси лавозимида ишладим. Фаолиятимнинг асосий негизи аҳолига микромолиявий хизматлар кўрсатиш, оилавий аҳволини яхшилашда бевосита иштирокчи сифатида ёрдам бериш бўлди. 2022 йил биринчилардан бўлиб, маҳаллада ҳоким ёрдамчиси сифатида ишлашга тайёр эканлигимни билдирдим, суҳбатдан муваффақиятли ўтдим ва 2022 йил январь ойидан бошлаб “Янгибўстон” маҳалласида фаолиятимни бошладим. Ушбу лавозимга қадар ҳокимият тизимида – айни туманнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш ва сифатли банк хизматларини кўрсатиш йўналишида ишлаганим, шунингдек, муаммоларини индивидуал тарзда аниқлаш, ёрдам кўрсатиш, кейинчалик даромадли қилиш ишлари билан шуғулланганим кейинги фаолиятимда ҳам жуда қўл келди. Бундан ташқари, банк бўлими раҳбари сифатида фаолият олиб борганим маҳалламдаги муаммоларнинг 70-80 фоизини ечишимга амалий ёрдам берди.
– Маҳаллангизнинг жойлашуви, аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз? 2022 йилда маҳаллабай тизими жорий этилганидан буён ўтказилган сўровлар натижасида аҳолининг ижтимоий таркиби ва фаровонлиги бўйича қандай маълумотлар олинди?
– Арнасой туманидаги мен фаолият олиб бораётган маҳалла 3 та туман билан чегарадош бўлиб, аҳолининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган. Маҳалла 78 гектар ер майдонига эга бўлиб, аҳоли яшаш майдони 40 гектарни ташкил қилади. Ҳудудда 3 та ишлаб чиқариш корхонаси, 43 та кичик бизнес субъекти ва 8 та хизмат кўрсатиш объекти, 27 та озиқ-овқат савдо дўкони мавжуд. Маҳалламизда ижтимоий инфратузилма объектларидан 2 та умумтаълим мактаби ва 1 та ихтисослаштирилган мактаб хамда 4 та оилавий мактабгача таълим муассасаси фаолият олиб боради.
– Сўровлар давомида аниқланган маълумотларга кўра, маҳаллангиз ривожининг асосий драйвери ва устувор вазифалари нималардан иборат эди? Бу лавозимда ишлаганингизнинг биринчи йилида аҳолининг турмуш шароити ва фаровонлигини ошириш борасида нималарга эришдингиз?
– Маҳаллада жами хонадонлар сони ҳозирги кунда 761 та бўлиб, аҳоли сони 4476 нафарни ташкил этади, оилалар сони эса 1064 та. Ҳозирги кунда 189 нафар ишсиз аниқланган. Кўмакка муҳтожлар тоифасига киритилган фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар режаси тузилди. Ҳозирда мазкур режани амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда. Хусусан, “хонадонбай” хатлов орқали ҳудуддаги оилаларнинг ижтимоий аҳволи, томорқасидан фойдаланиш даражаси, тадбиркорлик билан шуғулланишга иштиёқини аниқлаш бўйича ўрганишлар ўтказилди. Натижада, аҳоли хонадонларини тоифаларга ажратилиб, уларнинг даромадини ошириш бўйича манзилли “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Биринчи тоифага кирувчи оилалар учун ҳар бирига алоҳида папкалар юритиб, уларнинг ойлик даромадини ошириш учун ўз олдимга вазифалар қўйдим. Маҳалламда, асосан, деҳқончилик ва хизмат кўрсатиш соҳаси драйвер йўналишлар сифатида танлаб олинган. Бундан ташқари, аҳоли тикувчилик, хизмат кўрсатиш, кўрпа-тўшак тикиш ва касаначилик фаолияти билан ҳам шуғулланади. Хонадондаги меҳнатга лаёқатли фуқароларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шундан сўнг уларга даромад топишлари учун асбоб-ускуна ажратиш мақсад қилиб қўйилди. Шунингдек, ҳудуддаги инфратузилма ҳолати ҳам ўрганилди ва бу йўналишларда қилиниши зарур бўлган ишлар белгилаб олинди. “Аёллар дафтари” ва” Ёшлар дафтари”га кирган 36 нафар фуқарога субсидия асосида тикув машина ва асбоб-ускуналар олиб берилиб, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилди.
– 2023 йилдаги фаолиятингиз натижалари, унинг йўналишлари – ишсизларни иш билан таъминлаш, касбга ўқитиш, тадбиркорликни кенг ёйиш, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш бўйича қандай ютуқларга эришилгани ҳақида батафсил гапириб берсангиз. Ўтган йил маҳалла учун ва ўзингиз учун қилган энг муҳим ишни нима деб биласиз?
– Маҳалладаги ишсиз фуқароларни банд қилиш йўлида бир қатор ишлар олиб борилди. Жумладан, ўзини ўзи банд қилиш орқали хотин-қизларнинг 13 нафарига субсидия асосида тўғри чок, “оверлок” машиналари, 2 нафарига мотокультиватор, субсидия асосида 11 нафарига тикув машиналари олиб берилди. Ҳудуддаги ёшларнинг 6 нафарига эса субсидия асосида асбоб-ускуналар олиб берилди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури орқали 50 нафар фуқарога 972 млн сўм кредит берилиб, янги иш ўринлари яратилди ва 276 га яқин фуқаро иш билан таъминланди. 38 га яқин янги лойиҳалар ишлаб чиқилди. 56 нафар фуқарога касб-ҳунарга ўқитиш учун йўлланма берилди ва Мономарказда ўқитилиб, барчаси иш билан таъминланди. Маҳаллада норасмий секторда банд бўлганларнинг 149 нафари рўйхатдан ўтказилиб, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сифатида расмийлаштирилди. Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича 8 та янги лойиҳа ташкил қилинди ва 12 янги иш ўрни яратилди.
– 2023 йилда ҳоким ўринбосарлари фаолиятига оид қатор қарорлар қабул қилинди. Маҳаллаларнинг рейтинги жорий этилди, якка тартибдаги дастурлар амалиёти йўлга қўйилди, маҳаллаларнинг фаол аъзолари сони 5 нафардан 7 нафарга оширилди, маҳаллаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича кенгашлар ташкил этилди. Ушбу қарорлар муносабати билан маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилди, янги таркибдаги фаолларнинг иши қандай ва бу қарорлар фаолиятингиз самарадорлигига қандай таъсир кўрсатди?
– Маҳаллаларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш, маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғини сифатида ишлашини таъминлаш тўғрисида Президентимизнинг тегишли фармони қабул қилинди. Ушбу фармонда “Маҳалла еттилиги” фаолиятини қўллаб-қувватлаш, маҳалланинг халқ билан давлат ўртасидаги “кўприк” вазифасини амалга оширувчи мустақил ва халқчил тузилмага айланишига кўмаклашиш, энг аввало, ҳар бир оила ўзи ва оиласининг келажаги, молиявий аҳволи ва фаровонлигини таъминлашда масъулият сезиши, боқимандаликка ўрганмаслик ҳиссини янада кучайтириш, тарғибот ишларини кучайтириш лозимлиги кўрсатиб ўтилган. Ушбу фармон асосида ҳозирги кунда маҳаллада ечимини топиш муаммо бўлаётган масалалар тезкорлик билан ҳал қилинмоқда. “Маҳалла еттилиги”га ҳукуматимиз томонидан яратиб берилган барча имкониятлар аҳолининг молиявий аҳволини яхшилашда ўз самарасини бермоқда.
– Жорий йилда маҳаллангизни ривожлантириш бўйича қандай устувор вазифалар белгиланди? Бу йўналишда қандай режаларингиз бор? Ҳозиргача нимага эришилди ва нима қилиш керак?
– Биринчидан, маҳалла бўйича 1-тоифага (даромади камбағаллик чегарасидан кам бўлган оилалар) киритилган 10 та оилани камбағалликдан чиқариш бўйича тузилган “Индивидуал дастур”лар ижросини таъминлашни ва 2-тоифадаги 110 та кам даромадли хонадондаги аҳолининг даромадини ошириш вазифаси белгиланди. Шунингдек, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳасидаги тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги 10 та ташаббускорлар лойиҳасини амалга оширишда зарурий молиявий маблағлар жалб этиш ҳам мақсад қилинган. Инфратузилма билан боғлиқ мавжуд масалаларни ҳал этиш орқали 189 та янги иш ўрни яратиш, ишсизларни иш билан таъминлаш ҳам режалаштирилган.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги тажрибангизга таянган ҳолда, сизнинг фикрингизча, маҳаллангизда камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаб ва омиллар нимада? Сизнингча, маҳаллангиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада камайтириш учун қандай қўшимча ишлар қилиш керак?
– Ҳудудда ўтказилган хатлов ва тадқиқ натижаларидан келиб чиққан ҳолда, маҳалладаги ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни хонадоннинг ўзида бандлигини таъминлаш зарурлиги ва уларда тадбиркорлик кўникмаларини устоз-шогирд тамойили асосида йўлга қўйишим кераклигини англадим. Бунда маҳалламдаги 47 нафар хотин-қиз ва ёшлар “Аёллар” ва “Ёшлар дафтари”га киритилиб, субсидия асосида асбоб-ускуналар, яъни тикув машиналари, печлар, мотокультиватор жиҳозлари олиб берилди. Ҳудудда яратилган иш ўрни кўп бўлгани билан, бериладиган иш ҳақлари миқдори оширилишини ҳам эътиборга олишимиз лозим. Фуқароларнинг кўпчилиги деҳқончилик, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидан даромад топади. Бундан ташқари аҳолининг бир қисми тадбиркор, бир қисми давлат ташкилотларида ишлайди. Деҳқончилик соҳасида “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида экспортбоп маҳсулотлар экиш орқали даромадни ошириш борасида ишлар олиб боряпмиз. Хуллас, маҳаллаларни ривожлантиришда ички имкониятларни кўпроқ ишга солиш зарур.
– Маҳаллангизда ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилганидан кейин аҳолининг ижтимоий таркиби, турмуш фаровонлиги қандай ўзгарганига баҳо бера оласизми? Шу вақт ичида қанча хонадон камбағалликдан қутулган?
– Фаолиятим давомида 38 та янги тадбиркорлик субъектини ташкил этдим. Фуқароларда ўзини ўзи банд қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш, оилавий даромадларини кўпайтириш орқали камбағалликдан чиқиш мумкинлигига ишонч пайдо бўлди ва бунинг учун Президентимиз яратиб берган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб келяпмиз. Маҳалладаги ишсиз фуқароларни иш билан банд қилиш учун барча имкониятлар мавжуд. Олдинлари ишга жойлашиш, субсидия олиш, касб-ҳунарга ўқиш, ўз бизнесини очиш учун кредит олиш, уни ривожлантириш учун турли идораларда сарсон бўлиш ҳолатлари бўлган. Ҳозирда ҳоким ёрдамчиларининг саъй-ҳаракатлари, ҳудудни “хонадонбай” ўрганиши орқали фуқаролар иш билан таъминланиб, тадбиркорлик қилишларига кўмак берилмоқда. Ҳоким ёрдамчилари давлат идоралари ва халқ ўртасида асосий кўприк вазифасини бажараётганини кўриш мумкин. Асосийси, давлатимиз фидойилик билан аҳолини рози қилиш йўлида сидқидилдан меҳнат қилиш, инсонларнинг жамиятдаги ўз ўрнини топишларида бевосита иштирокчи бўлиш ва кишилар турмуш шароитлари яхшиланишига барча шароитларни яратиб берди. Фаолиятим давомида маҳалладаги 424 та фуқаро доимий иш билан таъминланди. Бунинг учун барча билим ва тажрибамизни ишга солаяпмиз.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритган даврингизда маҳаллангизда тадбиркорлик ва якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Шу вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, якка тартибдаги тадбиркорлар иш билан таъминланди? Қандай қўллаб-қувватлаш чоралари ва инновацион усуллар қўлланилди? Муваффақиятли тадбиркорлик ташаббусларига мисоллар келтирсангиз.
– Асосий эътиборни лидер тадбиркорларга қаратиб, маҳаллада “Миришкор тажрибаси” асосида кооперацияни ривожлантириб, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойилини қўлладик. Лидер тадбиркор ва аҳоли билан 10 та хонадонда иссиқхона йўналишида кооперацияни йўлга қўйдим. Бу йил эса касаначиликни ривожлантирдик. Маҳалла хонадонларидаги корхонага бориб ишлай олмайдиган, болалар тарбияси билан машғул бўлган аёллар, ногиронлиги бор фуқароларни касаначилик услубида иш билан таъминладик. Тадбиркор уларга ярим тайёр маҳсулот олиб бориб, тайёр маҳсулотни олиб кетади. Фаолиятим давомида 38 та янги корхона ташкил қилиниб, 91 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, “MEHRIMOH LIDER” MCHJ томонидан халқаро молия институтларининг грантлари ҳисобидан грант ажратиш ва ундан фойдаланиш тартиби асосида 60 млн сўм маблағ эвазига 8 та тикув машинаси олиб келинди.
– Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни ватанга қайтишга ундаш борасида маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бу инсонларга ўз бизнесларини бошлашлари ва маҳаллий иқтисодиётга муваффақиятли интеграциялашувига ёрдам бериш учун қандай дастурлар мавжуд? Бу борадаги муваффақиятли тажрибаларга мисоллар келтира оласизми?
– Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш агентлиги ҳамда ҳокимликларга чет элдан қайтган фуқароларга касби, малакаси ва режасидан келиб чиқиб, иш топишига кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди. Хорижда ишлаб, малака орттириб қайтган фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда зарурурий кўмаклар бериб борилмоқда. Жумладан, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида имтиёзли кредитлар ажратилиб, маҳалланинг драйвери ҳисобланган деҳқончилик соҳаси учун маҳалламиздан 40 га ер майдони ажратилди. Шунингдек, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида ишлар самарали йўлга қўйилган. Сайхунобод тажрибаси асосида меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга томорқада маҳсулот етиштириб, даромад олиши учун молиявий кўмак берилмоқда ҳамда бошқа турдаги бандлик хизматлари кўрсатилмоқда. “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастурига мувофиқ, имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳам кўзда тутилган.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз?
– “Маҳаллабай” иш тизими йўлга қўйилиб, ҳоким ёрдамчиси лавозимларининг жорий этилиши тарихий воқеа бўлди. Мамлакатимиз ривожланишида, Янги Ўзбекистон пойдевори қурилишида ўз ҳиссамни қўшаётганимдан бениҳоят хурсандман. Камбағалликни қисқартириш, аввало, аҳоли даромадини оширишда ҳозирда Хитой тажрибасидан кўпроқ фойдаланиб келяпмиз. Қўшимча равишда ҳоким ёрдамчиларини бошқа ривожланган давлатларга ҳам тажриба алмашиш учун юбориш зарур, ўқув семинарларига ҳам жалб қилиш керак. Жадал суръатлар билан ривожланаётган бир даврда, билимни доимо ошириб туриш керак, шунингдек, фаолиятимиздаги барча иш йўналишларини рақамлаштиришга эътиборни кучайтириш керак, деб ҳисоблайман. Шундагина, қилаётган ишларимизнинг самарадорлиги ошади, кўзланган натижага эришилади. Таклифим, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчисига кўпроқ ваколатлар бериш керак. Шунда халққа янада кўпроқ ёрдамимиз тегади.
– Ҳоким ёрдамчисининг иши масъул давлат органларидан максимал даражада фидойилик ва ўзаро кўмакни талаб қилади. Сизда маҳаллани ривожлантириш учун зарур ресурслар етарлими? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?
– Ҳурматли Президентимиз томонидан “Маҳаллабай” иш тизими самарадорлигини ошириш бўйича барча шароитлар яратилди. Жумладан, маҳалланинг ўзида муаммоларни бартараф этиш мақсадида “маҳалла еттилиги” ташкил этилди. Энди шу “еттилик” фидойилик билан фаолият олиб борса, тизимда самарадорликка эришилади. Ҳоким ёрдамчилари ўз вазифаларини амалга оширишда фойдаланадиган молиявий инструментлар белгилаб берилган. Ушбу молиявий инструментлардан самарали фойдаланилса, ҳоким ёрдамчилари ҳам Янги Ўзбекистонни қуришда ўз ўрнига эга бўлади деб ҳисоблайман.
– Маҳаллангиз аҳолисининг амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қанчалик ўзгарди? Яқин келажакда ўз олдингизга қандай янги мақсад ва режалар қўйгансиз?
– Аҳолида маҳалла институтига нисбатан ишонч янада ортди. Фуқаролар қаерга мурожаат қилишса ҳам муаммолари маҳаллада ечилишига кўзлари ета бошлади. Бу ҳам фуқароларнинг “ҳоким ёрдамчиси” институтига ишончини билдиради. Маҳаллалардаги аҳоли кайфиятини олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, маҳалла биноларининг замонавий кўринишда қуриб берилганлиги, аҳоли турмуш шароитларининг яхшиланаётганидан ҳам яққол билиш мумкин. Асосийси, фидойилик билан аҳолини рози қилишда сидқидилдан меҳнат қилиш, инсонларнинг жамиятдаги ўз ўрнини топишларида бевосита иштирокчи бўлиш. Бу масъулиятли ва шарафли йўлда барча билим ва тажрибамни ишга солишга тайёрман!
Жамолиддин Турдимов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шарҳ" журнали №6/2024
Изоҳ қолдириш