Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида ("Собиробод" маҳалласи)

Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (

Касбий фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз, бу лавозимга қандай келгансиз? Олдин нима иш билан шуғуллангансиз? Қайси кўникмаларингиз сизга юкланган вазифаларни самарали бажаришга ёрдам бермоқда?

– Бу лавозимга келишдан аввал ЎзЛиДеП Юнусобод тумани Кенгашида жамоатчилик асосида ишлаганман. Номзодимни партия аппарати раҳбари устозимиз Дилбар Юсупова илгари сурганлар. Барча ўқиш ва синовлардан яхши ўтиб, ҳоким ёрдамчилиги лавозимига тайинланганман. Ундан илгари эса мебель ишлаб чиқариш йўналишида тадбиркорлик билан шуғулланганман. Авваламбор, 10 йилдан ортиқ тадбиркорлик соҳасида ишлаганим, қолаверса, иқтисодчи бўлганим вазифаларни аниқ бажаришга имкон берди.

– Маҳаллангизнинг жойлашуви, аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз? 2022 йилда маҳаллабай ишлаш тизими жорий этилганидан буён ўтказилган сўровлар натижасида аҳолининг ижтимоий таркиби ва фаровонлиги бўйича қандай маълумотлар олинди?

– Фаолият олиб бораётган жойим Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, 9-мавзе, “Собиробод” маҳалласи бўлиб, ҳудудда 52 та тадбиркорлик субъектлари мавжуд. Маҳаллада, шу жумладан, лидер тадбиркорлар ҳам бор. Тадбиркорларимиз болалар ва катталар кийимини экпорт қилиш, қоғоз ва қоғоз маҳсулотларини ишлаб чиқариш, полиграфия, ташқи реклама ва медиа хизматларини кўрсатиш билан шуғулланишади. Бундан ташқари 4 та ижтимоий объект, Баҳодир Жалолов номидаги бокс маҳорат мактаби, 1 та мактаб, 1 та МТМ ва тижорат банкларининг филиаллари ҳам аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Уйма-уй юриб, маҳалланинг ижтимоий таркиби тўлиқ ўрганилди, хонадонлар тўртта тоифага ажратиб олинди. Аввало, ишни энг биринчи 1-тоифа – оғир хонадонлардан бошладик.

– Сўровлар давомида аниқланган маълумотларга кўра, маҳаллангиз ривожининг асосий драйвери ва устувор вазифалари нималардан иборат эди? Бу лавозимда ишлаганингизнинг биринчи йилида аҳолининг турмуш шароити ва фаровонлигини ошириш борасида нималарга эришдингиз?

– Маҳаллада ўтказилган сўровномалардан устувор йўналишлар савдо ва хизмат кўрсатиш эканлиги маълум бўлди. Дастлабки иш йилимда 5 та янги тадбиркорлик субъекти, хусусан, 50 ўринлик тикувчилик хизматларини кўрсатиш маркази ташкил қилинди, уларга кредит олишда кўмак берилди, маҳалла фуқароларидан доимий ишчи кучи билан таъминланди, ҳуқуқий ва бухгалтерия хизматлари бўйича амалий ёрдам кўрсатилди.

– 2023 йилдаги фаолиятингиз натижалари, унинг йўналишлари – ишсизларни иш билан таъминлаш, касбга ўқитиш, тадбиркорликни, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш бўйича қандай ютуқларга эришилгани ҳақида батафсил гапириб берсангиз. Ўтган йил маҳалла ва ўзингиз учун қилган қайси ишни энг муҳими деб биласиз?

Энг биринчи навбатда, “Темир”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарида рўйхатда турувчи, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга субсидия асосида компьютер ва тикувчилик дастгоҳлари, иш қуроллари олиб берилиб, уларнинг бандлиги таъминланди. Бундай фуқаролар касбга ўқитилиб, малакаси оширилиб, ишга жойлаштирилди. Кредит асосида янги тадбиркорлик субъектлари ташкил қилинди ва бу орқали 27 та доимий янги иш ўрни яратилди. Шулар жумласидан, ўқув марказлари, киберспорт, компьютер хизматлари маркази ва уй шароитида миллий қандолатчилик цехи ташкил этилди. Маҳалламиз фаровонлиги учун қилинган муҳим ишлардан бири – 2 та янги трансформатор ўрнатилди, бу аҳолини ниҳоятда хурсанд қилди ва халқ маҳалла масъулларининг ишларидан мамнун бўлди.

– 2023 йилда ҳоким ўринбосарлари фаолиятига оид қатор қарорлар қабул қилинди. Маҳаллаларнинг рейтинги жорий этилди, якка тартибдаги дастурлар амалиёти жорий этилди, маҳаллаларнинг фаол аъзолари сони 5 нафардан 7 нафарга оширилди, маҳаллаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича кенгашлар ташкил этилди. Ушбу қарорлар муносабати билан маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилди, янги таркибдаги фаолларнинг иши қандай ва бу қарорлар фаолиятингиз самарадорлигига қандай таъсир кўрсатди?

Маҳалла бешлигидан еттиликка ўтилганлиги, авваламбор, халқнинг ортиқча оворгарчилигини камайтириш билан бир қаторда, маҳалла ходимларининг ишини янада аниқ ва тиниқ белгилаб берди. Биргина солиқчининг маҳаллада бўлиши аҳолига шу ернинг ўзида барча солиқ тўловларини амалга ошириш имконини беради. Барча мол-мулк ҳамда ер солиқларидан тушган маблағнинг 10 фоизи маҳаллада қолиши тартиби жорий этилгани – бу муҳтарам Президентимизнинг маҳаллага бўлган катта эътибори деб биламан. Энди маҳалла еттилиги энг муҳим ва долзарб масалалар бўйича коллегиал қарор қабул қилмоқда, маҳалланинг ўз бюджети борлиги ҳам ишимизнинг самарадорлигини оширади.

– Жорий йилда маҳаллангизни ривожлантириш бўйича қандай устувор вазифалар белгиланди? Бу йўналишда яна қандай режаларингиз бор? Ҳозиргача нимага эришилди ва келгусида нималар қилиш керак?

– Маҳаллада кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш устувор йўналишимиздир. Тадбиркорларга 306-қарор асосида имтиёзли кредитлар ажратиб, янгидан янги бизнес субъектларни ташкил қилиш ҳамда бу асосда кўплаб иш ўринларини яратишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. Жорий йилда жами 8 та кредит ажратилди, 11 та субсидия ажратиш жараёнида турибди, 131 нафар фуқаро ўзини-ўзи банд қилди, 32 кишини доимий ишга жойлаштирдим.

– Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги тажрибангизга таянган ҳолда, сизнинг фикрингизча, маҳаллангизда камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаб ва омиллар нимада? Сизнингча, сизнинг ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун қўшимча нима қилиш керак?

Ҳар бир инсон камида битта касбга эга бўлиши лозим. Агар у ўз касбининг устаси бўлса, унга даромад топиш учун имконият ва шароитлар ҳам кўп. Биз ёшларни мактаб пайтидан ким бўлишини ва нимага қизиқишини билиб олиб, кейинчалик уни шу касбга йўналтирсак ҳамда устоз-шогирд анъанасини йўлга қўйсак, қисқа муддатда кўпгина натижаларга эришишимиз мумкин.

– Маҳаллангизда ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилганидан кейин аҳолининг ижтимоий таркиби, турмуш фаровонлиги қандай ўзгарганига баҳо бера оласизми? Шу вақт ичида қанча хонадон камбағалликдан қутулган?

Албатта, бу жудаям нозик савол. Ўйлайманки, ушбу лавозим айнан аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича жорий қилинган, шу сабабдан бизга юклатилган вазифа ҳам шундан иборатдир. Шуни айтишим мумкинки, айнан “Собиробод” маҳалласидан давлатимиз томонидан берилган субсидия 18 та хонадоннинг, ажратилган имтиёзли кредитлар эса 40 дан ортиқ хонадоннинг яшаш шароитини ўзгартирди, уларда яхши яшашга ишонч пайдо бўлди.

– Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритган даврингизда маҳаллангизда тадбиркорлик ва якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Шу вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркорлар иш билан таъминланди? Қандай қўллаб-қувватлаш чоралари ва инновацион усуллар қўлланилди? Муваффақиятли тадбиркорлик ташаббусларига мисоллар келтирсангиз. – Ушбу саволларга қисман юқорида ҳам жавоб бериб ўтдим. Ажратилган кредит ёки субсидиялардан мақсад – янги тадбиркорлик субъектлари ташкил қилиш ёки мавжудларини кенгайтириш, шу орқали аҳоли бандлигини таъминлашдан иборат. Фаолиятимиз давомида маҳалламиз аҳолиси билан биргаликда 20 дан ортиқ якка тартибдаги тадбиркорлик ва 10 дан ортиқ фаол юридик шахсларни ташкил қилдик. Ўзим тадбиркорликдан чиққанлигим боис, янги ташкил қилинган ЯТТ ва МЧЖларни очишда шахсан иштирок этиб, электрон платформалар орқали ортиқча оворагарчиликларсиз давлат рўйхатидан ўтказиб бердим (ном бериш, гувоҳнома олиш, низомларини ёзиш ва ҳоказолар). Мисол тариқасида, Бекзод исмли йигитимизга принтер ва фотоаппарат олиб берилди. “Биллур” тўйхонасида фаолиятини бошлаб, тез орада ишлари юришиб кетди. Тўйхонада тўйга келган меҳмонларни расмга олади, тўй бўлмаган кунлари сайилгоҳларга чиқиб, тадбиркорлигини ривожлантиради. Қисқа вақт ичида 2 та қўшнисини ёрдамчи сифатида ишга олиб, уларни иш билан таъминлаб, бизнесини янада кенгайтирди. Ҳозирги кунда шу йигит билан яна битта жой қидириб юрибмиз, сабаби Бекзод каттароқ фотостудия очишни мақсад қилган. У аллақачон мақсади сари ҳаракатни бошлаб юборди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

– Айни пайтда муваффақият қозонган тадбиркорлар ўз маҳаллаларини ободонлаштириш, тадбиркорликка интилувчиларни қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этмоқда. Сизнинг маҳаллангизда тажрибали тадбиркорлар борми ва улар билан қандай ишлаяпсиз? Бунга мисоллар келтира оласизми?

Ҳар доим тадбиркор элга мададкор бўлиб келган. Муҳтарам Президентимиз ҳам бежиз тадбиркорларга кенг имконият ва шароитлар яратиб бермаяти. Маҳалламиздаги лидер тадбиркор “Quality textile production” МЧЖ билан биргаликда хотин-қизларни иш билан таъминлаш ва кооперация шаклида ишлар йўлга қўйилган. Ундан ташқари саховатпеша тадбиркорларимиз кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур анжомларни хайрия сифатида тарқатиб келмоқдалар.

– Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни ватанга қайтишга ундаш борасида маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бу инсонларга ўз бизнесларини бошлаши ва маҳаллий иқтисодиётга муваффақиятли интеграциялашувига ёрдам бериш учун қандай дастурлар мавжуд? Бу борадаги муваффақиятли тажрибаларга мисоллар келтира оласизми?

Очиғини айтиш керак, кейинги пайтда ушбу масала бўйича бутун Ўзбекистон курашяпти, десам муболаға бўлмайди. Айни дамда маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда ёшлар билан мулоқот қилиб, уларга ҳозирги кундаги шароитларни тушунтириб, етакчи тадбиркорларга бириктирмоқдамиз. Зарур бўлса, уларни ўқитиб, касб-ҳунар ўргатиб, катта ҳаётга тайёрламоқдамиз. Масалан, ҳозирги кунда Россияда тажриба орттириб қайтган уста йигитга шу ерда бизнес очишни таклиф қилиб, сантехник хизматини ташкил этиб беришга астойдил киришдик. Бу ҳаракатнинг натижаси яхши бўлишига ишончим комил.

Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? – Ҳоким ёрдамчилари доимо изланишда бўлиши лозим. Қолаверса, тажриба орттириш мақсадида чет элда қисқа муддатли тажриба амалиётини ўташи ҳамда ўзи ишлаб турган туман ва шаҳарларда ротация қилиб турилиши лозим деб ўйлайман.

– Ҳоким ёрдамчисининг иши масъул давлат органларидан максимал даражада фидойилик ва ўзаро кўмакни талаб қилади. Сизда маҳаллани ривожлантириш учун зарур ресурслар етарлими? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?

Ҳозирда ҳоким ёрдамчиларида зарур маблағ ҳам, имкониятлар ҳам, шароитлар ҳам бор. Қўшимча молиявий инструментлар берилса, ўйлайманки, ҳоким ёрдамчиси институти янада самарали ишлайди.

– Маҳаллангиз аҳолисининг амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қанчалик ўзгарди? Яқин келажакда ўз олдингизга қандай янги мақсад ва режалар қўйгансиз?

Тан олиб айтиш керак, мен маҳаллага келиб иш ўргандим, тажриба орттирдим, ўз ўрнимга эга бўлдим. Жамиятда маҳаллага нисбатан фикр ўзгарди, одамларда ишонч пайдо бўлди. Яқин келажакда шу маҳаллада олган билим-кўникмаларимдан туман ва шаҳар даражасида ҳам фойдаланиш ниятидаман!

Жамолиддин Турдимов суҳбатлашди

"Иқтисодий шарҳ" журнали №5/2024

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар