– Касбий фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз, бу лавозимга қандай келгансиз? Олдин нима иш билан шуғуллангансиз? Қайси кўникмаларингиз сизга юкланган вазифаларни самарали бажаришга ёрдам бермоқда?
– Мазкур лавозимга келишимдан олдин шу маҳаллада хотин-қизлар фаоли сифатида фаолият юритганман. Бу вазифада ишлаш баробарида маҳаллада истиқомат қилиб келаётган хотин-қизларни оила, маҳалла ва меҳнат жамоаларида ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, айниқса, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан манзилли ишларни амалга ошириш бўйича вазифаларни ташкил этиб келганман. Шунингдек, ваколатим доирасида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, маҳаллада аёллар тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, аёлларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш билан ҳам шуғулландим.
Фаолиятим давомида маҳалла аҳолиси билан кўп мулоқот қилишга тўғри келган. Уларнинг мавжуд муаммолари билан яқиндан танишман, десам хато бўлмайди. Маҳалла аҳолисини яхши билганим ва орттирган тажрибам менга ҳоким ёрдамчиси сифатида ишлашимга қўл келмоқда.
– Маҳаллангизнинг жойлашуви, у ердаги мавжуд инфратузилма объектлари (йўллар, мактаб, боғча, поликлиника, саноат корхоналари), аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз?
– Маҳалламиз Юнусобод туманининг марказида жойлашган. Маҳалламизда 10 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла ҳудудида 10 га яқин ижтимоий соҳа объекти, яъни 1 та (307-сонли боғча) мактабгача таълим муассасаси, 2 та (53 ва 87-сонли мактаблар) ўрта мактаб, 2 та банк шохобчаси фаолият юритади. Шунингдек, 96 та тадбиркорлик субъекти, 24 та савдо ва 40 та хизмат кўрсатиш шохобчаси мавжуд.
Ўтган даврда мазкур ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган ҳамкорлик натижасида маҳаллада истиқомат қилиб келаётган 60 нафарга яқин ишсиз фуқарони доимий иш билан таъминлашга эришилди.
– Ўтказилган сўровлар давомида аниқланган маълумотларга кўра, маҳаллангиз ривожининг асосий драйвери ва устувор вазифалари нималардан иборат эди?
– Маҳалла иқтисодий драйверини белгилашдан олдин аҳоли, мавжуд инфратузилма ва имкониятлар ҳар томонлама ўрганиб чиқилди. Таҳлиллар асосида маҳалламиз ривожининг асосий драйвери сифатида хизмат кўрсатиш, хусусан, савдо-сотиқ ва тикувчилик соҳалари танлаб олинди. Мазкур ихтисослашув асосида маҳаллада 24 та савдо-сотиқ объекти ва 15 та тикувчилик соҳаси йўналишидаги тадбиркор ўз фаолиятини юритиб, 110 нафарга яқин аҳолини доимий иш билан таъминлаб келмоқдалар.
– 2024 йилдаги фаолиятингиз натижалари, унинг йўналишлари – ишсизларни иш билан таъминлаш, касбга ўқитиш, тадбиркорликни, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш бўйича қандай ютуқларга эришилгани ҳақида батафсил гапириб берсангиз. Ўтган йил маҳалла ва ўзингиз учун қилган қайси ишни энг муҳими деб биласиз?
– 2024 йилги фаолиятим давомида, маҳаллада истиқомат қилаётган аҳоли билан олиб борилган ишлар натижасида:
- 195 нафар ишсиз фуқарони турли йўналишларда ўз-ўзини банд қилишга, 78 нафар фуқарони доимий ишга жойлаштиришга ва 27 нафар фуқарони касб-ҳунарга йўналтирган ҳолда бандлиги таъминланди;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 майдаги 252-сон қарорига асосан, асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари харид қилиш учун 7 нафар фуқарога 80 млн сўмлик субсидиялар ажратилди;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 декабрдаги ПҚ-55-сон қарорига асосан 2 нафар фуқарога 66 млн сўм кредит берилди;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 9 январдаги 7-сон қарори ҳамда “Бизнесга биринчи қадам” дастурига мувофиқ, 9 нафар фуқаронинг тадбиркорлик фаолиятини бошлашини рағбатлантириш мақсадида 200 млн сўм кредит ажратилди;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 14 сентябрдаги 306-сон қарорига асосан “Arkon evergrand”, “Gimenneye”, “Soqoq xamdam”, “Med Fayz Team”, “S.Hodjiyev” каби 5 та ташкилотга тадбиркорлик фаолиятини бошлашини рағбатлантириш мақсадида 500 млн сўмлик кредит ажратилди.
– Жорий йилда маҳаллани ривожлантириш бўйича қандай устувор вазифалар белгиланди? Бу йўналишда яна қандай режаларингиз бор? Ҳозиргача нимага эришилди ва келгусида нималар қилиш керак?
– Маҳалламиз жорий йилда “Обод маҳалла” дастурига киритилган бўлиб, ҳудудда жойлашган 20 та кўп қаватли уйни жорий таъмирлаш, қарийб 25 км ички йўлларни асфальтлаш, 1,5 км пиёдалар юриш йўлакларига брусчаткалар қўйиш, 1500 кв/м лотоклар ўрнатиш, 260 метр бордюр ўрнатиш, 8 та уй атрофида 2200 кв/м яшил маскан барпо этиш, 1,5 км суғориш тизимини тортиш ишлари бошланди, шунингдек, маҳалла ҳудудида 1 та “Нуронийлар” маскани, 2 та болалар спорт майдончаси, 5 та болалар ўйингоҳи ва 1 та савдо мажмуасини қуриш ишлари олиб борилмоқда.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги тажрибангизга таянган ҳолда, сизнинг фикрингизча, маҳаллангизда камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаб ва омиллар нимада? Сизнингча, ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун қўшимча нима ишлар қилиш керак?
– Айтиш керакки, 2020 йилдан Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратила бошланди. Хабарингиз бор, бу соҳада ҳатто алоҳида давлат органи – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилган. Энди камбағаллик ҳолатларининг келиб чиқишига тўхталсак, бунинг сабаби ҳар бир оилада турлича бўлиши мумкин. Кўпинча, маълум касбга эга эмаслик, доимий иш жойининг йўқлиги, мавжуд имкониятларни кўра олмаслик каби омиллар оилаларнинг камбағалликка тушиб қолишига сабаб бўлади.
Маҳалламизда истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабабларнинг олдини олиш мақсадида аҳолининг барқарор бандлик ва юқори даромад топишга эришиши, таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганиши, кафолатланган давлат тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиши ҳамда яшаш шароитларини яхшилаш, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, давлат органлари ходимлари ва фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш йўналишларида ишларни ташкил этилса, мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритган даврингизда маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Шу вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркор иш билан таъминланди? Қандай қўллаб-қувватлаш чоралари ва инновацион усуллар қўлланилди? Муваффақиятли тадбиркорлик ташаббусларига мисоллар келтирсангиз.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолиятимни бошлаганимда маҳалла ҳудудида 56 та тадбиркорлик субъекти фаолият олиб борган бўлса, бугунги кунга келиб, уларнинг сони 280 тадан ошди. Шундан, 132 та ЯТТ ва 137 та МЧЖ очилди.
- Мисол тариқасида, “Yufka” МЧЖ қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади ва маҳаллада истиқомат қилувчи 54 нафар фуқаро иш билан таъминланган.
- “Rivoj Evolution” МЧЖ полиграфия йўналишида фаолият юритади. Бу ерда маҳаллада истиқомат қилувчи 26 нафар фуқаро ишлаб келмоқда.
- “Оsiyo wood product” МЧЖ темир буюмлар ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади ва маҳаллада истиқомат қилувчи 33 нафар фуқаро иш билан таъминланган.
– Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни Ватанга қайтишга ундаш борасида маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Маҳаллада истиқомат қилган ва бугунги кунда хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар билан ҳафтанинг пайшанба куни “Маҳалла еттилиги” иштирокида онлайн мулоқотлар ўтказилади. Мулоқотлар давомида фуқароларнинг мавжуд муаммолари ўрганилади ва уларни ватанга қайтишга ундаш, яхши даромадли касбларни таклиф этиш чора-тадбирлари кўрилади. Шу билан бирга, маҳаллада истиқомат қилувчи меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларнинг ҳолидан хабар олиниб, мутасаддилар билан уларнинг мавжуд муаммолари бартараф этилмоқда.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?
– Ҳоким ёрдамчиларига фаолият юритиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Уларнинг ишида самарадорликни янада ошириш учун аҳоли ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратилишида банклар томонидан ўтказиладиган “скрининг” тизимини ҳоким ёрдамчиларининг “Онлайн-маҳалла” платформасига улаш мақсадга мувофиқ бўларди.
– Жорий йилнинг 3 февраль куни Президент ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда ҳоким ёрдамчилари ишини “жонлантириш ва янги туртки бериш” вазифаси қўйилди. Шундан келиб чиққан ҳолда маҳаллангизда қандай ишлар режалаштирилмоқда?
– Бўлиб ўтган йиғилишда берилган вазифалардан келиб чиқиб, маҳалла аҳолисига кредит, субсидиялар бериш, фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш, маҳаллада ишсизларни даромадли меҳнат билан банд қилиш, тадбиркорликка жалб этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, ўзини ўзи банд қилганларни ЯТТ ёки оилавий корхона сифатида иш бошлашига ёрдам бериш каби асосий вазифаларни ўзимга белгилаб олдим.
Бундан ташқари, фаолиятим давомида маҳаллада истиқомат қилиб келаётган аҳоли хонадонларининг даромадини ошириш ва томорқасидан самарали фойдаланиш бўйича экин эктириш, “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида ташкил этилаётган лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этиш каби бир нечта вазифаларни ўзим учун режалаштириб қўйдим.
– Аёл сифатида ҳам ҳоким ёрдамчиси вазифасини бажариш, ҳам уй ишларини эплаш қийин бўлмаяптими?
– Республикамизда хотин-қизларга яратилаётган шарт-шароитлардан келиб чиқиб, қолаверса, оиламнинг касбий фаолиятимни тўлиқ қўллаб-қувватлаб келишаётганлигини ҳисобга олсам, вазифамни бажаришимда деярли қийинчилик йўқ. Барчасига улгуриб, икки нафар фарзандимнинг тарбияси билан шуғулланишга ҳам вақт топяпман.
– Маҳаллангиз аҳолисининг амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қанчалик ўзгарди? 2025 йилда ўз олдингизга қандай янги мақсад ва режалар қўйгансиз?
– Маҳалламизда аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий-иқтисодий эътибор, бўлаётган ижобий ўзгаришлар ҳамда маҳаллабай ишлаш тизимида “Маҳалла еттилиги” фаолияти жорий этилганлиги аҳоли ўртасида ижобий қабул қилинмоқда.
Маҳалла аҳолисининг эҳтиёжманд қатлами билан ишлаш учун “Маҳалла еттилиги” аъзолари ва мутасадди идоралар томонидан ўзларига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, фуқароларга амалий ёрдамлар кўрсатиш учун барча зарурий чора-тадбирларни амалга ошириб келишмоқда. Шу ўринда мазкур ишлардан аҳоли рози эканлигини айтиб ўтиш ўринли.
2025 йилда олдимга қўйган мақсадим – маҳалламиз аҳолисининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини ва даромадларини янада ошириш, камбағаллик ва ишсизликни камайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва фуқароларни касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган.
Хусусан, Республикамизда мазкур йўналишда қабул қилинган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури, “Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш” бўйича қабул қилинган ҳужжатлардан ҳамда Президентимиз томонидан ҳоким ёрдамчиларига берган барча вазифаларидан келиб чиққан ҳолда фаолиятимни ташкил этишни режалаштирганман.
Жамолиддин Турдимов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шарҳ" журнали №3/2025
Изоҳ қолдириш