1 июль куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилари Кенгашининг видеоконференция шаклида йиллик йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Тадбирда банкнинг 71 акциядорларидан, шу жумладан, 69 мамлакат, Европа Иттифоқи ва Европа инвестиция банкидан Бошқарувчилар ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, Банк раҳбарияти ва халқаро экспертлар иштирок этди.
Йиғилиш кун тартибига банкнинг 30 йиллик фаолияти натижалари, пандемия оқибатида рўй берган глобал иқтисодий инқирозни юмшатиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар самараси, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ҳамда янги молиялаштириш воситалари ва механизмларини жорий этиш истиқболлари, шунингдек, бир қатор молиявий ва институционал масалалар муҳокамаси киритилди.
ЕТТБ Президенти яқин келажакда Банк фаолиятининг асосий йўналишларини, жумладан, пандемиядан келиб чиқадиган иқтисодий оқибатларни юмшатиш, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришни кенгайтириш, “яшил” инвестициялар ва акциядор мамлакатлар иқтисодиётини рақамлаштиришни эълон қилди.
2025 йилга келиб банк инвестицияларининг ярми иқлим ўзгариши билан боғлиқ лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилиши алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, ковиддан кейинги даврда халқаро савдо ва инвестициялардаги тўсиқларни бартараф этиш ҳамда бузилган етказиб бериш занжирлари ва савдо алоқаларини тиклаш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилади.
Ўзбекистон Республикаси номидан тадбирда Банкнинг Ўзбекистон томонидан Бошқарувчиси, ЕТТБ Бошқарувчилари Кенгаши раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков иштирок этди.
У ўз нутқи давомида Ўзбекистоннинг ЕТТБ билан кўп қиррали ҳамкорлигида эришилган салмоқли натижаларини қайд этди: бозор ислоҳотларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, капитал бозорини ривожлантириш, давлат улуши бўлган давлат корхоналари ва тижорат банкларини хусусийлаштириш, энергетика, транспорт ва бошқа тармоқларни ислоҳ қилиш.
Таъкидландики, Ўзбекистон билан ҳамкорлик бошланганидан буён ЕТТБ 97 та лойиҳани амалга ошириш учун мамлакат иқтисодиётига жами 2,4 миллиард евродан ортиқ инвестиция киритган. Шундан 48 та лойиҳа хусусий секторга тегишлидир.
Ўтган уч йил мобайнида ЕТТБ билан йиллик битимлар ҳажми бўйича Ўзбекистон уч маротаба биринчи 10 та мамлакат рўйхатига киргани, жорий йилнинг беш ойи якунларига кўра эса тузилган битимлар бўйича 40 та мамлакат ўртасида биринчи ўринни эгаллагани алоҳида таъкидланди. 2021 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра банк томонидан умумий қиймати 382 млн доллар бўлган 8 та лойиҳа маъқулланди.
Ўзбекистон томонидан иқлим ўзгаришига қарши курашиш доирасида кўрилган чоралар қайд этилди:
- Давлат раҳбарининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги Қарори ва қайта тикланувчи энергияни қўллаб-қувватлаш ҳамда иқтисодиёт тармоқларининг энергия самарадорлигини оширишга қаратилган тегишли қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
- Ўзбекистон қайта тикланадиган энергия манбаларининг умумий қувватини 8 ГВга оширишни режалаштирган 2030 йилгача энергетика соҳасини ривожлантиришнинг Бош режаси тасдиқланди.
- Шу билан бирга, Ўзбекистон энергетика секторини декарбонлаштириш бўйича узоқ муддатли “Йўл харитаси” келишиб олинди, ЕТТБнинг “Green Cities” дастури ва “Green economy” молиялаштириш механизми орқали ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг қўшимча йўллари кўриб чиқилмоқда.
Ковиддан кейинги даврда иқтисодий тикланиш давомида ЕТТБнинг аъзо-мамлакатлар билан ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш бўйича таклифлар берилди.
Ўз нутқлари давомида бошқа мамлакатлардан ЕТТБ Бошқарувчилари пандемия оқибатларига қарши курашиш, ЕТТБга аъзо мамлакатлар иқтисодиётини тиклаш жараёнида Банкнинг ролини фаоллаштириш, шунингдек, Банк акциядорларининг ушбу йўналишдаги ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун биргаликда ҳаракат қилиш зарурлигини таъкидлаб, умумий позицияни баён қилдилар.
Йиғилиш якунида Банк фаолиятининг келгуси истиқболларини белгилаб берувчи бир қатор қарорлар қабул қилинди. Жумладан, 2021-2023 йилларга мўлжалланган ЕТТБ стратегиясини амалга ошириш режаси тасдиқланди.
ЕТТБ фаолиятининг географиясини Африка ва Яқин Шарқдаги айрим мамлакатларга кенгайтириш ташаббуси қўллаб-қувватланди. Шунингдек, ЕТТБ Бошқарувчилари Кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2022 йилда Марокашда бўлиб ўтиши ва Банк Бошқарувчилари Кенгашининг янги раиси этиб Банкнинг Португалиядан Бошқарувчиси, ушбу мамлакат молия вазири Жуан Леау сайланиши маълум қилинди.
Маълумот учун: Европа тикланиш ва тараққиёт банки 1991 йил 28 мартда ташкил этилган. Қароргоҳи Лондон шаҳрида жойлашган. Ўзбекистон 1992 йил 30 апрелдан ЕТТБ аъзосидир.
Изоҳ қолдириш