7 июнь куни Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш учун ЕТТБ биринчи вице-президенти Юрген Ригтеринк бошчилигидаги делегациясини қабул қилди.
Муҳокама доирасида инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлиги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида ҳамкорликни кучайтириш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида томонлар қўшма лойиҳа ва келишувларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш ҳамда муносабатларнинг янги йўналишларини ривожлантириш мақсадида доимий ҳамкорликнинг тезкор механизмини жорий этишга келишиб олдилар.
Шунингдек, “Наманган вилоятининг Чуст, Поп ва Наманган туманларида сув таъминотини ҳамда Чуст ва Мингбулоқ туманларида оқова тизимларини яхшилаш” лойиҳасини жорий этиш учун 70 млн доллар миқдорида қарз битими имзоланди.
Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳисобига Наманган вилоятининг Чуст, Наманган ва Поп туманларида истиқомат қилаётган 170 мингдан зиёд аҳоли тоза ичимлик сувидан доимий фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Маблағлар вилоятдаги еттита қишлоқ аҳоли пункти (Чортоғ, Чуст, Жўмашўй, Қизил-Ровот, Поп, Тошбулоқ ва Уйғур)га хизмат кўрсатувчи сув олиш ва тарқатиш станциялари ва тармоқлари, магистрал қувурлар ва сув тозалаш иншоотларини, шунингдек, Чуст ва Жўмашўй қишлоқларида сув тозалаш иншоотлари, оқова сув станциялари ва тармоқларини қуриш ва таъмирлаш учун сарфланади.
Инвестициялар қарийб 115 минг янги фойдаланувчиларга сув таъминоти тармоқларига уланиш имконини беради. Янги инфратузилма туфайли сув йўқотишлари йилига 0,6 млн кубометрга камаяди.
Лойиҳа аҳолига хавфсиз ичимлик суви етказиб бериш, истеъмолчиларининг шахсий гигиенасини яхшилаш ва мавжуд сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини оширишга ёрдам берадиган сув таъминоти инфратузилмасини модернизация қилишни молиялаштириш орқали қишлоқ аҳолисини марказлашган сув таъминоти тизимига улаш бўйича Ўзбекистон миллий дастурини амалга оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, қиймати 20 млн долларга тенг бўлган “Яшил шаҳарлар” дастури доирасида “Самарқанд шаҳрига электр автобусларни сотиб олиш” лойиҳасини амалга ошириш борасида мандат хати ва Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Меморандумга кўра, Самарқанд шаҳар ЕТТБнинг “Яшил шаҳарлар” флагман дастурининг 48-ҳамкор шаҳрига айланади. Дастур инфратузилмани барқарор ривожлантириш ва шаҳар аҳолисининг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган.
Маълумот учун: “Яшил шаҳарлар” дастури доирасида ЕТТБ экологик муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш учун инвестицияларни жалб этишга кўмаклашади. Дастурда иштирок этувчи ҳар бир шаҳар атроф-муҳитни яхшилаш учун пилот лойиҳани амалга оширади, сўнгра Банк мутахассислари иштирокида жорий экологик муаммоларга қарши чоралар кўриш ва инвестицияларни жалб қилиш учун устувор йўналишларни аниқлаш, жумладан, уй-жой ва коммунал инфратузилмасини яхшилаш, ҳаво сифатини ошириш, ер ва сув ресурсларининг тозалиги ва оммабоплигини таъминлаш, қаттиқ ва маиший чиқиндиларни утилизация қилиш, “яшил зоналар” яратиш ва атмосферага чиқарилаётган чиқиндилар ҳажмини камайтириш бўйича ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқади. “Яшил шаҳарлар” дастури доирасида ҳозирги вақтгача ажратилган умумий маблағ миқдори 1,5 млрд еврони ташкил этади ва унда 30 мамлакатдан 47 шаҳар иштирок этади.
Изоҳ қолдириш