Абдулла Арипов: Биржа савдоларида монопол маҳсулотларни сотишнинг ягона тартиби жорий этилади

Абдулла Арипов: Биржа савдоларида монопол маҳсулотларни сотишнинг ягона тартиби жорий этилади

21 январ куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Бош вазири Абдулла Арипов Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ муддатга мўлжалланган ҳаракатлар дастури лойиҳасини тақдим этди.

Ҳудудлар ривожлантирилади

Абдулла Арипов Президент томонидан белгилаб берилган Ўзбекистон Республикасини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиб, яқин кунларда тасдиқлаш учун тақдим этилишини маълум қилди. У ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда ислоҳотларни амалга ошириш, муҳандислик коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, ҳудудларни мутаносиб ривожлантиришни қамраб олади.

Кейинги 5 йилда ялпи ички маҳсулот 6 фоизга ўсади

Макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодиётни янада ислоҳ этиш, миллий иқтисодиётни диверсификация қилиш ҳамда рақобатбардошлигини ошириш чоралари кўрилади. Бунда, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 2020 йилда 5,5 фоиздан кам бўлмаслиги ва кейинги 5 йилда эса унинг ўсиш суръатлари ўртача 6 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

2025 йилда хизматлар кўрсатиш ошади

Ҳукумат 2025 йилга бориб саноатнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 30 фоиздан 33 фоизгача, хизматлар кўрсатишни эса 35 фоиздан 37 фоизгача ошириш чораларини кўради.

Иқтисодиётни ривожлантириш учун стратегиялар ишлаб чиқилади

Абдулла Арипов Сенат қўшма мажлисида “Иқтисодиётни бошқаришда бозор механизмларини кенг жорий этиш ва иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини ривожлантириш бўйича стратегиялар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади”, деди.

2021–2022 йилларда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш диверсификация қилинади

Хусусан, биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни сотишнинг ягона тартибини жорий этиш режалаштирилган. 2021–2022 йилларда савдо корхоналари ва логистика марказларини ривожлантириш стратегияси ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

Юқори технологияли қайта ишлаш тармоқларини ривожлантириш давом этади

Шунингдек, саноатни модернизация ва диверсификация қилиш, юқори технологияли қайта ишлаш тармоқларини жадал ривожлантириш, энергия тежамкор технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш давом эттирилади.

Минерал хом ашё базасини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади

Бунинг учун 2020 – 2025 йилларга мўлжалланган саноатни ривожлантириш концепцияси, 2020–2021 йилларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда Минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш дастурлари ишлаб чиқилади.

2030 йилга бориб Электротехника саноатида ишлаб чиқариш ҳажмини 5 баробарга ошириш кўзда тутиляпти

“Бундан ташқари, яқин йилларда импорт ўрнини босувчи ва маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб қувватловчи соҳа – электротехника саноатига иқтисодий ўсишнинг “драйвери” сифатида қараймиз”, деди Бош вазир.

Жорий йилда 2020 – 2030 йилларда Электротехника саноатини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади.

2030 йилга бориб ушбу соҳада ишлаб чиқариш ҳажми 5 баробарга (4 млрд. долл.), экспорт ҳажми 6 баробарга (1,5 млрд.долл.), мазкур соҳада ишловчилар сони 3 баробарга (50 мингдан ортиқ) кўпайиши, мамлакат аҳолисининг электротехника ва маиший техника маҳсулотларига бўлган талабини 80-90 фоизга маҳаллий маҳсулотлар билан таъминлаш ҳисоб-китоб қилинмоқда.

7,6 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади

2025 йилга келиб ёқилғи-энегетика соҳасида умумий қиймати 7,6 миллиард долларга тенг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Шу мақсадда электр энергияси ишлаб чиқаришни 1,4 баробарга, табиий газ қазиб чиқаришни 1,2 баробарга, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2,1 баробарга ошириш кутилмоқда. Шунингдек, табиий газни мамлакатимизда қайта ишлаб, қўшимча қийматли ва бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилиши режалаштирилмоқда.

Жорий йилдан давлат корхоналарига эгалик қилиш Стратегияси ишлаб чиқилади

Энергия сарфини камайтириш ва нореал тўловларни олдини олиш учун 2020 йил охирига қадар истеъмолчиларга электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш бўйича электрон ҳисоблагичларни тўлиқ ўрнатилади.

Кимё саноатини ривожлантириш дастури доирасида 12 миллиард долларлик 31 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 50 та янги турдаги маҳсулотлар ўзлаштирилади.

Мавжуд 21 та эркин иқтисодий ҳамда 156 та кичик саноат зоналари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар белгиланади. Уларнинг сонини 2 баробарга ошириш кутилмоқда.

Корпоратив бошқарувнинг замонавий принциплари ва усулларини амалга ошириш учун 2020-2030 йилларда давлат корхоналарига эгалик қилиш, бошқариш ва ислоҳ қилиш Стратегияси ишлаб чиқилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар