Кейинги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш, жамиятда очиқлик, ошкоралик муҳитини кучайтириш борасида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар туфайли юртимизда инвестиция фаоллиги ошиб бормоқда. Четдан кириб келаётган маблағ эса иқтисодиётнинг жадал ривожланаётган соҳаларига, жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга йўналтирилаётгани халқимиз турмуши фаровонлигини ошириш ва юрт тараққиётини юксалтиришга замин яратмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, олимлар ва экспертлар мамлакатимиз иқтисодиётига сўнгги йилларда жалб этилаётган ташқи қарзлардан фойдаланиш самараси, бу борадаги жаҳон тажрибаси хусусида сўз юритади.
Актам ҲАИТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари:
— Давлатларнинг ташқи қарзи атрофида доимо баҳс юритилади, турлича фикрлар учрайди. Гап шу ҳақда кетганида, аввало, айтиш мумкинки, ташқи қарзни қайсидир маънода давлатга бўлган “ишонч кредити”, деб ҳам тушунса бўлади. Зеро, қарз ёки инвестиция ҳамма давлатга ҳам берилавермаслиги кундек равшан.
Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ва унинг таркиби бўйича расмий маълумотлар эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда, интернет саҳифаларида айрим фуқаролар томонидан вазиятни тўғри баҳоламасдан туриб, танқидий фикрлар билдирила бошланди. Аслида бу ҳам ижобий ҳолат. Чунки янгиланаётган Ўзбекистонда ҳар қандай соҳада очиқлик, шаффофлик алоҳида мезон сифатида белгиланган. Лекин давлат ва халқ манфаатлари билан боғлиқ масалаларда муносабат билдириш ёки хабар тарқатишдан олдин масалани атрофлича таҳлил қилиб, кейин фикр айтилса тўғри бўлади.
Давлат ташқи қарзини муҳтожлик туфайли олинган оддий қарз маъносида тушунмаслик керак. Ташқи қарз аслида мақсадли кредитлар, сармоялар ва бошқа маблағларнинг мамлакат иқтисодиётига кириб келишини билдиради. Халқимизнинг фаровон ҳаётини ва барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш учун, аввало, инфратузилмани ривожлантириш талаб этилади. Аҳолининг яшаши, ишлаб чиқариш ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиши учун зарур бўлган энергетика, сув таъминоти, транспорт ва коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш учун катта микдордаги сармоялар талаб этилади.
Ички имкониятлар чекланган ҳолатда давлат ташқи қарзи, асосан, инфратузилма, саноат ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига йўналтирилмоқда. Тушуниб олишимиз керакки, биринчидан, Ўзбекистоннинг ҳозирги кундаги ташқи қарзи миқдори жуда паст даражада, деб ҳисобланади. Иккинчидан, ташқи қарз хавотирга туширадиган сабаб эмас. Агар бу қарз нотўғри сарфланса ёки шаффоф бўлмаган жараёнлар орқали ўзлаштирилса, ана шундагина хавотир ўринли ва асосли бўлади.
Кейинги йилларда Президентимиз раҳбарлигида халқимиз турмуши фаровонлиги йўлида жуда катта мақсад ва вазифаларни амалга оширишга киришдик. Инвестицияларни барқарор жалб этиш ҳам ана шу муҳим вазифалар сирасига киради. Биламиз, инвестиция ўз-ўзидан кириб келмайди. Бунинг учун мамлакатда инфратузилмани ривожлантириш зарур.
Шу маънода, қарз олиб, уни ақл, илмга асосланиб, аниқ ҳисоб-китоблар билан сарфлаб, кейинчалик босқичма-босқич қайтариш жуда тўғри йўлдир. Пировард мақсад битта — халқимизнинг бугунгидан-да фаровон ва бахтли яшашини таъминлаш. Ўзбекистоннинг бизнес юритиш ҳамда инвестиция киритиш учун энг жозибадор мамлакатлар қаторидан ўрин олишини таъминлаш ҳам олдимизда турган энг муҳим вазифадир. Зеро, жаҳоннинг ривожланган давлатлари тажрибасига қарайдиган бўлсак ҳам мазкур амалиёт ўзини тўла оқлаган.
Таъкидлаш лозимки, айни пайтда Ўзбекистоннинг ташқи қарз олиш масаласи муҳим. Чунки жалб қилинаётган давлат ташқи қарзлари энергетика, транспорт ва транспорт инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, кимё, таълим ҳамда соғлиқни сақлаш сингари муҳим ижтимоий-иқтисодий соҳаларга йўналтирилади. Агар четдан маблағ жалб этилмаса, ислоҳотларни давлат бюджетидан амалга оширишга тўғри келади.
Шу нуқтаи назардан, ташқи қарзни, биринчи навбатда, давлат дастурларини ва давлат зиммасидаги ижтимоий вазифаларни молиялаштиришга йўналтириш мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, ташқи қарздан мақсадли ҳамда самарали фойдаланишда шаффофлик таъминлаш, бу борадаги ахборотлар кенг жамоатчиликка маълум қилинишини ҳам ижобий қадам сифатида баҳолаш зарур.
Умуман олганда, ташқи қарзларни нуфузли халқаро молия ташкилотларининг мамлакатимизга бўлган ишончи, деб баҳолашимиз жоиз. Такрор бўлса-да таъкидлаш ўринлики, қарз ҳар қандай давлатга ҳам берилавермайди. Аввало, қарз олувчининг ишончлилиги, иқтисодий имкониятлари ва истиқболлари обдон ўрганилади. Мавжуд таҳлиллар, мамлакатимизнинг ички ресурс ҳамда имкониятларини, қолаверса, янги ислоҳотлар самарасидан келиб чиқиб, шуни ишонч билан айтиш мумкинки, давлат ташқи қарзи борасида тушкунликка ёки хавотирга тушишга ҳеч қандай асос йўқ. Жараён аниқ таҳлил ва ҳисоб-китобларга таянган ҳолда олиб бориляпти.
Нодир ЖУМАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, иқтисод фанлари доктори, профессор:
— Дарҳақиқат, ташқи қарз мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқарони мулоҳазага чорлайдиган масала. Ҳозирги кунга келиб кўплаб ривожланган мамлакатларда инқироз пайтида миллий қарз ялпи ички маҳсулот ҳажмидан сезиларли даражада ошиб кетди. Одатда муваффақиятли ривожланиш учун давлат қарзи ЯИМнинг 60 фоизидан ошмаслиги керак, деб ҳисобланади.
Бундан ташқари, бюджетни бошқариш муваффақиятини баҳолаш учун расмий равишда қабул қилинган мезон мавжуд. Мамлакат иқтисодиётининг узоқ муддатли истиқболда ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун бюджет камомади ЯИМнинг 3 фоизидан, давлат қарзи эса 60 фоизидан ошмаслигига доир мезонлар Европа Иттифоқи томонидан Маастрихт келишувига киритилган.
Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, жаҳон иқтисодиётининг ҳозирги ривожланиш босқичида ташқи қарзи бўлмаган мамлакатлар деярли қолмаган. Ташқи қарзларнинг молиявий таъсир кучи иқтисодиётнинг энг истиқболли тармоқларини молиялаштиришга, йирик иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга ва дунёдаги мавжуд вазият ўзгарганда иқтисодиётни тезда тиклашга ёрдам беради. Демак, қарз қанча кўп бўлса, мамлакатга бўлган ишонч шунча юқори бўлади. Аксинча, мамлакатга бўлган ишонч қанча юқори бўлса, у шунча кўп пул жалб қилиши мумкин.
Даставвал умумий ташқи қарз таркиби ҳақида бироз аниқлик киритиб олиш зарур. Хусусий сектор қанча қарз олади, уни қандай қайтаради — бу алоҳида масала. Ушбу қарзларни қайтариш хусусий секторнинг зиммасида бўлар экан, унинг замирида бозор конъюнктураси ва турли хатарларни ҳисобга олиб қўшилган қиймат яратадиган, сараланган лойиҳалар ётибди. Демак, хусусий сектор ташқи қарзини қайтариши учун етарли асослар мавжуд. Хусусий ташқи қарз қайтмаган тақдирда ҳам биз, солиқ тўловчилар учун катта фожиа эмас.
Бироқ давлат ташқи қарзи ва унинг айнан давлат бюджети камомадини қоплаш мақсадида жалб қилинадиган қисми ҳақиқатда анча жиддий масала. Чунки давлат ташқи қарзи, хоҳ қисқа, хоҳ узоқ муддатли бўлсин, бугунги солиқ тўловчиларни ҳам, келажак солиқ тўловчиларини ҳам бирдек ўйлантиради. Зеро, бу ерда молияни кредитдан фарқлайдиган жиҳатлардан бири — қайтариш тамойили амал қилмайди. Яъни бюджетдан сарфланган маблағларни олувчи томон қайтармайди. У келгуси бюджет даромадларидан, хусусан, асосан, солиқ тўловчилар маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.
Давлат инвестиция дастури асосида лойиҳаларни молиялаштиришга жалб қилинаётган ташқи қарз уни молиялаштириш тармоғи ёки объекти хусусиятларидан келиб чиқиб, имтиёзли шартларда ажратилади. Бундай лойиҳаларни танлаб олишда ҳам аниқ мезонлар, босқичлар, бир сўз билан айтганда, синалган механизм амал қилади.
Ташқи қарзнинг ҳажми ҳаттоки ривожланган мамлакатлар аҳолисини катта ташвишга солади ҳамда солиқлар кўпайиши билан хавотирлар пайдо бўлади. Бунга ўхшаш ҳадиклар мамлакат ташқи қарзини бюджет дефицитини қоплашга йўналтирган вақтларда кескинлашади. Тўғри, жаҳондаги умумий вазият коронавирус пандемияси оқибатида оғирлашди. Табиийки, пандемия нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда давлат қарзи кўпайишига олиб келди.
Масалан, 2019 йил якунлари бўйича Япониянинг давлат қарзи ЯИМга нисбатан 236,6 фоизни ташкил этган. Европа Иттифоқи бўйича давлат қарзининг ЯИМга ўртача нисбати 2020 йилнинг 1-чорагида 79,5 фоизни, евроҳудудда эса 86,3 фоизни ташкил этган. 2020 йил 1-чораги ҳолатига давлат қарзининг ЯИМга нисбати энг юқори бўлган ЕИ давлатлари қаторига Греция (176,7 фоиз), Италия (137,6 фоиз), Португалия (120,0 фоиз), Бельгия (104,4 фоиз) ва Францияни (101,2 фоиз) киритиш мумкин.
Бундан кўринадики, ҳозирги кунда ЕИнинг аксарият мамлакатлари учун Маастрихт келишувида келтирилган мезон амалда ўз аҳамиятини йўқотиб бўлган.
Шунингдек, иқтисодий жиҳатдан ночор давлатлардаги ташқи қарз билан боғлиқ ҳолатлар янада аянчли эканини кузатиш мумкин. Масалан, Мозамбикда давлат қарзининг ЯИМга нисбати 2018 йилда 100 фоиз бўлган бўлса, 2020 йилга келиб, 130 фоизга етган. Мазкур мамлакат шундоқ ҳам жуда кичик фискал маконга эга эди. Бу эса мамлакатнинг харажатлар танлови борасидаги имкониятини чеклаб қўяди.
Шунингдек, Африканинг чуқур қарзга ботган мамлакатлари қаторига Ангола, Конго, Жибути ва Мисрни қўшиш мумкин. Мазкур давлатларда ташқи қарзнинг ЯИМга нисбати 100 фоиздан ортади ва пандемия шароитида молиявий қийинчиликларни ҳал этиш жиддий муаммога айланган. Бу ерда гап қўшимча ташқи қарз жалб қилмаган ҳолда айнан пандемия инқирози оқибатида қарзга хизмат кўрсатишнинг оғирлашгани ҳақида кетмоқда. Мазкур мамлакатларга кўмаклашишнинг бирдан-бир йўли ташқи қарзни реструктуризация қилган ҳолда қўшимча беғараз молиявий ёрдам ёки имтиёзли шартларда янги қарз бериш ҳисобланади.
Бироқ реструктуризация ҳам бундай мамлакатларга узоқ муддатли истиқболда доимо фойда келтиравермайди. Пандемия оқибатларини юмшатишга қаратилган харажатларни ошириш ва шу мақсадда ташқи қарзга хизмат кўрсатиш шартларини енгиллаштириш пировардида пандемиядан сўнг кечиктирилган тўловлар ҳисобига кўпроқ қарз тўлашга ҳам олиб келиши мумкин.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг 2020 йил июнь ойидаги мурожаатида пандемия туфайли 2020 йилда яна 50 миллион киши ўта қашшоқлик домига тушиб қолиши борасидаги хавотир ҳам бежиз эмас. Шу боис, барча етакчи давлатлар ҳукуматлари коронавирус пандемиясининг иқтисодий таъсирини чеклаш учун фавқулодда ёрдам чораларига йирик миқдорда маблағлар сарфлади.
Қийин вазиятда ҳам мамлакатимиз ташқи манбалардан қарзларнинг аксарият қисмини, асосан, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга стратегик лойиҳаларни молиялаштириш, жумладан, инфратузил мани ривожлантиришга йўналтирган.
Ҳозирги давр мураккабликлари инсониятни шошириб қўймоқда. Пандемия оқибатларини юмшатиш, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш барча мамлакатларда энг устувор йўналишга айланди. Шубҳасиз, юқори давлат қарзи, хусусан, хорижий валютада олинган ташқи қарзга хизмат кўрсатиш пандемия боис янада мураккаблашди. ЯИМнинг пасайиши, миллий валюта қадри тушиши оқибатида давлат қарзининг ЯИМга нисбати кескин ошиб бормоқда.
Фискал макони кенг мамлакатлар давлат бюджети харажатларини оптималлаштириш, пандемия сабабли шароитлари оғирлашган соҳаларни устувор равишда қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилаётган бўлса, бундай имкониятга эга бўлмаган давлатларда ташқи қарз миқдори ортиши ёки унга хизмат кўрсатиш шартлари ёмонлашиши тенденциялари кузатилмоқда.
Ўзбекистонда эса пандемия туфайли юзага келган мураккаб вазиятга қарамай, халқаро ликвидликка путур етказмаган, яъни, халқаро захираларни сарфламаган ҳолда ташқи қарз ислоҳотларни давом эттириш, устувор равишда ижтимоий соҳа лойиҳаларини молиялаштиришга жалб этилмоқда. Бу эса айни шароитда мавжуд таҳдидларга тезкор жавоб бериш йўлидир.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, одатда ташқи қарз жалб қилинишидан аввал етарлича асослантирилган лойиҳа ва дастурлар ишлаб чиқилиши, улар мамлакат учун айни пайтда ортга суриб бўлмайдиган, стратегик аҳамиятга эга, долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилган бўлиши, давлат томонидан белгилаб қўйилган устувор йўналишларга мос келиши шарт. Масалан, 2020-2021 йиллар учун инқироздан кейинги даврда иқтисодиётни тиклаш бўйича қабул қилинган кенг кўламли дастурда ташқи қарзлардан самарали фойдаланиш, уларни устувор равишда инфратузилма лойиҳаларини, иқтисодий ўсишга бевосита ва иккинчи даражали таъсир кўрсатадиган ижтимоий объектларни молиялаштиришга қаратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, камбағалликни қисқа ва ўрта муддатда қисқартиришга йўналтириш белгиланди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2020 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси давлат кафолати остида хорижий кредитлар жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури маъқулланган. Мазкур дастур таркибидан ўрин олган лойиҳалар мазмунидан кўриниб турибдики, давлат ташқи қарзининг асосий қисми нефть-газ, кимё саноати соҳаларида янги ишлаб чиқаришни ташкил этиш, иссиқлик электр станцияларини қуриш ва модернизация қилиш, ичимлик сув таъминотини яхшилаш, канализация тизимини ривожлантириш ва бошқа саноат тармоқларидаги янги лойи ҳаларни молиялаштиришга қаратилган. Бу эса, ўз навбатида, янги иш ўринлари ҳам демакдир.
Бинобарин, инфратузилмани ривожлантириш, қурилиш соҳасига инвестициялар, ижтимоий соҳани молиялаштиришга жалб қилинган маблағлар пировардида аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиши муқаррардир.
Нодир ТИЛОВОЛДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Сўнгги пайтларда мамлакатимизнинг давлат ташқи қарзи тўғрисидаги мавзу ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларда фаол муҳокама этилаётганини ижобий баҳолайман. Мазкур ҳолат, аввало, халқимизнинг сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий тафаккури ошаётганини, қолаверса, ватанимиз тақдирига бефарқ эмаслигимизни намоён этади.
Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан халқимизнинг нафақат келажакда, балки бугун ҳам яхши яшаши учун шароит яратиш тамойили асосида барча жабҳаларда кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Албатта, аҳолининг хаёт даражаси, турмуш сифатини ошириш, саломатлигини сақлаш, иш билан таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида ижтимоий инфратузилмаларни такомиллаштириш, саноат корхоналарини ишга тушириш учун катта миқдордаги сармоя талаб этилади.
2020 йилнинг якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 17,5 фоизи ёки 3,7 миллиард доллар давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 12,4 фоизи ёки 2,6 миллиард доллар энергетика соҳасига, 13,7 фоизи ёки 2,9 миллиард доллар электр энергетикаси соҳасига, 11,5 фоизи ёки 2,4 миллиард доллар транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 11 фоизи ёки 2,3 миллиард доллар уйжой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилгани фикримизнинг тасдиғидир.
Айни пандемия шароитида талаб этиладиган катта маблағларни фақатгина солиқ, божхона ва бошқа йиғимлардан тушадиган маблағлар ҳисобига шакллантириш мураккаб. Одатда тўлов баланси манфий, давлат бюджети тақчиллиги мавжуд бўлган, имкониятлар чекланган ҳолатларда йирик лойиҳаларни молиялаштириш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида ташқи қарзга мурожаат қилиш жуда кенг тарқалган амалиётдир. Нафақат ривожланаётган, балки энг ривожланган мамлакатлар ҳам ўз иқтисодиётини юксалтиришда учун ташқи қарз омилидан моҳирона фойдаланади. Масалан, ташқи қарз суммаси ЯИМга нисбатан АҚШда 138 фоиз, Японияда 237 фоиз, Францияда 99 фоизни ташкил этади. Ҳатто АҚШда ташқи қарз халқаро монетар тизим асосини ташкил этувчи омилдир.
Шундай экан, бугунги глобаллашган ва молиявий ресурслар чекланган замонда ташқи қарз жалб этиш ва уни самарали бошқариш мамлакатнинг энг муҳим молиявий воситаларидан бири ҳисобланади.
Арзон ва узоқ муддатли ташқи қарздан фақатгина бугунги давр харажатларини қоплаш учун эмас, балки мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга имкон берадиган йирик инфратузилма ва саноат корхоналарини барпо этиш учун фойдаланиш эртанги тараққиёт учун мустаҳкам пойдевор яратади.
2021 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз 21,1 миллиард долларни, ЯИМга нисбатан эса 36,5 фоизни ташкил этмоқда. Ўзбекистон давлат қарзининг сўнгги йиллардаги ўсиш суръати барчамизни бироз ташвишга солаётгандай. Лекин ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатларининг ЯИМга нисбатан 1,7 фоизни, давлат ташқи қарзининг Ўзбекистоннинг халқаро захираларига нисбати 60 фоизни ташкил этиши, кейинги йилларда иқтисодиётимизнинг реал ўсиши 5-6 фоиз прогноз этилаётганини инобатга олсак, ташқи қарзни қайтаришда ҳеч қандай муаммолар туғилмаслиги равшан бўлади.
Ташқи қарзнинг барча мамлакатлар учун умумий хатарли бўлган максимал кўрсаткичини белгилашнинг имконияти мавжуд эмас. Ушбу кўрсаткич ҳар бир давлатга нисбатан хусусий ёндашувлар асосида мамлакатнинг экспортидан тушадиган валюта маблағлари миқдори, мамлакатнинг олтин ва бошқа валюталардаги захиралари каби кўрсаткичларни таҳлил қилган ҳолда тавсиявий характерда ишлаб чиқилади.
Шундай бўлса-да, ташқи қарз умумий миқдорининг кескин ортиши ёки ундан самарасиз фойдаланиш салбий оқибатларни келтириб чиқариши эҳтимол. Бу эса бугунги кунда нафақат иқтисодиётимизни издан чиқариши, шунингдек, келгуси авлодга ҳам тизимли муаммоларни вужудга келтириши мумкин. Айнан шу боис, давлат ташқи қарзи билан боғлиқ ножўя оқибатларнинг олдини олиш мақсадида ҳукумат томонидан бир қатор муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қонун ҳужжатлари билан давлат қарзи миқдорини ялпи ички маҳсулотга нисбатини 60 фоиздан оширмаслик қатъий белгилаб қўйилди. Давлат қарзини жалб қилиш ва ишлатишда шаффофликни таъминлаш мақсадида давлат қарзи ҳисобидан молиялаштирилган ва якунланган барча лойиҳалар мажбурий тартибда Ҳисоб палатаси томонидан аудитдан ўтказилади. Қонунчилик палатаси депутатлари ва ОАВ иштирокида муҳокама қилиниб, кенг оммага мунтазам равишда эълон қилиниши таъминланмоқда.
Шу ўринда, ташқи қарзни камайтириш омилларига ҳам тўхталиб ўтсак. Бунинг учун мамлакатнинг ички қарз миқдорини ошириш ҳамда капитал бозорини ривожлантириш муҳим омилдир. Бугунги кунда давлатимизнинг ички қарзи 2,2 миллиард АҚШ доллари бўлиб, жами давлат қарзининг 9,2 фоизини ташкил этади. Ички қарз шаклланиши жараёнида молиявий маблағларнинг мамлакат ҳудудидан чиқиб кетмаслиги ҳамда мазкур жараёнда давлатнинг асосий инвестори халқ бўлиши давлатимизга бўлган юксак ишончни англатади.
Хулоса қилиб айтганда, ташқи қарзни самарали бошқариш, ички қарз ва капитал бозорларини уйғунликда ривожлантириш орқали аҳолимизнинг ҳаёт даражаси ва турмуш сифати юқори, энг ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин олишига эришамиз.
Адҳам ШОДМОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Жорий йилда давлат ташқи қарзининг юқори чегарасини белгиладик. Бундан буён халқаро молия ташкилотларидан олинадиган маблағларни қайтариш имконияти ва уларнинг натижадорлигига жиддий эътибор қаратилади”, деб қайд этди. Ушбу фикрлар замирида қарз маблағларини самарали бошқариш учун янги қиймат занжирини яратишга йўналтириш мақсади мужассам.
Одатда давлат қарзи бир нечта қисмларга ажратилиб, унда мамлакатнинг жамият ва иқтисодиёт соҳаларидаги давлат сиёсати, макроиқтисодий ҳолат муҳим ўрин тутади.
Оқилона қарз сиёсати давлат ва жамият учун хатарли бўлмайди. Тўғри, қарз миқдори мамлакатнинг турли салбий таъсирларга мослашувчанлигини камайтириши мумкин. Шу сабаб, барча мамлакатлар ташқи ва ички қарзларининг барқарорлигини баҳолашга алоҳида эътибор қаратади. Қарзларнинг барқарорлигини таъминлашда ЯИМга нисбатан улуши муҳим аҳамиятга эга, чунки қарзларнинг ҳажми келгусида давлатнинг ўз қарзига хизмат кўрсатиш ва иқтисодиётни янада ривожлантириш имкониятларини акс эттиради.
Шу билан бирга, давлатнинг иқтисодий сиёсатида қарзлар ҳажми ўсиши доимий муҳокамаларга сабаб бўладиган жараёндир. Давлат қарзининг ўсишида йирик стратегик лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, тиббиёт ва таълим соҳасидаги ислоҳотларни молиялаштиришга оид ислоҳотлар алоҳида аҳамиятга эга. Узоқ муддатли устувор йўналишларни ҳисобга олган ҳолда инфратузилма ва инсон капиталига киритилган инвестициялар ўрта, узоқ муддатли истиқболда иқтисодий ривожланишни рағбатлантиради.
Давлат қарзи бўйича прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқиш илмий асосланган таҳлилий хулосалар ва макроиқтисодий баҳолашни инобатга олишни талаб этади. Бу эса, ўз навбатида, давлат ташқи қарзини бошқариш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини оширишда минимал-максимал мезонларнинг сузиб юрувчи кўрсаткичларини жорий этиш заруратини келтириб чиқаради. Бу жараёнда белгиланган кўрсаткич меъёрларига амал қилмасликнинг олдини олиш, қонунчиликка риоя этишга имкон бериш, миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш имкониятини яратиш жуда муҳимдир.
Фарҳод ЗАЙНИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Ҳозирги кунда дунёнинг аксарият мамлакатлари ўз ички тўловларини амалга ошириш, давлат бюджети дефицитини қоплаш, ижтимоий–иқтисодий сиёсатини амалга ошириш ва жалб қилинган ташқи қарз тўловларини тўлаш учун молиявий ресурсларга эҳтиёж сезмоқда. Ўзбекистон ҳам бундан истисно эмас.
Халқаро валюта жарғармаси маълумотига кўра, дунёда давлат қарзи ҳажми 2020 йилда 14,1 фоиз ошиб, ЯИМнинг 97,6 фоиз ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу кўрсаткич 2021 йилда 2 фоиз ошиши кутилмоқда. 2021 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикаси давлат (ташқи) қарзи эса ЯИМга нисбатан 36,5 фоизни ташкил этмоқда.
Шу ўринда ишонч билан таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистонда ташқи қарз самарали бошқариляпти ва бу қарзларнинг 70 фоизи узоқ муддатли бўлиб, ЯИМ ҳажмининг босқичма-босқич ўсиб боришини ҳисобга оладиган бўлсак, қарзларни қайтаришда ҳеч қандай муаммо бўлмайди.
Бу борада яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратмоқчиман. Жаҳон банки прогнозига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2021 йилда 6 фоиз ўсиши кутилмоқда. Пандемия даврида кўплаб мамлакатлар иқтисодий инқирозни бошидан кечирди. Ўзбекистон айрим ривожланган мамлакатлар қаторида бундай инқирознинг олдини олиш учун муҳим чораларни қўллади.
Жаҳон банки бу чора-тадбирларни ижобий баҳолади. Жумладан, пандемия даврида солиқлар ундирилишини тўхтатиб туриш, кредит тўловлари муддатини узайтириш, иқтисодиёт тармоқларини субсидиялар орқали қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳолига ижтимоий ёрдам бериш чоралари эътироф этилди.
Жаҳон банки Ўзбекистонда амалга оширилаётган очиқлик сиёсати ва ҳамкорликка тайёрлигига, иқтисодиёти барқарор ўсиб бораётганига ижобий хулоса берди. Шунингдек, Ўзбекистондаги иқтисодиёт соҳаси экспертлари, олимлар ҳам юртимиз ўз ташқи қарзини тўлашга имконияти ва салоҳияти етишини, бу қарз салбий оқибатларга эмас, аксинча, олдимизга қўйган катта марраларни забт этишга асос бўлиши қайд этди.
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетасининг 2021 йил 11 мартдаги 50-сони
Изоҳ қолдириш