2015 йилда 50 дан ортиқ давлатлар томонидан ташкил этилган ва расмий равишда 2016 йил январь ойида ўз фаолиятини бошлаган Осиё инфратузилма инвестициялари банки (ОИИБ) ХХРнинг дунё билан ўзаро ҳамкорлик бўйича энг йирик халқаро лойиҳаларидан бири бўлган янги халқаро молия ташкилотига айланди.
ОИИБ - Осиёда ва умуман дунёда иқтисодий ривожланишга интилаётган барча мамлакатлар ва иқтисодий субъектлар кириши мумкин бўлган очиқ тузилма.
Айни пайтда ОИИБга 109 та давлат аъзо бўлиб, улардан ҳозирги вақтда 37 мамлакатда лойиҳалар молиялаштирилмоқда.
Битимдаги ОИИБнинг мақсадлари Осиёда барқарор ривожланиш, фаровонлик ва инфратузилмани ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда икки томонлама ва кўп томонлама форматлар доирасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Ҳам давлат, ҳам хусусий инвестицияларга фаол кўмаклашиши кўзда тутилган.
Ташкилот аъзолик учун очиқ, аммо Осиё ва Осиёдан ташқари мамлакатлар сони бўйича Битимда белгиланган нисбатларга риоя қилиш лозим. "Минтақавий аъзолар" ҳар қандай шароитда акциялар ва устав капиталидаги улуш бўйича устунликни (75%) сақлаб қоладилар. ОИИБга "суверенитетга эга бўлмаган ёки ташқи сиёсатини мустақил равишда амалга ошириш ваколатига эга бўлмаган аризачиларни” қабул қилиш имконияти мавжуд.
ОИИБ қуйидаги соҳаларда лойиҳаларни амалга ошириш учун молиявий ва техник ёрдам кўрсатади:
- энергетика (қайта тикланадиган энергия манбалари, электр тармоқлари, газ қувурлари);
- транспорт (йўллар, темир йўллар, портлар, аэропортлар);
- сув таъминоти ва канализация;
- шаҳарсозлик;
- ахборот-коммуникация технологиялари;
- таълим ва соғлиқни сақлаш.
ОИИБ ва Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда бошқа кўп томонлама ривожланиш банклари бир-бирини тўлдиради. Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки асосан камбағалликни камайтиришга эътибор қаратади, ОИИБ эса асосан камбағалликни бартараф этишга билвосита ҳисса қўшиши мумкин бўлган инфратузилмани ривожлантиришга эътибор қаратади.
Банкнинг асосий валютаси доллар ҳисобланади, аммо Битим моддаларида бошқа валюталардан фойдаланишга рухсат берилади. Ривожланаётган мамлакатлар бадалларни бўлиб-бўлиб ва ўз миллий валютасида тўлашлари мумкин, аммо валюта курси тушиб қолса, улар фарқни ўртача вақт ичида тўлашлари керак бўлади.
"Банк ресурслари" нафақат устав капитали ва операциялардан олинган маблағларни, балки ҳужжатда кўрсатилмаган заём ва фондлардан олинган даромадларни, шунингдек, Битимнинг 17-моддасига мувофиқ Махсус ресурслар рўйхатига киритилмаган бошқа фондлар ва даромадларни ҳам қамраб олади. Ушбу қоида банк ёки маълум бир лойиҳа учун муҳим ҳаракатлар эркинлигини таъминлайди.
ОИИБнинг Ўзбекистондаги инвестициялари
Ўзбекистон 2016 йил ноябрь ойида ОИИБга аъзо бўлган. Сўнгги йилларда мамлакатимиз банкнинг энг йирик бенефициарларидан бирига айланди. Амалга оширилган ва жорий лойиҳалар портфели 3 миллиард доллардан ошиб, "яшил" энергетика, йўл-транспорт ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш каби устувор йўналишларни қамраб олган.
2023 йилнинг ўзида жалб қилинган инвестициялар ҳажми 1 миллиард долларга етди. Кейинги 3 йил ичида банк республикадаги лойиҳаларни яна 2,6 миллиард долларга молиялаштиради. Умуман олганда, ОИИБнинг Ўзбекистондаги инвестициялари 5,6 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Ушбу лойиҳалар транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, энергетика соҳасини ривожлантириш, сув таъминоти ва канализация тизимини яхшилаш, шунингдек, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади.
Бугунги кунга қадар ОИИБ томонидан умумий қиймати 55 млрд доллардан ортиқ бўлган 200 дан ортиқ лойиҳаларни молиялаштириш маъқулланган. Лойиҳалар Осиёнинг турли мамлакатларида, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, Покистон, Бангладеш, Вьетнам ва бошқа мамлакатларда амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда ОИИБ лойиҳалари
Ҳозирга қадар ОИИБ Ўзбекистондаги 13 та лойиҳани, жумладан “яшил” энергия, чиқиндиларни бошқариш ва канализация, барқарор молиялаштириш бўйича умумий қиймати 2 млрд. доллардан ортиқ лойиҳаларни молиялаштирди, хусусан:
- Ўзбекистоннинг 670 млн. долларлик инклюзив ва барқарор бозор иқтисодиётига ўтиш лойиҳаси (2023 й.)
- Сурхондарё вилоятида 250 млн. долларлик 1590 МВт қувватга эга бўлган буғ-газ электр станциясини қуриш лойиҳаси (2023)
- Самарқанд, Жиззах ва Шерободда (2023 й.) 145 млн. долларлик 897 МВт қувватга эга учта қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳаси
- Бухоро вилоятида 248 млн. долларлик хафвсиз сув таъминоти ва канализация тизимига кириш, II фаза (2022 й.) лойиҳаси
ОИИБ Осиё-Тинч океани минтақасида, жумладан, Ўзбекистон инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Банк аҳолининг иқтисодий ўсиши ва турмуш сифатини яхшилашга ёрдам берадиган лойиҳаларни амалга ошириш учун катта молиявий ресурслар ва техник тажрибаларни тақдим этади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш