Ўтган ҳафта давомида, яъни 23 – 29 май кунлари "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖнинг барча савдо платформаларида 3 847,7 млрд сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 15,9% га кам. Бу ҳақда ЎзРТХБ ахборот хизмати хабар қилди.
Бунда сотувларнинг 79,2% - биржа савдолари; 0,3% - кўргазма-ярмарка савдолари; 20,3% - электрон давлат харидлари ва 0,2% - авторақамларнинг онлайн-аукционига тўғри келди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 729,6 млрд сўмни ташкил қилди. Давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг қарийб 58,7 млрд сўмлик маблағлари тежалди.
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 3 148 та авторақамлар сотилди, сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 6,9 млрд сўмни ташкил қилди. Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 5,9% биринчи тоифадаги авторақамларга; 8,1% иккинчи; 6,9% учинчи; 7,5% тўртинчи; 20,9% бешинчи ва 50,7% олтинчи тоифа авторақамларга тегишлидир.
Биржа савдолари
Кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдолари орқали жами 2 255,1 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйишди, шу жумладан:
Пахта ёғи
Ўтган ҳафтада биржа савдоларида 2 440,0 тонна пахта ёғи сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 161 харидор иштирок этди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 488,0 тоннани ташкил қилди.
Кўриб чиқилаётган даврда барча навли пахта ёғининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 18 051,4 минг сўмдан 17 190,3 минг сўмгача, яъни 4,8% га пасайганини таъкидлаш лозим.
Суюлтирилган газ
Биржанинг суюлтирилган газ бозорида нархлар пасайиши қайд этилди. Ҳафта давомида биржа савдоларига 3 985,0 тонна суюлтирилган газ қўйилди ва улардан 100,0% қисми сотилди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 209 харидор иштирок этди.
Кўриб чиқилаётган даврда суюлтирилган газ бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 5 551,7 минг сўмдан 5 370,9 минг сўмгача, яъни 3,3%га пасайган.
Ўтказилган биржа савдолари натижасида суюлтирилган газ бўйича шаклланган ўртача ҳафталик нархи маҳсулотни бир тоннаси учун 5 677,2 минг сўмни ташкил этди.
Пахта толаси
Ўтган ҳафтада биржа савдоларида 8 749,0 тонна пахта толаси қўйилди ва ундан 6 995,0 тоннаси, яъни 80,0% қисми сотилди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 1 399,0 тоннани ташкил қилди.
Кўриб чиқилаётган даврда барча навли пахта толасининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 36 858,0 минг сўмдан 35 185,3 минг сўмгача, яъни 4,5% га пасайганини таъкидлаш лозим.
АИ-80 маркали автомобил бензини
Шунингдек, ЎзРТХБ ахборот хизматининг берган хабарига кўра, жорий йилнинг сўнгги ойларида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг АИ-80 маркали автомобил бензини бозорида талаб ва таклифнинг номутаносиблиги кузатилмоқда.
Хусусан, жорий йил январь ойида сотувчи корхоналар ҳар куни биржа савдоларига ўртача 4 307 тонна АИ-80 маркали бензинини қўйиб келишган бўлса, май ойида ушбу кўрсаткич 3 022 тоннагача (30% га) пасайиб кетган.
Шу жумладан, жорий йил май ойининг ўтган даврида “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ томонидан биржа савдоларига маҳсулот қўйиш ҳажмлари апрель ойининг мос даврига нисбатан 15% га пасайган.
Шу билан бирга, айни пайтда биржа савдоларига қўйилаётган бензин тўлиқ ҳажмда сотилмоқда. Бу, ўз навбатида, ушбу маҳсулотга бўлган талаб юқори даражада эканлигидан далолат беради.
Шу муносабат билан биржанинг мазкур сегментида кичик тебранишлар кузатилмоқда. Жумладан, жорий йил май ойида АИ-80 маркали бензиннинг биржада шаклланган ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 8 208,9 минг сўмдан 8 345,1 минг сўмгача, яъни 2% га кўтарилган.
Эслатиб ўтамиз, турли манбаларда келтирилишича автомобил бензиннинг бир тоннаси ўртача 1293-1370 литрни ташкил қилади.
Изоҳ қолдириш