Ўзбекистоннинг долзарб кун тартиби (2026 йил июль-август)

Ўзбекистоннинг долзарб кун тартиби (2026 йил июль-август)

Устувор масалалар

Долзарб кун тартиби

Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга оид жорий масалалар тўғрисида

Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида ўтказилаётган йиғилишларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг долзарб масалалари ишчанлик руҳида ҳал этилмоқда. Ушбу мақолада 2026 йилнинг июль ва август ойларида ижтимоий-иқтисодий соҳани ривожлантиришга бағишланган йиғилишлар чоғида қабул қилинган энг муҳим қарорлар ҳақида сўз боради.

Маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш

16 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу йил инфратузилмани яхшилаш, одамлар ва тадбиркорлар учун шароит яратиш мақсадида туманларга ўртача 250 млрд. сўмдан, маҳаллаларга эса 5,5 млрд. сўмдан маблағ берилгани таъкидланди. Ваколатлар кенгайтирилгани натижасида ҳудудда қоладиган қўшимча даромад 2 бараваргача кўпайди. Туманларда ўртача 22 млрд. сўмдан қўшимча маблағ қолди, маҳалла бюджетига эса ўртача 150-200 млн. сўм тушди. Шу билан бирга, айрим туманларда лойиҳаларга камбағал оилаларни жалб қилиш даражаси пастлиги, 32 та маҳаллада бирорта ҳам эҳтиёжманд одам доимий ишга жойлаштирилмагани танқид қилинди. Шу сабабли йил бошидан маҳаллада ишни тўғри ташкил қилмаган 152 нафар раҳбар ишдан олинган, яна 700 нафарига интизомий чора кўрилган.

Давлатимиз раҳбари маҳалла одамлар учун чинакам ишонч, таянч ва имкониятлар марказига айланиши зарурлигини таъкидлади. Яқинда маҳалла бошқарувини самарали ташкил қилиш бўйича Президент фармони имзоланди. Унга кўра, маҳалла раиси ижтимоий муаммоларни қайд этувчи шахсдан ўз ҳудудининг “иқтисодий буюртмачиси”га айланиши керак. Маҳаллаларда хусусий боғча, мактаб, клиника ва спорт иншоотлари қуриш учун ерни аукционга чиқариш ваколати ҳам маҳалла раисларига берилади.

Маҳалла раиси ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, тозаликни таъминлаш ва даромадни кўпайтиришга хизмат қиладиган лойиҳаларда ташаббускор бўлиши зарур. Бундай лойиҳалар учун “маҳалла еттилик”ларига 10 млн. сўмдан грант ажратилади. Ушбу мақсадлар учун жами 240 млрд. сўм ресурс шакллантирилади. Маҳалла раиси маҳалла еттилигининг ҳафталик ҳамда ойлик иш режасини тасдиқлаб беради, уларга аниқ вазифа қўйиб, сўров қилиб боради. “Еттилик” фаолиятини методик қўллаб-қувватлаш учун Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилади.

Маҳалла банкирларининг иш услуби тубдан ўзгаради. Энди банклар ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқтаси”ни аниқлаб, ташаббускорларни топиши ва даромадли лойиҳаларни кўпайтириши зарур. Бундан буён битта маҳалла банкирига кўпи билан учта маҳалла бириктирилади. Маҳалла банкирлари ўз ҳудудида банк мижозлари билан ишлайди. Маҳалладаги ишсизларни шу касбларга ўқитиш учун бандлик бўлимига буюртма беради ва ўқишни битирганларни ишга жойлаштиради.

Жорий йил оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун қўшимча 2 трлн. сўм имтиёзли ресурс берилди. Давлат банклари маҳаллаларни ихтисослаштириш, “Агростар” компаниялари билан бирга “етиштириш – қайта ишлаш – сақлаш – қадоқлаш – сотиш” занжирини яратиш устида ишлайди. Бир ойда 1 мингта маҳаллада иш бошлаш вазифаси қўйилди.

Маҳаллалар бюджетини мустаҳкамлаш бўйича ҳам янги ташаббуслар илгари сурилди. Эндиликда маҳалладаги нотурар объектлардан тушган ер ва мулк солиғининг 5 фоизи ҳам маҳалланинг ўзига берилади. Бу орқали маҳаллалар ихтиёрида йилига яна 400 млрд. сўм маблағ қолади. Йил давомида яхши натижалар кўрсатган 200 та маҳаллага 2 млрд. сўмдан мукофот берилади. Умуман, янги ташаббуслар ҳисобига маҳаллалар бюджетига тушум жорий йил 1 трлн. 600 млрд. сўмга, келаси йилдан эса 2 трлн. сўмга етади.

Маҳаллада ободончилик ишларини ташкил этиш бўйича Бош вазир бошчилигида республика штаби тузилади, ҳудудий штабларга ҳокимлар раҳбарлик қилади. Меҳнатга яраша рағбат бўлиши учун йил якуни билан кўп қаватли уйлардаги “Энг ораста хонадон”, маҳалладаги “Энг файзли ҳовли”, ҳудуддаги “Энг обод кўча”, туман ва вилоятдаги “Энг намунали маҳалла” номинациялари жорий этилади.

Ҳозир “еттилик” орқали 100 га яқин хизмат кўрсатилмоқда. Энди барча давлат хизматлари босқичма-босқич маҳаллага туширилади. Жойларда ижтимоий реестрга киритишни асоссиз рад этиш ёки сунъий равишда реестрдан чиқариш ҳолатлари учраётгани танқид қилинди. Оқибатда эҳтиёжманд оилалар ижтимоий ёрдам олиш, фарзандини боғча ва тўгаракка бериш каби кафолатланган хизматлардан фойдалана олмаяпти. Бош прокуратурага ижтимоий реестр тўғри юритилишини қатъий назорат қилиш топширилди.

Уч ойда деменция ва ақлий заифлиги бўлган шахслар учун 250 та маҳаллада кундузги ва уйда парвариш хизмати ҳамда “Мадад” уйлари, 75 та маҳаллада ўзгалар парваришига муҳтож кексалар учун “Фаол ҳаёт” дастури, шунингдек, қаровсиз қолган ва зўравонликка учраган болалар учун қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади.

Биринчи яримйиллик якунлари ва устувор вазифалар

21 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудуд ва тармоқларда ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йил бошидан мамлакатимиз иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсди. Саноатда 8 фоиз, хизматлар соҳасида 16,9 фоиз, қурилишда 13,8 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,7 фоиз ўсиш таъминланди. Инвестициялар ҳажми 28 млрд. долларга, экспорт 14,4 млрд. долларга етди. Fitch ва Moody’s халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини бир поғона яхшилади. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари салкам 40 миллионли аҳоли ҳаётини яхшилаш учун 9-10 фоизли иқтисодий ўсиш зарурлигини таъкидлади. Йиғилишда ҳудуд ва тармоқ раҳбарларининг олти ойлик режалари ижроси танқидий таҳлил қилинди.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бизнес муҳитини яхшилаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ташқи бозорларда рақобат кучайиб бораётган бир пайтда экспортчилар учун тўлов, йиғим ва ортиқча харажатларни камайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Барча вазирлик ва идораларга тизимидаги бюрократия, жарима, тўлов ва йиғимларни қисқартириш, бизнес муҳитини янада яхшилаш бўйича таклифлар киритиш топширилди.

Ишлаб чиқаришни тиклаш ва хусусийлаштириш бўйича ҳам муҳим вазифалар белгиланди. Янги хусусийлаштириш дастури доирасида 100 трлн. сўмлик кўчмас мулк, ер майдонлари ва давлат улушларини савдога чиқариш, давлат активларини олган тадбиркорлар учун тўлов шартларини енгиллаштириш белгиланди.

Сўнгги уч йилда 11 млрд. долларлик 509 та экспортбоп қувват ишга туширилган бўлса-да, уларнинг 208 таси ҳали ташқи бозорларга чиқмаган. Бундан ташқари, 47 та махсус иқтисодий зонанинг 29 тасида йил бошидан буён биронта экспорт операцияси амалга оширилмаган. Мутасаддиларга “тезкор бригадалар” ташкил этиб, экспортга чиқмаган корхоналар ва махсус иқтисодий зоналарда сертификат, айланма маблағ, бозор ва логистика билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал қилиш топширилди. Бундан ташқари, маҳаллий брендларни ташқи бозорларга олиб чиқиш ва уларни демпинг ҳамда контрафакт маҳсулотлардан ҳимоя қилиш бўйича дастур ишлаб чиқилади.

Юк вагонларининг етишмаслиги, айрим темир йўл линияларида юклама юқорилиги сабабли логистикада қийинчиликлар юзага келмоқда. Мутасаддиларга қўшимча вагонларни жалб қилиш, темир йўл инфратузилмаси учун Жаҳон банкидан 200 млн. доллар маблағ жалб этиш бўйича келишувга эришиш топширилди.

Олий даражадаги ташрифлар доирасида эришилган келишувлар ижроси ҳам кўриб чиқилди. Сўнгги йилларда 52 та ташриф давомида 213 млрд. долларлик 1 617 та инвестиция лойиҳаси бўйича келишувларга эришилган. Энди ушбу “йўл хариталари” ижроси ҳисоб палатаси ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қатъий назорат қилинади. Президент Администрацияси олдига иқтисодий дипломатия, инвестицияларни жалб қилиш ва экспортни ривожлантириш бўйича дипломатик ваколатхоналар фаолиятини қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Гўшт нархи ошгани муносабати билан импорт гўштни самолётда ташиш харажатларини қоплаш учун 300 млрд. сўм ажратилгани айтилди. Йил якунигача четдан 100 минг бош қорамол ва 150 минг бош қўй-эчки олиб келиш вазифаси қўйилди. Мева-сабзавот ва картошка захирасини шакллантириш, совиткичли омборлар қуриш ва озиқ-овқат жамғармаларини тўлдириш бўйича ҳам аниқ чоралар белгиланди. Йил якунигача 87 минг тонна қувватга эга 340 та совиткичли омборни ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Давлатимиз раҳбари глобал иқтисодиётдаги ноаниқликлар қанча давом этишини ҳеч ким олдиндан айта олмаслигини қайд этди. Шу сабабли барча раҳбарлар ҳар қандай хатарни ҳисобга олган ҳолда ўз захираларини сафарбар қилишга тайёр бўлиши шартлиги таъкидланди. 2027 йил учун макроиқтисодий параметрлар, бюджет, инвестиция ва экспорт дастурлари янгича ёндашув – “сафарбарлик сценарийси” асосида тайёрланади.

Ёқилғи-энергетика тармоғидаги вазифалар

27 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика тармоғидаги келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Сўнгги йилларда энергетика тармоғига 23 млрд. доллар хорижий инвестиция киритилди, жойларда умумий қуввати 9,5 гигаватт бўлган электр станциялари ишга туширилди. Электр ва газ тармоқлари, подстанциялар, трансформаторлар ҳамда газ тақсимлаш қурилмаларини модернизация қилишга 30 трлн. сўм йўналтирилди. Шу билан бирга, яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича жиддий камчиликлар сақланиб қолаётгани кўрсатиб ўтилди.

Жорий йилнинг июнь-июль ойларида электр тармоқларида 4 мингга яқин авария содир бўлган. Оқибатда айрим ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари 8-10 соатгача электр таъминотисиз қолган. Бундан ташқари, кўплаб ҳудудларда истеъмолнинг ўсиши ва инфратузилмага тушадиган юклама олдиндан ҳисобга олинмаган. Тармоқдаги электр энергияси йўқотишлари 17,2 фоизни ташкил этмоқда. Ўтган олти ойда 4,8 млрд. киловатт-соат электр энергияси йўқотилган. АСКУЭ ва АСКУГ тизимлари[1] жорий қилинганига қарамай, юз минглаб электр ва газ ҳисоблагичлари марказлашган тизимга маълумот узатмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда электр ва газ таъминоти билан боғлиқ ишларни “туманбай” ва “маҳаллабай” ташкил этиш бўйича янги тизим белгилаб берилди. Ҳар бир ҳудуднинг аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий объектлар кесимида энергия истеъмоли баланси шакллантирилади. Аварияларни камайтириш, ҳисоблагичларни ягона тизимга улаш, энергия йўқотишлари ва қарздорликни кескин қисқартириш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилади. Бу йўналишда Янгийўл туманида намунавий тизим яратиш вазифаси қўйилди. Ушбу тажриба кейинчалик республиканинг барча туман ва шаҳарларига татбиқ этилади.

Энергетика тармоғида рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Энергетика вазирлиги таркибида Ёқилғи-энергетика тармоғини рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш маркази ташкил этилади. Марказ “ишлаб чиқариш – узатиш – тақсимлаш – етказиш” занжирини тўлиқ таҳлил қилиб, соҳани ривожлантиришнинг муқобил сценарийларини ишлаб чиқади. АСКУЭ ва АСКУГ маълумотлари сунъий интеллект асосида таҳлил қилиниб, шубҳали истеъмол, йўқотиш ва қарздорлик ҳолатларини автоматик аниқлайдиган платформа ишга туширилади.

Йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ҳозир табиий газ етказиб бериш қийин бўлган 1 916 та маҳалла мавжуд. Ушбу ҳудудлардаги хонадонларнинг иситиш тизимини барқарорлаштириш, электр инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва қўшимча энергияга бўлган эҳтиёжни таъминлаш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар тайёрланади. Биринчи навбатда молиялаштириш талаб этиладиган маҳаллалар бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади.

Бугунги кунда 3 млн. 700 минг хонадон суюлтирилган газдан фойдаланади. Суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни йил якунигача режадаги 520 минг тонна ўрнига 606 минг тоннага етказиш белгиланди, шунингдек, суюлтирилган газ таъминотига хусусий секторни кенг жалб қилиш вазифаси қўйилди. Бу борада дастлаб Андижон вилоятида янги тажриба жорий этилади. Тадбиркорларга ўзи импорт қилган ёки биржадан харид қилган суюлтирилган газни аҳоли ва бизнес субъектларига етказиб бериш имконияти яратилади. Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга эса суюлтирилган газ хариди учун субсидия берилади.

Давлатимиз раҳбари энергетика соҳаси учун замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида тўхталди. Ҳозир 25 та техника олийгоҳида энергетика йўналишида йилига 5,5 минг мутахассис тайёрланмоқда. Бироқ таълим амалиёт билан етарлича боғланмагани сабабли битирувчининг ишга киришиб кетишига 2-3 йил вақт кетмоқда. Шу муносабат билан олий таълим муассасаларидаги ёқилғи-энергетика йўналишлари бўйича таълим дастурларини тўлиқ янгилаш топширилди. Янги ўқув йилидан 3-курс талабаларининг ярми, 4-курс талабаларининг барчаси дуал таълимга қамраб олинади. Қуёш ва шамол генераторлари, электромобиллар учун зарядлаш ускуналари ҳамда бошқа янги технологиялар бўйича мутахассислар тайёрлашга устувор аҳамият қаратилади.

Истеъмолчиларни ёқилғи ресурслари билан таъминлаш

13 август куни Президент Шавкат Мирзиёевга “Янгийўл тажрибаси” асосида ҳудудларда истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш, энергия самарадорлигини ошириш, тармоқлардаги йўқотишлар ва дебиторлик қарздорликни кескин камайтириш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилди. Аввалроқ ҳар бир ҳудуддан биттадан танлаб олинган 14 та туманда намунавий тизим яратиш вазифаси қўйилган эди. Амалга оширилган ишлар 916 та маҳалла, 832 мингта хонадон, 49 мингта тадбиркорлик субъекти ва 2,2 мингдан зиёд ижтимоий соҳа объектини қамраб олди. Ҳар бир маҳалла бўйича энергетик паспорт ва энергия ресурсларига талаб баланси шакллантирилди.

Натижада илк бор маҳаллалар кесимида мавжуд талаб ва имконият ўртасидаги тафовут аниқ ҳисоб-китоб қилинди. Жумладан, 265 та маҳаллада 60 мегаватт электр қуввати, 42 та маҳаллада эса йилига 47 млн. куб метр табиий газ тақчиллиги борлиги аниқланди. Айни пайтда 207 та маҳаллада қувват захираси мавжуд. Бундай ёндашув келгусида энергия ресурсларига бўлган талабни олдиндан ҳисоблаш ва зарур инфратузилмани ўз вақтида тайёрлаш имконини беради.

Шу асосда электр ва газ тармоқларини янгилаш ишлари жадаллаштирилди. 14 та туманда 5 минг 695 та трансформатор, 6,9 минг километр электр тармоғи, 242 километр газ тармоғи ҳамда 404 та газ тақсимлаш қурилмаси таъмирталаб экани аниқланди. Уларнинг техник ҳолатини яхшилаб, “яшил” тоифага ўтказиш ишлари бошланди. Ҳозирга қадар 441 та трансформатор, 1 минг 134 километр электр ва 88 километр газ тармоғи, шунингдек, 92 та газ тақсимлаш қурилмаси таъмирланди.

Келгуси беш йилда мазкур туманларда энергия ресурсларига талаб 49 фоизга ошиши кутилмоқда. Шу боис, истиқболда ишга тушириладиган лойиҳаларни ҳисобга олган ҳолда аҳоли ва тадбиркорларни энергия ресурслари билан ишончли ҳамда барқарор таъминлашга қаратилган беш йиллик дастур ишлаб чиқилди. Дастур доирасида 721 та маҳаллада 2 минг 261 та трансформатор ва 7 минг 449 километр электр тармоғи, 200 та маҳаллада эса 313 та газ тақсимлаш қурилмаси ва 327 километр газ тармоғини янгилаш белгиланди. Ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳудудларда қўшимча 1 минг 300 мегаватт ўтказувчанлик қувватини яратиш имконини беради.

Ижтимоий соҳа объектларидаги энергия истеъмоли ҳам ўрганилди. Жами 1 минг 938 та объектнинг энергия сарфи таҳлил қилиниб, самарадорлиги паст бўлган 226 таси “қизил” тоифага киритилди. Уларни энергия самарадор тизимга ўтказиш бўйича дастур ишлаб чиқилиб, амалий ишлар бошланди. Ушбу чора-тадбирлар натижасида йилига 4,3 млн. киловатт-соат электр энергияси ва 2,1 млн. куб метр табиий газни тежаш имконияти яратилади. Давлатимиз раҳбари 14 та туманда қўлланган мазкур ёндашув билан чекланиб қолмасдан, уни республиканинг барча туманларида жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Мақсад – энергетика соҳасида “муаммо пайдо бўлгандан кейин уни бартараф этиш” амалиётидан “муаммони олдиндан аниқлаш, зарур чораларни режалаштириш ва унинг олдини олиш” тизимига ўтиш.

[1]АСКУЭ (Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими) ва АСКУГ (Табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими) – бу истеъмол қилинаётган энергия ресурсларини реал вақт режимида аниқ ўлчаш, маълумотларни тўплаш ва назорат қилиш учун мўлжалланган замонавий рақамли тизимлар.

"Иқтисодий шарҳ" журнали 8/2026

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар