Инфографика: Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлиги

Инфографика: Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлиги

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) — 2001 йилда ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилот. Ҳозирги кунда ШҲТ таркибига 10 та давлат аъзо: Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон.

ШҲТда кузатувчи давлат мақомига эга 2 та давлат — Афғонистон ва Мўғулистон мавжуд. Шунингдек, 15 та давлат ШҲТнинг мулоқот бўйича шериклари ҳисобланади: Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Миср, Камбожа, Қатар, Қувайт, Лаос, Мальдив ороллари, Мьянма, Непал, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Туркия ва Шри-Ланка.

2017 йилда Ҳиндистон ва Покистоннинг, 2023 йилда Эроннинг, 2024 йилда эса Беларуснинг ШҲТга тўлақонли аъзо бўлиши ташкилотнинг географик қамровини кенгайтириб, унинг халқаро майдондаги ўрни ва иқтисодий салоҳиятини оширди.

Ташкилот таркибининг кенгайиши савдо ва инвестиция алоқаларини ривожлантириш, транспорт ва транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, минтақалараро ишлаб чиқариш ва логистика алоқаларини кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратди.

Ўзбекистоннинг ШҲТ давлатлари билан ташқи савдо кўрсаткичлари

ШҲТга аъзо мамлакатлар, айниқса, Хитой, Россия ва Марказий Осиё давлатлари Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорлари қаторига киради.

2017–2025 йилларда Ўзбекистоннинг ШҲТ давлатлари билан товар айланмаси 3,1 баробар ошиб, 12,9 млрд доллардан 40,6 млрд долларга етди. Экспорт ҳажми қарийб 1,8 баробар ўсиб, 5,8 млрд доллардан 10,65 млрд долларга, импорт эса 4,2 баробар ошиб, 7,1 млрд доллардан 29,96 млрд долларга етди.

2025 йилда ШҲТ мамлакатлари билан товар айланмасининг Ўзбекистон умумий ташқи савдосидаги улуши 50%ни ташкил этди. Экспортда ШҲТ давлатларининг улуши қарийб 31,5%, импортда эса 63,3%га тенг бўлди. 2025 йилда Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдо айланмаси 81,2 млрд доллар, экспорт 33,8 млрд доллар, импорт 47,4 млрд долларни ташкил этди.

2025 йилда ШҲТ мамлакатларига экспорт ҳажми 10,65 млрд долларни ташкил этди. Ўзбекистон умумий экспорти таркибида 9,9 млрд долларлик номонетар олтин мавжуд бўлиб, олтинни ҳисобга олмаганда ШҲТ мамлакатларининг экспортдаги улуши қарийб 44,5%ни ташкил этди.

2025 йилда Ўзбекистоннинг ШҲТ мамлакатлари билан ташқи савдосида асосий ҳамкорлар қуйидагилар бўлди:

  • товар айланмасида Хитой — 17,23 млрд доллар, Россия — 12,99 млрд доллар, Қозоғистон — 4,97 млрд доллар;
  • экспортда Россия — 4,34 млрд доллар, Хитой — 2,47 млрд доллар, Қозоғистон — 1,55 млрд доллар, Қирғизистон — 771,1 млн доллар, Тожикистон — 683,1 млн доллар;
  • импортда Хитой — 14,76 млрд доллар, Россия — 8,64 млрд доллар, Қозоғистон — 3,42 млрд доллар.

ШҲТ давлатлари Ўзбекистоннинг тайёр маҳсулотлари учун муҳим экспорт бозорлари ҳисобланади. Мева-сабзавот ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, электротехника товарлари, тўқимачилик ва автомобиль саноати маҳсулотлари экспортида ташкилотга аъзо мамлакатлар муҳим ўрин эгаллайди.

Ўз навбатида, ШҲТ давлатлари Ўзбекистон иқтисодиёти ва ишлаб чиқариши учун зарур бўлган машина ва ускуналар, саноат маҳсулотлари, хомашё ва озиқ-овқат товарларининг йирик етказиб берувчилари ҳисобланади. 2025 йилда Ўзбекистон умумий импортининг 31,2%и Хитой, 18,3%и Россия, 7,2%и Қозоғистон ва 2,4%и Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келди. Фақат ушбу тўртта ШҲТ давлати мамлакат импортининг 59%дан ортиғини таъминлади.

Инвестициявий ҳамкорлик

2025 йилда Ўзбекистонда асосий капиталга йўналтирилган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 33,5 млрд долларни ташкил этди.

Асосий капиталга йўналтирилган хорижий инвестициялар ва кредитлар таркибида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 281,1 трлн сўмни, Ўзбекистон Республикаси кафолати остидаги хорижий кредитлар 32,5 трлн сўмни, кафолатланмаган хорижий кредитлар эса 108,5 трлн сўмни ташкил этди.

Хорижий инвестициялар ва кредитларнинг салмоқли қисми ишлаб чиқариш соҳаларига йўналтирилди. Жами ҳажмнинг 33,2%и ишлаб чиқариш саноатига, 17,1%и электр ва газ таъминотига, 11,9%и тоғ-кон саноатига тўғри келди. Шунингдек, хорижий инвестициялар ва кредитлар транспорт ва омборлаш, қурилиш, ахборот ва алоқа ҳамда бошқа тармоқларга йўналтирилди.

Ўзбекистоннинг ШҲТ мамлакатлари билан инвестициявий ҳамкорлиги ҳам сезиларли даражада кенгайди. 2025 йилда Ташкилотга аъзо давлатлардан киритилган инвестициялар ҳажми 17,5 млрд долларни ташкил этди. Инвестицияларнинг асосий қисми Хитой (13 млрд доллар) ва Россия (2,6 млрд доллар) ҳиссасига тўғри келди. Бошқа ҳамкорлар орасида Қозоғистон (870 млн доллар), Эрон (265 млн доллар), Ҳиндистон (247 млн доллар), Қирғизистон (197 млн доллар), Тожикистон (196 млн доллар), Беларусь (76,5 млн доллар) ва Покистон (52,5 млн доллар) ўрин олди.

Ушбу кўрсаткичлар ШҲТ доирасидаги инвестициявий ҳамкорликда Хитой ва Россиянинг салмоғи юқори эканини, шу билан бирга Марказий Осиё давлатлари ҳамда ташкилотнинг бошқа аъзолари билан инвестиция алоқалари мавжудлигини кўрсатади. Инвестициялар саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, инфратузилма ва бошқа йўналишлардаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун молиявий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

ШҲТнинг асосчи давлатларидан бири сифатида Ўзбекистон ташкилотга аъзо мамлакатлар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат ва транспорт-логистика ҳамкорлигини янада кенгайтиришдан манфаатдор.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар