Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази республика бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ҳар ой ўтказиладиган сўровлар асосида Ўзбекистондаги бизнес муҳити таҳлили натижаларини тақдим этди.
Олинган маълумотлар асосида бизнес муҳитининг йиғма индикатори шакллантирилди. У бизнеснинг жорий ҳолатига берилган баҳолар ҳамда яқин уч ойга мўлжалланган кутилмаларни ифодалайди.
Ўзбекистонда бизнес муҳити йиғма индексининг динамикаси
Июль ойида бизнес муҳити индекси 56 бандни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 бандга ошди.

Бизнес муҳити индексининг 50 банддан юқори бўлиши оптимистик ҳолат ҳисобланади.
Баҳоларга кўра, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бизнеснинг жорий ҳолати индекси 2 бандга ошиб, 46 бандни ташкил этди. Кутилмалар индекси эса 7 бандга ошиб, 66 бандга етди.
Сўнгги уч ойда бизнес ҳолати яхшиланганлигини ҳар ўн нафар тадбиркорнинг тўрт нафарига яқини (39%) қайд этган.
Респондентларнинг қарийб ярми бизнеснинг жорий ҳолатини «яхши» деб баҳолаган (44%), ҳар тўртинчи корхонада эса сўнгги уч ойда ишчилар сони кўпайганлигини (25%) таъкидлаган.
Яқин уч ойда тадбиркорларнинг учдан икки қисмидан кўпроғи маҳсулот ва хизматларга талаб ўсишини кутмоқда (68%).
Бизнес муҳити индексининг тармоқлар бўйича динамикаси
Ўтган йилга нисбатан бизнес муҳити индекси қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва хизматлар соҳасида ўсган, саноатда эса муайян пасайиш кузатилган.

Қишлоқ хўжалигида бизнес муҳитининг йиғма индикатори ўтган йилга нисбатан 11 бандга ошиб, 61 бандни ташкил этди. Аграр соҳада ҳам жорий баҳолар 5 бандга, ҳам тадбиркорларнинг кутилмалари 19 бандга яхшиланди.
Сўнгги уч ойда вазият яхшиланганини тадбиркорларнинг 43%и қайд этган (2025 йилда — 41%). Ўз маҳсулотига талаб ошганини ҳам тадбиркорларнинг 43%и билдирган (43%).
Қурилишда бизнес муҳитининг йиғма индикатори ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада, 10 бандга ошиб, 60 бандни ташкил этди. Тармоқда жорий баҳолар 2 бандга, бизнес кутилмалари эса 18 бандга яхшиланди.
Сўнгги уч ойда қурилиш соҳасидаги жорий вазият ҳар ўнта корхонанинг тўрттасидан кўпроғида яхшиланган (42%, 2025 йилга нисбатан ўзгаришсиз). Маҳсулотга талаб ўсганини қурилиш корхоналарининг қарийб ярми — 46%и қайд этган, бу ўтган йилги кўрсаткичдан юқори (44%).
Саноатда бизнес муҳитининг йиғма индикатори 41 бандни ташкил этди ва ўтган йилга нисбатан 8 бандга пасайди. Бу, асосан, тармоқдаги жорий вазият баҳолари билан боғлиқ бўлиб, ушбу индекс 32 бандни ташкил этди. Шу билан бирга, кутилмалар нисбатан юқори даражада сақланиб қолди — 51 банд.
Яқин уч ойда бандлик бўйича кутилмалар бироз эҳтиёткорроқ тус олган. Саноат корхоналарининг қарийб ҳар иккинчиси ходимлар сони ошишини кутмоқда (46%). Шу билан бирга, бизнес ҳолатининг истиқболлари бўйича баҳолар ижобийлигича қолмоқда. Яқин уч ойда вазият яхшиланишини респондентларнинг учдан икки қисми (66%) кутмоқда.
Хизматлар соҳасида бизнес муҳитининг йиғма индикатори сезиларли даражада, 8 бандга ошиб, ижобий диапазонда 62 бандни ташкил этди. Бу жорий бизнес баҳоларининг 8 бандга яхшиланиши ва яқин уч ойдаги ривожланиш истиқболлари бўйича кутилмаларнинг 9 бандга ўсиши билан боғлиқ.
Хизматлар соҳасидаги компанияларнинг қарийб ярми бизнеснинг жорий ҳолатини яхши деб баҳолаган (48%). Яқин уч ойга оид кутилмалар янада ишончли бўлиб, 3 фоиз бандга ошган, корхоналарнинг қарийб тўртдан уч қисми (74%) вазият яхшиланишини кутмоқда. Сўнгги уч ойда ўз бизнеси ҳолати яхшиланганини қайд этган компаниялар улуши ҳам 3 фоиз бандга ошиб, 40%ни ташкил этди.
Бизнес юритишдаги тўсиқлар камаймоқда
Тадбиркорларнинг ярмидан кўпи (59%) бизнес юритишда тўсиқлар мавжуд эмаслигини билдирган. Энг қулай вазият қурилишда (71%) ва хизматлар соҳасида (62%) қайд этилган. Қишлоқ хўжалигида (55%) ва саноатда (45%) қарийб ҳар иккинчи тадбиркор тўсиқлар йўқлигини билдирган.

Тадбиркорлик фаолиятини чеклаётган омиллар орасида солиққа тортиш масалалари (19%), банк молиялаштириши (15%), бошқа молиявий қийинчиликлар (12%) ва талабнинг етарли эмаслиги (8%) кўпроқ қайд этилган. Турли молиявий қийинчиликларни кўрсатган тадбиркорлар улуши энг сезиларли даражада — 4 фоиз бандга ошган.
Тармоқлар кесимида қишлоқ хўжалигида қарийб ҳар учинчи тадбиркор молиявий қийинчиликларни қайд этган (29%, +16 фоиз банд). Қурилишда кредит олиш билан боғлиқ қийинчиликлар кўпроқ учраган (13%, +13 фоиз банд). Саноатда талаб етарли эмаслигини қайд этган корхоналар улуши ошган (13%, +4 фоиз банд), хизматлар соҳасида эса асосий чеклов солиқ маъмуриятчилиги бўлиб қолган (16%).
Зоҳиджон Ғоипов
Тармоқлар рақобатбардошлиги ва инвестиция фаоллигини ўрганиш сектори
тел.: (78) 150 02 02 (441)
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар сектори
тел.: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш