Ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва болаларни ҳимоя қилиш
17 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳудудларда комплекс ижтимоий ва реабилитация хизматларини кенгайтириш ҳамда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган таклифлар билан танишди.
Камбағал ҳамда камбағалликка тушиш хавфи бўлган оилаларни аниқлаш, уларга кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ва хизматларни ягона тизим асосида, аҳолининг реал эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этиш йўналишидаги ишлар кўриб чиқилди.
Ўтган даврда Ижтимоий ҳимоя ягона реестри доирасида 1,8 млн. оиланинг ижтимоий ҳолати баҳоланиб, 739 минг оила, шу жумладан, камбағал ҳамда камбағаллик чегарасидаги оилалар реестрга киритилди. Уларга нафақа ва моддий ёрдамлар тайинланди. Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ва Камбағал оилалар реестри негизида Ижтимоий реестрни шакллантириш кўзда тутилган. Унда оилалар ижтимоий-иқтисодий аҳволидан келиб чиқиб алоҳида тоифаларга – давлат таъминотидаги оилалар, камбағал оилалар ҳамда камбағаллик чегарасидаги оилаларга ажратилади. Ҳар бир тоифага мос ёрдам ва ижтимоий хизматлар кўрсатилади.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари аҳолининг даромад даражаси ва бандлик имкониятларидан келиб чиққан ҳолда дифференциал ёндашув асосида амалга оширилади. Хусусан, айрим тоифадаги имконияти чекланган оилалар учун бандлик талаб этмаган ҳолда ижтимоий ёрдамлар бериш тизими йўлга қўйилади. Шу билан бирга, “маҳалла еттилиги”га меҳнат қилиш имконияти чекланган ва оғир ҳаётий вазиятдаги оилаларни Ижтимоий реестрга киритиш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, реестрга киритилган оилаларнинг даромадини ошириш, соғлиқни сақлаш, бандлик, уй-жой ва бошқа йўналишларда ижтимоий хизматлар кўрсатиш, меҳнатга лаёқатли аъзоларни бандликка жалб қилиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш чоралари кўрилади.
Ҳудудларда эҳтиёжманд аҳолига комплекс ижтимоий ва реабилитация хизматларини кўрсатишни кенгайтириш мақсадида ҳудудий ижтимоий хизматлар марказлари фаолиятини йўлга қўйиш таклиф этилди. 2026-2027 йилларда 20 та шундай марказни ташкил этиш режалаштирилган. Марказларда қараб туриш, парваришлаш, абилитация, реабилитация ва таълим билан боғлиқ комплекс хизматлар кўрсатилади. Марказлар фаолияти орқали ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож фуқаролар ҳамда ёлғиз шахсларни қамраб олиш, кундузги хизматлар ҳисобига уларнинг ижтимоий муассасаларга доимий жойлаштирилишини қисқартириш кўзда тутилган. Шунингдек, хизматлардан фойдаланиш жараёнларини рақамлаштириш, электрон йўлланмаларни жорий этиш ҳамда кўрсатилаётган хизматлар доимий мониторингини таъминлаш белгиланган.
Президентимизга 2026–2030 йилларда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича ишлаб чиқилган стратегия тўғрисида ҳам ахборот берилди. Стратегия доирасида болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, зўравонлик хавфи остидаги оилалар ва болалар билан эрта босқичда ишлаш, болалар ва уларнинг оилаларига ижтимоий, психологик, таълим ва ҳуқуқий хизматларни тақдим этиш бўйича устувор йўналишлар белгиланган. Мазкур ҳужжатда болалар билан ишлашда кичик ҳажмли, очиқ форматдаги марказлар фаолиятини йўлга қўйиш, ҳар бир бола бўйича индивидуал иш режаларини ишлаб чиқиш ҳамда боланинг таълим олиши ва жамиятга интеграция қилинишига қаратилган чоралар назарда тутилган. Шу билан бирга, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги маълумотларни ягона электрон платформа асосида юритиш, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича ягона ҳисоб ва мониторинг тизимини жорий этиш стратегиянинг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган.
Президентимиз белгиланган вазифаларни амалга оширишда ижтимоий ҳимоя ва болаларни ҳимоя қилиш соҳаларида тизимли ёндашувни таъминлаш, кўзда тутилган чора-тадбирлар ижросини доимий назоратда ушлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Тўқимачилик саноатида устувор вазифалар
Президент Шавкат Мирзиёев 23 декабрь куни тўқимачилик саноатида 2025 йил якунлари ҳамда келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан тақдимот билан танишди.
Қайд этилганидек, 2025 йилда тўқимачилик саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 134 трлн. сўмни ташкил этган. Хорижий инвестицияларни ўзлаштириш 2,1 млрд. долларга етган. Экспорт ҳажми эса 2,5 млрд. долларни ташкил этиб, 2024 йилга нисбатан ўсиш таъминланган. Ушбу тармоқда банд аҳоли сони 623 минг нафарга етди. 2026 йилда ушбу кўрсаткични 650 минг нафаргача ошириш имконияти мавжудлиги таъкидланди.
2026 йилда пахта хомашёсини қайта ишлашни янада чуқурлаштириш ҳамда газлама, трикотаж ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш режалаштирилган. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 147 трлн. сўмга, экспортни эса 3,3 млрд. долларга етказиш мақсад қилинган. Тармоққа 2,2 млрд. доллар хорижий инвестиция жалб қилиш режа қилинган. Бунинг эвазига 207 минг тонналик синтетик, аралаш ип, 397 млн. квадрат метрлик газлама, 224 млн. дона тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда 108 млн. квадрат метр мато бўяш бўйича қўшимча қувватлар барпо этилади.
Шу билан бирга, тармоқни барқарор ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган айрим омиллар ҳам қайд этилди. Хусусан, пахта толасига бўлган талабнинг бир қисми импорт ҳисобига қопланаётгани, молиявий ресурслар қийматининг юқорилиги, ташқи бозорларда логистика харажатлари ортиши ва айрим йўналишларда малакали мутахассислар етишмаслиги соҳа олдида турган долзарб вазифалар сифатида кўрсатиб ўтилди.
Ушбу муаммоларни ҳал этиш мақсадида 2026 йил учун аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Жумладан, корхоналарга айланма маблағ учун 200 млн. доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратиш, 138 та корхонани молиявий соғломлаштириш, 100 та янги корхонани экспорт фаолиятига жалб қилиш режалаштирилмоқда. Халқаро стандарт ва сертификатларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади. Бундан ташқари, тайёр маҳсулотлар сифати бўйича 24 турдаги таҳлилни ўтказувчи замонавий тўқимачилик лабораторияси ташкил этилади. Тармоқда ERP-тизимлари ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали рақамлаштиришни жадаллаштириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш кўзда тутилган. Бу жараёнга 40 та корхона жалб этилади.
Давлатимиз раҳбари таклиф этилган ёндашувларни маъқуллаб, тармоқда тайёр маҳсулот улушини изчил ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш, инвестиция ва экспорт салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича масъуллар олдига аниқ вазифаларни қўйди. Барча чора-тадбирлар тармоқни барқарор, рақобатбардош ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган тизимга айлантиришга хизмат қилиши зарурлиги таъкидланди.
Сурхондарё вилоятини ривожлантириш
Президент Шавкат Мирзиёев 24 декабрь куни Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Яратилган шарт-шароитлар ва берилган имтиёзлар ҳисобига сўнгги саккиз йилда вилоятга 3 млрд. доллар хорижий инвестиция жалб қилинган, 4 мингта саноат корхонаси ишга туширилган. 2025 йилда саноат ҳажми икки баробарга ошиб, 17,2 трлн. сўмга етиши кутилган. Чарм-пойабзал, заргарлик, қурилиш материаллари ва фармацевтика каби янги тармоқлар шаклланган.
Камбағалликни қисқартириш бўйича ҳам яхши натижаларга эришилди. Прогнозларга кўра, 2025 йилда 126 минг оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 9,3 фоиздан 5,6 фоизгача камайиши керак. “Тўпаланг” сув омборидан қувур тортиш орқали Шеробод, Бойсун, Бандихон, Музработ, Олтинсой, Ангор, Жарқўрғон ва Денов туманларида яшовчи 2 млн. аҳолининг ичимлик сув муаммоси тўлиқ ҳал этилган.
Шунга қарамай, бой табиий ресурслари ва ривожланган инфратузилмаси бўла туриб, Сурхондарё вилояти саноат, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва туризм соҳаларида қатор ҳудудлардан ортда қолмоқда. Хусусан, вилоятда саноат ишлаб чиқариш ҳажми Сирдарё вилоятига нисбатан 1,5 баравар, Жиззах вилоятидан 1,8 баравар ва Хоразм вилоятидан 2 баравар кам. Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳам Самарқанд, Фарғона, Хоразм ва Тошкент вилоятлари кўрсаткичларидан паст. Вилоятдаги қазилма бойликлар 600 млрд. долларга баҳолангани, бироқ бу салоҳиятнинг ҳатто 10 фоизи ҳам ишга солинмагани қайд этилди.
Шу муносабат билан вилоятни инвестиция, иш ўрни, аҳоли даромади ва экспорт суръатлари энг тез ўсадиган ҳудудга айлантириш вазифаси қўйилди. 2026 йилда вилоятда аниқланган 114 та қазилма кони захираси асосида янги лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. 2026 йилда ушбу конларда 3,2 млрд. долларлик 91 та лойиҳани бошлаш, шундан 2 млрд. долларлик қисмини ишга тушириш режалари белгиланди. Бундан ташқари, драйвер ташаббуслар инфратузилмасига 175 млрд. сўм ажратилади. Бунинг ҳисобига 1 трлн. 200 млрд. сўмлик 36 та лойиҳа амалга оширилиб, 9 мингта иш ўрни яратилади.
Туризм соҳаси муҳокама қилинар экан, Бойсун, Сангардак ва Омонхона каби юқори туристик салоҳиятга эга ҳудудлар имкониятларини тўлиқ ишга солиб, меҳмонхоналар сонини кўпайтириш, янги туризм йўналишлари ва объектларини ташкил этиш зарурлиги қайд этилди. Қишлоқ хўжалигида мева-сабзавот ишлаб чиқаришнинг 60 фоизи Денов, Шеробод, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Музработ ва Сариосиё туманлари ҳиссасига тўғри келаётгани қайд этилди. Ангор, Қизириқ, Термиз, Узун ҳамда ихтисослашган бошқа туманларда ҳам экспортни кўпайтириш бўйича аниқ лойиҳалар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш учун
12 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти фаолиятининг келгусидаги вазифалари ва режалари юзасидан тақдимот билан танишди.
Энергетик хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодиёт тармоқларига энергия ресурсларини узлуксиз етказиб бериш мамлакат тараққиётининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, газ соҳасида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва геология-қидирув ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг энг асосий вазифаси табиий газ захираларини ошириш ва қазиб чиқариш ҳажмларини кўпайтиришдан иборат. Шунинг учун компания кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини 66 млн. куб метрдан 70 млн. куб метрга кўпайтириш, бу йил камида 25,4 млрд. куб метр газ қазиб чиқариш чораларини кўриши зарур. Газ захираларини ўстириш учун янги истиқболли инвестиция блокларини шакллантириш, инвесторларга берилган айрим майдонларда эса ишларни жадаллаштириш ва самарадорлигини ошириш лозим.
Нафта ишлаб чиқариш ҳозирда қувватнинг 70 фоизида амалга оширилаётгани, маҳсулот эса 50 фоиз арзон нархларда экспорт қилинаётгани кўрсатиб ўтилди. Нафтадан полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилса, қўшилган қийматни 6 баравар ошириш имконияти борлигини ҳисобга олиб, мавжуд қувватларни тўлиқ ишлатиш чораларини кўриш топширилди. Бундан ташқари, “Ўзбекнефтгаз”нинг молиявий ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилишда нефть-газ соҳасида ўғрилик ва коррупция ҳолатларига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Коррупцион хавфларнинг олдини олиш учун компания тузилмасида раиснинг алоҳида ўринбосари лавозими киритилиб, комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати ташкил этилди. Тармоқда ҳар қандай ноқонуний ҳолатни тезкор аниқлаш ва олдини олиш бўйича самарали тизим яратиш вазифаси қўйилди. Президентимиз нефть-газ соҳасида трансформацияни чуқурлаштириш, газ захиралари ва қазиб олиш ҳажмларини ошириш, молиявий интизомни кучайтириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Хавфсизлик кенгаши йиғилишидаги устувор вазифалар
13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўтган йилларда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Миллий армиямиз замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-руҳий тайёргарлик даражаси изчил ошириб борилмоқда, мудофаа саноатининг салоҳияти мустаҳкамланмоқда. Армияни рақамлаштириш бўйича бошланган ишлар натижасида ахборот хавфсизлиги, бошқарув ва кўрсатилаётган хизматлар самарадорлиги сезиларли даражада ошди.
Йиғилишда мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Турли минтақавий можаролар кенгайиб, қуролланиш пойгаси авж олаётгани, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, халқаро ҳуқуқ нормалари ва халқаро дипломатия заифлашиб бораётгани қайд этилди. Шу боис, тинчлик ва хотиржамлик энг қиммат бойликка айланаётганини бир дақиқа ҳам унутмаслик лозимлиги таъкидланди. Бу бойликни асраб-авайлаш учун эса ҳар бир соҳа ва тармоқ хавф-хатарларга олдиндан жавоб қайтариш бўйича “проактив иш режими”га ўтиши зарур.
Олий Бош Қўмондон келгуси истиқболга мўлжалланган энг муҳим вазифаларни белгилаб берди. Ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга устувор эътибор қаратилади. Муддатли ҳарбий хизмат – фақат жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик эмас, балки ёшларимиз жамиятда мустаҳкам ўрнини топиши учун уларни меҳнат бозорига ва мустақил касбга тайёрлаш босқичи сифатида ташкил этилиши зарурлиги қайд этилди. Жумладан, армияда ёшлар хизматни ўтаб бўлгандан сўнг камида битта касб эгаси бўлиб чиқиши бўйича мутлақо янги тизим яратилади. Ҳар йили 5 минг аскар саралаб олиниб, “Бир миллион дастурчи” ва “Беш миллион сунъий интеллект етакчиси” дастурлари доирасида ўқитилади. Аскарларга муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида ҳарбий қисмнинг ўзида олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун имтиҳон топшириш имконияти яратилади. Тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабаликка қабул қилинган аскарлар муддатли ҳарбий хизмат якунланиши билан олийгоҳда ўқишини бошлайди.
Шу билан бирга, армиядан қайтиб, олий ўқув юртларида таҳсил олмоқчи бўлган ёшларга хорижий тил ва фан сертификати олиш харажатлари қоплаб берилади. Агар улар олийгоҳларга контрактга кирса, фоизсиз таълим кредити ажратилади. Бундан ташқари, армиядан қайтган ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича ҳам алоҳида имтиёзлар берилади. Жумладан, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларнинг кредит харажатининг 6 фоизи давлат томонидан қопланади, давлат ташкилотларига ишга кирмоқчи бўлган ёшлар учун Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан ўтказиладиган тест балларига 10 фоизлик имтиёз бериш амалиёти жорий қилинади. Хусусий секторда фаолият юритмоқчи бўлган ёшларга касбни эгаллаш ва сертификат олиш харажатлари тўлаб берилади. “Муддатли ҳарбий хизматни ўташ – ёшлар учун муваффақият йўли”га айланиши керак”, деди Президентимиз.
Муҳандислик-техника, киберхавфсизлик ва ахборот хуружларига қарши курашиш соҳаларида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш энг муҳим масала экани таъкидланди. Шу боис, муҳандислик-техник йўналишдаги ҳарбий-илмий базани мустаҳкамлаш ва жойларда ҳарбий технопарклар ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Энди жорий йилдан бошлаб киберспорт, дрон ва робот технологиялари каби замонавий спорт турлари бўйича уч босқичли мусобақалар ташкил этилади. Йиғилишда қайд этилганидек, қўшинларни сунъий интеллект асосидаги роботлашган мажмуалар ва учувчисиз тизимлар, енгил ҳарбий техника, замонавий қурол-аслаҳа, разведка воситалари билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратиш керак.
Президентимиз мудофаа саноатини янада ривожлантириш, соҳа корхоналарида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш устувор вазифалардан бири бўлиши кераклигини қайд этди. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини рақамлаштириш шароитида киберхавфсизликни таъминлаш ва миллий рақамли инфратузилманинг барқарорлигини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, мутасаддиларга шахсга доир маълумотлар ва рақамли тизимлар ҳимоясини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни белгилаш топширилди.
Замонавий хавф ва таҳдидларнинг мазмуни ҳам, кўлами ҳам кундан-кунга ўзгариб бораётгани, мудофаа ва хавфсизлик соҳаси олдига катта вазифалар қўйилаётганини инобатга олиб, давлатимиз раҳбари саккиз йил олдин қабул қилинган Мудофаа доктринаси ҳамда 1997 йилда қабул қилинган Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш вақти келганини кўрсатиб ўтди. Янги Мудофаа доктринаси мамлакатимизнинг ҳеч қайси ҳарбий блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолишини, кўп томонлама дипломатияга таянишда давом этишини, юқори технологияларга асосланган стратегия, ҳарбий мустақиллик ва минтақавий барқарорлик йўналишида ривожланишини таъминлаши лозимлиги таъкидланди.
Самарадорликни ошириш
Президент Шавкат Мирзиёев 14 январь куни энергия самарадорлигини ошириш ҳамда электр энергияси таъминотида бозор механизмларини жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишди.
Ўзбекистон энг кўп энергия сарфлайдиган мамлакатлар қаторига киради. Шу боис, ўтган йилда энергия самарадорлиги соҳасидаги ислоҳотларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида алоҳида агентлик ташкил этилди. Ушбу тузилмага 2030 йилга қадар иқтисодиётда энергия сарфини камида 20 фоизга, давлат идоралари ва ижтимоий объектларда эса энергия истеъмолини 15 фоизга қисқартириш вазифаси юклатилган. Тақдимотда агентликнинг 2026 йилдаги фаолияти режалари кўриб чиқилди.
Ижтимоий объектлар ва аҳоли турар жойларини энергия самарадор объектларга айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар режалаштирилган. Жорий йилда бунга 150 млрд. сўм субсидия ва компенсация маблағлари йўналтирилади. Жорий йилги инвестиция дастури доирасида 770 та ижтимоий объект энергия самарадорлик стандартлари асосида модернизация қилинади. Бунга халқаро молия институтларидан 264 млн. доллар маблағ жалб этилади.
Саноат соҳасида ҳам энергия тежамкорлигини ошириш бўйича аниқ режалар белгиланган. Жумладан, жорий йилда 142 та тўқимачилик корхонасига қуёш панелларини ўрнатиш мўлжалланган. Бу корхоналарга 722 млн. киловатт-соат электр энергияси ва 693 млрд. сўм маблағ тежаш имконини беради. Шунингдек, ичимлик суви таъминоти тизимида 300 та насосни янгилаш режалаштирилган.
Тақдимотда электр энергияси соҳасида рақобатли бозор механизмларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Хусусан, паст кучланишли электр тармоқларини хусусий секторга бериш ишлари Самарқанд вилоятидан бошланиб, кейинги босқичда Андижон, Жиззах, Наманган, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрига кенгайтирилиши режа қилинган. Бу орқали тармоқларни янгилашга инвестицияларни жалб этиш орқали йўқотишларни кескин камайтириш кўзда тутилган.
Электр энергиясининг улгуржи бозорини шакллантириш ишларининг бориши тўғрисида ахборот берилди. Ҳозирги кунга қадар йилига 10 млн. киловатт-соатдан кўп электр истеъмол қилаётган улгуржи истеъмолчилар рўйхати тузилди. Ушбу корхоналар учун электр энергиясини улгуржи бозорда “соатбай” шаклланган нархларда тўғридан-тўғри шартномалар асосида харид қилиш тизимини жорий қилиш таклиф этилди. Бугунги кунда энергетика ва коммунал соҳалар бўйича алоҳида регуляторларни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Хорижий тажрибадан келиб чиқиб, бу борада ягона регуляторни ташкил этиш таклифи билдирилди.
"Иқтисодий шарҳ" журнали №1/2026
Изоҳ қолдириш