Амир Темур салтанатининг иқтисодий пойдевори

Амир Темур салтанатининг иқтисодий пойдевори

Буюк Темур томонидан асос солинган империя дунёнинг йирик империялари орасида алоҳида ўрин тутади. Темур тарихда улкан мерос қолдирган буюк шахслар тоифасига мансуб. Шу сабабли унинг шахсияти ва жаҳон тарихидаги хизматлари ўғрисида жуда кўп баҳс-мунозара ва тортишувлар бўлган, бўлаяпти ва бундан кейин ҳам давом этади. Шунга мос тарзда сон-саноқсиз асар ва рисолалар битилган. Ушбу манбаларда АмирТемур буюк саркарда, лашкарбоши, тенги йўқ сиёсатдон, донишманд, оламга машҳур давлат арбоби, маҳоратли нотиқ каби ноёб шахсий фазилатлар соҳиби эканлиги эътироф этилган. Айни пайтда, Соҳибқироннинг серқирра фаолиятида унинг иқтисодий жиҳатлари тадқиқотчилар эътиборидан четда қолиб келмоқда.

Дарҳақиқат, Соҳибқиронннинг асосий фикрлари ва интилишлари улуғвор империяни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, давлатни бошқариш, кенг ҳудудларда осойишталикни сақлаш, исёнкор ва бўйсунмас қўзғолончиларни тинчлантириш, мазмунли ва доно нутқлар билан оммани ўзига ром этиш, ташқи дунё билан дипломатик алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлашгга йўналтирилган эди. Лекин масалага ақл кўзи билан чуқурроқ ёндашсак, ушбу ҳатти-ҳаракат ва интилишларнинг барчаси охир-оқибатда бир мақсадга, яъни салтанатнинг мустаҳкам иқитисодий пойдеворини яратишга хизмат қилган.

Бизнинча, Амир Темурнинг баракали фаолиятида айнан иқтисодий масалалар марказий ўринни эгаллаган. Фикримизнинг исботи сифатида иккита далил келтирмоқчимиз. Биринчидан, тарқоқ феодал давлатларни бирлаштириш, уларни мустакамлакачи мўғуллар устидан ғалаба қозониб, мустақилликка эришишини таъминлаш, яроқсиз аҳволга келган сув иншоотларини тиклаш, мамлдакатда тартиб-интизом ва тинчлик-осойишталик ўрнатиш, уни сақлаш, қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, мустақилликка эришган Мовороуннаҳрнинг ташқи душман тажовузлардан ҳимоя қилиш, ушбу мақсадда қудратли армияни шакллантириш, таъсирли нутқлар ва унга монанд тадбирлар ўтқазиш йўли билан омманинг ҳурматига сазовор бўлиш ва бошқаларга бағоят катта сарф-харажатлар эвазигагина эришиш мумкин эди. Табиийки, бундай сарф-харажатларнинг манбаини излаб топиш Соҳибқирондан жуда катта меҳнат ва иқтисодий муаммоларнинг тўғри ечимларини топа билиш маҳоратини талаб қилган. Иккинчидан, халқнинг азоб-уқубатларига, иқтисодий танқисликдан чекаётган қийинчиликларига бефарқ бўлмаган Амир Темур элнинг ҳаёти ва турмуш тарзини яхшилашга интилган, ушбу муаммо устида кўп бош қотирган.

Бизнинг назаримизда, Соҳибқироннинг қарамлик зулмидан озод бўлган мустақил давлат иқтисодиётини юксалтиришда ва элнинг турмуш фаровонлигини яхшилашдаги энг юуюк хизматларидан бири – бу мамлакатда ишлаб чиқариш кучларининг жадал ривожланиши ва гулкираб яшнаши учун катта имкониятлар яратиб берганлигида. Чунки давлат раҳбарининг иқтисодий тафаккури, биринчи галда, ишлаб чиқариш кучларини, минглаб, миллионлаб меҳнатга яроқли кишиларни ҳаракатга келтира олиш қобилияти орқали намоён бўлади. Ана шу муҳим вазифани Амир Тимур ўша даврнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатда қишлоқ хўжалигини, ҳунармандчиликни, савдо-иқтисодий алоқаларни жадал ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратиб бериш, аҳлолининг улкан меҳнат салоҳиятини рўёбга чиқариш, уни бир мақсад сари йўналтириш орқали бажаришга эришди.

Амир Темур кенг халқ оммасини ижтимоий фойдали меҳнат фаолиятига жалб этишда ва уни жамият ҳамда салтанат манфаатларига мос тарзда ҳаракат қилишга ундаш мақсадидада самарали меҳнатни моддий рағбатлантириш тамойииларидан унумли фойдаланишга жиддий эътибор қаратди. Соҳибқироннинг аҳолини ортиқча бемаҳал солиқлардан ва айрим ноинсоф солиқчиларнинг тажовузидан ҳимоя қилишга, вайронага айлантирилган йўл ва каналларни тиклаш ва янгиларини қуришга давлат хазинаси маблағларини сарфлаш, меҳнаткаш элга нисбатан ғамхўрлик қилиш, кенг қамровли қурилиш ва ободонлаштириш ишларига ахолини жалб этиш орқали уни иш ва даромад билан таъминлаш каби саъй ҳаракатлари ана шу моддий рағбатлантиришнинг турли кўринишлари эди. Ушбу доно сиёсат натижасида жамият, давлат иқтисодий манфаатлари билан заҳматкаш эл иқтисодий манфаатлари ўртасида ўзаро уйғунлик юазага келди, ушбу манфаатлар бош мақсадга, яъни иқтисодий пойдевори метиндек мустаҳкам буюк давлат барпо қилишга йўналтирилди. Пировард натижада кенг халқ оммаси ҳаракатга келди, кишилар фойдали меҳнатга жалб қилинди, уларнинг самарали меҳнат қилишга қизиқиши ортди, аҳолининг даромадлари кўпайиб, ижтимоий ишлаб чиқариш ҳажми кенгайди. Шу билан бирга, ушбу тадбирлар салтанат хазинасини тўлдириш, мамлакат иқтисодий қудратини юксалтиришнинг ишончли манбаига айланди.

Амир Темур ўша даврларда амалда қўллаган ва салтанат иқтисодий куч-қудратини юксатириш сиёсатининг муҳим бўғинига айланган меҳнатни моддий рағбатлантириш сиёсати орадан уч юз йилдан зиёдроқ вақт ўтгандан кейин иқтисодиёт фанининг асосчиси, буюк назариётчи Адам Смитнинг таълимотида ўзининг назарий талқинини топди. Унинг фикрича, ўзининг шахсий манфаатлари йўлида ҳаракат қилувчи кишиларнинг хулқ-атвори охир-оқибатда ижтимоий фаровонликни имкон қадар юқори бўлишини таъминлайди. Амир Темур ҳам ўзининг иқтисодий сиёсатида иқтисодий рағбатлантиришнинг турли усуллурини қўллаш асосида кенг халқ оммасини салтанат иқтисодий қудратини юксатиришга йўналтиришга эришди.

Буюк Амир Темурнинг давлат бошқарувида айнан иқтисодий муаммоларга жуда катта эътибор қаратганлиги унинг нодир ва ноёб ақлу-заковат ҳамда иқтисодий тафаккур соҳиби эканлигидан далолат беради. У замонавий макроиқтисодий сиёсат назарияларидан тамоман бехабар бўлса-да, ўз империясининг ривожланиши ва келажагининг аввало иқтисодий тараққиёт билан чамбарчас боғлиқлигини яхши тушунган ҳолда иш тутди. Бу киши ақлини ҳайратга солади. Чунки Амир Тимур иқтисодий тараққиётнинг жиддий масалаларини ўз фаолиятида ўз салтанати доирасида ҳал қилган замонларда ҳали сиёсий иқтисод фани ҳам, уни шакллантириш учун етарли назарий билимлар ҳам яратилмаган эди. Эрамиздан олдинги асрларда (э.о. 445-355 йй.) яшаб, ижод этган Антиқ давр файласуфи ихтиро этган “Иқтисод” тушунчаси, кейинчалик бу хусусда фикр юритган айрим донишмандларнинг(Платон, Аристотель, Абу Али Ибн Сино, Абу Наср Форобий ва башқалар) асарларида ўз аксини топган назарий фикр-мулоҳазалар бор эди, холос. Фақат Амир Тимур яшаб, иқтисодий фаолият юритиб бошлаганидан кейин қарийб икки асрча вақт ўтгандан кейин “Сиёсий иқтисод” фани юзага келди. Ушбу фан номининг ихтирочиси француз ёзувчиси Антуан Монкретьен эди. Махсус назарий билимларга эга бўлмаган ҳолда иқтисодиётнинг ўта мураккаб ва зиддиятли муаммоларининг тўғри ечимларини топа билиш қобилияти Яратганнинг Соҳибқиронга инъом этган буюк иқтисодий тафаккурнинг амалий ҳосиласидир. Унинг ибратга лойиқ, пухта ўйланган, мукаммал ва доно иқтисоий сиёсати қудратли Империяни барпо этишнинг ва мустаҳкамлашнинг пойдевори бўлиб хизмат қилди.

Амир Тимурнинг "Темур тузуклари" – бу катта донишмандлик меваси. Соҳибқирон қаламига мансуб ушбу китобда унинг серқирра фаолиятининг мазмун-моҳияти мужассам. Мазкур асарнинг мазмунини синчковлик билан таҳлил қилар эканмиз, буюк саркарданинг фикру-фаолиятида иқтисодий масалалар алоҳида ўрин тутганлигига амин бўламиз. Асарнинг ҳар бир сатри чуқур маъно билан тўйинган ва ҳар бир саҳифасида ҳақиқат садо беради. У ўзининг ушбу асарида “Давлату салтанат уч нарса билан – мулк, хазина ва лашкар билан тирикдир”, деб таъкидлайди. Демак, у мулк ва хазинани ўз салтанатининг яшаш шарти сифатида қараган ва уни бутун умри давомида кўпайтиришга интилган. Бундан олти юз йил муқаддам битилган бу битиклар бугунги кунда мамлакатимизда демократик республика ва фуқаролик жамиятининг тамойилларини инкор этмайди ва замонавий тамаддун шароитида самарали фаолият юритадиган давлат органини барпо этишда улардан фойдаланишни тақазо этади. Чунки мулк иқтисодий тараққиёнинг ўзаги, ҳар қандай фаолиятни амалга оширишнинг асосий шарти ва воситаси ҳисобланади. Ишлаб чиқариш муносабатлари тизимида мулкий муносатлар биринчи ўринда туради. Микродаражада ва макродаражада иқтисодиётга дахлдор барча низо ва зиддиятларнинг заминида мулкий муносабатлар ётади. Мулкий муносабатлар жамият тараққиётининг ғилдирагини олдга томон ҳаракатга келтирувчи қудратли қурол ҳисобланади.

Улкан империянинг асосчиси Темур қаттиққўл, аммо жуда ақлли ва таҳлилий фикрлаш қобилиятига эга эди. Ушбу фазилатлари туфайли у энг қийин, ўта мураккаб иқтисодий вазиятларда ҳам ягона тўғри, оқилона қарор қабул қила олиш қобилият соҳибига айланди. Бизнингча, унинг ана шу ноёб шахсий фазилатлари салтанат иқтисодий қудратини юксалтиришда муҳим роль ўйнади. Биринчидан, унинг қаттиққўллиги давлат мулкини, хазинани очкўз, хиёнаткор кимсалар тажовузидан асради. Иккинчидан, унинг ҳар қандай оғир вазиятда катта ақл билан муаммонинг ягона тўғри ечимини топа билиш қобилияти эса мулкни узлуксиз кўпайтириш имкононини берди. Темур салтанат мулкини кўпайтиришга ёрдам берадиган барча усуллардан моҳирлик билан фойдаланди: ҳарбий куч, дипломатия, кучли назорат ва рағбатлантириш чоралари.

Агар Буюк Темур ҳаётини ва босиб ўтган тарихий йўлини диққат билан таҳлил қилсак, Мовороуннаҳрни мўғуллар истибдодидан холос этишга қаратилган барча ҳаракатлари ҳам, уни кенгайтириш учун бошқа юртларга юришлари ҳам мафкуравий мақсадларни назарда тутмаган. Уларнинг барчаси моддий манфаатни кўзлаган ва фақат битта мақсадга – салтанатни бойитиш, унинг мулкини кўпайтиришга йўналтирилган эди. Бошқача сўзлар билан ифодалаганда, уларнинг барчасининг замирида иқтисодий манфаатлар, яъни, мулкни кўпайтириш, юрт хазинасини бойитиш учун ресурсларга эгалик қилиш иштиёқи ётган. Амир Темурнинг мулкка, хазина бойлигига бу қадар эътиборли бўлиши, ҳаттоки уларни салтанат ҳаётининг таянчи, унинг тириклигини таъминловчи восита эканлиги тўғрисидаги ақидаларини кенг ва чуқур ёритиш орқали биз бағоят кўп тортишувларга сабаб бўлиб келаётган муҳим тарихий жумбоқни ечишга уриниб кўрмоқчимиз.

Амир Темур тўғрисида ёзилган асарларни ва уларни яратган муаллифларни шартли равишда икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчиси Амир Темурни Мовороуннаҳр халқининг холоскори, яратувчи, бунёдкор шахс сифатида кўкларга кўтаради, унинг жамият олдидаги хизматларини юксак баҳолайди. Иккинчиси унинг жамият ривожланишидаги ролини камситиб, забт этувчи, тажовузкор, вайронкор шахс сифатида тасвирлашга урғу беради. Масаланинг қизиқ томони шундаки, ҳар иккала томон ҳам ўз нуқтаи назарларини рад этиб бўлмайдиган тарихий фактлар билан далиллайди. Шу боис асли ҳақиқат ким томонда, деган саволга жавоб топиш муҳим аҳамият касб этади. Бизнингча, ушбу саволга адолатли жавобнинг илдизини иқтисодий манфаатлар тугунида ахтариш керак.

Фикримизча, АмирТемурни бошқа мамлакатлар ҳудудларини эгаллаб олишга ундаган шарт-шароитларни ва унинг асл сабабларни аниқлаштириш жуда муҳимдир. Соҳибқиронинг Мовороуннаҳрни истилочилар истибдодидан озод қилишга қадар бўлган барча ҳаракатларини иқтисодий мустақилликка эришиш, юртда тинчлик ўрнатишга қаратилган буюк хизмат сифатида баҳолаш адолатдан. Лекин аппонентлар мамлакат мустақилликка эришгандан кейин бўлган бошқа мамлакатларга юришларни қоралайдилар.

Амир Темурнинг бошқа юртларга нисбатан тажовузкор ҳаракатларининг асосий сабаби нимада эди: босиб олинган ҳудудларнинг аҳолисини тушкунликка маҳкум этиш, шунчаки сиёсий ирода ва шон-шарафга интилиш ёки бошқа бизга маьлум бўлмаган ҳар қандай истак ва рағбатларми? Бизнингча, Буюк Темурни Мороуннаҳр мустақилликка эришгач, бундай ҳаракатларга ундаган асосий рағбат – бу мамлакатнинг иқтисодий манфаатлари эди. Айнан ана шу манфаатлар йўлида Амир Темур иқтисодиётда кўлам самарасини юзага келтириши шарт эди. Кўлам самарасига эришиш Мовороуннаҳр ҳудудини кенгайтиришни тақазо этди. Шу сабабли Амир Темур Эрон, Ироқ, Афғонистон, Шимолий Ҳиндистон, Кавказорти, Миср, Туркия, Олтин Ўрда ҳудудларига ғалабали юришларни амалга оширди. Кўплаб амалга оширилган ҳарбий юришлар натижасида у Осиёнинг катта ҳудуди ва Кавказнинг бир қисмини ўз ичига олган улкан салтанатни барпо қилди. Буларнинг барчаси Мовароуннаҳрдаги феодал тарқоқликка барҳам берди, ҳудудда ишлаб чиқарувчи кучларнинг, товар-пул муносабатлари, савдо, ҳунармандчилик ва умуман иқтисодиётни ривожланиши, ишлаб чиқаришни ихтисослаштириш ва меҳнат тақсимотини такомиллаштириш учун энг яхши шароитлар мавжуд бўлган йирик марказлашган давлат яратилди. Шу зайлда Амир Темур салтанатида кўлам самараси юзага келди ва ундан иқтисодий тараққиёт йўлида унумли фойдаланиш учун реал шарт-шароит вужудга келди. Амир Темур Империясига бирлашган мамлакатларда яратилган товар ва хизматларнинг ялпи умумий ҳажми, ушбу мамлакатлар алоҳида мустақил давлат сифатида якка ҳаракат қилганда яратиши мумкин бўлган умумий маҳсулот ҳажмидан сезиларли даражада кўп эди. Бизнинг ушбу мантиқий хулосамизни тасдиқловчи аниқ рақамлар йўқ, албатта. Лекин салтанат ҳудудида кўлам самарасининг таъсири остида савдо-сотиқ ишларининг ривожланиб кетгганлигини, маҳсулот турларининг кўпайганлигини ва ҳажмининг ошганлигини, рақобат муҳитининг кучайганлигини, ташқи алоқаларнинг кенгайлигини далилловчи маълумотлар бор.

Хулоса қилиб айтганда, Амир Темурнинг йирик марказлашган давлатни бунёд этишга қаратилган тинимсиз меҳнатлари салтанат таркибига қўшимча равишда киритилган мамлакатларнинг иқтисодий тараққиётига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Тарихда укмдорнинг янада кенгроқ мулоҳазалари маълум бўлиб, бу уни доимий ҳарбий юришларга ундаган бўлиши ҳам мумкин: "Бутун ер юзида иккита шоҳ бўлиши мумкин эмас". Қандай бўлмасин, Темур фалсафасининг моҳияти дунёда иқтисодий ресурсларга эгалик қилиш мақсадида бир-бири билан рақобатлашувчи икки шоҳ бўлмаслиги керак. Ўшанда ер юзида тинчлик ва осойишталик ҳукм суради, инсониятни бир неча марта йўқ қилиб юбориши мумкин бўлган қурол-яроғ пойгаси ҳам буткул барҳам топади.

Амир Темурнинг кўлам самарасини юзага келтиришга қаратилган ушбу ўйлари ва интилишлари ўзининг якунини топганда, эҳтимол инсоният дунё миқёсидаги ягона марказлашган давлат остида бирлашишга муваффақ бўлган бўлар эди. Тасаввуримизга эркинлик бериб, фараз қилайлик, дунё бўйича битта давлат, битта пойтахт ва битта демократия йўли билан сайланган ҳукмдор бўлса, дунёнинг барча мамлакатлари халқларининг фаровонлиги учун тенг даражада ғамхўрлик кўрсатилса, ядро ҳалокати хавфидан холос бўлган дунёнинг барча мамлакатлари халқлари қанчалик бахтли бўлишини кўз олдимизга келтиришимиз мумкин. Афсуски, Соҳибқирон қалбининг сирлари биз учун жумбоқ бўлиб қолди, унинг истаклари охиригача амалга ошмади ва инсоният бундай ноёб тажрибани синаб кўриш бахтидан маҳрум бўлди.

Юқорида бошлаган фикримизнинг мантиғини давом эттирсак, Амир Тимурнинг салтанатни кенгайтириш йўлида бошқа мамлакатларга ҳарбий юришларини вайронкорликка йўниш, уни тажовузкорликда айблаш адолат тарозисининг бузилишига сабаб бўлади. Баръакс, ўзининг иқтисодий тафаккури билан бутун дунё миқёсида кўлам самарасини вужудга келтириш, кишилик жамиятини қирғинбарот уруш ва беҳуда қон тўкиш азоб-уқубатларидан батамом қутқариш пайида бўлган Амир Темурни мамлакатлар ўртасидаги низо ва зиддиятларни батамом бартараф этиш, дунёда тинчлик ва осойишталикни қарор топтириш ғоясининг бунёдкори сифатида талқин этишга барча асосларимиз бор. Тезисимизнинг тўғрилигини битта тарихий факт билан изоҳламоқчимиз. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Амир Темур ҳарбий юриш қилиб борган юрт аҳли Империя таркибига қўшилишни тинч йўл билан ихтиёр қилса, ҳукмдор ушбу юрт халқига нисбатан жуда яхши муносабатда бўлган, юртни ободонлаштириш ва тинчлик-осойишталик ишларига ёрдам кўрсатган. Хулоса қилиб айтганда, Соҳибқирон салтанатни кенгайтириш муаммоларини ҳал қилганда, ўзга мамлакатларни вайрон қилиш мақсадида эмас, балки Империянинг иқтисодий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда иш тутган.

Бошқа босқинчилардан фарқли равишда, Амир Темур фатҳ қилинган ҳудудлардаги халқларнинг турмуш шароитини яхшилашга доимий эътибор бериб келган. Шу ерда, "... энг мустаҳкам давлат тузилмасига эга ҳукмдорлар ўзига бўйсунган халқларининг урф-одатлари ва қонунларига ҳурмат билан қараган, уларга ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқини берган ва давлатнинг асосий функцияларини солиқларни ундириш, савдо муносабатлари ва тинчликни сақлаш билан чеклашга қодир бўлган империялар эди", деган фикрни келтириш ўринли. Ана шу тамойилларга риоя қилган ҳолда иш тутган Амир Тимур қудратли, иқтисодий тараққиётга юз тутган Империя барпо этиш шарафига муяссар бўлди.

Амир Темур қўшинидаги ҳарбийларга, барча даражадаги давлат хизматчиларига, шунингдек, ҳарбий саркарда, амирларга тўланадиган маошни белгилаш молиявий сиёсатидаги табақалаштириш асосида рағбатлантириш ва моддий мукофотлаш тизими бугунги кун амалиёти учун ҳам ўта фойдалидир. Нисбатан юқорироқ натижа берувчи меҳнатни юқори маош билан тақдирлаш, уни рағбатлантириш иқтисодий юксалишнинг асосий шартидир. Иқтисодиётни тараққий эттиришнинг ушбу тамойилидан Амир Темур ўз салтанатининг иқтисодий мавқеини мустаҳкамлашда унумли фойдаланди.

Буюк Темур қўшинининг асосий қисми кўчманчилардан иборат бўлганлиги сабабли, улар от, қўй, туя ва бошқалар ёрдамида моддий бойлик қийматини белгилашган. Шундан келиб чиқиб, жангчининг маоши унинг миниб юрган отнинг нархи билан белгиланар эди. Пиёда аскарлар ва хизматчилар (отлиқлар, махсус хизматчилар, чодирлар) 100 дан 1000 тагача от нархларида маош олишган. Шунингдек, ҳарбийларнинг жанговар маҳорати учун мукофотлар, маошларнинг оширилиши, ўлжа тақсимотидаги улушларнинг кўпайиши, унвон юксалиши, туғ бериш ва ҳоказолардан иборат бўлган.

Амир Темур ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, саройлар ва меъморий ёдгорликларни қуриш, шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштириш, улкан Империясидаги музофотлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кучайтиришга катта аҳамият берди. Амир Темурнинг пул-кредит сиёсати алоҳида эътиборга лойиқ. Тангалар асосан иккита қиймат кўринишида зарб қилинган: танга деб номланган - оғирлиги 6 граммга тенг ва танганинг тўртдан бир қисми 1,5 граммга тенг бўлган, “мири” деб номланган майда кумуш тангалар. “Мири” атамаси шубҳасиз, Темурнинг "Амир" унвонидан келиб чиққан. Истеъмол товарлари савдосида юқорида қайд этилган иккита номиналга қўшимча равишда майда чакана савдо учун мис тангалар ишлатилган. Ушбу ёндашув савдо-стиқ ва айирбошлаш ишларида ката қулайликлар яратиш имконини берди.

Соҳа мутахассислари томонидан Амир Темур номи билан зарб қилинган тангалардаги герб учта майда ҳалқалардан иборат эканлиги аниқланган. Испания қироли элчиси Р.Н.Клавихонинг сўзларига кўра, бу белги Амир Темур учта қитъанинг ҳукмдори бўлганини англатган. Амир Темур давридаги тангалар геометрик гўзаллиги ва ажойиб дизайни билан ажралиб туради, бу эса Мовароуннаҳр ва Хуросон зарбхоналаридаги усталарининг юқори даражадаги саноат маданияти ва санъатидан далолат.

Амир Темур давлатида суғориладиган деҳқончилик билан бирга дашт кўчманчи ва яйлов-чорвачилик, қўйчилик, отчилик ва овчилик ривожланди. Қизилқумнинг кенг ҳудудлари туялар боқишга ихтисослашган эди.Кўпгина кишилар паррандачилик ва деҳқончилик билан машғул эдилар. Солиқ имтиёзлари бериш, бузилган суғориш тизимларини тиклаш ёки янгиларини қуриш ва ҳоказолар орқали аҳолининг иқтисодий ва ишлаб чиқариш фаолияти давлат томонидан кучли қўллаб-қувватланди ва рағбатлантирилди. Энг муҳими, аҳолининг иқтисодий фаоллиги кишилар даромадларининг ўсишига ва унинг сотиб олиш қобилиятига ижобий таъсир кўрсатди. Уй-жой шароитларини яхшилаш аҳолининг асосий мақсад-истагига айланди, Мовароуннаҳр ҳудудида янги шаҳар ва қишлоқлар барпо этилди. Пойтахтда ва бошқа йирик шаҳарларда Буюк Ипак йўлининг карвонлари томонидан бошқа мамлакатлардан олиб келинган товарлар фаол савдо-сотиқ предметига айланди. Булар мўйналар, кулолчилик буюмлари, зираворлар, маржонлар, косметика воситалари, шифобахш ўтлар ва бошқалар. Фаол равишда қорамол ва бошқа ҳайвонлар турлари кўпайди. Маҳаллий ҳунармандлар юқори сифатли чарм ва жун маҳсулотларини ишлаб чиқариш санъатига эришдилар. Озиқ-овқат бозори сут ва гўшт маҳсулотлари билан тўлдирилди, балиқчилик ривожланди. Шаҳар аҳолиси ва қишлоқ аҳолисининг яқин иттифоқ ва иқтисодий ҳамкорлиги, ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги ва карвон савдосининг тез ва ўзаро боғлиқ, мутаносиб ривожланиши натижасида Темур империясининг қудрати ошиб, халқ фаровонлигининг ўсишини таъминлайдиган ўзига хос иқтисодий салоҳият вужудга келди.

Учта иқтисодий таркиб – шаҳарсозлик, қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқариш ва савдо бир-бирини тўлдириб, уларнинг ўзаро ҳамкорлиги кучайди. Натижада давлат ва одамлар зарур эҳтиёж маҳсулотлари билан таъминланди, аҳолининг ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиш имкониятлари кенгайди, мамлакатда тинчлик, осойишталик қарор топиб, ишлаб чиқариш кучлари ақл бовар қилмайдиган даражада ривожланди.

Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган энг муҳим савдо йўллари Мовароуннаҳр ҳудудидан ўтган. Натижада, бутун Осиё қитъасининг кўплаб давлатлари ва Европанинг муҳим қисми Темур империясининг сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, маданий алоқалари ва манфаатлари учун хизмат қилишга жалб қилинди. Моварауннаҳрда ишлаб чиқарувчи кучларнинг жадал ривожланиши ва иқтисодий ўсиши учун жуда қулай вазият яратилди. Академик А. Асқаров ўзининг "Ўзбек халқининг пайдо бўлиши тарихи" китобида тарихий далилларни чуқур таҳлил қилиш асосида "... Амир Темур ва Темурийлар даврида Мовароуннаҳр ва Хуросонда сиёсий ва этник вазият барқарорлашди", деган муҳим хулосага келади. Бизнинг фикримизча, айнан сиёсий барқарорлик ва ноёб этник вазият, Буюк Темурнинг улкан саъй-ҳаракатлари туфайли эришилган. Давлатлараро алоқаларнинг ривожланиши ва мустаҳкамланиши, кенг миқёсдаги ишлаб чиқарувчи кучларнинг бирлашуви иқтисодий тараққиёт учун қулай шароитни вужудга келтирди. Бу эса, ўз навбатида, аҳоли кенг қатламлари иқтисодий фаоллигининг ошишига, давлатнинг иқтисодий салоҳияти ва одамлар моддий фаровонлигининг ўсишига ёрдам берди.

Мовароуннаҳр ва Хуросонда иқтисодиёт ҳамда ишлаб чиқарувчи кучларнинг юқори суръатлар билан ривожланиши ишлаб чиқаришнинг янада кенгайиши ва марказлашуви, унинг сифат жиҳатидан яхшиланиши капиталистик ишлаб чиқариш элементларининг шаклланишига ёрдам берди. Масалан, Бухорода, Марвда (Наршахи-ал-Утби асари) ишлайдиган тўқув корхоналари - "байтуттироз"ларда оддий фуқаролар, чорикорлар, асирлар, қуллар – ёлланма ишчилар сифатида ишлашган ҳамда бундай ишлаб чиқариш жараёни дастлабки феодал кооперативларига мисол бўла олади. Ўрта асрларда Самарқандда қурол-яроғ ишлаб чиқариш корхоналар орасида йирик ишлаб чиқарувчилар тоифасига кирар эди (Клавихонинг 1404 - 1405 йиллардаги асари). Давлатнинг йирик устахоналаридаги ишлаб чиқаришнинг ташкил қилиниши асосида оилавий кооперативларда ҳам меҳнатни ташкил этиш тажрибаси қўлланилган ва шу орқали дастлабки капиталистик институтлар қужудга келган. Шундай қилиб, Ўрта Осиёда реал муҳитда кичик ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ва турли оилавий ҳамкорлик институтларида капиталистик ишлаб чиқаришнинг пайдо бўлиши учун шарт-шароит этилди.

Амир Темур ўзининг “Рости-русти” шиорининг моҳиятига мос келадиган ва солиқ тўловчилар манфатини ҳимоя қилишга қаратилган адолатли, аниқроғи ўта аолатли, ибратга лойиқ солиқ тизимини яратди ва унинг ҳаётга жорий қилинишини изчил назорат қилди. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Амир Тимур ҳар хил баҳона ва сабаблар билан халққа солиқлар солишга қатьиян қарши бўлган. Бундан ташқари, у халқни бир неча марта айрим солиқларни тўлашдан озод ҳам қилган. Оғир вазият юзага келганда халқнинг солғини ўз ҳисобидан тўлаган, етмаган қисмига ҳаттоки рафиқасининг зеб-зийнатларини ҳам қўшиб берган. Тан олиш керак, бу тарихда бўлмаган, лекин Амир Темур журъат этган иқтисодий воқелик. Ушбу сиёсат салтанат иқтисодиётини юксалтиришда икки томонлама ижобий самара берди. Биринчидан, меҳнат аҳлининг ҳаёт фаровонлиги ортиб, даромадлари кўпайди, давлат сиёсатидан розилиги кучайди, янада кўпроқ меҳнат қилишга рағбатлантирилди. Иккинчидан, аҳолининг кўпайган даромадлари бозорни жонлантиришга, талабни оширишга катта туртки берди, натижада иқтисодий тараққиёт учун ўта муҳим мультипликатив самара юзага келди.

Салтанатнинг пойтахтида қурилиш ишларининг кенгайганлиги, ҳунармандчилик ва савдонинг гуллаб-яшнагани ижтимоий ҳаётда кескин бурилиш бўлганини акс эттиради. Биноларнинг зичлиги, кўп қаватли уйларнинг мавжудлиги, уйларнинг катта қисмида ҳовлиларнинг бўлмагани, гавжум дўконлар ва устахоналар, кўчаларнинг торлиги, уларнинг баъзилари тепа қисмида иккинчи ва учинчи қаватларни қуриш учун тўсиқлар билан тўсиб қўйилгани ва олд даҳлизларнинг кенглиги шаҳарда иқтисодий муҳит тобора яхшиланиб борганлигидан далолат беради. Шаҳарнинг бой аҳолиси ўз ерларининг бир қисмини даромад олиш мақсадида дўконлар ва устахоналар учун ажратган, шубҳасиз, қимматбаҳо декорация ва ҳайкалтарошлик намуналари билан безатилган тантанали хоналарнинг мавжудлиги уй эгаларининг жамиятдаги мавқеини белгилаган.

XV аср ва XVI асрнинг биринчи чорагида иқтисодий ҳаёт ҳунармандчилик ва товар-пул муносабатларининг ривожланишида намоён бўлди. Маҳсулот ишлаб чиқариш, айниқса, кенг истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми ўсди. Товар-пул муносабатларига шаҳарларнинг ва қисман қишлоқ аҳолисининг кенг қатламлари жалб қилинди. Манбаларда таъкидланишича, Темурийлар давридан олдин ва ундан кейин, Ўрта Осиёнинг Россияга қўшилишигача, товар-пул муносабатлари ушбу даврдаги каби ривожланмаган.

Мовароуннаҳр ҳамда Хуросоннинг катта-кичик шаҳарларида савдо, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг жадал ривожланиши натижасида аҳолининг ижтимоий ва саноат табақаланиши янада чуқурлашди. Янги бозорлар, карвонсаройлар ташкил этилди, ихтисослаштирилган савдо тармоқлари, устахоналар ва дўконлар кенгайтирилди. Ёғоч, чарм, заргарлик буюмлари, қоғоз ва сопол буюмлар, ярим ипак ва ипак матолар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва уларни қайта ишлаш турларининг кенгайиши, ортиб бораётган ички ва ташқи эҳтиёжлар таъсири остида Марказий Осиёнинг Хитой, Ҳиндистон,Эрон, Олд Осиё, Россия давлати билан савдо-иқтисодий алоқалари кучайиши натижасида (Клавихо томонидан қайд қилинган) тўқув маҳсулотлари ишлаб чиқариш географияси сезиларли даражада кенгайди. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, "Ўрта Осиёда капиталистик ишлаб чиқаришнинг асоси маҳаллий аҳолида ўсиб чиққан ўзига хос, тубжой кишилар эканлиги – бу ҳақиқатдир. Ушбу ҳудудда капиталистик тўқимачилик ишлаб чиқаришининг шаклланиши кўп асрлик ижтимоий-иқтисодий ва техник жараёнларнинг самараси эди”. Бу даврда қурилиш, архитектура, рассомчилик ва миниатюра санъати ривожланди.

Шаҳар зодагонлари шаҳарни ташкил этувчи аҳоли бўлиб, шаҳар маданиятининг ривожланишини белгилаб берган. Самарқанд ҳудудида сезиларли даражада ўсиш, қурилиш зичлигининг ошиши, бой хонадонлар сонининг кўпайиши кузатилган. Фуқаролар фаровонлигининг ошиши санъат ва ҳунармандчиликнинг гуллаб-яшнашига сабаб бўлган.

Ёзма манбаларда чакирлар, яъни зодагонлар ҳамда савдогарларнинг хизматига ёлланган ҳамда маош олган жангчилар тўғрисида эслатиб ўтилган. Ўзига тўқ хонадонларнинг хизматкорлари, қуллари ва чўрилари бўлган ва уларни сақлаш қимматга тушган, лекин улар хонадонга ҳеч бир даромад келтирмаган. Фуқароларнинг уйлари меъморлар раҳбарлиги остида профессионал қурувчилар томонидан қурилган. Шаҳарнинг бой аҳолиси ипак матолардан тикилган қимматбаҳо кийимлар кийишган, уларнинг кийимлари кумуш ва олтиндан ясалган заргарлик буюмлари, қимматбаҳо тошлар билан безатилган.

Юқорида зикр этилганларнинг барчаси Амир Темир салтанатида содир бўлган иқтисодий жараёнларнинг кенг кўлами, ишлаб чиқариш кучларининг тараққий этиш даражаси хусусида ашёлар билан далилланган хулосалар чиқариш учун асос бўлади.

Хулоса. Амир Темур ўз Империяси ҳудудида ишлаб чиқариш кучларини ва ижтимоий ишлаб чиқаришни мисли кўрилмаган даражаларга кўтаришга эришди. Меҳнат аҳлини жтимоий фойдали ишга жалб этиш ва мамлакатлараро товар айирбошлашни кучайтириш орқали у юртда серобликни таъминлади. Ушбу муваффақиятларнинг замирида Соҳибқироннинг ноёб фазилати – ҳар қандай оғир вазиятда ҳам иқтисодий муаммонинг тўғри ечимини топа олиш қобилияти ётибти. У иқтисодиёт соҳасида янги назариялар яратмади. Лекин элу-юртни иқтисодий тараққиётнинг янги, юксак марраларига бошлаб бориш асосида қандай натижаларга эришиш мумкинлигини амалда исботлаб берди. Шу сабабли Амир Темурни ўзининг юксак иқтисодий тафаккурига таянган ҳолда доно иқтисодий сиёсатни шакллантириш ва ўз салтанатида уни амалиётга жорий этиш, ундан унумли натижа олишдек глобал муаммоларни ҳал қилиш шарафига муяссар бўлган шахс сифатида забардаст иқтисодчи, деб баҳо беришга ҳақлимиз. Чунки ҳар қандай назария охир-оқибатда амалиётни ривожлантиришга хизмат қилувчи ва унинг йўлини ёритиб берувчи ёруғ юлдуздир.

Буюк Темурнинг бой иқтисодий меросини ўрганиш, айниқса унинг улкан империяни иқтисодий юксалтиришдаги ибратли тажрибасининг илмий таҳлили биз учун жуда фойдали. У бизга аждодларимизнинг асл ватани Ўзбекистонда иқтисодий тараққиётнинг кўплаб муҳим муаммоларини ҳал этишда, замонавий шароитда кўлам самарасини юзага келтиришда, ишлаб чиқариш кучларини ривожлантиришнинг узлуксизлиги ва барқарорлигини таъминлашда сабоқ манбаи бўлиб хизмат қилади.

Мурод Мухаммедов,
иқтисодиёт фанлари доктори, проффессор,
Самарқанд иқтисодиёт сервис институти
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар