Буюк давлат арбоби ва енгилмас саркарда Темур жаҳон тарихига катта ҳисса қўшган улкан шахслардан бири ҳисобланади. Аввало, у Марказий Осиёни мўғулларнинг 150 йиллик истибдодидан озод қилди ва ўз даврида жаҳоннинг энг буюк ва қудратли давлатини ташкил этди. Лекин мазкур салтанат фақатгина майдони ва аҳолисининг сони катталиги билан дунёнинг биринчи давлати бўлгани йўқ, балки бу ҳудудда маданият, санъат, илм-фан, меъморлик беқиёс даражада ривожлантирилди. Салтанат пойтахти Самарқанд эса ўша даврнинг энг катта, гўзал, маҳобатли, илм юксак ривожланган шаҳрига айлантирилди. Темурнинг тарих олдидаги энг буюк хизматларидан яна бири шундаки, инсоният тамаддуни тарихидаги ўта нодир ҳодисалардан бири бўлмиш “Иккинчи Ренессанс” бевосита унинг раҳбарлигида бошланди.
Президентимиз таъбири билан айтганда, “Ўн бешинчи асрда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом эттирган муҳташам салтанат юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди”[1]!
Темурийлар асос солган Буюк уйғониш даврининг таъсири инсоният маънавий оламида беш юз йилдан кўпроқ давр давом этди, улар қолдирган улкан мерос эса жами инсониятнинг бебаҳо мулкига айланди.
Ўз-ўзидан тушунарлики, бундай катта миқёсдаги тадбирлар, қурилишлар, салтанатни бошқариш билан боғлиқ харажатлар, ҳарбий ҳаракатлар жуда катта миқдорда пул маблағлари бўлишини тақозо этар эди. Мавжуд маблағлардан оқилона фойдаланишни ташкил этиш ҳам ўта муҳим ҳисоб-ланади. Керакли миқдорда пул маблағларини йиғиш, уларни аниқ мақсад-ларга ишлатиш, тўғри ишлатилиши устидан назорат олиб бориш солиқ тизими ёрдамида амалга оширилади.
Бугун баралла айтиш мумкинки, улкан салтанатнинг ҳукмдори бўлмиш Темур ўзининг ғоялари ва амалий фаолияти билан ўз даврининг Буюк солиқ ташкилотчиси эканлигини кўрсата олди.
Тан олиш керакки, Буюк Темур ўз даврининг мукаммал ва адолатли солиқ сиёсатини яратган шахс! У буюк асари “Темур тузуклари”да давлат солиқ сиёсатининг назарий қоидаларини ишлаб чиққан ҳамда уларни ўзининг бепоён салтанатида амалиётга жорий этган.
Лекин минг афсуслар бўлсинким, ҳозирга қадар буюк давлат арбоби ва ислоҳотчи Темурнинг бу борадаги жаҳоншумул аҳамиятга молик фаолияти наинки жаҳонда, ҳатто ўз юртимизда ҳам етарли даражада ўрганилмаган ва ўзининг ҳақиқий баҳосини олмаган. Шу боис мазкур мақолада ўз даврининг адолатли, оқилона ва мукаммал солиқ сиёсатини яратган бобокалонимизнинг бу соҳадаги хизматлари ҳақида фикр юритилади.
Жаҳонда илк давлатлар ва уларнинг турли-туман харажатларини қоплаш мақсадида солиқлардек ўта муҳим восита ўйлаб топилиши билан, яъни қадим-қадимдан солиқларнинг тўловчилари уларнинг миқдори маълум бир меъёрда бўлиши учун курашиб келишган. Ва шуни фахр билан айтишимиз мумкинки, Темур бобомиз бу муаммо ижобий ҳал бўлиши учун жуда катта ҳисса қўшган.
Буюк Темур ўз қамровидаги давлатларда шариат аҳкомларига суянган ҳолда адолатли ва мукаммал солиқ тизимини яратган. Бу фикримизнинг тўғрилигини тушуниш учун унинг салтанатни бошқариш соҳасидаги амалий фаолияти, фармонлари ҳамда “Темур тузуклари” асарига мурожаат қилиш етарли.
Жаҳонгир “Темур тузуклари” асарида солиқлар ва солиққа тортиш масалаларига жуда катта эътибор берган. Асарнинг “Раиятдан мол-хирож олиш, мамлакатни тартибга келтириш ва юксалтириш, унинг ободончилиги, хавфсизлигини амалга ошириш тузуки” номли бўлимида Буюк ислоҳотчи бобомиз солиқ сиёсатининг назарий асосларини ишлаб чиққан.
“Амр қилдимки, - деб таъкидлайди Буюк Темур, - раиятдан мол-хирож йиғишда уни оғир аҳволга солишдан ёки мамлакатни қашшоқликкка тушириб қўйишдан сақлансинлар. Негаки, раиятни хонавайрон қилиш (давлат) хазинасининг камбағаллашувига олиб келади. Хазинанинг камайиб қолиши эса, сипоҳнинг тарқалиб кетишига сабаб бўлади. Сипоҳнинг тарқоқлиги, ўз навбатида, салтанатнинг кучсизланишига олиб боради”[2].
Эътибор қилинг, мазкур фикрларда солиқ тўловчи халқ ва солиқ йиғувчи давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатлар ўта нозик эканлиги, солиқнинг миқдори мўътадил бўлиши зарурлиги, бу қоидага риоя қилмаслик ўта ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлиги аниқ ва равшан ифодаланмоқда. Ўша даврлардаги Европа ҳукмдорлари аксариятининг давлатчилик фаолиятида бундай қоидалар ҳали маълум эмасди! Аниқроқ айтганда, жаҳон давлатла-рининг аксариятида “солиқ сиёсати” ҳали ишлаб чиқилмаган эди. Қироллар, подшолар ўз давлатлари халқидан хоҳлаган пайтда ва хоҳлаган миқдорда солиқ йиғиб олишлари одатий бир ҳол ҳисобланарди!...
Буюк Темур қишлоқ хўжалигида солиқни экиндан олинган ҳосилга ва ернинг унумдорлигига қараб белгилашни жорий қилади. Соддароқ айтганда, Темур салтанатида ҳосил пишиб етилмасдан раиятдан молу жиҳот олишни қатъий равишда таъқиқлаб қўйиш ҳам амал қилганки, солиққа тортишнинг бундай адолатли тамойиллари ҳам жаҳон давлатларининг кўпчилигида ҳали маълум эмас эди: “Амр қилдимки, ҳосил пишиб етилмасдан бурун раиятдан молу жиҳот олинмасин. Ҳосил етилишига қараб, солиқни учга бўлиб олсинлар”[3].
Эътибор беринг, юқорида баён этилган қоида ўта муҳим. Негаки, Буюк Темур ҳали даромад манбаи бўлмасдан солиқ олиш мумкин эмаслигини қатъий ман этяпти. 14-асрда солиқ сиёсатини бу қадар чуқур ва нозиқ тушуниш учун давлат раҳбари Буюк ислоҳотчи бўлиши керак эди!
Ҳосил пишиб етса ҳам ҳали солиқнинг ҳаммасини олиш мумкин эмаслиги белгиланяптики, бу қоида солиқчиларни тийиб туришга хизмат қилади. Чунки ҳосил пишди дегани деҳқоннинг чўнтагига дарҳол пул тушишини билдирмайди. Ҳали ҳосилни йиғиш, тозалаш, саралаш ва бозорга олиб чиқиб сотиш керак бўлади. Буларнинг ҳаммасига анчагина вақт сарф бўлади. Ислоҳотчи Темурнинг бундай чуқур ўйланган солиқ сиёсати ҳатто бугун ҳам айрим давлатларда амал қилмаяпти...
Ташландиқ ёки янги ерларни ўзлаштирган шахсларга солиқдан катта имтиёзлар берилган. “ Яна амр этдимки, - дейилади “Темур тузукларида”, - кимки бирон саҳрони обод қилса ёки кориз (ер остидан қурилган ариқ) қурса, ё бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нарса олмасинлар, иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили (эса олиқ – солиқ) қонун-қоидага мувофиқ хирож йиғсинлар”[4].
Ахир бундай фикрлар адолатли солиқ сиёсатининг асосини ташкил қилмайдими?! У ўз ихтиёридаги мамлакатларда солиққа тортиш, унинг миқдори ва тўғри йиғиб олиш жараёнини қатъий тартибга солган. Яъни солиқ сиёсатини ташкил этиш бўйича “Темур тузуклари” китобида яратган назариясини амалиётга ҳам ўзи жорий этган.
Демак, Буюк Темурни жаҳон давлатчилиги тарихида солиқ сиёсатининг асосчиларидан бири, дейишга барча асослар борлиги кўриниб турибди. Унинг солиқ сиёсатини ташкил этиш бўйича билдирган ғоялари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Солиқ сиёсати назариясини яратган, деб ҳисобланадиган ғарблик олимлар ҳам шу тахлит ғояларни Темур бобомиздан 3-4 аср кейин бошқача шакл ва сўзлар билан ифодалашганликларини тушуниш учун уларнинг асарларини бир бор қиёслаб чиқиш етарли...
Эътибор беринг: Буюк Темур 1370 – 1405 йилларда ҳукмронлик қилган. Демак, айтиш мумкинки, “Темур тузуклари” шу даврда ёзилган. 1402 йили Анқара ёнида турк султони Йилдирим Боязид устидан ғалаба қозонгандан кейин Темурнинг номи бутун Европага машҳур бўлиб кетади. Бунинг сабаби шундаки, шу жангдан олдинроқ Боязид Европа қиролларининг бирлашган қўшинини тор-мор қилган ва энди у атрофда унга тенг кела оладиган ҳарбий куч қолмаганди. Шу боис Европа давлатларининг қироллари ва аҳолиси Темурни “Европа халоскори” деб атаб, унинг ҳаёти ва фаолиятига қизиқиш кескин ошиб кетди.
Европадаги энг йирик ва нуфузли давлатларнинг қироллари Буюк Темур билан яқинлашишга ҳаракат қила бошлашди. Масалан, Англия қироли Генрих IV Темурни улкан ғалабалари билан қутлаб, унга хат йўллади. Карл VI “Буюк ғолиб ва шонли князь Темурга” деб мақтов хати юборди. Генуяликлар бобомизга ёқиш учун Константинополь ёнида Темурнинг байроғини кўтариб қўйишди. Греция ҳукмдори Мануэлъ ҳарбий ёрдам сўради.
Мазкур оламшумул ғалабадан кейин Европанинг қироллари Темур давлатига элчилар жўната бошлашди. Европалик элчилар Темур давлатини синчиклаб ўрганиб, ўз фикр-мулоҳазаларини ёзиб, қиролларига тақдим эта бошлашди. Айримлари эса китоблар ҳам ёзишди. Масалан, Кастилия қироллигининг элчиси Руи Гонсалес де Клавихо 1402-1406 йилларда элчи вазифасида ишлаб, салтанат пойтахти Самарқанд шаҳрида яшади ва 1406 йили ўз юртига қайтиб кетди.
Кастилия қироллигига қайтиб келгандан кейин Клавихо Темурнинг давлатни бошқариш, ҳарбий маҳорати ва ҳаёти ҳақида ўзи кўрган-кечирган воқеалар ҳақида батафсил ҳисобот тайёрлади, “Буюк Тамерлан тарихи” деган ном билан қўлёзма шаклида махсус китоб тайёрлади ва уларни қиролига тақдим этди.
15-асрдан бошлаб, айниқса, Клавихонинг китобидан кейин Европа давлатларида Темур ҳақида, унинг ҳарбий салоҳияти, давлатни идора этиш услуби, жумладан, унинг солиқ сиёсати ҳақида янада кўпроқ асарлар ёзила бошланди. Қатор давлатлар раҳбарлари “Темир тузукла-ри”ни ўз тилларига таржима қилиб, синчиклаб ўргана бошлашди.
Темур шахсига бўлган улкан қизиқиш ҳақида раҳматли академик Бўрибой Аҳмедов қуйидагича шоҳидлик беради: “Тузуки Темурий 15-19-асрларда нафақат олийнасаб кишилар, балки бутун жаҳон илм аҳли ўртасида шуҳрат топди. Асарнинг қўлёзма шаклида ҳам, тошбосма тарзида ҳам жаҳоннинг деярли барча кутубхоналарида борлиги, шунингдек, кўп тилларга – инглиз, француз, рус , урду ва ҳозирги ўзбек тилларига узлуксиз таржима қилиб турилиши бунга исбот – далилдир”[5].
Темурга бағишланган бадиий асарлар ҳам ёзила бошланди. У ҳақда битилган илк бадиий асарлардан бири сифатида 1588 йили инглиз драма-турги Кристофер Марлоу томонидан ёзилган тарихий пьесани мисол сифати-да келтириш мумкин. Буюк бобомиз ҳаёти ва фаолияти ҳақида немис компо-зитори Георг Гендель 1724 йили опера, америкалик Эдгар По 1827 йили шеърий поэма яратишди. Инглиз шарқшунос олими Майор Дэви “Темур тузуклари”нинг Абу Толиб ал-Ҳусайний томонидан форсчага қилинган таржимасини инглиз тилига ўгириб, уни Жозеф Вайт деган олим тайёрлаган форсча матни билан бир муқовада 1783 йилда Оксфордда нашр этди. Айнан ушбу нашр “Темур тузуклари”нинг дунё бўйлаб тарқалишида жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Бу асардан кейин дунё давлатларида Темур ҳақида юзлаб бадиий ва илмий асарлар ёзилди, қатор бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратилди.
Энди жаҳонда солиқ фанининг “оталари” ҳисобланмиш олимлар фаоли-ятига бир бор назар ташлайлик. Бир неча асрдан бери аксарият давлатларда амал қилиб келаётган замонавий солиқ сиёсатининг асосчилари сифатида эътироф этиладиган учта олим бор. Улардан Вильям Петти “Солиқлар ва йиғимлар ҳақидаги рисола”сини 1662 йилда, Адам Смит “Халқлар бойлигининг табиати ва сабаблари тўғрисида тадқиқот”ини 1776 йилда, Давид Рикардо “Сиёсий иқтисод ва солиққа тортиш асослари” асарларини 1817 йилда нашр этишган. Булар солиқ сиёсати асосларини ишлаб чиққан ана шу ўзларининг машҳур илмий ишларини чоп этишган пайтда Буюк Темурни Европа давлатларида аллақачон таниб улгуришганди. Унинг давлатни бошқариш, саркардалик фаолиятлари ҳақида анчагина асарлар ёзилиб бўлган эди.
Буюк давлат арбобининг оламшумул аҳамиятга молик асари “Темур тузуклари” бу даврда, академик Бўрибой Аҳмедов гувоҳлик берганидек, дунёнинг барча йирик тилларига таржима қилинган ва кутубхоналарида сақланаётган эди. Демак, Темур вафоти ва “Темур тузуклари”дан энг камида 262 йил кейин “Солиқлар ва йиғимлар ҳақидаги рисола” ни ёзган Вильям Петти, 371 йил ўтиб “Халқлар бойлигининг табиати ва сабаблари тўғрисида тадқиқот” ини битган Адам Смит ва 412 йил кейин “Сиёсий иқтисод ва солиққа тортиш асослари” ни нашр этган Давид Рикардолар Темурнинг давлатчилик фаолияти ва унинг буюк асари билан таниш бўлганлар, деб ўйлашга етарли асосларимиз бор.
Негаки, Темур даврида китоб ёзиш ўта қийин машғулот эди. Китобни нашр этиш, типография деган тушунчаларни инсон ҳали ўйлаб топмаган. Китобни ҳаттот фақат қўлида кўчириб кўпайтириши мумкин бўлиб, шу боис унинг нусхаси битта-иккита бўларди, холос. Демак, тасаввур қила оламизки, солиқ соҳасида китоб ёзмоқчи бўлган европалик олимнинг шу соҳага оид масалаларни чуқур таҳлил этган “Темур тузуклари”ни ўқиш эҳтимоли жуда катта эди!
Мазкур олимларнинг юқорида номлари зикр этилган асарларида баён этилган энг муҳим хулоса ва фикрлар “Темур тузуклари”га жуда-жуда ҳам ўхшаб кетишлиги фикримизнинг яна бир исботидир. Мазкур асарларни қиёсий таҳлил қилиш шуни кўрсатмоқдаки, Буюк Темур вафотидан 300 – 400 йил ўтгандан кейин Петти, Смит ва Рикардолар “Темур тузуклари” даги солиқ сиёсатига доир фикр-мулоҳазаларни ўз тилларида ва европача баён этиш услубида ёзиб чиқишган.
Эътибор қилинг, солиқ юкининг оптимал бўлиши, унинг миқдори халқни қийнаб қўймаслиги, солиқни фақат яратилган даромаддан олиш кераклиги, тадбиркорликни янги бошлаган ва ҳали даромад олмаган шахсларга имтиёзлар бериш (масалан, ташландиқ ва янги ерларни ўзлаштирган пайтда) каби замонавий солиқ сиёсатининг энг муҳим тамойилларини Темур улардан анча олдин яратиб кетганини юқорида кўрсатиб ўтдим.
Кези келганда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Буюк Темур юртимизни мўғуллар зулмидан озод қилиш ва Амир Ҳусайн билан тахт учун узоқ давом этган курашларида халққа уларга нисбатан адолатли солиқ сиёсатини таклиф этгани ҳам катта ёрдам берганлиги сир эмас.
Лекин собиқ шўролар даврида биз буюк меросимизни билмас эдик, бу гаплар халқдан яширилар эди. Буюк Темур бор-йўғи “ўрта асрларнинг қонхўр подшоларидан бири” эди, холос. Ал-Фарғоний, Имом Бухорий, Ат-Термизий, Марғиноний, Мотуридий каби алломаларимизнинг хизматлари у ёқда турсин, ҳатто номларини ҳам эшитмаган эдик. Мустақиллик шарофати билангина биз уларни танидик ва фаолиятларини ўргана бошладик.
Шу ерда бир лирик чекиниш қилсак. Инсоният тарихини ўзгартира олган, Шарқда Янги Ренессансни бошлаб берган буюк давлат арбоби ва ислоҳотчи Темурдек даҳо бобомизни собиқ шўролар даврида фақат қора бўёқларга бўяб, “қонхўр ҳукмдор” деб руҳимизга сингдириб юборишган бир пайтда ислом оламининг Буюк Уламоси Алихонтўра Соғуний Темур ҳақида тўғри сўз айта олганлар. Соғуний Ҳазратлари уйларида КГБнинг доимий назорати остида яшаб турган ҳолда, тунлари улардан яшириб, 1958 йили “Темур тузуклари”нинг сақланиб қолган қолган форсча вариантини ўзбек тилига мукаммал таржима қилганлар. Бундан ташқари, 1960 йили Буюк Темур ҳақида шеър ёзишга журъат қилганлар.
Мазкур шеър “Темурдек жаҳонда киши ўтмади, Анингдек ўғилни она туғмади” сатрлари билан бошланади. Шўроларнинг барча тарихчилари, жумладан, ўзбек олимлари ҳам, Темурнинг буюк бунёдкорлик ишлари, адолатли шахс бўлганлиги ҳақида бирорта ижобий сўз айтмасдан, уни “ваҳший ва қонхўр подшо бўлган” деб, жар солиб турган паллада Темурнинг аслида “жаҳонда тенги йўқ киши, бундай ўғилни она туғмади” (яъни “оналар бундай ўғилни бошқа туғмади”, маъносида) эканлигини айта олиш улкан жасорат эди!
Лекин тан олиш керакки, 2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва раҳбарлигида аждодларимиз меросини ўрганиш жараёнида янги давр бошланди, улар таълимотини ўрганишга эътибор кескин кучайди. Бу борада Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг фармон ва қарорлари қабул қилинмоқда, амалий ҳаракатлар ва нуфузли тадбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан, Самарқанд шаҳрида 2017 йилнинг 28-30 август кунлари ЮНЕСКО шафелигида “Жаҳон тамаддуни тарихида Марказий Осиё Ренессанси” мавзуида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Мазкур анжуман Марказий Осиёдан етишиб чиққан олим ва мутафаккирларнинг тарихий меросини чуқур тадқиқ этиш ишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Юртимиздан етишиб чиққан ислом олами мутафаккирлари асарларини, уларнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур ўрганиш, дунёнинг барча халқларига ислом динининг ҳақиқий моҳиятини етказиш учун Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди.
2017 йил 24 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”[6]ги қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелда имзо-ланган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”[7] Фармонига мувофиқ Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. Мазкур Фармонда “ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодла-римизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш” диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишларидан бири эканлиги алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатларни ўрганиш, илмий меросни чуқур тадқиқ қилиш ва асраб-авайлашга, диний ва дунёвий билим беришга ихтисослашган етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланиши” белгилаб берилди.
2017 йил февралда мамлакатимиз Президенти мазкур масала соҳасидаги ўта муҳим ҳужжатга қўл қўйди[8], унга мувофиқ Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази ташкил этилди. 2017 йилда бу борада яна бир ўта улкан қадам ташланди. Яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ[9] Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди. Аждодларимиз қолдирган буюк меросни тизимли асосда чуқур тадқиқ этиш, улар асарлари ва фаолиятининг тарихий ва замонавий цивилизация тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини очиб бериш мазкур марказлар фаолиятининг энг муҳим йўналишлари сифатида белгиланди.
Янги Ўзбекистонда бундай саъй-ҳаракатлар тобора кенг миқёсда амалга оширилмоқда. Биргина 2020 йилнинг ўзида бир нечта шундай тадбирлар ўтказилди. Жумладан, 2020 йил 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди. 2020 йил апрель ойида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Малайзия исломни англаш институти олимлари иштирокида видеоанжуман ташкил этилди. 28-29 май кунлари “Бухоронинг Ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси ва ундаги ўрни” мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Июнь ойида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар иштирокида Бухородаги Етти пир авлиёлари илмий меросини ўрганиш бўйича “Маърифат ва ибрат тимсоллари” мавзуида онлайн анжуман бўлиб ўтди. Шу йилнинг ўзида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва IRCICA ташкилоти билан ҳамкорликда “Термизнинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрни” мавзуида халқаро онлайн анжуман ўтказилди.
Йил давомида аждодларимизнинг меросини ўрганиш бўйича ўнлаб тадбирлар ўтказиш анъанага айланди. Шундай анжуманларнинг бири 2024 йилнинг 3-4 июль кунлари Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази томонидан ўтказилган “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” мавзуидаги форум бўлди.
2025 йилнинг 10 январь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Шарқ алломаларининг ислом цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда мамлакатимиз ва нуфузли хорижлик олимларнинг аждодларимиз меросини ўрганиш борасида амалга ошираётган тадқиқотлари муҳокама қилинди.
Мухтасар айтганда, аждодларимиз меросини ўрганиш борасида Янги Ўзбекистонда жуда катта тадбирлар амалга оширилмоқда. Лекин мазкур жараённинг алоҳида эътибор талаб қиладиган жиҳатлари ҳам бор.
Масалан, бу мақолада фикр юритилган жаҳон солиқ сиёсати тамойилларини ишлаб чиқишда алоҳида хизмат қилган шахсларнинг хизматларини тўғри баҳолаш лозимлиги шундай масалалар жумласига киради.
Бу билан солиқлар ҳақидаги фаннинг таркиб топишида ғарблик олим ва мутафаккирларнинг хизматларини инкор этиш ниятим йўқ. Лекин ҳамма гап шундаки, солиқларнинг алоҳида фан ва соҳа сифатида шаклланиши жараёнида ўз замонасининг энг илғор ва адолатли солиқ сиёсатини яратган, уни амалиётга жорий этган Буюк Темурнинг улкан ҳиссаси бор эканлигини эътироф этишнинг аллақачон вақти етиб келди. Қолаверса, унинг солиқ соҳасидаги таълимотидан наинки шарқ, балки ғарб давлатлари ҳам асрлар давомида фойдаланиб келишди.
Мазкур муаммони ижобий ҳал қилиш учун иқтисодчи ва тарихчи олимлар томонидан Буюк Темурнинг давлатни ташкил этиш ва унинг иқтисодиётини бошқариш таълимоти, “Темур тузуклари” асари, солиқчилик соҳасидаги фармонлари ва бу борадаги амалий фаолиятини синчиклаб ўрганиш талаб этилади. Шу йўл билан буюк давлат арбоби Темурнинг 14-асрда жаҳон солиқ сиёсатининг асосий тамойилларини ишлаб чиққанлиги ва улар ҳамон амал қилиб келаётганлигини, яъни Буюк ислоҳотчи бобомизнинг жаҳон солиқ сиёсати асосчиларидан бири эканлигини эътироф этиб, тарихий адолатни тиклаган бўламиз!
Лекин Темурнинг жаҳон тарихига таъсири ва давлатчилик фаолияти шу даражада улкан ва кенг қамровлики, турли илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртларида бир-биридан алоҳида, ҳар бирлари ўз ҳолларича ишлаётган темуршуносларнинг саъй-ҳаракатлари уни ўрганиш учун етмаяпти.
Бунинг учун “Буюк Темур ва темурийлар тарихи” номли махсус халқаро илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Мазкур институт ”Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди”, “Темурийлар давлат музейи” билан биргаликда Темур ва унинг авлодларининг буюк меросини ўрганиш бўйича ягона мажмуани ташкил қилиши керак.
Темур ва темурийларнинг инсоният тамаддунига қўшган ҳиссасини шу кунга қадар етарли ўрганмадик. Улар шахсига ва улкан бунёдкорлик фаолиятига доир маълумотларнинг катта қисми турли давлатларнинг кутубхоналарида, музейларида сақланмоқда. Биз буюк бобокалонимизнинг ҳаёти, амалга оширган ишларининг кўламини ҳали ҳаққоний баҳолай олганимиз йўқ. Ҳақиқат билан ривояту-чўпчакларни аралаштириб талқин қилган китобларни ёзиб, оммавий тиражларда нашр этиб ётибмиз.
Биз, ўзбеклар, бахтли халқмиз! Чунки бизга Парвардигор дунёнинг кам сонли халқларига насиб қилган даражада жуда кўп буюк шахсларни ато этган. Имом Бухорий, Термизийлар, Мотуридий, Хоразмий, Беруний, Фарғоний, Марғиноний, Ибн Сино, Навоий, Буюк Темур, Бобур, Сомоний, Алихонтўра Соғуний, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф каби юзлаб буюк аждодларимиз бор.
Бундан ташқари, жаҳонни ларзага солган улкан салтанатларимиз, Самарқанд, Бухоро, Хива каби жаҳон шаҳарсозлиги ва архитектурасининг гултожларига айланган шаҳарларимиз мавжуд.
Ана шу буюк аждодларимиз, салтанатларимиз, шаҳарларимиздан биттагинаси ўзбекдан бошқа қайсидир бир халққа насиб этганида, у шахс, давлат ёки шаҳар ўша халқнинг энг буюк тимсолига айланган бўлар эди.
Шу боис бизнинг бебаҳо тарихимизга “шерик” бўлишни хоҳлайдиган миллатлар кўп. Улар бир қатор буюк аждодларимизни аллақачон “ўзлариники” қилиб улгуришди ҳам.
Буюк Темурга нисбатан ҳам ана шундай қарашлар қатор миллатларда бор. Улар буюк бобокалонимизни ўрганишмоқда, китоблар, мақолалар ёзишмоқда, суратларини ўз миллатлари қиёфаларига ўхшатиб чизишмоқда.
Хуллас, Парвардигорнинг бизга буюк шахсларни ато этгани – улкан неъмат! Лекин бу бебаҳо бойликни авайлаб-асраб сақлаш, қадрига етиш, аждодларимиз яратган буюк меросни жуда чуқур ўрганишимиз аллақачон давр талабига айланиб улгурди!
Одил Олимжонов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар
маркази бош илмий ходими,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор
"Ishonch" газетаси, 2025 йил 8 апрель, № 44 (5108)
[1] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 1 октябрда бўлиб ўтган Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи. http://uza.uz/posts/3452.
[2] Темур тузуклари / Таҳрир ҳайъати: Б. Абдуҳалимов ва бошқ., Форсча матндан А. Соғуний ва Ҳ. Кароматов тарж., - Тошкент: . “Qzbekiston”, 2019. 143– бет.
[3] Темур тузуклари / Таҳрир ҳайъати: Б. Абдуҳалимов ва бошқ., Форсча матндан А. Соғуний ва Ҳ. Кароматов тарж., - Тошкент: . “Qzbekiston”, 2019. 144– бет.
[4] Темур тузуклари / Таҳрир ҳайъати: Б. Абдуҳалимов ва бошқ., Форсча матндан А. Соғуний ва Ҳ. Кароматов тарж., - Тошкент: . “Qzbekiston”, 2019. 145– бет.
[5]“Темур тузуклари” / Форсчадан А. Соғуний ва Ҳ.Кароматов тарж., Б.Аҳмедов . таҳр. остида, - Т. Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашр., 1996. 4-5- бетлар.
[6]Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майда имзоланган “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори.
[7]Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомил-лаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги[7] 2018 йил 16 апрелда имзоланган ПФ-5416-сонли Фармони.
[8] Ўзбекистон Республикаси Президентининг еспубликаси 2017 йил 14 февралда имзоланган “Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2774-сонли Қарори.
[9] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июнда имзоланган “Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3080-сонли қарори.
Изоҳ қолдириш