Андижон вилоят ҳокимининг йил сарҳисоби ва янги йилда амалга ошириладиган ишлар бўйича аҳолига мурожаати

Андижон вилоят ҳокимининг йил сарҳисоби ва янги йилда амалга ошириладиган ишлар бўйича аҳолига мурожаати

2021 йил 20 декабрь куни Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида Андижон вилоят ҳокими андижонликларга мурожаат қилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Наманган вилоят филиали томонидан вилоят ҳокимининг мурожаати лингвистик контент-таҳлил қилинди. Тасвирий ифодаловчи сўзлардан фойдаланиб вилоятда 2022 йилда асосий эътибор қаратиладиган соҳаларни кўришимиз мумкин.

Вилоят ҳокими ўз нутқида жами 11 144 сўздан фойдаланган. Энг кўп “Андижон” сўзини – 46 марта, “Аҳоли” сўзини – 40 марта, “Саноат” сўзини – 25 марта, “Ривожлантириш” сўзини - 20 марта ва “Таълим” сўзини 18 марта қўллаган. Бундан ташқари, “Инвестиция”, “Тадбиркорлик”, “Ёшлар”, “Экспорт” сўзлари ҳам кўп такрорланган.

Мурожаатда асосий эътибор 2021 йил давомида эришилган иқтисодий ўсиш суръатлари, амалга оширилган инвестицион лойиҳалар ва “Обод қишлоқ” дастурининг ижросига ҳамда 2022 йилда вилоятда амалга ошириладиган бунёдкорлик ишларига қаратилган.

Жумладан, 2021 йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 2 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 16 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 3,4 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 4 фоизга ва жами хизматлар ҳажми 22 фоиз ўсиши кутилмоқда.

Вилоят аҳолиси жон бошига даромадлар ҳажми 11,8 млн. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 110 фоизга тенг бўлиши кутилмоқда.

2021 йилда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида қарийб 142 минг нафар кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар учун маҳаллий бюджетдан 480 млрд. сўм ажратилди.

Инвестиция дастурлари доирасида қиймати 7,6 трлн. сўмлик, 680 та лойиҳалар ишга туширилиб, 39 мингта янги иш ўринлари яратилди. Ўтган 11 ой давомида жами 241 млн. доллар хорижий инвестициялар ҳамда хорижий кредит маблағлари жалб этилди. 2021 йилда 597 млн. долларлик экспорт амалга оширилди ва ташқи савдога йўналтириладиган маҳсулотлар тури 34 тага етди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 240 млрд.сўмдан ортиқ маблағлар ўзлаштирилиши ҳисобига 5 мингга яқин якка тартибдаги уй-жойлар таъмирланди, 113 та савдо мажмуалари ташкил этилди, 827 км. йўл, 354 км ичимлик суви, 1147 км электр тармоқлари, 9,9 км табиий газ тармоқлари, 277 км. ирригация, 37 та ижтимоий соҳа объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жами 31 та қишлоқ (маҳалла)да қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.

Ижтимоий инфратузилмани яхшилаш доирасида 27 та мактаб, 13 та мактабгача таълим ташкилоти, 7 та соғлиқни сақлаш муассасаси каби объектларни қуриш ва таъмирлаш ишлари бажарилди.

Мактабгача таълимни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида, жорий йилда 6 та давлат, 13 та давлат-хусусий шерикчилик асосида йирик ва 1 132 та оилавий мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилиб, қўшимча 44 минг нафар мактабгача таълим ёшидаги болалар қўшимча қамраб олинди. Мактабгача таълимга қамров даражаси йил бошидаги 61,3 фоиздан 75,1 фоизга етказилди.

Халқ таълими тизими олиб борилган ислоҳотлар натижасида, жорий йилда битирувчиларнинг 26 фоизи ёки 9,5 минг нафари олий ўқув юртларига ўқишга кирди.

Вилоятда олий таълим муассасалари сони 8 тага етказилди. Уларга 50 мингга яқин талабалар қамраб олинмоқда. 2021 йилда Андижон давлат университетининг Педагогика институти ҳамда Польша давлатининг Варшава университети филиали фаолиятини бошлади.

IT-Park томонидан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида 16 та рақамли мактаб лойиҳаси ишга туширилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳалар доирасида ихтисослашган тиббиёт марказлари учун 3 млн. долларлик замонавий тиббий асбоб-ускуналар олиб келинди.

Соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилиш мақсадида 71 млрд.сўм эвазига 50 км узунликда “Саломатлик йўлаклари” ҳамда 49 км узунликда “Велосипед йўлакчалари” ва 856 та “Workout’ майдончалари ташкил этилди.

Туризмни ривожлантириш мақсадида жорий йил давомида 2 та меҳмонхона, 3 та хостел ва 26 та меҳмон уйлари ташкил этилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида тахминан 79 минг гектар майдонда пахта етиштирилиб, 280 минг тонна ҳосил йиғиштириб олинди. Жами 40 минг гектар майдонда сув тежовчи, шу жумладан, 23 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинди, 16,4 минг гектарда лазерли текислаш ишлари бажарилди.

Чорвачиликни ривожлантириш мақсадида умумий қиймати 371 млрд. сўмлик 192 та чорвачилик лойиҳалари ишга туширилди.

Жами 86 гектар майдонда балиқ ҳовузлари ташкил қилиниб, интенсив усулда балиқ парваришлаш йўлга қўйилди.

2022 йилдаги асосий вазифалар Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 6 ноябрдаги лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттирамиз” нутқида белгиланган “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси”нининг асосий устувор йўналишларидан келиб чиқиб белгиланди.

Хусусан, 2022 йилда вилоятда:

- ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича вилоятдаги 138 мингдан зиёд ишсизлар, 205 минг нафар хориждан қайтиши кутилаётганлар ва меҳнат бозорига кириб келадиган 51,6 мингга яқин ёшлар бандлигини таъминлаш учун 191 мингта доимий ва мавсумий янги иш ўринлари ташкил этилади;

- пахта экинидан қисқартирилган 4,5 минг гектар ер майдонларини аҳолига 10 сотихдан ажратиб бериш ҳисобига 45 минг нафар янги иш ўринлари яратилади.

- маҳаллий саноатни ривожлантириш ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 10,8 трлн. сўмлик 492 та, жумладан, саноатда 296 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 129 та ва қишлоқ хўжалигида 67 та лойиҳа амалга оширилади. Мазкур инвестиция лойиҳалари ишга туширилиши натижасида 44 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилади;

- кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида тижорат банклари томонидан жами 4,6 трлн. сўм, шундан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 855 млрд.сўм миқдорида бўлган имтиёзли банк кредити маблағлари ажратилади.

- қишлоқ хўжалиги ва томорқаларни ривожлантириш бўйича барча куч ва имкониятлар ишга солинади. Вилоятда томорқаси бор хонадонларга 100 бош парранда, 20 бош қуён, 5-6 бош қўй-эчки, 5-10 бошдан курка ва 5 тадан асалари уяси тарқатилади.

- 2022 йилда жами 680,8 млн.доллар, шундан, 573 млн.доллар саноат ва 107 млн.доллар мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишга йўналтирилади;

- ирригация ва мелиорация тадбирларига жами 60 млрд. сўм маблағ ажратилади, вилоят бўйича жами 113 млн. куб метр сув тежалади, 30 минг гектар экин майдонларининг сув таъминоти, 23 минг гектар суғориладиган майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади;

- хизматлар соҳасини ривожлантириш дастури доирасида туризм соҳасини ривожлантириш масадида 57 та меҳмонхона ташкил этилади. Жами 85 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатиш орқали хизмат кўрсатиш ҳажми 1,5 баробарга оширилади.

- аҳолининг уй-жой ва яшаш шароитларини яхшилаш устувор вазифалардан бири бўлади. 2022 йилда 161 та 4374 хонадонга мўлжалланган уй-жой қурилади;

- 32 та қишлоқ(маҳалла)да 633 млрд. сўмлик “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари амалга оширилади;

- ҳудудларда бирламчи тиббий ёрдам хизмати сифатини яхшилаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш доирасида тиббиёт муассасаларида 85 та алоҳида ҳамширалик қабул пунктлари ва 100 та хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилади. Андижон давлат тиббиёт институти ва унинг клиникаси 350 турдаги операцияларни ўтказадиган “тиббиёт маркази”га айланади;

- мактабгача ва мактаб таълим тизимини ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўрилади. Мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 82 фоизга етказиш мақсадида 18 та давлат, 14 та давлат-хусусий шериклик, 306 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилади. Вилоятда жами 12 та математика ва физика, кимё ва биология фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади;

- вилоятда келгусида 4 та олий таълим муассасалари ташкил этилади. Андижон чет тиллари институти, Само кластер инновацион технологиялар институти, Ҳиндистон давлатининг Глокал унивeрситeти ҳамда IT технологиялар университети, шулар жумласидандир.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар