«Арал»ликлар учун 3 қаватли мактаб қуриб берилди

«Арал»ликлар учун 3 қаватли мактаб қуриб берилди

Президент Халқ қабулхоналари ва сектор раҳбарлари томонидан карантин кунларида ҳам аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, энг кичик масаладан тортиб, ҳудудлар ободлиги, одамларнинг фаровон ҳаёти учун хизмат қиладиган катта муаммоларгача ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда. Шу вақтгача мурожаатлар онлайн тарзда қабул қилинган бўлса, эндиликда Қашқадарё вилояти коронавирусдан холи, яъни «яшил ҳудуд»га киргани боис яна ишлар ҳар доимгидек йўлга қўйилди.

Карантин талабларига қатъий риоя қилиниб, тиббий ниқобларда, оралиқ масофаларга эътибор қаратилган ҳолда фуқароларнинг муаммолари тингланяпти. Мурожаатлар қабул қилиниб, уларнинг ечими бўйича чора тадбирлар кўриляпти. Жорий йилнинг шу давригача Қашқадарё вилоятидаги Президент Халқ қабулхонасига 5 минг 693 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 4 минг 349 таси қаноатлантирилган.

Аниқ мисолларга мурожаат қилсак, Қарши шаҳридаги «Арал» маҳалласида 2 мингдан ошиқ аҳоли яшайди. Аммо ҳудудда умумтаълим мактаби йўқлиги сабабли ўқувчилар 2-3 км йўл босиб, қўшни маҳаллалардаги мактабларга қатнаб ўқишга мажбур бўлишган. Аҳоли маҳаллаларида мактаб учун ажратилган ер борлиги, аммо қурилиши бир неча йиллардан буён амалга ошмай келаётганини айтиб, шикоят аризаси билан чиқишган. Мурожаатлардан сўнг мактаб инвестиция дастурига киритилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Дастурга асосан 3 қаватли, 630 ўринли замонавий билим даргоҳи қад ростлади. Ушбу янги мактабда ўқувчиларнинг бекаму кўст билим олишлари учун барча шарт шароит ва қулайликлар яратилмоқда.

Қарши шаҳридаги «Гунгон», «Ғафур Ғулом», «Кат» маҳаллалари аҳолисининг ҳам бир неча йиллик муаммолари ҳал этилмоқда. Ушбу маҳаллаларни кесиб ўтувчи «Алишер Навоий», «Насаф»кўчалари таъмирталаб аҳволга келиб қолганлиги транспорт қатнови ва йўловчиларнинг ўтиб қайтиши учун қийинчилик туғдираётганидан ташқари ёзда атрофга тарқаладиган чанг тўзон, қишда ҳосил бўладиган кўлмак ва лой атроф муҳитга ҳам зарар етказаётгани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Ва ниҳоят бу муаммо ҳам ўз ечимини топди.

«Навоий» ва «Насаф» кўчаларини таъмирлаш учун республика бюджетидан 16 миллиард 150 миллион сўм маблағ ажратилди. Айни пайтда йўл корхоналари томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Тор, ўнқир-чўнқир кўчалар 4 тасмали, кенг ва равон йўлга айланяпти. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида йўлни икки томонида пиёдалар йўлакчалари қурилиб, сув қочириш лотоклари барпо этиляпти. Ёритиш тармоқлари янгиланяпти. Тупроқ, иқлим шароитидан келиб чиқиб, турли манзарали дарахт кўчатлари экиш ишлари амалга ошириляпти. Йўл қурилиши муносабати билан 700 дан ортиқ ишсиз ёшлар ишга қабул қилинди.

Албатта, аҳолини, айниқса ёшларни иш билан таъминлаш,оилаларнинг даромадини ошириш энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Бу борада фойдаланилмай келинаётган ерларни ўзлаштириш ҳисобига иш ўринларининг яратилаётгани ҳар томонлама самарали бўлмоқда. Вилоятда маҳаллий ҳокимиятларнинг кўмаги ва тадбиркорларнинг ташаббуси билан23 та ишлаб чиқариш кооперациялари ташкил этилди. Уларга 732 нафар иш билан банд бўлмаган фуқаролар ва ёшлар бириктирилди. Бандликка кўмаклашиш марказининг жамғармаси ҳисобидан кооперация аъзолари учун 2 миллиард 566 миллион сўм миқдорида субсидиялар ажратилди. Қир адирлик ва лалми ерлар ўзлаштирилиб, 1 минг 365 гектар янги ерлар очилди. Бундан ташқари самарасизлиги туфайли фойдаланишдан чиқарилган 659 гектар ер қайтадан экин майдонларига айлантирилди. Янги очилган ерларда суғориш тармоқларини йўлга қўйиш учун 22 та артезиан қудуқлар қазилиб, оби ҳаёт чиқарилди, 19 та сув насослари янгидан ўрнатилди, 15 км лотоклар қурилди, 16 км лик канал ва ариқлар тозаланди.

«Ҳар бир ёшга бир гектар» лойиҳаси доирасида Қарши туманидаги«Хонобод»массивида қаровсиз,фойдаланилмай турган 93 гектар ер майдони 132 нафар йигит қизга имкониятига қараб, 50 сотих ва 1 гектардан бўлиб берилди. Сув чиқиши қийин бўлган майдон текисланиб, шудгор қилинди. Ҳудуддаги яроқсиз аҳволга келиб қолган трансформатор таъмирланди. Сув йўллари очилиб,3 та артезиан қудуғи ўрнатиб берилди. Натижада қақраб ётган замин оби ҳаётдан баҳра олди. Шоҳрух Бобошарипов ва Дилноза Салимова ёш оилалардан бири. Бугун улар бир гектар ернинг эгаси. Дастлаб эккан 400 туп олма кўчатлари бугун баравар ривожланяпти. Улар ҳосилга киргунига қадар ердан самарали фойдаланиш ва даромад кўриш учун иҳоллар орасига помидор, пиёз сингари полиз экинлари экиб, парвариш қилишяпти.

Имкониятлар ҳисобга олиниб, ушбу ҳудудда яна 500 гектар ер ўзлаштирилиб,500 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага ва ёшларга бўлиб берилиши режалаштириляпти.

Вилоят Халқ қабулхонасининг ёрдами билан яна бир тадбиркорнинг нияти ушалди. «Отчопар» маҳалласида истиқомат қилувчи Шуҳрат Одиловга ҳам«Хонобод» массивидан 5 гектар ер ажратиб берилди. Йиллар давомида фойдаланилмай келинган, янтоқзорга айланган ер бугун обод манзилга айланди. Яхши ниятлар билан ерга қадалган узум кўчатлари бугун барг чиқарди. Қатор ораларига бодринг, помидор, булғор қалампири экилди. Экинларни томчилатиб суғориш йўлга қўйилди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар