Халқ қабулхоналари: қарийб 54 минг аҳоли муаммоси ҳал бўлди

Халқ қабулхоналари: қарийб 54 минг аҳоли муаммоси ҳал бўлди

Бу жараёнда пойтахт аҳолисидан уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, йўл қурилиши, тадбиркорлик каби соҳалар бўйича келиб тушаётган мурожаатларни ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айтайлик, Олмазор тумани “Чилтўғон” маҳалласида яшовчи Нигина Аҳмедова Уста олим кўчасида автомобиллар серқатновлиги оқибатида аҳолига ноқулайлик туғилаётгани, йўл-транспорт ҳодисалари юз бераётгани айтилиб, ҳудудда режалаштирилган йўл усти пиёдалар кўприги қурилишини тезроқ бошлаб, битириб беришда амалий ёрдам сўралган. Шу мазмундаги мурожаатлар тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ишчи гуруҳ тузилган ҳолда ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар натижасида тегишли дастурларга таклиф киритилиб, 2022 йил июлдан мазкур йўл усти кўпригини бунёд этиш ишлари бошланди. Айни пайтда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги қадимий манзилларидан бири “Кўкча” маҳалласи 7-Қўрғонча кўчасида эса шу пайтгача оқава сув тармоғи йўқ эди. Аҳолининг пойтахтимиздаги оммавий қабуллардаги мурожаатидан сўнг бу борадаги ишлаб чиқилган “йўл харитаси”га асосан бугун мазкур кўчада 850 погонометр оқава сув тармоғи тортиляпти, 2 та оқава сув ҳайдаш насоси ўрнатилади. Бу билан 67 та хонадоннинг 60 йиллик масаласи ниҳоят барҳам топяпти.

Сергели туманидаги Нўғайқўрғон маҳалласи Саъдий кўчаси аҳолисидан келиб тушган мурожаатларда эса электр тармоқларидаги муаммоларга ечим топиш кун тартибига қўйилган эди. Аҳоли сони, ишлаб чиқариш қувватлари ошган бўлса-да, трансформатор алмаштирилмагани тез-тез узилишларга сабаб бўлар, бу эса, табиийки, одамларнинг хунобини оширарди. Бу борадаги мурожаатлар жойига чиқиб ўрганилгач, чиндан ҳам Нўғайқўрғон ва Қубайтепа маҳаллаларини электр энергияси билан таъминловчи трансформатор зўриқиб ишлаётгани аниқланди. Ва дастур асосида айни пайтда 400 киловольт-ампер ўрнига қуввати 630 киловольт-амперли янги трансформатор ўрнатилмоқда.

Мавзуни Сергели тумани Қўйлиқ 6 массивидаги 15-уй мисолида давом эттирсак, 1970-йилларда қурилган бу уйда 200 га яқин аҳолига хизмат кўрсатадиган лифт ҳам аллақачон муддатини ўтаб бўлган, унинг носозлиги боис юқори қаватдаги нуронийлар ҳаво олиш учун ойда бир кўчага чиқишга ҳам мажбур бўлаётганди. Шу уйда яшовчи Хуршида Товбоева ва бошқаларнинг мурожаатлари асосида бу масала ҳам манзилли дастурга киритилгач, мазкур уйда ҳам анча вақтдан бери кутилган янги лифт ўрнатиш ишлари бошланди.

Шайхонтоҳур тумани “Қоратош” маҳалласидаги 104-, Чилонзор тумани 16-мавзедаги 16-уйлар яшовчи аҳолини ҳам айни шу масала анчадан бери безовта қилаётган эди. Мурожаатлардан сўнг бу уйлардаги фойдаланилаётганига 30 йилдан ошган, белгиланган муддатидан ҳам 5 йилдан зиёд вақт хизмат қилган эски лифтлар ҳам айни кунларда янгиланмоқда.

Олмазор тумани Норозтепа кўчасидаги 1-уйда 1980 йилларда ўрнатилган лифтлар ҳам бирин-кетин янгисига алмаштирилгач, 81-хонадоннинг мушкули осон бўлди.

Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналарининг ҳам маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари-ю хотин-қизлар фаоллари билан уйғун фаолият олиб бораётгани, уларнинг бошини бирлаштираётгани маҳаллалардаги кўплаб тизимли муаммоларга ечим топиш имконини бермоқда. Дейлик, Ўзбекистон бадиий академияси академиги, Ўзбекистон санъат арбоби, профессор Саъдулла Абдуллаев кўп йиллар Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида меҳнат қилган. Саъдулла аканинг қизи Фотима ҳам ота касбини танлади, тез орада санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертациясини ҳимоя қилади. Ёш истеъдод эгаси учун эса амалиёт ниҳоятда зарур эди. Фотима Абдуллаева айни шу масаладаги мурожаати сектор ва маҳалла масъуллари билан бирга кўриб чиқилгач, унга “Камолон” маҳалласидаги 34-мактабнинг бўш турган ертўласида дизайнерлик йўналишида ўқув курси ташкил қилишда амалий ёрдам кўрсатилди. Ертўладан жой ажратилиб, хоналар таъмирланди, 33 млн. сўмлик имтиёзли кредит эвазига зарур жиҳозлар олинди. Натижада бугун ўнлаб оилалар фарзандлари бу ерда дизайнерлик сир-асрорини ўрганмоқда.

Ёғоч ўймакорлиги ҳадисини олган ёш ҳунарманд Жамшид Ғуломовнинг ҳам шу мазмундаги мурожаатидан сўнг унга ҳам “Камолон” маҳалласидаги 84-мактабнинг бўш турган ертўласидан жой ажратилди. Бу ерда мўъжаз устахона ва тўгарак ташкил қилган ёш ҳунарманд ўнлаб ёшларга ёғоч ўймакорлигидан сабоқ бермоқда.

Асли тиббиёт ходими бўлган Маъмура Муҳримовага ҳам шу ерда жисмоний тарбия курсини ташкил этишда кўмаклашилди. Бугун Маъмура опа жисмоний ривожланиши нисбатан паст бўлган 20 дан ортиқ болалар билан машғулотлар олиб бормоқда.

Ҳар бир киши оғир вазиятга тушар экан, биринчи навбатда, давлатдан ёрдам кутади. Кутилган кўмак қўли чўзилганда эса инсон шу жамиятда ўз ўрни, ўз қадри борлигини англайди. Ота-онасидан эрта ажраб, бувисининг қўлида улғайган олмазорлик Абдуғаффор Ибодов ҳам паррандачиликка қизиқди, шу йўналишдаги фабрикаларда ишлаб, тажриба орттирди. Сўнг ўз бизнесини йўлга қўйишни мақсад қилди. Туман секторлари раҳбарларининг сайёр қабулида Абдуғаффорнинг ҳам декоратив жўжаларни кўпайтиришга оид бизнес-лойиҳаси маъқулланди. 20 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Бу пулга инкубатор ва товуқ қафаслари харид қилган йигитча жўжа парваришлашга киришиб кетди, ўз даромад манбаига эга бўлди, тадбиркор бўлди.

Ҳа, мурожаатларидан сўнг ҳаётида реал ўзгаришлар бўлаётган бу каби кўплаб тақдирларни бир жиҳат – давлат қўлловига таянч, эртанги кунга ишонч ва албатта фаровон ҳаётга интилиш якдиллиги бирлаштириб турибди. “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” ғояси амалда қарор топаётганини, халқ билан мулоқот институти энг қуйи бўғинларгача кириб бориб амалий ўзгаришлар-у янгиланишга асос бўлаётганини ҳар куни минг-минглар юртдошимиз ўз кундалик ҳаётида кўрмоқда, сезмоқда. Халқимиз давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи уларнинг ўзи эканини ўз турмушида ҳис этмоқда. Реал ҳаётий масалаларнинг амалда ҳал қилиб берилиши эса ҳар бир инсоннинг эртанги кунга, адолат ва ҳақиқат куч-қудратига ишончини янада мустаҳкамлайди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар