Жорий йилда Ўзбекистон очиқ маълумотлар рейтингида (Open Data Inventory) 63 балл йиғиб, қарийб 125 позицияга юқорилади, ҳамда жаҳон бўйича 44-ўринни, Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади. Ягона порталда аксарият хизматлар бепул тақдим қилинишига қарамай, хозирда рўйхатдан ўтган фойдаланучилари сони 362,3 минг кишини ташкил этмоқда, бу эса атига 1,6 фоиз интернет фойдаланувчиларидир. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Бахтиёр Исмаилов ягона порталнинг ҳозирги кундаги асосий муаммоларини ва самарадорлигини ўрганди. Қуйида экспертнинг шу ҳақдаги фикрларини ўқишингиз мумкин.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ва давлат бошқаруви тизимига рақамли технологияларни жорий этиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Давлат хизматларини рақамлаштириш биринчи навбатда самарадорликни оширишга хизмат қилади, шу билан бирга очиқлик ва шаффофликни таъминлайди. Давлат хизматларини электрон шаклга ўзтказилиши, Президентимиз таъкидлаганидек, биздаги энг асосий оғриқли муаммолардан бири – коррупция иллатига барҳам беради.
Электрон Ҳукумат – рақамли технологиялар ёрдамида давлат идоралари самарадорлигини ошириш ва давлат хизматларини онлайн тарзда тақдим қилинишига айтилади. Бироқ, бу тушунча ҳозирда янада кенгайиб бормоқда. Жумладан, электрон ҳукуматнинг марказлашган тизими ёрдамида тўпланган катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишловчи технологияларни жорий этиш орқали янада кўпроқ имкониятлар яратилмоқда.
Мамлакатимизнинг соҳага оид халқаро рейтинг кўрсатгичларига эътибор қаратадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси сўнгги 4 йил ичида электрон ҳукуматни ривожлантириш халқаро рейтингида «Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси»нинг самарадорлик кўрсаткичи (0-1 оралиғида) 0,54 баллдан 0,67 баллга кўтарилди ва ҳозирда 87-ўринни эгалламоқда.
Жорий йилда Ўзбекистон очиқ маълумотлар рейтингида (Open Data Inventory) 63 балл йиғиб, қарийб 125 позицияга юқорилади, ҳамда жаҳон бўйича 44-ўринни, Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади.
Ҳозирги кунда Интернет тармоғида my.gov.uz домени остида Ўзбекистони Респуликаси ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда Ягона портал деб аталади) фаолият кўрсатиб келмоқда. Ягона портал бир дарча тамойили остида яратилган бўлиб, унда рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар 19 йўналишда жами 218 турдаги давлат хизматларидан онлайн тарзда фойдаланиши мумкин. Бунда Ягона портал томонидан тақдим қилинадиган давлат хизматларининг 25 фоизи автоматлаштирилган бўлса, қолган 75 фоизи яримавтоматик тарзда ишламоқда. Жорий йилда энг кўп фойдаланилган хизматларга қўйдагилар киради:
Хизматлар номи | Фоиз |
Ташқи иқтисодий фаолиятга тегишли контракт (шартномалар) маълумотларини Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритиш | 17% |
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига темирйўл транспорт воситаси орқали олиб кирилаётган юк ҳақида маълумот олиш | 16% |
Товарларни электрон декларациялаш | 12% |
Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини автомобил транспортида олиб ўтишда юк ташувчилар томонидан Давлат божхона хизмати органларига олдиндан электрон маълумот тақдим этиш | 10% |
Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатнома олиш | 6% |
Чет эл товарларининг ҳаракатига божхона тўловлари тўланишини таъминлаш ҳақида ҳабарнома бериш | 5% |
Ягона порталда аксарият хизматлар бепул тақдим қилинишига қарамай, хозирда рўйхатдан ўтган фойдаланучилари сони 362,3 минг кишини ташкил этмоқда, бу эса атига 1,6 фоиз интернет фойдаланувчиларидир.
2020 йилда Ўзбекистон Респуликасида жами интернетдан фойдаланувчилар сони 22,5 млн. кишини ташкил этмоқда, шундан 86 фоизи мобил интернет фойдаланувчилар ҳисобланади.
Ягона порталнинг ҳозирги кундаги асосий муаммоларидан бири сифатида шахсларни рақамли идентификация қилиш тизими мураккаблигидадир. Шунингдек, мобил иловаларнинг my.gov.uz домени кўрсатилмаганлиги бу каби хизматларнинг аҳоли орасида оммалашмаслигига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари ҳозирги кунга қадар давлат идораларининг 700 дан ортиқ ахборот тизими мавжуд бўлиб, уларнинг атига 30 фоизи “Электрон ҳукумат” тизимига уланган ва 80 та давлат хизматларини кўрсатувчи идоралардан 27 таси Давлат хизматлари агентлигига интеграция қилинган. Соҳа оид ишларни жадаллик билан амалга оширмасак, Президентимиз таъкидлаганидек ҳар бир кечиккан йилимиз мамлакатимизни 10 йил орқага тортади.
“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифаларга мувофиқ “Электрон ҳукумат” тизимини янада такомиллаштириш мақсадида жами 1,3 трлн. сўмни ташкил қилувчи 104 та лойиҳа, иқтисодиётнинг реал секторига оид жами 5,3 трлн. сўмдан иборат 87 та лойиҳа, телекоммуникация соҳасига оид 15,1 трлн. сўмлик 35 та лойиҳа, аграр соҳага оид 24 та лойиҳа ва IT-паркларга бўйича 18 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланди.
Хусусан, электрон ҳукуматни янада ривожлантиришга оид лойиҳаларнинг ижросини сарҳисоб қиладиган бўлсак, бугунги кунга келиб 104 та лойиҳаларнинг ўртача якунланганлик даражаси 51 фоизни ташкил этади. Шулардан 2020 йил охиригача 30 дан ортиқ лойиҳалар якунланиши кутилмоқда. 2022 йил якунида эса “Электрон ҳукумат”га оид 104 та ахборот тизимларининг барчаси my.gov.uz – ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграция қилинади. Бунда Ягона портал томонидан тақдим қилинадиган электрон давлат хизматлари улуши 60 фоизгача ошади. Бундан ташқари 2021 йил 1 январдан бошлаб ID-карталарнинг жорий қилиниши “Электрон ҳукумат” тизимида рўйхатдан ўтиш ва шахсларни рақамли идентификация қилиш жараёнини ахборот хавфсизлигини таъминлаган ҳолда соддалаштириш имкониятини яратади.
Хулоса ўрнида шу айтишимиз мумкинки, юртимизда электрон ҳукуматни кенг жорий этилиши, аввало, халқимиз манфаатлари учун хизмат қилади. Бу эса юртдошлармизнинг давлатмизга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.
Изоҳ қолдириш