Бахт ва ҳаётдан қониқиш орасидаги фарқ – “Бахтга интилиш дунёдаги барча одамларнинг умумий туйғуси”

Бахт ва ҳаётдан қониқиш орасидаги фарқ – “Бахтга интилиш дунёдаги барча одамларнинг умумий туйғуси”

Инсониятнинг асосий мақсади бахтдир. БМТ Бош Ассамблеясининг 2012 йил 28 июнь куни қабул қилган резолюциясига биноан сайёрамиздаги ҳар бир инсоннинг бахтга интилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили 20 март куни Халқаро бахт куни (International Day of Happiness) нишонланади.

Бутан, Бирлашган Араб Амирликлари, Венесуэла, Эквадор ва Шотландияда Бахт вазирлиги бор. “Бахтга интилиш дунёдаги барча одамларнинг умумий туйғуси” деган фикрни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маъқуллади. Бутан қироллиги таклиф қилган мазкур ғоя БМТ Бош Ассамблеясида халқаро ҳамжамиятга аъзо барча 193 та мамлакат томонидан қўллаб-қувватланди. Шу тариқа A/RES/66/281 рақамли резолюция қабул қилинди. Ҳужжатда барча мамлакатларни ҳар бир одамнинг фаровонлигини яхшилашга чақирилади.

Байрамдан кўзланган асосий мақсад ҳар бир инсон бахтли бўлишга ҳақли эканини кўрсатишдан иборат. Бунинг учун фақат ҳаракат, ҳаракат ва яна ҳаракат зарур. Бахтли бўлиш эса жуда ҳам осондир.

Профессор Шоирахон Нурдиновaнинг тадқиқотларига кўра, бахт(иёрлик) кенг қамровли тушунча бўлиб, позитив психология, социология ва иқтисодиётда турлича талқин қилинади.

Veenhoven (1984) бахтни кишиларнинг ўзининг бутун ҳаётидан мамнунияти, деб тарифлайди. Ed Diener ва бошқалар бахтни субъектив фаровонликнинг таркибий қисми сифатида таърифлайди. Ҳаётдан қониқиш кенгроқ тушунча сифатида таснифланиб, ўз ичига моддий фаровонликни ҳам қамраб олади.

Бахт эса кўпроқ кишиларнинг эмоционал ҳолати билан баҳоланиб, ижобий ҳисларнинг кўплиги билан изоҳланади. Илмий адабиётда бахт, субъектив фаровонлик, ҳаёт сифати каби атамаларнинг бир-бирига синоним сифатида ишлатилиши кузатилади. Лекин статистик маълумот ва сўровномаларда бахт ва ҳаётдан қониқиш орасидаги фарқ кузатилади.

Бахтиёрлик ўлчовлари

Бахтни ўлчаш бўйича илк қарашлар Бентамга тегишли бўлиб, шахснинг изтироб ва қувончлари йиғиндисига асосланган қиймат сифатида ифода этилган.

Замонавий илмий адабиётда бахтни ўлчашда Бахтли Сайёра Индекси, Ялпи Миллий Бахт Индекси, Жаҳон Бахтиёрлик Ҳисоботи Индекси каби бир неча ўлчовлар ишлатилади.

Бутан қироли Жигме Сингйе Ванчук томонидан киритилган Ялпи Миллий Бахтиёрлик концепцияси мамлакатларни таққослашда ялпи миллий маҳсулот эмас, балки ялпи миллий бахтиёрликнинг қийматига асосланади. Aҳоли жон бошига ЯИМ қиймати 750 АҚШ доллари бўлган Бутан бахтиёрлик тадқиқотларида бахтли мамлакат сифатида эътироф этилади. Бутаннинг Ялпи Миллий Бахтиёрлик индекси (ЯМБИ) қуйидаги тўққиз кўрсаткич асосида ҳисобланади: психологик фаровонлик, соғлиқни сақлаш, таълим, вақтдан тўғри фойдаланиш, маданий хилма-хиллик ва барқарорлик, оқилона бошқарув, жамоат ҳаёти, экологик хилма-хиллик ҳамда турмуш даражаси. Бутан учун 2015 йилги ЯМБИ қиймати 0,756га тенг. 2010-2015 йиллар давомида бу қиймат сезиларли даражада ўзгарди: 1,7 фоизга ўсди.

The Happy Planet Index (Бахтли сайёра индекси) барча учун барқарор фаровонликнинг аҳамиятини ўлчовчи индекс ҳисобланади. Жамиятнинг узоқ, бахтли ва барқарор ҳаёт кечириши учун амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот беради. Индекс қуйидаги тўртта элементни бирлаштириб, мамлакат аҳолисининг узоқ ва бахтли ҳаёт кечириш учун мавжуд ресурслардан қанчалик самарали фойдаланаётганлигини намойиш этади:

Фаровонлик: нолдан ўнгача бўлган даражада аҳолининг ҳаётдан қониқиш даражасини аниқлаш учун Гэллап сўровномаси доирасида тўпланган маълумотларга асосланади.

Ўртача умр кўриш давомийлиги: мамлакатда кутилаётган ўртача умр давомийлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотлари асосида шаклланган.

Тенгсизлик: мамлакатдаги ўртача умр кўриш давомийлиги ва фаровонлик тўғрисидаги маълумотларга асосланиб, аҳоли ўртасидаги тенгсизликни ифода этади. Натижалар тенгсизлиги фоизда ифодаланади.

Экологик из: Глобал экологик из тармоғи томонидан тайёрланган маълумотларга асосланиб, мамлакат аҳолисининг атроф-муҳитга ўртача таъсирини кўрсатади.

Индексни ҳисоблашда қуйидаги формуладан фойдаланилади:

1-жадвал. Бахтли Сайёра Индекси, 2016

Ушбу рейтингда биринчи ўринни эгаллаган Коста-Рикада учун ўртача умр кўриш давомийлиги 79.1 йил, фаровонлик 7.3, тенгсизлик 15%, атроф-муҳит омиллари 2.8 эканлиги кузатилган ва шунга мувофиқ индекс 44.7 ҳисобланган. Ўзбекистон учун индекс 29.1 ҳисобланган бўлиб, мазкур рейтингда 140 мамлакат орасида 51-ўринни эгаллаган.

Бахтиёрлик индекси бўйича 2012 йилдан бери БМТ кўмагида эълон қилиб келинаётган яна бир ҳисобот Жаҳон Бахтиёрлик Ҳисоботидир (World Happiness Report 2020). Мазкур ҳисоботда мамлакатларнинг бахтиёрлик даражаси бўйича индекслар асосида рейтинг берилади. Рейтинг тузишда Гэллап сўровномасидан фойдаланилади. Маълумотлар ЯИМнинг аҳоли жон бошига улуши, коррупция даражаси, ижтимоий ёрдам, ўртача ҳаёт давомийлиги, танлов эркинлиги, сахийлик каби категориялар асосида тўпланади.

Ушбу рейтингда илк ўринларни Скандинавия мамлакатлари, сўнгги ўринларда Африка мамлакатлари ва сиёсий нобарқарор Афғонистон эгаллаган. Ўзбекистон мазкур рейтингда 153 мамлакат орасида 38-ўринни эгаллаб, Ўрта Осиё мамлакатлари орасида нисбатан юқорироқ бахтиёрлик индексига эга эканлиги кузатилмоқда (2-жадвал).

Евробарометр тадқиқотлари 1972 йилда ўз тадқиқотларини бошлаган. Мазкур тадқиқот Европа Иттифоқига аъзо давлатларни қамраб олади. Тадқиқот сўровномаси 4 ўлчовли бўлиб, “умуман олганда, ҳаётингиздан қониқасизми?” саволига “жуда мамнунман”, “ўртача мамнунман”, “мамнун эмасман” ва “умуман мамнун эмасман” каби жавоблар шаклида ўлчанади.

Бахт субъектив характерга эга эканлиги боис уни ўлчаш билан боғлиқ қарашлар ўзгариб туради, муҳокамалар давом этади.

Ўзбекистонда Бахтиёрлик Тадқиқотлари

Ўзбекистонда бахтиёрлик иқтисодиёти янги соҳа ҳисоблангани боис эмпирик тадқиқотлар сони нисбатан кам эканлиги кузатилади. Нурдинова & Адачай (2020) бахтиёрлик иқтисодиёти ҳақида қисқа маълумот берган бўлса, Hiwatari (2019) Ўзбекистондаги ишонч ва ҳаётдан қониқиш орасидаги боғлиқликни таҳлил қилган. Жаҳон Бахтиёрлик Ҳисоботининг 2006-2019 йиллари маълумотлари асосида Ўзбекистон учун ҳисоблаган индексда умумий ўсиш суръати кузатилади. 2010 йилда мазкур индекс қиймати 5.09 бўлиб, 2006-2019 йиллар орасидаги энг паст даражани кўрсатади. 2017 йилда индекс 6.42 қиймат билан энг юқори даражани кўрсатади.

1-шакл. Ўзбекистонда бахтиёрлик индекси (2006-2019)

Манба: Жаҳон Бахтиёрлик Ҳисоботи, 2020

Дунё бахтиёрлик маълумотлари базаси Нидерландиядаги Эразмус Университети қошида ташкил этилган илмий тадқиқот институти томонидан юритилади. Мазкур маълумотлар базаси асосчиси Veenhoven ва жамоаси томонидан бахтиёрлик индекси эълон қилиб борилади. Бунда “Бутун ҳаётингизни умумлаштирган ҳолда, сиз бугунги кунда ўз ҳаётингиздан қанчалик қониқасиз ёки қониқмайсиз?” саволига олинган жавоблар асосида индекс ҳисобланади. Жавоб ҳаётдан қониқишни 10 ва 11 ўлчовда ифода этади.

Шунингдек, “Нарвоннинг юқори қисми сиз учун энг яхши ҳаётни, пастки қисми энг ёмон ҳаётни ифода этади. Сиз ҳозирги пайтда ушбу нарвоннинг қаерида турибсиз?” шаклидаги савол-ўлчовлардан фойдаланилади.

2018 йилда Ўзбекистон учун ҳисобланган ўртача бахтиёрлик индекси 6.2 га тенг, бахтли ҳаёт давомийлиги 45,1 йилга тенг.

2-шакл. Ўзбекистонда бахтиёрлик индекси (2002-2018)

Манба: Дунё бахт маълумотлар базаси, 2020

Юқоридаги маълумотлардан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда ўртача бахтиёрлик индекси 2017 йилда нисбатан юқори.

Тадқиқот Методологияси

Ўзбекистонда ҳаётдан қониқиш ва унга таъсир этувчи омиллар орасидаги боғлиқликни таҳлил қилишда “Дунё Қадриятлар Сўровномаси” маълумотларидан фойдаланилди. Бу сўровнома 1981 йилдан бери дунёнинг 120дан ортиқ мамлакатларидан ҳар беш йилда бир марта ўтказилади. Тадқиқотда 2011 йилда тўпланган маълумотлардан фойдаланилди. 1,329 респондентдан тўпланган маълумотлар асосида ўртача бахтиёрлик/ҳаётдан қониқиш даражаси ҳисобланди.

Тадқиқотда ёш, даромад, фарзанд сони, соғлиқ, оилавий аҳволи, жинси, маълумоти, иш билан бандлик ҳолатига кўра ҳаётдан қониқиш/бахт даражаси таҳлил қилинди. Ҳаётдан қониқиш/тартибланган қийматга эга бўлиб, 0-умуман ҳаётдан қониқмаган ва 10-ҳаётдан жуда қониққанлигини ифодалайди. Бахт даражаси эса, умуман олганда ҳаётдан қониқиш ва бахтиёрлик даражаси ҳақидаги сўровномаларда респондентларнинг ўз-ўзини ҳолатини билдириш (self-report) орқали ўлчанади.

3-шакл. Жинсиятга кўра ҳаётдан қониқиш ва бахтиёрликнинг ўртача қиймати

Респондентларнинг ёши тўрт категорияга ажратилди: 15-24 ёш оралиғидагилар, 25-39 ёш оралиғидагилар, 40-54 ёш оралиғидагилар ва 55 ёшдан катталар. Ёш категориясига кўра, ҳаётдан қониқиш ва бахт даражаси таҳлил қилинди. 15-24 ёшлилар энг бахтли ва ўртача ҳаётдан қониқиш даражаси юқори деб топилди. 55 ёшдан катталарнинг ўртача бахтиёрлик даражаси энг паст қийматни кўрсатди. Шунингдек, 40-54 ёшлиларнинг ўртача ҳаётдан қониқиш даражаси 7,67 қиймат билан энг паст кўрсаткични қўрсатди. Илмий адабиётлар ёш ва бахтиёрлик/ҳаётдан қониқиш орасидаги боғлиқликни U шаклида эканлигини исботлаб, ўрта ёшларда инсонларнинг бахт даражасида пасайиш кузатилганлиги кўрсатилган.

Меҳнат бозоридаги иштирокига кўра ҳаётдан қониқиш ва бахтнинг ўртача қиймати солиштирилганда, мавсумий ишда ишлаётган ва вақтинчалик иш билан банд бўлганлар энг бахтсиз категория эканлиги кузатилди. Бу категориянинг доимий даромадга эга эмаслиги, эртанги кун ҳақидаги қайғулари бахтиёрлик даражасига салбий таъсир кўрсатгани орқали изоҳланади. Ҳаётдан қониқиш даражаси 6.0 қиймат билан энг паст кшрсаткичи ҳам мавсумий иш билан банд ва бошқаларга тўғри келади. Тадбиркор ва ўз бизнесига эга бўлган респондентларнинг бахтиёрлик даражаси 3.69 қиймат билан энг юқори эканлиги кўрилди. Тадбиркор ва ўз-ўзини банд қилган респондентларнинг бахтиёрлиги қатъий график асосида ишламаслик, ўзини-ўзи бошқариш ваколати мавжудлиги ва бошқаларга нисбатан эркин меҳнат шароитига эга эканлиги билан изоҳлаш мумкин.

Ҳаётдан қониқиш даражаси энг юқори категория талабалар эканлиги кузатилди.

4-шакл. Меҳнат бозоридаги иштирокига кўра ҳаётдан қониқиш ва бахтиёрликнинг ўртача қиймати

Хулоса ва таклифлар

Ўзбекистон бўйича илмий адабиёт ва халқаро ҳисоботлардаги индекслар таҳлил қилинди. Индекслар бўйича мамлакатлар рейтинги бир-биридан фарқ қилиши кузатилди. Хусусан, Жаҳон бахтиёрлик ҳисоботига кўра 38-ўринда бўлган Ўзбекистон Бахтли Сайёра индексига кўра 51–ўриндадир. Бу фарқ бахтни ўлчашдаги қийинчиликлар ҳамда бахт омилларининг бир шахсдан/мамлакатдан бошқа шахс/мамлакатга нисбатан ўзгариши натижасида келиб чиқади. Шу нуқтаи назардан, ўзбек жамиятининг миллий қадриятларини эътиборга олган ҳолда, бахт ва унга таъсир қилувчи омилларни чуқурроқ ўрганиш тавсия этилади. Шу мақсадда Ўзбекистонда бахт/ҳаётдан қониқишга таъсир қилувчи омиллар баҳоланди. Натижаларга кўра, эркаклар аёлларга нисбатан бахтлироқ эканлиги кузатилди. 24 ёшгача бўлганлар ёки ёшлар Ўзбекистонда энг бахтли(ҳаётдан қониққан) категория деб топилди. 55 дан катталар бахтиёрлик даражаси энг паст, 40-54 ёшдагилар энг паст ҳаётдан қониқишга эга эканлиги кузатилди. Маълумот даражасига кўра, расмий маълумот эга бўлмаганлар энг юқори бахтли категория бўлса, бошланғич маълумотлилар энг бахтсиз категория деб топилди. Ҳаётдан қониқиш даражаси бўйича акс натижалар кузатилди: ўртача ҳаётдан қониқиш даражаси энг юқори бўлган категория бошланғич маълумотга эга, ҳаётдан қониқиш даражаси энг паст бўлган категория расмий маълумот олмаган категориядир. Ўзбекистонда оилалилар энг бахтли, расман ажрашмаган, лекин алоҳида яшовчи кишилар энг бахтсиз категория деб топилди. Ҳаётдан қониқиш даражаси энг юқори бўлган категория турмуш қурмаганлар бўлса, энг паст қийматли категория ажрашганлардир. Фарзанд сонига кўра 7 нафар фарзандли ва фарзанди бўлмаган респондентларнинг ҳаётдан қониқиш даражаси юқорироқ эканлиги кузатилди. Фарзанди бўлмаган респондентларнинг аксарияти турмуш қурмаган кишиларга тўғри келади. Бахтиёрлик даражаси энг юқори бўлган кишилар саккиз нафар фарзандга эга. Беш нафар фарзандлиларнинг ҳаётдан қониқиш даражаси нисбатан паст эканлиги кузатилди.Даромад ва бахт/ҳаётдан қониқиш орасида ижобий боғлиқлик мавжуд бўлиб, даромаднинг ортиши ҳаётдан қониқиш даражасини ҳам орттирган. Шунингдек, соғлиқ ҳолатининг яхшиланиши бахт/ҳаётдан қониқишга ижобий таъсир кўрсатиши кузатилди. Мавсумий ва вақтинчалик иш билан банд бўлганлар энг бахтсиз ва ҳаётдан қониқиш даражаси энг паст бўлган категория эканлиги кузатилди. Тадбиркор ва ўз бизнесига эга бўлганлар энг бахтли, талабалар эса ҳаётдан қониқиш даражаси энг юқори бўлган категориядирлар.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонида назарда тутилган устувор вазифаларни амалга ошириш орқали бахтиёрлик индекси бўйича халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш мумкин.

Келгусидаги тадқиқотлар учун мамлакат миқёсида ҳаётдан қониқиш билан боғлиқ йиллик сўровномаларни йўлга қўйиш орқали амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фуқаролар ҳаётига таъсирини ўлчаш тавсия этилади. Ҳудудлар бўйича бахтиёрлик индексини ҳисоблаш орқали мамлакат бахтиёрлик харитасини яратиш мумкин.

Маълумот ўрнида шуни айтиб кетиш лозимки, World Happiness Report – дунёнинг бахтли мамлакатлари рейтинги эълон қилди. Ўзбекистон 149 мамлакатни ўз ичига олган мазкур рейтингда 42-ўринга жойлашди. Финляндия рейтингда тўртинчи бор етакчилик қилмоқда.

Бахтли мамлакатлар юқори ўнталигидан шунингдек, Дания, Швейцария, Исландия, Нидерландия, Норвегия, Швеция, Люксембург, Янги Зеландия ва Австрия жой олди. Қозоғистон 45, Қирғизистон 67, Тожикистон 78, Туркманистон 97-ўринга жойлашди.

Шоирахон Нурдиновa , PhD

Наманган Давлат Университети

Батафсил таҳлил «Экономическое обозрение» журналининг 2021йил №3 (255) – сонида чоп этилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар