Бизнес муҳити Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровнома асосида ҳисоблаб чиқиладиган ойлик таҳлилий кўрсаткич.
2024 йил август ойида ўтказилган сўровномада мингдан ортиқ тадбиркорлар иштирок этган бўлиб, бу эса ўз навбатида сўровноманинг юқори даражадаги репрезентативлигини таъминлайди ва иқтисодиётнинг ҳозирги ҳолати тўғрисида асосий хулосалар чиқаришга имкон беради.
Йиғма бизнес муҳити
Август сўрови натижаларига кўра, бизнес муҳитининг яхшиланиши қайд этилди. Бизнес муҳити индекси ўтган ойга нисбатан 6 бандга яхшиланиб, 53 бандни ташкил этди.
Жорий иқтисодий ҳолатни "яхши" деб баҳолаган респондентларнинг улуши ўтган ойга нисбатан 4 фоиз бандга (ф.б.) ошиб, 41%га етди.
Тадбиркорларнинг 39%и сўнгги уч ой ичида ўз маҳсулотларига/хизматларига талаб ошганини, бу июль ойига нисбатан 4 ф.б.га юқори эканлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, 29% тадбиркорлар келгуси 3 ойда нархларнинг ошишини кутаётганлигини билдирган, бу ўтган ой даражасидан 9 ф.б.га юқори. Шу билан бирга, нархларнинг тушишини кутаётган тадбиркорларнинг улуши 8%да ўзгаришсиз қолди.
Август ойида барча иқтисодиёт тармоқларида бизнес муҳити индексининг яхшиланиши кузатилган.
Хусусан, қишлоқ хўжалигида бизнес муҳити 10 бандга ошиб ва 56 бандни; саноатда 7 бандга ўсиб, 50 бандни; қурилишда 11 бандга ўсиб, 56 бандни ташкил этган бўлса, энг кичик ўсиш хизматлар соҳасида кузатилиб, 1 бандга ошиб, 52 бандни қайд этган.
Бизнеснинг жорий ҳолатини баҳолаш
Бизнес муҳитининг жорий ҳолати индекси ўтган ойга нисбатан 9 бандга ўсиб, 39 бандни ташкил этган. Қишлоқ хўжалиги 12 бандга ўсиб, 47 бандни; саноат 18 бандга ўсиб, 38 бандни ва қурилиш эса 17 бандга сезиларли тарзда ўсиб, 45 бандга етган. Хизмат кўрсатиш соҳасида бизнеснинг жорий ҳолат кўрсаткичи 2 бандга ўсиб, 36 бандга етган.
Айниқса, қишлоқ хўжалиги, саноат ва қурилиш соҳаларининг кўрсаткичларида сезиларли яхшиланишлар ишлаб чиқариш фаоллиги ва талабнинг ортиб бораётганидан далолат беради.
Бизнес кутилмаларини баҳолаш
Бизнес муҳитининг истиқболдаги кутилмалари 1 бандга ўсиб, 67 бандни ташкил этди. Қишлоқ хўжалигида индекс 8 бандга ўсиб, 67 бандни, қурилишда – 5 бандга ўсиб, 67 бандни қайд этган бўлса, саноатда кейинги 3 ойда ривожланиш истиқболлари бўйича кутималар 6 бандга тушиб, 63 бандни ташкил этган ва хизматлар соҳасида тадбиркорларнинг кутилмалари индекси 69 бандда ўзгаришсиз қолган.
Қишлоқ хўжалиги ва қурилишда кайфиятнинг яхшилангани тадбиркорларнинг ушбу соҳаларга ижобий муносабати ва ишончидан далолат беради. Бироқ, саноатнинг пасайиши муаммоларни ёки ноаниқликни кўрсатиши мумкин.
Бизнеснинг долзарб муаммолари
Тадқиқот давомида тадбиркорлар тез-тез дуч келадиган энг долзарб муаммолар аниқланди. Хусусан, молиялаштириш муаммоларини қайд этган тадбиркорлар улуши мос равишда 3%га ва юқори солиқ ставкаларини қайд этганлар 2%га камайди.
Шу билан бирга, солиқ маъмурчилигидаги мураккабликни тадбиркорликни ривожлантиришдаги асосий тўсиқ сифатида кўрувчилар улуши ўзгаришсиз, 5% даражасида сақланиб қолган.
Шунингдек, молиялаштиришни бизнес ривожидаги асосий тўсиқ деб билувчи тадбиркорлар улушининг камайиши кузатилмоқда. Ушбу кўрсаткич январь ойидаги 17%дан август ойида 10%гача камайган.
Бизнес муаммоларининг соҳалар кесимидаги таҳлили
Юқори солиқ ставкалари ҳали ҳам долзарб бўлса-да, саноатда молиялаштириш ва электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларнинг пасайиши кузатилган.
Қишлоқ хўжалигида бошқа муаммолар камайганига қарамай, ер участкалари ва лицензиялар билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётган тадбиркорларнинг улуши ошган.
Қурилишда электр таъминоти ва юқори солиқ ставкалари билан боғлиқ муаммолар кўпайган.
Хизматлар соҳасида молиялаштириш, ер участкалари, паст талаб ва электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар камайганлиги аниқланган.
Банк-молия ва капитал бозорлари фаолиятини ўрганиш шўбаси,
тел.: (78) 150 02 02 (411)
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими,
тел.: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш