Молиявий технологиялар ва трансчегаравий пул ўтказмалари Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва EIAS экспертлари томонидан муҳокама қилинди.
2019 йил 25 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Осиё тадқиқотлари бўйича Европа институти (EIAS) директори Аксел Гоеталс ва катта эксперт Альберто Туркстра билан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Осиё тадқиқотлари бўйича Европа институти Брюсселда жойлашган етакчи илмий марказ ҳисобланади. Институт тадқиқотлари Осиё ва Европа ўртасидаги алоқаларни ва ўзаро тушунишни ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган.
Учрашувнинг мақсади меҳнат муҳожирларининг реал даромадларини оширадиган муқобил хизматларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилиш ва ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдир.
Белгиялик экспертнинг қайд этишича, бугун кўпчилик "Western Union" ёки "MoneyGram" каби хизматлардан кенг фойдаланмоқда. Улар хизматлар учун жуда юқори ҳақ (тахминан: Жаҳон банки эълон қилган маълумотларга кўра, 200 доллар жўнатиш учун ўртача қиймати 14 доллар) тўламоқдалар.
Йиғилишда молиявий технологиялар харажатларни камайтиришда муҳим роль ўйнаши мумкинлиги таъкидланди.
– Молиявий технология ва трансчегаравий пул ўтказмалари келажаги энг яхши технологияларни яратадиган хизматларга боғлиқ бўлиши мумкин. Пул ўтказмалари юқори тезликда амалга ошириладиган транзакциялар, хавфсизлиги юқори бўлган ва паст нархлардаги харажатлар ҳал қилувчи омил ҳисобланади ”,-деди А.Гоеталс.
Пул ўтказмаларининг самарадорлигини ошириш учун Белгия томони инновацион маҳсулотлар, рақамли технологиялар, шу жумладан тижорат банкларининг технологик афзалликларини жорий этишни таклиф қилди. Бундан ташқари, бозорнинг келгусидаги ривожланиш йўналишини ва бозор иштирокчилари ўртасидаги яқин ҳамкорликни аниқ белгилаб берадиган меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш жуда муҳимдир.
Учрашув якунида томонлар “fintech” ёрдамида халқаро пул ўтказмалари харажатларини камайтириш ва инфраструктурани, хусусан қуёш ва шамол энергиясини молиялаштириш учун молиявий воситаларни, масалан, яшил облигациялар (“Green” bonds), портфель инвестицияларини ишлаб чиқиш бўйича қўшма ишлар олиб бориш бўйича дастлабки келишувга эришди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар хизмати
Изоҳ қолдириш