Бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича вазифалар
Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган вазифаларга мувофиқ республика бўйича 2026 йилда 1 млн аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баробар ошириб 3,5 мингтага етказиш ҳамда ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизга тушириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бухоро вилоятида мазкур вазифалар доирасида 51 минг нафар аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 10 минг оилани камбағалликдан чиқариш ва камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 199 тага етказиш белгиланган.
Тадбиркорликни ривожлантириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш
Белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида маҳаллаларда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 140 трлн сўм миқдорида кредит ажратилиши белгиланган. 2025 йилда ушбу кўрсаткич 130 трлн сўмни ташкил этган.
Шунингдек, “оилавий тадбиркорлик” дастурлари доирасида 5,6 трлн сўм ресурс йўналтирилади. Жумладан, импорт қилинган ва сертификатли насли чорва моллари ҳамда туячиликни ривожлантириш учун 100 млн сўмгача, уй меҳмонхонаси ташкил этиш, кичик ҳажмли музлаткичлар, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлаш мини технологиялари учун 150 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратиш имконияти яратилмоқда.
Шу билан бирга, чегара ва анклав ҳудудида жойлашган 563 та маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркорлик лойиҳалари учун кредит миқдори 1 млрд сўмгача оширилади. Айни пайтда мазкур кўрсаткич 300 млн сўмни ташкил этмоқда.
Электрон савдо механизмларини жорий этиш
“Оилавий тадбиркорлик” кредити доирасида ускуна ва хом ашёни сотиб олишда мавжуд электрон маркетплейслар орқали маҳсулотларни эркин харид қилиш механизмини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Айни вақтда харидлар асосан “Смарт маркет” электрон платформаси орқали амалга оширилмоқда.
Муаммоли кредитлар бўйича рағбатлантириш механизми
“Оилавий тадбиркорлик” дастури бўйича муаммоли кредитларни ундириш мақсадида янги рағбатлантириш механизми жорий этилмоқда. Унга кўра, ҳоким ёрдамчиси томонидан 2022 йилгача ажратилган кредитларнинг муаммоли қисми қайтарилган тақдирда ушбу сумманинг 20 фоизи, 2025 йилгача ажратилган кредитлар доирасидаги муаммоли кредитларнинг қайтими таъминланган ҳолларда эса қайтарилган маблағнинг 10 фоизи бонус сифатида ажратилиши назарда тутилган.
Маҳаллалар фаолиятини ташкил этиш бўйича ўрганиш натижалари
Ўрганишларга кўра, маҳаллаларда фаолиятни ташкил этиш билан боғлиқ айрим фикр ва таклифлар ҳам билдирилган. Хусусан, 8 фоиз ҳолатда KPI баҳолаш тизимида инсон омили мавжудлиги қайд этилган. 5 фоиз ҳолатда KPI тизими ўрнига раҳбар томонидан баҳолаш тизимига ўтиш зарурлиги билдирилган. Шунингдек, 12 фоиз ҳолатда фаолиятга асоссиз аралашиш ҳолатлари мавжудлиги қайд этилган. 45 фоиз ҳолатда фаолиятни ҳокимлик орқали мувофиқлаштириш мақсадга мувофиқлиги, 29 фоиз ҳолатда бандлик органи орқали мувофиқлаштириш зарурлиги, 14 фоиз ҳолатда эса маҳалла мустақил бошқарув органи сифатида фаолият юритиши кераклиги баён этилган.
“Маҳалла лойиҳаси” доирасида иқтисодий ихтисослаштириш
“Маҳалла лойиҳаси” доирасида республика маҳаллаларини чуқур ихтисослаштириш чора-тадбирлари белгиланган. Ушбу мақсадлар учун тижорат банклари томонидан 2026 йилда 17 трлн сўмлик кредит ажратилиши режалаштирилмоқда. Бунда маҳаллада маҳсулот етиштириш учун олинган кредитнинг 4 фоизи, уни қайта ишлаш лойиҳаларида эса 6 фоизи Тадбиркорлик компанияси томонидан қоплаб берилади.
Кредит маблағлари банклар кесимида қуйидагича тақсимланади. Халқ банки томонидан 2,5 трлн сўм, Ўзсаноатқурилишбанк томонидан 2,3 трлн сўм, Миллий банк томонидан 2,1 трлн сўм, Бизнесни ривожлантириш банки ва Агробанк томонидан 1,6 трлн сўмдан, Асака банк томонидан 1,4 трлн сўм, Микрокредитбанк томонидан 1,3 трлн сўм, Алоқа банк томонидан 600 млрд сўм, Турон банк томонидан 500 млрд сўм ҳамда бошқа банклар томонидан 3,1 трлн сўм кредит ажратилиши режалаштирилган.
Камбағал оилалар даромадини ошириш чоралари
Камбағал оилалар даромадини кўпайтириш мақсадида жорий йилда 2 минг гектар ўрмон ерларида тут плантациялари ташкил этиш белгиланган. Ушбу ташаббус доирасида 4 минг камбағал оилага тутзор ташкил қилиш учун 50 сотихдан ер майдони 10 йил муддатга бепул фойдаланиш учун берилади.
Ҳудудлар кесимида Қорақалпоғистонда 250 гектар, Бухоро вилоятида 225 гектар, Қашқадарё вилоятида 220 гектар, Сурхондарё вилоятида 215 гектар, Фарғона вилоятида 200 гектар, Жиззах ва Наманган вилоятларида 190 гектардан, Самарқанд вилоятида 150 гектар, Тошкент вилоятида 128 гектар, Навоий вилоятида 80 гектар, Андижон вилоятида 76 гектар, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида 37 гектардан ер майдонлари ажратилиши режалаштирилган.
“Яшил” инфратузилма ва энергия лойиҳалари
“Оғир” маҳаллалардаги 63 минг хонадонни “яшил” таъмирдан чиқариш бўйича икки йиллик дастур амалга оширилади. Шунингдек, ихтисослашув даражаси юқори бўлган яна 1 мингта илғор маҳаллада кичик қуёш электр станциялари қурилиб, маҳаллаларга 7 йил муддатга фоизсиз лизинг асосида берилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу лойиҳалар 3–4 йилда ўзини қоплайди ҳамда кейинги 20–25 йил давомида маҳалла бюджетига 400–500 млн сўм атрофида даромад келтириши мумкин.
Кутилган натижалар
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида 2026 йил якунига қадар 37 та “оғир” туман ва 903 та маҳаллада 61 минг оилани камбағалликдан чиқариш, ишсизлик ва камбағаллик даражасини 2 баробар камайтириш ҳамда “Янги Ўзбекистон” қиёфаси кириб борадиган 33 та туман ва 330 та маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш вазифаси қўйилган. Ушбу жараёнлар натижасида жами 96 минг оилани камбағалликдан чиқариш режалаштирилган.
Ғолибжон Турсунқулов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш