Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги ПҚ-4804-сонли қарорига асосан Бухоро вилояти “Ишга марҳамат” мономаркази (кейинги ўринда – “Мономарказ”) фаолияти йўлга қўйилди.
Мономарказ ҳудуди 2,2 гектарни, шундан бино ва иншоотлар майдони 0,5 гектарни ташкил этади. Мономарказда ўқувчилар сиғими 580 нафар, йилига 2320 нафар ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш имконияти ҳамда 120 ўринли талабалар ётоқхонасига эга. Мономарказда 125 та иш ўринлари яратилган. 30 турдаги касб-ҳунар йўналишида ҳамда 5 та рус, инглиз, япон, немис ва корейс тиллари ўқитилади.
Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида ўтган 2022 йил давомида 3873 нафар ишсиз фуқаролар қисқа муддатли ўқув курсларига жалб қилиниб, ўқишни тугатган фуқароларга тегишли сертификатлар берилди.
Бугунги кунда 3873 нафар битирувчилардан (86%) бандлиги таъминланган бўлиб, битирувчининг 1468 нафари ўзининг тадбиркорлигини бошлаган бўлса, 892 нафари давлат корхоналарида ишлаб келмоқда.
Бундан ташқари Мономарказда чет эл компаниялари билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Улардан, Хитойнинг СРЕСС компанияси, “Совутиш ва ҳавони кондиционерлаш” соҳасида техник ходимларни тайёрлаш бўйича PROON билан ҳамкорликда ўқув маркази очилган ва ушбу йўналишда 30,5 минг АҚШ доллари миқдорида асбоб-ускуналар ўрнатилган. Чет эл корхоналари билан ҳамкорликда қисқа муддатли курсларга ўқитилган ишсиз фуқаролар ушбу ҳамкорларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият олиб бораётган корхоналарига юқори даромадли ишларда ишлаш учун жойлаштирилмоқда. Масалан: Ошпазлик сирларини ўрганган 9 нафар қисқа муддатли курс битирувчилари Хитойнинг СРЕСС компанияси тасарруфидаги корхоналарида юқори даромадли (400 АҚШ долл. иш ҳақи) иш ўрни билан таъминланди. Совутиш ва ҳавони кондиционерлаш йўналишда 13 нафар соҳа мутахассисларини малака ошириш курсида ўқитиш йўлга қўйилди.
Шу билан бига автомобилларга техник хизмат кўрсатишнинг 4 та йўналиши бўйича жаҳон банкининг 600 минг АҚШ долларлик маблағи ҳисобига жиҳозлар олиниб, ҳозирги кунда талаб юқори бўлган автомобилларга техник хизмат кўрсатиш йўналишларида ишсиз фуқароларимиз касб-ҳунарга ўргатилмоқда. Ушбу йўналишда Россия Федерациясининг Урал тадбиркорлик ва технологиялар коллежи билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, ўзаро икки томонлама тажриба алмашиш ва ҳамкорлик қилиш йўлга қўйилган.
Шу билан бирга Германиянинг “NoVoAgency” компанияси билан тузилган ҳамкорлик келишувига асосан Германия тиббиёт муассасаларида ишлаш истагини билдирган 23 нафар ўрта бўғин тиббиёт маълумотга эга бўлган ишсизларимизни ўқитиш йўлга қўйилган (жорий 2023 йилнинг апрель-май ойларида бу фуқароларимизни Германияга ишга юбориш режалаштирилган). Келишувга асосан “NoVoAgency” компанияси томонидан таҳсил олаётган ҳар бир ўқувчига 10 ой давомида 1,1 млн сўмдан стипендия тўлаб берилади.
Бухоро шаҳар “Ишга марҳамат” мономаркази ҳамда 28803-сонли ҳарбий қисм ўртасидаги ҳамкорлик шартномасига асосан ҳарбий хизматчиларга хизмат давомида касб-ҳунар эгаллашлари учун уларни бўш вақтларида Мономарказда ўзларининг хоҳиш ва истакларига қараб қисқа муддатли касбларга ўқитиш йўлга қўйилган. Бугунги кунда 324 нафар сержантлар ва оддий аскарлар, шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскарларини мономарказнинг малакали мутахассислари томонидан ўқув курсларига жалб қилинган.
Бундан ташқари жойлардаги ишсиз фуқароларимизга ва ишлаб чиқариш корхоналарига енгиллик яратиш мақсадида малакали ишчи кучига талаби юқори бўлган йирик ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларининг ўзида Мономарказнинг малакали мутахассисларини жалб қилган ҳолда ишсизларни қатнашларига қулайлик яратиш учун вақтинчалик ўқув курслари ташкил қилиниб ушбу ўқув курсларини битирган ишсизларни шу корхона тўлиқ ишга жойлаштириш методикаси йўлга қўйилди. Мисол учун: Шофиркон туманидаги “Buxara az-teks” МЧЖда 600 нафар ишсиз фуқаролар Мономарказ томонидан касбга ўқитилиб, шу корхонада тўлиқ ишга жойлаштирилди. Бу каби корхоналарни Когон, Вобкент, Ғиждувон, Ромитан ва Пешкў туманларидан мисол келтириш мумкин. Шунга ўхшаш ишлаб чиқариш корхоналаридаги замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда вилоят бўйича 1080 нафар ишсиз ва иш қидираётган шахсларни касб-ҳунарга йўналтирилиб бандлиги таъминланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 декабр ПҚ-57-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунар ўрганиш, тадбиркорликка жалб қилиш юзасидан мономарказда ҳозирги кунгача қандолотчилик, ёш болалар учун энага, тарбиячиси ёрдамчиси, ошпазлик, пайвандловчи, электрик, аёллар сартароши ва уқаловчи йўналишларида жами 40 нафар ногиронлиги бўлган ишсизлар касб-ҳунарга ўргатилиб, бандлиги таъминланган.
Ўтган 2022 йилда Бухоро шаҳри марказида жойлашган вақтинчалик бўш турган “Модарихон” тарихий мажмуаси белгиланган тартибда Мономарказга узоқ муддатга ижарага олиниб, бу жойда 20 турдаги миллий ҳунармандчилик йўналишларида ишсизларни ҳунарга ўргатиш курслари ташкил этилиб, ҳозирги кунда ушбу ўқув курсларига 120 нафар ишсизлар ҳунармандчилик йўналишида ўқитилмоқда.
Бухоро шаҳридаги Мономарказда 30 та йўналишда 948 нафар ишсиз фуқаролар касб-ҳунарга ўқитилмоқда.
Ўрганишлар натижасида соҳада қатор тизимли камчиликлар аниқланди, хусусан, меҳнат мигрантлари бораётган асосий ҳамкор давлатлар билан икки томонлама шартномалар мавжудлигига қарамасдан ишчиларни уюшган ҳолда ёллаш даражаси паст ҳисобланади. Бу йўналишда хорижий давлатлар билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликнинг шартнома-ҳуқуқий асосини янада такомиллаштириш зарур. Амалдаги касб-ҳунарга ўқитиш бўйича дастурлар маҳаллий ва хорижий меҳнат бозорининг талабларига тўлиқ жавоб бермайди ҳамда уларни янгилаш ва ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашадиган ҳамда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш талаб этилади.
Изоҳ қолдириш