Бухорода оҳактошдан қоғоз ишлаб чиқарилади

Бухорода оҳактошдан қоғоз ишлаб чиқарилади
Бухоро вилояти Когон шаҳридаги эркин иқтисодий зонада иш бошлаётган “Qizilqum class invest” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона оҳактошдан қоғоз ишлаб чиқаришга ихтисослашган мамлакатимизда ягона субъект бўлади. У ўз ҳудудидан унча олис бўлмаган карьердан олинадиган хом ашё асосида ишлайди. Масъулияти чекланган жамияти раҳбари Неъмат Мансуровнинг айтишича, Бухоро оҳактоши намуналари Япония ва Италиядаги тегишли лабораторияларда ўрганилди. Натижа жуда яхши. Хом ашё таркибининг сифати ва бошқа қатор хусусиятлари юқори баҳоланган. Ҳисоб-китобларга кўра, оҳактошнинг бир тоннасини қайта ишлаш жараёнида унга полимер бирикмасини қўшган ҳолда 800 килограмм қоғоз олиш мумкин экан. Ундан эса газетабоп қоғоз ҳамда қоғоз маҳсулотлари – деворий гулқоғоз, шунингдек, бир марта ишлатиладиган тарелка ва бошқа идишлар ишлаб чиқарилади. Лойиҳа иқтисодий жиҳатдан фойдали. Хусусан, у четдан олиб келинадиган қоғоз импорти учун сарфланаётган катта миқдордаги хорижий валюта тежаб қолинишига хизмат қилади. Корхонанинг ойлик қуввати ўртача 70 минг тоннадан зиёд. Унинг лойиҳа-смета қиймати 136 миллион доллардан иборат. Молиялаштириш Малайзиядаги ҳамкор инвесторнинг тўғридан-тўғри жалб қилинадиган маблағи ҳисобига амалга оширилади.
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар