Марказ ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда кўчмас мулкка бўлган талаб билан бир қаторда, автомобиллар савдоси кетма-кет иккинчи ойда ўсиб бормоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан кўчмас мулк ва автомобиль бозорларида талаб ўзгариши доимий равишда таҳлил қилиб келинмоқда. Жорий йил январь-март ойларида ушбу бозорларда талабнинг ошиши Ўзбекистонда иқтисодий фаоллик тўлиқ тикланганлигини кўрсатмоқда.
Кўчмас мулк бозори
Жорий йил март ойида мамлакатимизда кўчмас мулк бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони февраль ойи билан таққослаганда ўзгаришсиз қолди ва 20,2 минг донани ташкил қилди. Бу эса ўтган йил март ойидан 34,4%га кўпроқ ҳисобланади.
Кўчмас мулк бозорининг 30%дан кўпроғига эгалик қилувчи Тошкент шаҳрида олди-сотди шартномалари сони 6,17 мингни ташкил этиб, февраль ойига нисбатан 0,9%га камайди. 2020 йил мос даври билан таққослаганда ўсиш 32,6%ни ташкил қилди. Бу, ўз навбатида, кўчмас мулкга бўлган талаб ўзининг узоқ муддатли трендига қайтганидан далолат беради.
Ҳудудлар кесимида кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сонининг энг юқори ўсиш суръатлари Навоий (18%), Фарғона (10,7%), Жиззах (9,6%) вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (10,4%) кузатилди. Таъкидлаш керакки, ушбу кўрсаткич Сирдарё (8,6%), Тошкент (8,1%) ва Хоразм (8%) вилоятларида сезиларли даражада камайди.
Мамлакатимизда иқтисодий ўсишнинг аста-секин тикланаётгани ва кўчмас мулкка бўлган талабнинг ошиб бораётгани анъанавий равишда нархларни янада ошириш механизмига айланиши мумкин.
Бироқ, ҳозирги кунда кўчмас мулк бозорини қўллаб-қувватлашга қодир бўлган чора-тадбирлардан бири – бу жорий йилда давлат томонидан кенг кўламли уй-жой дастурини амалга ошириш бошланганидир. Бунинг учун йил охирига қадар 11,5 трлн. сўм (1,1 млрд. доллар) йўналтирилади. Бу эса ўтган йилгидан 4 баробар кўпроқдир. Хусусан, жорий йилда 45 минг оилани арзон уй-жой билан таъминлаш режалаштирилган.
1-расм. Кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони ўзгариши индекси
Шундай қилиб, арзон уй-жойларнинг кўпайиши ҳисобига урбанизация суръатларининг тезлашиши кутилмоқда, бу эса ишбилармонлик фаоллиги, талаб ва умуман одамларнинг турмуш даражаси яхшиланишини англатади.
Бундан ташқари, ҳукумат томонидан қурилиш соҳасини, биринчи навбатда, уй-жой қурилишини талаб драйвери сифатида қўллаб-қувватлашга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Автомобиль бозори
Март ойида автомобиль бозорида аҳоли талаби февраль ойига нисбатан 7,7%га ошиб, қаторасига иккинчи ой барқарор ўсиш суръатларини кўрсатди. 2020 йил март ойи билан таққослаганда автомобиллар савдоси ўсиши 47,4%ни ташкил қилди. 2020 йил март ойида республика бўйича жорий этилган локдаун натижасида савдолар февраль ойига нисбатан 34,6%га камайган эди.
2-расм. Рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони ўзгариши индекси
Ҳисобот даврида Қорақалпоғистон Республикаси (31,5%), Хоразм (30,5%), Жиззах (23,5%) вилотяларида рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони юқори суръатларда ўсди.
Бунда, Бухоро (7,9%), Қашқадарё (7%) ва Андижон (4,3%) вилоятларида сезиларли даражада камайиш кузатилди.
Автомобиль соҳаси, шубҳасиз, мамлакатда иқтисодий ўсишни тезда рағбатлантиришнинг самарали воситаси ҳисобланади.
*Кўчмас мулк ва автомобиль бозорларининг батафсил таҳлили Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига сўров орқали тақдим қилиниши мумкин.
Халилуллоҳ Ҳамидов, Марказ бош илмий ходими
тел: (78) 150-02-02
Изоҳ қолдириш