Cotton Campaign халқаро коалицияси Ўзбекистонда 2020 йилги пахта кампанияси мониторинги натижалари бўйича баёнот эълон қилди.
Баёнотда коалиция мамлакатда ўтган йилги пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга барҳам беришда «сезиларли ютуқларни» олқишлаб, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари форуми қатор пахта етиштирувчи туманларда 10 йил ичида биринчи марта мажбурий меҳнат билан боғлиқ бирорта ҳолатни ҳужжатлаштирмаганини таъкидлаган.
Шу билан бирга, Cotton Campaign’нинг мустақил кузатувчиларга таяниб таъкидлашича, кампания вақтида мансабдор шахслар томонидан ташкил этилган мажбурий меҳнат ҳолатлари, шунингдек, давлат корхоналари хизматчилари маошларининг бир қисмини пахта теримчиларини ёллаш учун сарфлашга мажбурлаш ҳолатлари ҳам қайд этилган.
«Ўзбекистонда ишончли глобал етказиб берувчига айланиш имконияти бор, аммо бунинг учун брендлар ва чакана сотувчилар етказиб берувчиларнинг масъулиятли танловини тасдиқлашлари учун шаффоф мониторинг ва бошқарув моделлари талаб этилади», — дея АҚШ мода саноат ассоциацияси (USFIA) президенти Жулиа Хьюз сўзлари келтирилган баёнотда.
Коалиция, шунингдек, пахта ишлаб чиқаришни давлат назоратидан пахта-тўқимачилик кластерлари бошқарувига ўтказилиши фермерлар учун «катта қийинчиликлар» туғдирганини таъкидлаган. Cotton Campaign’нинг билдиришича, туманларда битта кластер мавжуд, бу фермерларнинг нархни белгилаш ва уни назорат қилиш механизмини танлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади
«Брендлар маҳсулотларни таъминот занжири стандартларини қатъий назорат қилиш ва бажарилишини таъминлаш учун қулай муҳит ярата оладиган кучли мустақил фуқаролик жамиятларига эга бўлган мамлакатлардан олишни истайди», — дейилади Cotton Campaign баёнотида.
Коалициянинг баёнотига кўра, Ўзбекистонда ислоҳотлар жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва мустақил касаба уюшмалари каби фуқаролик кучларини ривожлантириш имкониятларини кенгайтиришга эмас, кўпроқ хусусийлаштириш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалаларига устувор аҳамият берилмоқда.
2020 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Cotton Campaign халқаро коалициясига мамлакатда ишлаб чиқарилган пахтадан фойдаланиш учун бойкотни олиб ташлашни сўраб очиқ хат юборганди.
Cotton Campaign бу хатга жавобан Ўзбекистон пахтасига бойкот ҳозирча бекор қилинмаслигини, ишчиларни ҳимоя қилишда брендларга қўшимча кафолат зарурлигини билдирган.
Маълумот учун, узоқ йиллар давомида пахта терими мавсумида болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланилгани боис Ўзбекистон пахтаси халқаро жамоатчилик томонидан «қора рўйхатлар»га киритилган, етакчи ишлаб чиқарувчилар Ўзбекистон пахтасини бойкот қилган эди. Халқаро меҳнат ташкилотининг Вашингтондаги офиси директори Кевин Кассиди эса ўзбек пахтаси бойкотини асоссиз деб эълон қилганди.
2019 йилнинг 4 февралида ўша вақтда бош вазир ўринбосари бўлган Танзила Норбоева бошчилигидаги делегациянинг Вашингтонга ишчи ташрифида Cotton Campaign тўқимачилик маҳсулотларига қарши бойкотни бекор қилиш бўйича режасини тақдим этган эди.
Cotton Campaign халқаро коалицияси вакиллари 27 январь–6 февраль кунлари Ўзбекистонда ишчи ташриф билан бўлган эди. Улар билан бўлиб ўтган учрашувда иштирок этган инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ўзбекистон тўқимачилик саноатини бойкот қилишдан фойда йўқ, деб айтганди.
Изоҳ қолдириш