Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассислари томонидан Сурхондарё вилоятида фойдали қазилма конларини ўзлаштириш ва инвестиция жалб этиш имкониятлари ўрганилди.
Вилоятнинг норуда фойдали қазилмалар салоҳияти
Сурхондарё вилояти фойдали қазилма захиралари бўйича республикада етакчи ҳудудлардан бири ҳисобланади. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, мавжуд норуда фойдали қазилмаларнинг қарийб 50 фоизи ҳали иқтисодий айланмага киритилмаган.
Бугунги кунда вилоятда 104 та норуда фойдали қазилмалар кони рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 53 таси ўзлаштирилмаган. Захиралар ҳажми қуйидагича: оҳактош – 327,7 млн тонна, доломит – 131,8 млн тонна, керамзит хомашёси – 55,5 млн куб метр, лёссимон жинслар – 43,3 млн тонна, гипс – 34,4 млн тонна, цемент хомашёси бўлган гил – 28,1 млн тонна, минерал тузлар – 24,5 млн тонна, қум-шағал маҳсулотлари – 19,2 млн куб метр, аргилит сланецлари – 15,6 млн тонна, ғишт хомашёси бўлган гил – 12 млн куб метр, бентонит гил – 11,7 млн тонна, габбро – 6,7 млн куб метр, мармар – 2,4 млн куб метр.
Ўзлаштирилмаган конларнинг асосий қисми Шеробод (18 та), Сариосиё (11 та) ва Бойсун (10 та) туманларида жойлашган. Ҳозирда ўзлаштирилган 51 та коннинг 38 тасида ғишт хомашёси, 7 тасида гипс, 6 тасида қурилиш тошлари қазиб олиниб, қурилиш материаллари ишлаб чиқарилмоқда.
53 та норуда конни иқтисодий айланмага киритиш орқали 1,5 млрд долларгача инвестиция жалб этиш, йиллик 1 млрд долларга яқин экспортни таъминлаш, импортни 300 млн долларгача қисқартириш ва 15 мингта барқарор иш ўринлари яратиш имконияти мавжуд.
Кўмир ва рангли металлар захиралари
Вилоятнинг Сариосиё, Олтинсой ва Қумқўрғон туманларида кўмир захиралари ҳам аниқланган. Сариосиё тумани Нилу маҳалласида 25 млн тонна, Олтинсой туманида 21 млн тонна ҳамда Қумқўрғон тумани Олачапон массивида 101 гектар майдонда кўмир захиралари тасдиқланган. Бу захиралар саноат ва энергетика соҳалари учун стратегик аҳамиятга эга.
Узун туманида мис ва кумуш рудасига эга 8 минг гектар майдон аниқланган. Шундан 5,4 минг гектари 3 та лотга бўлиниб Хитой, Ҳиндистон ва Туркия инвесторларига берилган. “Glokol Yevro Aziya” МЧЖга 2 минг гектар, “Aurex” МЧЖга 1,8 минг гектар ва “Momiq Kuppur” МЧЖга 1,6 минг гектар ер майдони ажратилган.
Қурилиш материаллари саноати ҳолати
Қурилиш материаллари саноатида ҳозирда 612 та корхона фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг дастлабки 9 ойида 1,1 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Бу ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 2,4 фоизини ташкил этади. Бир корхона ҳиссасига ўртача 1,79 млрд сўмлик ишлаб чиқариш тўғри келган.
2025 йил январь–сентябрь ойларида 2,76 млн долларлик қурилиш материаллари экспорт қилинган. Жумладан, портландцемент – 885,5 минг доллар, цемент ва боғловчи материаллар – 608 минг доллар, керамика маҳсулотлари – 410 минг доллар, металл буюмлар – 278,3 минг доллар, гулқоғоз – 217,4 минг доллар, ойна маҳсулотлари – 161,3 минг доллар. Асосий экспорт Термиз тумани (1,1 млн доллар), Термиз шаҳри (759 минг доллар) ва Денов тумани (457,3 минг доллар) ҳиссасига тўғри келган.
Шу даврда 277,5 минг долларлик қурилиш материаллари импорт қилинган. Асбест – 182,8 минг доллар, ПВХ қувур ва фитинглар – 37,5 минг доллар, санитар керамика – 30,4 минг доллар.
Инвестиция лойиҳалари ва янги иш ўринлари
2025–2026 йилларда қурилиш материаллари соҳасида умумий қиймати 52,2 млн долларлик 50 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Ҳозиргача 29 та лойиҳа ишга туширилиб, 616 та иш ўрни яратилган. Бир иш ўрнига ўртача 37,5 минг доллар инвестиция тўғри келган.
Термиз туманида “Сурхон Сендвич” МЧЖ томонидан 25 млн долларлик лойиҳа асосида базалт тошидан иссиқлик сақловчи минерал плиталар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Корхона йилига 30 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, 120 та иш ўрни яратилган.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Сурхондарё вилоятида мавжуд фойдали қазилма захираларини чуқур қайта ишлаш орқали келгуси 5 йил ичида ҳудудни қурилиш материаллари, минерал ўғитлар ва иссиқлик изоляцияси маҳсулотлари бўйича экспортчи ҳудудга айлантириш имконияти мавжуд.
Фурқат Исломов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш