Қурилиш соҳасининг ўсиши иқтисодиёт учун мултипликатив таъсир этади

Қурилиш соҳасининг ўсиши иқтисодиёт учун мултипликатив таъсир этади

Қурилиш соҳаси – миллий иқтисодиётимизнинг “драйвер”ларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг қурилиш соҳасида кескин ошиш юзага келди. Қурилиш соҳасини кенгайтириш аҳоли сонининг ошиши, аҳоли фаровонлиги ва харид қобилиятининг ошиши каби омиллар билан бевосита боғлиқ. Ўз навбатида, қурилиш соҳасининг ривожланиши қўшимча иш ўринлари яратилишига ва инфратузилмани яхшилашга ёрдам беради.

Чет давлатларнинг, хусусан Хитой, Жанубий Корея ва бошқа ривожланаётган мамлакатларнинг амалиёти шуни кўрсатадики, қурилиш соҳасининг ўсиши иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини ҳам, ижтимоий соҳани ҳам ривожланишини таъминлаб, бутун иқтисодиёт учун мултипликатив таъсир этади.

Қурилиш соҳасининг ўзига хос хусусиятларни инобатга олган ҳолда, 3 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакатнинг барча ҳудудларида уй-жой қурилишининг кенг кўламли дастурини эълон қилди. Умумий қиймати 1,1 миллиард AҚШ доллар миқдорида молиялаштириш натижасида, пандемиядан кейинги даврда иқтисодий ривожланишга қўшимча туртки беради.

Таҳлил натижалари кўрсатадики, Ўзбекистоннинг қурилиш соҳасига 1,1 млрд. доллар миқдорида қўшимча инвестиция киритилиши ялпи ички маҳсулот ва иқтисодиётнинг барча тармоқларига бевосита ва билвосита таъсир кўрсатди.

Қурилиш соҳасида якуний талабнинг ошишига иқтисодиётнинг биринчи реакцияси ушбу соҳада ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши бўлади. Ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши эса, қурилиш материаллари саноати, энергия ресурслари ва бошқа қазиб олиш соҳаларидаги оралиқ товарларга қўшимча талаб туғдиради. Хусусан:

  1. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг реал ҳажми қўшимча +2,3 фоизга ўсади;
  2. Хизмат кўрсатиш соҳаси +3,9%;
  3. Чакана савдо айланмаси +1,1%;
  4. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариши + 0,1%.

Саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг қўшимча ўсиши тоғ-кон саноати ишлаб чиқариши (+2,1%), қурилиш материаллари ишлаб чиқариш (+9,2%), тайёр металл буюмлар ишлаб чиқариш (+5,6%), резина ва пластмасса буюмлар ишлаб чиқариш (+5,5%), металлургия саноати ишлаб чиқариши (+3,2%), электр жиҳозлари ишлаб чиқариш (+3,1%) ва бошқа саноат тармоқлари ҳажмининг ошиши билан боғлиқ.

Қурилиш соҳасини молиялаштиришнинг иқтисодиётнинг айрим тармоқларига таъсири, %да

Хизмат кўрсатиш соҳасида ижара ва лизинг хизматлари (+4,6%), бошқарув, бизнес ва бошқа хизматлар (+4,2%), ишга жойлаштириш хизматлари (+3,8%), машина ва ускуналарни таъмирлаш ва ўрнатиш билан боғлиқ хизматлар (+3,8%) ва бошқа турдаги хизматлар ҳажмининг ортганлиги билан боғлиқ.

Қурилиш соҳасидаги кенг миқёсли ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиши пировард натижада ялпи ички маҳсулот ҳажмининг қўшимча +1,0%дан 1,5% оралиғида ўсишига олиб келади ва янги иш ўринлари яратишни рағбатлантиради ҳамда аҳоли фаровонлигини оширади.

Абатуров Виктор

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар