Давлатимиз раҳбарига Хоразм вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва янги режалар юзасидан ахборот берилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмат хабар қилди.
Табиий ресурслари чекланган бу ҳудуд иқтисодиёти таркибий ўзгаришлар орқали ривожлантирилмоқда. Сўнгги саккиз йилда 2 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 25 мингдан ортиқ саноат корхоналари очилган. Ишлаб чиқариш ҳажми 2,2 карра ошган. Бугун вилоятда тўқимачилик, автомобилсозлик, электр техникаси, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари саноати бор.
Тошсоқа магистрал канали қайта тиклангани натижасида Хоразм учун ўта муҳим бўлган суғориш тизими яхшиланди. Амударё устида янги кўприк қурилиши вилоят аҳолисининг узоғини яқин қилди.
Саккиз йилда вилоятда 660 та кўп қаватли турар жой барпо этилиб, 21 минг оила янги уйли бўлди. 4 минг 751 километр ичимлик суви ва 206 километр канализация тармоғи қурилди, 580 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сувидан баҳраманд бўлди.
Жорий йил бошидан бери 100 минг эҳтиёжманд аҳоли иш билан таъминланди. Камбағаллик даражаси январдаги 12 фоиздан 6,8 фоизга тушиб, энг яхши кўрсаткич бўлди.
Бундай ишларни янада кенгайтириш мақсадида Хоразм вилоятида ҳам “Ислоҳотлар штаби” тузилди. Тақдимотда тадбиркорларнинг таклифлари асосида ишлаб чиқилган янги лойиҳалар ҳақида ахборот берилди.
Масалан, Жанубий Кореянинг 100 миллион доллар инвестицияси ҳисобидан Урганч туманида чиқинди ёқиш орқали электр энергияси олиш лойиҳаси мўлжалланган.
Австралия компанияси 820 миллион доллар инвестиция киритиб, Тупроққалъа туманида 600 минг тонна экологик тоза авиация ёқилғиси ва 50 минг тонна “яшил дизель” ишлаб чиқариш таклифини билдирган. Корхона эҳтиёжи учун 5,5 минг гектарда 4 гигаватт қуёш панеллари ўрнатилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Словакия корхонаси 170 миллион доллар ҳисобига Тупроққалъа туманида 5 минг гектарда рапс етиштириб, биоёқилғи ишлаб чиқариш заводи қуришни режалаштирган.
Умуман, Хоразмда 2 миллиард 400 миллион долларлик янги лойиҳалар тайёрланган. Шунингдек, шаҳар ва туманларнинг қўшимча имкониятлари ҳисобидан яна 86 миллион долларлик истиқболли лойиҳа ва ташаббуслар шакллантирилган.
Давлатимиз раҳбари инвесторларга қулайлик яратиб, лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди.
Вилоятдаги саноат зоналаридан тўла фойдаланилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Инфратузилма ва ер тоифаси масаласини ҳал қилиб, 100 дан зиёд лойиҳаларни ишга тушириш зарурлиги айтилди. Хоразмнинг жойлашувидан келиб чиқиб, саноат йўналишларини пухта режалаштириш, бунга вилоятнинг ички салоҳиятини тўлиқ сафарбар қилиш кераклиги таъкидланди.
Тадбиркорликни ривожлантириш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Изоҳ қолдириш