Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан мамлакатимизда илк бор ташкил этилаётган ушбу экспертлар учрашувида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия ва Венгриядан етакчи таҳлилий марказлар мутахассислари, шунингдек, Туркия савдо-саноат палатаси ва ТДТ Котибияти масъуллари - жами 60 дан зиёд вакил иштирок этади.
Форумга транспорт-логистика компаниялари раҳбарлари, халқаро экспедиторлар, автоташувчилар, логистика уюшмалари вакиллари, мамлакатимиз олий ўқув юртлари, жумладан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия, Тошкент давлат шарқшунослик, Тошкент давлат транспорт университетлари олимлари, мутахассислари ҳам таклиф этилган.
Пойтахтимиздаги Форумлар саройида Туркий давлатлар ташқи сиёсий тадқиқотлар марказларининг ТДТ майдонида савдо-иқтисодий кооперация ва транспорт-логистика боғлиқлигини ривожлантириш масаласига бағишланган 8-йиғилиши бошланди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов очиб берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов:
Бугун биз кўп жиҳатдан муҳим учрашувни ўтказмоқдамиз. Ўзбекистонда илк бор Туркий давлатлар таҳлил марказлари йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Форумимизнинг Самарқанддаги Биринчи ТДТ саммити арафасида ўтаётгани ҳам рамзий маънога эгадир.
Сўнгги Истанбул саммитида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТТДҲК) платформаси тўлақонли Ташкилотга айланганидан сўнг, Самарқанддаги саммит мамлакатларимиз раҳбарларининг янги форматдаги биринчи учрашуви бўлади. Бугунги кунда туркий тилли давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги барча йўналишларда изчил кенгайиб бормоқда.
ТДТ нуфузли минтақавий тузилма мақомида мустаҳкамланиб, замонавий халқаро муносабатлар тизимининг муҳим элементига айланмоқда. Ва бу шунчаки сўзлар эмас. Мамлакатларимиз салмоқли инсон капиталига эга – 150 миллионга яқин киши.
ТДТ мамлакатлари ялпи ички маҳсулоти биру ўндан икки триллион долларни ташкил этади. Бу Осиё ялпи ички маҳсулотининг 5,5 фоизидир. Шу билан бирга, ТДТ мамлакатлари иқтисодиёти жадал ривожланмоқда. Уларда саноатнинг йиллик ўсиш суръати ўртача 8-12 фоизни ташкил қилади.
ТДТ ичида катта савдо айланмаси ҳам мавжуд – 21 млрд. доллар. ТДТнинг яна бир муҳим афзаллиги шундаки, ушбу Ташкилот бир-бирига яқин бўлган ҳамда ўхшаш қадриятлар ва тамойилларни тарғиб қилувчи мамлакатларни бирлаштирган. Салоҳиятларимизни ана шундай пойдеворга жамлаш ҳозирги беқарор геосиёсий шароитда катта аҳамиятга эга. Фақат ана шундай ҳамжиҳатлик ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ҳозирги нотинч дунёда юзага келаётган барча синов ва таҳдидларни осонлик билан енгиб ўтишимиз мумкин.
--------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов
- Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Ташкилот давлатлари билан ўзаро стратегик алоқалари изчил ривожланиб бораётганлигини мамнуният билан таъкидламоқчиман. Охирги уч йилда давлатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси қарийб 1,5 баробарга ошиб, 2021 йил якунига кўра 9,4 миллиард долларни ташкил этди (2019 й. – 7,4 млрд.долл.).
Жорий йилнинг 1 сентябрь холатига Ташкилотга аъзо давлатлари капитали иштирокида Ўзбекистонда жами 4004 та корхоналар ташкил этилиб, уларнинг сони қарийб 2 баробарга (2019 й. – 2089 та) кўпайди. Бу кўрсаткичлар албатта яхши. Лекин мамлакатларимиз салоҳияти ва бизнес учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар натижасида бунданда юқорироқ кўрсаткич ва натижаларга эришиш мумкин. Ўзбекистонда бизнесни ривожлантириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун яратилаётган имкониятлар тўғрисида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
Биринчидан, хорижий инвестицияларнинг ҳимоясини кафолатлайдиган ягона “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Иккинчидан, солиқ тизими такомиллаштирилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистондаги корпоратив солиқ ставкаси (12%) – минтақадаги энг қуйи кўрсаткичлардан бири.
Учинчидан, ислоҳотлар очиқлик сиёсатида ҳам намоён бўлмоқда. Дунёнинг 90 та мамлакатлари фуқаролари учун визасиз режим жорий этилди.
Тўртинчидан, қисқа муддат ичида “Дуинг Бизнес” глобал рейтингида Ўзбекистон 166 – ўриндан 69 - ўринга кўтарилди.
Бешинчидан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўтган ҳафтада Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши борасидаги прогнозларини оширди. Жумладан, мамлакат иқтисодиёти 2022 йилда 4 фоизга, 2023 йилда эса 5 фоизга ўсиши таъкидланди.
Бу албатта ислоҳотларнинг бошланиши. “Янги Ўзбекистонда” тадбиркорлар учун янада қулай шароитларни яратиш учун барча зарур чоралар кўрилади ва бу борадаги ишлар давом эттирилади.
--------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов
– Мамлакатимиз ташқи сиёсатида биродар туркий мамлакатлар билан икки ва кўп томонлама ҳамкорлик устувор аҳамият касб этади. Шу маънода, Ўзбекистон Республикасининг Туркий Кенгашга 2019 йили октябр ойида Боку шаҳрида бўлиб ўтган саммитда тўлақонли аъзо бўлиши – табиий ва тарихий жараённинг ифодаси бўлди.
Ўтган йилги Истанбул саммитида Туркий Кенгаш Туркий давлатлар ташкилоти сифатида қайта номланди. Бу – туркий давлатлар ҳамкорлиги тарихида катта воқеа бўлди, албатта. Истанбул саммитида яна бир муҳим қарор – “Туркий нигоҳ-2040” стратегик ҳужжатининг қабул қилинганлигидир. Демакки, ёш ва шу билан бирга катта салоҳият ва истиқболга эга ташкилотимиз узоқ муддатли стратегик вазифаларига эга бўлган тўлақонли минтақавий ҳамкорлик механизмига айланди.
Шу билан бирга, тобора чигаллашиб ва ўзаро боғлиқлик кучайиб бораётган бугунги дунё ташкилотимиз кун тартибига янгидан янги масалаларни ва чақирикларни қўймоқда. Мана шу жиҳатдан мамлакатларимизнинг етук таҳлил марказлари раҳбарларининг ушбу йиғилиши жуда ўринли эканлиги шубҳасиз.
Бугунги тадбирнинг яна бир долзарб аҳамияти шундаки, у янги ном олган ташкилотимизнинг шу йилнинг 11 ноябрида Самарқандда режалаштирилган илк саммити олдилан ўтказилаётганлигидадир. Ишончим комилки, анжуман якунлари бўйича серқирра ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишларини истиқболда амалга ошириш йўлларига доир қизиқарли фикр-мулоҳазалар ва хулосалар ишлаб чиқилади.
--------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
Изоҳ қолдириш