Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига биноан 2025 йил 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Будапешт шаҳрига келди. Ташриф дастурига мувофиқ, 20 май куни олий даражадаги Ўзбекистон-Венгрия музокаралари бўлиб ўтади. Давлатимиз раҳбари Венгриянинг расмийлари ва етакчи компаниялари раҳбарлари билан ҳам учрашувлар ўтказади. Ўзбекистон Президенти 21 май куни Венгрия пойтахтида Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этади.
Ўзбекистон ва Венгрия божхона тизимлари ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Венгрия мамлакатимиз мустақиллигини 1991 йил 26 декабрда тан олган ҳамда 1992 йил 3 мартдан мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Икки давлат 1996 йилда имзоланган Европа Ҳамжамиятлари билан ҳамкорлик шартномаси ва 2022 йилги англашув меморандуми асосида қонуний ҳамда амалий жиҳатдан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйди. Бу ҳужжатлар нафақат товар айирбошлашни осонлаштириш, балки ноқонуний савдога қарши кураш, рақамли трансформация ва кадрлар тайёрлаш каби соҳаларда ҳам биргаликда ишлаш имкониятини яратди.
2022 йил октябрь ва 2023 йил август ойларида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга ташрифи божхона ҳамкорлигида янги босқични очди. Мазкур ташриф чоғида имзоланган меморандум икки томонлама манфаатли ҳамкорликни тартибга солувчи муҳим ҳужжат бўлди.
Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги муносабатлар стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилмоқда. Хусусан, 2024 йилда 74,9 миллион АҚШ долларлик ташқи савдо ҳажми ва 16 та қўшма корхона фаолияти бу ҳамкорликнинг амалий мевасидир. Ҳамкорликнинг энг қизиқарли жиҳати — бу икки давлатнинг ўзаро тўлдирувчи иқтисодий имкониятларга эга эканлигидир.
Хусусан, Венгрия Ўзбекистон учун нафақат фармацевтика ва тиббиёт жиҳозлари етказиб берувчи, балки илғор технологиялар ва тажриба манбаи сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўз навбатида, Ўзбекистон эса қишлоқ хўжалиги, кимё саноати ва тўқимачилик каби маҳсулотлари экспортини самарали йўлга қўйди. 2025 йилнинг дастлабки 4 ойида транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлари импортининг 4,4 баробар ва ҳайвонот маҳсулотларининг 2,1 баробар ўсиши шуни кўрсатадики, венгриялик ишлаб чиқарувчилар Ўзбекистон бозорида янги имкониятларни фаол равишда қўлга киритмоқда. Айни пайтда, Ўзбекистоннинг қоғоз маҳсулотлари экспорти 10 баробар, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қарийб 2 баробарга ўсиши билан Венгрия бозорида мустаҳкам ўрин эгалламоқда.
Ўзбекистон божхона ходимлари АҚШнинг “Uscentcom” лойиҳаси доирасида 2022 йилда Будапештда бўлиб ўтган минтақавий семинарда қатнашиб, халқаро тажриба билан танишиш имкониятига эга бўлди. Ҳамкорликнинг амалий натижалари 2023 йилда ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” доирасида аниқ белгилаб олинди. Иштирокчиларнинг дастлабки йиғилиши божхона назорати, контрабандага қарши курашиш ва рақамли технологияларни жорий этиш каби муҳим мавзуларни қамраб олди.
Венгрия томонининг илғор тажрибаси – хусусан, хавфларни бошқариш тизимлари ва малакали кадрлар тайёрлаш дастурлари Ўзбекистон божхоначилари учун айниқса самарали бўлди.
2024 йил февралидаги навбатдаги экспертлар учрашувида эса амалиётда дуч келинадиган муаммолар ва уларни ҳал қилиш усуллари муҳокама қилинди. Бу каби тадбирлар икки давлат божхона хизматларининг янада мустаҳкам алоқада бўлиши учун қулай шароит яратди.
2025 йилнинг 15-18 апрель кунлари Венгриянинг Будапешт шаҳрида ўтказилган “Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатлар божхона маъмуриятлари раҳбарларининг норасмий йиғилиши” ўтказилди. Унда Божхона қўмитаси Раиси А.Мавлонов иштирок этди. Йиғилиш давомида eTir ҳаракатлар режаси, Соддалаштирилган божхона корридори, “Карвонсарой” лойиҳаси, шунингдек, электрон тижорат ва савдони осонлаштириш, Европа Иттифоқининг божхона ислоҳоти пакети, Европадаги минтақавий ҳамкорлик механизмлари (Вишеград гуруҳи) каби мавзулар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Венгрия божхона раҳбарлари ўртасида Англашув Меморандуми ижроси доирасида, божхона назорати, хавфларни бошқариш, контрабандага қарши курашиш, ходимлар малакасини ошириш, божхона лабораторияси, шунингдек, кинология соҳасида илғор тажрибаларни ўрганиш йўналишларида атрофлича фикр алмашилди ва келгусидаги режалар белгилаб олинди.
Келгусида замонавий технологиялар алмашинуви ва қўшма корхоналар яратиш орқали бу алоқаларни янада мустаҳкамлашга эришиш мумкин. Шунингдек, ушбу ҳамкорликни янада ривожлантириш учун қўшма тренинг марказларини ташкил этиш, сунъий интеллект ва рақамли платформалари асосида божхона назорат тизимларини жорий қилиш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда ҳамкорликда тажриба алмашиш дастурларини йўлга қўйиш каби янги лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Бу каби ҳамкорлик истиқболлари нафақат Ўзбекистон ва Венгрия, балки бутун Марказий Осиё-Европа транспорт коридори учун ҳам катта аҳамият касб этади. Бу эса икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янги даражага кўтаришга хизмат қилади.
Рахмонқул Шоимқулов
Божхона қўмитасининг Илмий маркази
Бош инспектори
Изоҳ қолдириш