Экспорт қилишда транспорт харажатларининг бир қисми компенсация қилинадиган маҳсулотлар рўйхати кенгайтирилди

Экспорт қилишда транспорт харажатларининг бир қисми компенсация қилинадиган маҳсулотлар рўйхати кенгайтирилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 майдаги “Экспорт фаолиятини янада кўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4707-сонли қарорига мувофиқ, маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларини 50 фоизгача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиладиган маҳсулотлар рўйхати тасдиқланган.

Шунингдек, мазкур қарор билан Ҳудудлар ва тармоқлар экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари бўйича доимий фаолият юритувчи Республика комиссиясига экспорт қилишда транспорт харажатлари бўйича субсидия тақдим этиладиган маҳсулотлар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколати берилган.

Шунга кўра, Республика комиссиясининг 2020 йил 13 ноябрдаги 24/1-2371-сонли баёнига мувофиқ, экспорт қилишда транспорт харажатларининг бир қисми компенсация қилинадиган маҳсулотлар рўйхати кенгайтирилиб, қўшимча аралашма ип (5206), жут ип (5307), бамбукли ип (5308), синтетик ип (5509-5510), бош кийим ва бошқалар (6504-6506) ТИФ TH кодлари ҳам мазкур рўйхатга киритилди, деб хабар бермоқда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.

Бундан ташқари, юқорида қайд этилган қўшимча янги маҳсулотлар жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида экспорт қилинганда, маҳсулот экспорт қийматининг (транспорт харажатларисиз) автомобиль транспортида 5 фоизидан, темир йўл транспортида 7 фоизидан ва ҳаво транспортида 6 фоизидан юқори бўлмаган қисми Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан ўрнатилган тартибда компенсация қилиб берилади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари томонидан маҳсулотларни экспорт қилишдаги транспорт харажатларини бир қисмини ҳамда маҳсулот экспорт қийматига белгиланган компенсация миқдорини олиш учун марказлашган ҳолда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига мурожаат қилиши мумкин.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар