«Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан 300 ўринга мўлжалланган математика, кимё, биология ва геология фанлари йўналишлари бўйича стипендия танловлари эълон қилинди

«Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан 300 ўринга мўлжалланган математика, кимё, биология ва геология фанлари йўналишлари бўйича стипендия танловлари эълон қилинди

“Эл-юрт умиди” жамғармаси 2021 йил учун мамлакат илмий-инновацион салоҳиятининг энг муҳим ва таянч билимларини яратувчи фанлар йўналишларида таълим бераётган илмий тадқиқотлар олиб бораётган ва амалий фаолият билан шуғулланаётган иқтидорли ва истиқболли профессор-ўқитувчи ва педагоглар, ёш олимлар, илмий изланувчилар ва амалиётчи мутахассислар учун Жамғарманинг биринчи стипендия танлови бошлаганлигини маълум қилди. Бу ҳақда Жамғарма Матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистонни инновацион ривожлантиришда ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган мазкур фанлар йўналишида дунёнинг энг илғор давлатларида тўпланган бой илмий ва амалий тажрибани ўрганиш, улардан Ўзбекистоннинг таълим ва тадқиқот тизими ва амалий фаолиятида кенг фойдаланишга кўмаклашиш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ёшлар ишлари агентлиги ва Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳамкорлигида профессор-ўқитувчи ва педагоглар, ёш олимлар, илмий изланувчилар ва амалиётчи мутахассислар учун математика, кимё, биология ва геология фанлари йўналишлари бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 300 ўринга мўлжалланган (магистратура, докторантура, стажировка ва малака ошириш дастурлари бўйича) очиқ стипендия танловларини эълон қилди.

“Агар сиз юқори интеллектуал салоҳиятга эга, замонавий ва креатив фикрлайдиган, мамлакат илм-фанига инновацион ғоялар ва технологиялар олиб кириш ҳамда уни рақамли асосда қайта шакллантириш асносида ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган мутахассис бўлсангиз – бу имконият айнан сиз учун”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, номзодларнинг ҳужжатлари 2021 йил 20 январдан - 20 февралга қадар, республиканинг барча ҳудудлари вакиллари учун ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн режимда ва электрон тарзда қабул қилинади.

Саралаш босқичлари 2021 йил 20 февралдан - 20 мартга қадар давом этади.

Саралаш танловига оид барча маълумотлар “Эл-юрт умиди” жамғармасининг www.eyuf.uz сайти орқали батафсил эълон қилиб борилади.

АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Япония, Испания, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган мамлакатларнинг энг нуфузли таълим ва тадқиқот, инновация ва амалиёт масканларида таълим олиш ва стажировка ўташ имкониятини қўлдан бой берманг.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида юртимизда 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йили деб эълон қилинди.

Мурожаатномада Президентимиз томонидан иқтидорли ва истиқболли ёшлар учун бениҳоя улкан имконият, яъни 2021 йилдан бошлаб “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали магистратура ва докторантура дастурлари асосида энг нуфузли хорижий давлатларда таҳсил олиш учун стипендиялар миқдорини 5 баробарга ошириш таклифи илгари сурилди. Шу билан бирга, жорий йилдан бошлаб камида 100 нафар ёшларимиз учун нуфузли хорижий университетларнинг бакалавриатида ҳам таълим олиш имконияти яратилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар