Учрашув давомида томонлар XXI асрнинг “яшил” иқтисодиётига ўтишда ҳал қилувчи аҳамият касб этаётган соҳалар — яъни қайта тикланувчи энергетика, электромобиллар ва юқори технологияли саноат учун зарур бўлган стратегик хомашёлар — технологик металлар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ҳамкорлик доирасида геология-қидирув ишларини қўллаб-қувватлаш, минерал ресурслар захираларини аниқлаш, саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш ва технологик жараёнларга инновацион ёндашувларни жорий этиш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Хитой делегацияси Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни, очиқлик сиёсати ва барқарор инвестицион муҳитни юксак баҳолар экан, салоҳиятли лойиҳаларда иштирок этишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Учрашув давомида “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ томонидан амалга оширилаётган йирик инвестициявий лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Хусусан, 2025–2026 йилларга мўлжалланган 2,6 миллиард долларлик 71 та лойиҳа тўғрисида батафсил маълумот берилди. Ушбу ташаббуслар доирасида техноген чиқиндиларни қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва илғор технологиялар трансфери бўйича инновацион ечимлар таклиф этилди.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи, АҚШ, Жанубий Корея ва Осиё тараққиёт банки билан ҳам стратегик ҳамкорлик келишувлари имзолангани қайд этилди.
Йиғилиш якунида томонлар “яшил” минераллар занжири — яъни тадқиқотдан тортиб саноат ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқичларда узвий ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олдилар. Бу эса нафақат икки мамлакат манфаатларига, балки глобал экологик барқарорлик ва технологик тараққиёт мақсадларига ҳам хизмат қилади.
(Реклама ҳуқуқи асосида)
Изоҳ қолдириш