Тадбиркорлигимни илм ва амалиётни уйғунлаштириш асосига қурдим

Тадбиркорлигимни илм ва амалиётни уйғунлаштириш асосига қурдим

Тадбиркорнинг ташриф қоғози

Таниқли тадбиркор Анвар Норбоев 1975 йилнинг 23 апрелида Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Энамяхши қишлоғида дунёга келган. Ўқувчилик пайтларида “математика” фани бўйича 3 марта Республика олимпиадаси финал босқичида қатнашган ва 2 марта фахрли 3-ўрин соҳиби бўлган. 1992 йил ўрта мактабни “олтин медаль” билан битирган. 1997 йилда Тошкент давлат университетини, 2004 йилда эса Тошкент молия институтини муваффақиятли тамомлаган. Математика ва банк иши бўйича эгаллаган билими унинг тадбиркорлик фаолияти учун мустаҳкам асос яратди.

У 2005 йилда Тошкент шаҳрида “STANDART ELEKTRO TEXNIKA” хусусий корхонасини ташкил этди. Корхона ўз фаолиятини электротехника ускуналари ишлаб чиқаришдан бошлади. Бугунги кунда бу ерда комплекс трансформатор подстанциялари, тақсимлаш шкафлари ва энергия тежамкор трансформаторлар ишлаб чиқарилади. Мазкур маҳсулотлар аввал хориждан импорт қилинар эди, энди уларни хориждан сотиб олишга чек қўйилди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизга муайян миқдорда хорижий валютани тежаш имкониятини яратди.

Тадбиркор 2020 йилда фаолиятини янада кенгайтириб, ўзи туғилиб ўсган Каттақўрғон туманида “Kattaqo‘rg‘on elektrotexnika zavodi”ни ташкил этди. Заводда илғор технологиялар асосида 3 фазали мойли герметик русумли трансформаторлар ва электротехника ускуналари ишлаб чиқарилмоқда.

Анвар Норбоевнинг турмуш ўртоғи Матлуба Норбоева “STANDART ELEKTRO TEXNIKA” корхонасида офис-менежер сифатида ишлаб, тадбиркорлик ишларига кўмак бермоқда. Уларнинг ўғли Нурмуҳаммад Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослашган таянч мактабининг 9-синфида таълим олмоқда.

Анвар Норбоевнинг меҳнати 2023 йилда ҳукуматимиз томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Унинг ҳаёти ва тадбиркорлик фаолияти фидокорона меҳнат, қатъият ва инновацион ёндашув орқали ютуқларга эришишнинг ёрқин намунасидир.

Тадбиркорликни қандай бошлагансиз? Нега айнан электротехника соҳасини танлагансиз? Ундан олдин нима иш билан машғул бўлгансиз?

– Тадбиркорликни илм ва амалиётни уйғунлаштирган ҳолда бошладим. Аспирантурада таҳсил олиш билан бирга, қўшимча иш сифатида ҳозирги кундаги ҳамкорларимдан бири бўлган ихтисослашган монтаж корхонасида монтажчи бўлиб ишладим. Бу иш жараёнида мен соҳага оид қимматли билим ва тажрибага эга бўлишга муваффақ бўлдим.

Тадбиркорликнинг электротехника соҳасини танлашимда отамнинг таъсирлари катта бўлган. Чунки отам электротехника соҳасида мутахассис эдилар. У кишининг маслаҳатлари ва қўллаб-қувватлашлари мен учун муҳим туртки бўлиб, отам билан биргаликда электротехника корхонасини очишга қарор қилдим. У соҳадаги билимларнинг кўпини айнан отамдан ўргандим ва отамнинг насиҳатларини доимо қадрлаб келаман.

Мен илк яхши натижалар билан чегараланиб қолмай, электротехника соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида дунёнинг нуфузли корхоналарида ўз малакамни оширишга киришдим. Интернет орқали Россия, Украина ва Беларуснинг илғор технологиялари билан танишдим. Кейинчалик эса ушбу давлатлардаги трансформатор ишлаб чиқариш заводларига шахсан бориб, фаолиятларини яқиндан кузатдим. Заводлардаги ишлаб чиқариш жараёнларини чуқур ўрганиб, юқори технологияли ечимларни ўз корхонамда жорий қилиш устида ишладим.

Тадбиркорликда катта ютуқларга эришгансиз. Бунга юртимизда яратилган шароитлар, имтиёзлар, давлат томонидан қўллаб-қувватлашлар ёрдам берганми?

Мамлакатимизда Президентимиз томонидан амалга оширилаётган тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар менинг ҳаётимда энг катта бурилиш ясади, десам муболаға бўлмайди. Жумладан, имтиёзли кредитлар, солиқ юкини камайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар менинг муваффақиятимда ҳал қилувчи аҳамият касб этган.

Юртимизда тадбиркорлар учун яратилган бундай имкониятлар бизга янги лойиҳаларни амалга ошириш, иш ўринларини яратиш ва экспорт салоҳиятини оширишда катта ёрдам бермоқда. 2005 йилда “Каттақўрғон электротехника заводи”ни ташкил этишим тадбиркорлик фаолиятимни бошлашда биринчи қадамим бўлди.

Бугунги кунда заводда йилига 1200 дона трансформатор ишлаб чиқарилади ва 120 нафар иш ўрни яратилган. Шу жумладан, 80 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган.

Корхонада импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали мамлакатимиз иқтисодиётига ўзимизнинг ҳиссамизни қўшмоқдамиз. Бугунги кунда “Каттақўрғон электротехника заводи” орқали нафақат ички бозор учун, балки экспорт салоҳиятига эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга муваффақ бўлдик.

Биз тадбиркорлик фаолиятимизни фақат ишлаб чиқариш билан чекламай, ижтимоий ривожланишга ҳам катта эътибор қаратяпмиз. Ўз қишлоғимда 300 ўринли хусусий мактабгача таълим муассасасини ишга туширдим. У хусусий мактабда 40 та ўқитувчи ишлаяпти. Шунингдек, 34 гектар ерда узумзор ташкил этиб, ҳосилга кирган 10 гектар майдонда 12 нафар доимий иш ўрни очилди. Ушбу завод ва лойиҳалар нафақат иқтисодий ривожланишга ҳисса қўшмоқда, балки маҳаллий аҳолининг ижтимоий фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. Биз келажакда янада катта ютуқларга эришишни мақсад қилганмиз.

Тадбиркорлигингизнинг ривожланиш тарихи қандай бўлган? Қандай маҳсулотлар ишлаб чиқарасиз?

– 2005 йилнинг 17 ноябрида ташкил этилган “STANDART ELEKTRO TEXNIKA” хусусий корхонамиз ўз фаолиятини кичик лойиҳаларни амалга оширишдан бошлаган бўлиб, вақт ўтиши билан йирик ишлаб чиқариш масканига айланди. Ҳар бир қадамда инновацион ёндашув ва сифатли маҳсулот яратишга эътибор қаратилди.

Корхона фаолиятини кенгайтириш жараёнида энерготежамкор маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашиб, электротехника соҳасида жаҳон стандартларига мос ечимлар таклиф этила бошланди. Комплект трансформатор подстанциялари (25 kVA дан 2500 kVA гача), КСО-298 ва КСО-386 русумли хизмат кўрсатиш камералари, К-59, К-63, КМ1, КРН каби тақсимлаш ускуналари, ШО85 сериясидаги тақсимлаш шитлари, ВРУ-0,4, ПР 8503 каби бошқарув шкафлари, ОРУ-35 кВ ва ОРУ-220 кВ учун ускуналар, УКРМ-0,4 русумли конденсатор қувват ускуналари (20 kVAr дан 1600 kVAr гача), ТМГ куч трансформаторлари (16-2500 kVA) каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

2020 йилда янги босқичда “Каттақўрғон электротехника заводи” ташкил этилди. Заводимизнинг асосий мақсади – энерготежамкор ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўлиб, бугунги кунда ТМГ русумли трансформаторлар ва замонавий электротехника ускуналарини ишлаб чиқаряпмиз.

Ҳозирча, юқори кучланишли (110кв) электроускуналар Ўзбекистонга асосан четдан импорт қилиб олиб келинмоқда. Заводимизда импорт ўрнини тўлиқ босувчи “Юқори кучланишли электротехника ускуналари” ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишни бошладик.

Бизнесингизнинг ҳозирги куни ҳақида ахборот беринг, жумладан, маҳсулотларингизни сотиш бозорлари қандай? Қандай лойиҳалар амалга оширилди, улар вилоятга ва истеъмолчиларга нима беради?

– Бизнинг корхонамизда ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги технологияларни жорий этиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу, ўз навбатида, маҳсулотларимизнинг сифати ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Ҳозирги кунда қуйидаги натижаларга эришилди: “Юқори кучланишли вакумли ўчириш” ускуналари 2023 йилда ишлаб чиқаришга туширилди. Бу лойиҳа нафақат ички бозор талабларини қондиришга ёрдам берди, балки қўшимча иш ўринлари яратилишига ҳам сабаб бўлди. Жами 15 та янги иш ўрни ташкил этилди. “Кучланиш ва ўлчов трансформаторлари” ишлаб чиқариш лойиҳаси 2024 йилнинг II чорагида ишга туширилди. Ушбу лойиҳа ҳам яна 15 та янги иш ўрни яратишга имкон берди.

Янги лойиҳаларимиз қуйидагилар: биринчиси, кучланиши 110 кВА бўлган оддий ва элегазли ажраткичлар ишлаб чиқариш. Бу ускуналар юқори кучланишли тармоқларда ишлатилиб, электр энергиясини узатиш жараёнини хавфсиз ва самарали амалга оширишга хизмат қилади. Натижада, 20-30 та янги иш ўрни яратилади.

Иккинчиси, кучланиши 500 кВАгача бўлган электр тармоқлари ва подстанцияларни лойиҳалаш ва қуриш. Ушбу лойиҳа республикамизнинг энергетика инфратузилмасини яхшилашга қаратилган. Ундан кўзланган мақсад – энергия узатиш тизимларини модернизация қилиш. Ишга тушиш вақти – 2024-2025 йиллар. Янги иш ўринлари 30-40 тани ташкил этади.

Учинчиси, қуввати 100 мВА, кучланиши 500 кВАгача бўлган трансформаторлар ишлаб чиқариш. Ушбу трансформаторлар энергетика тизимининг юқори кучланишли тармоқларида ишлатилиши режалаштирилган. Улар орқали импортга бўлган эҳтиёжни камайтириш мақсад қилинган. Ишга тушиш вақти – 2025-2026 йиллар. Янги иш ўринлари: 100-150 та.

Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши, нафақат ишлаб чиқариш қувватларимизни оширишга, балки ички бозорда импорт ўрнини босувчи маҳсулотларнинг улушини кўпайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, иш ўринлари яратилиши орқали ҳудудимизда ишсизлик даражасини пасайтиришга ҳам ҳисса қўшамиз.

Заводда бугун ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар аввал қайси давлатлардан импорт қилинарди?

– Корхонамиз асосий йўналишларидан бири импорт ўрнини босувчи электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларни маҳаллийлаштириш ҳисобланади. Кейинги йилларда ишга тушган лойиҳаларимиз доирасида қуйидаги маҳсулотлар маҳаллийлаштирилди:

  1. “ТМГ” русумли энерготежамкор трансформаторлар. Аввалги даврда бу турдаги трансформаторлар, асосан, Туркия, Украина, Беларус, Россия, Хитой ва Қозоғистондан импорт қилинган.
  2. Юқори кучланишли электр тармоқлари ва ускуналарини бошқариш, уларни турли хил авария ҳолатларидан асраш учун қўлланиладиган “VS1-12” русумли вакуумли узгичлар. Бу турдаги маҳсулотлар Россия, Германия ва Хитойдан олиб келинарди.
  3. Юқори кучланишли электр тарқатиш ускуналарида ҳимоя ва ток ўлчовлари учун ишлатиладиган қуйма ток трансформаторлари. Улар олдин асосан Россия ва Хитойдан сотиб олинган.

Мана шу маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали корхонамизда 2022-2024 йилларда 60 млрд сўмлик импорт ўрнини тўлиқ босувчи электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Заводингиз қайси давлатнинг қандай фирмалари билан ҳамкорлик қилади?

– Хитойнинг CHINT ELECTRIC Co., Ltd., Xiaogan Hanguang Senyuan Electric Co., Ltd, People’s Electric Appliance Group Co., Ltd., Jubang group co. Ltd., Tianhong Power Technology Co., Ltd. компаниялари билан яқин иқтисодий алоқалар ўрнатганмиз. Бир-биримизга бориб-келиб, ўзаро тажриба алмашамиз.

Баъзи бир маҳсулотлар ишлаб чиқаришда Россиянинг “ООО ВП “НТБЭ”, “НПП “Динамика”, “Корпорация ВЭД-Центр”, “КОМПЛЕКТЭНЕРГО”, “Свердловэнергощит”; Украинанинг “РЕЛСИС”, “ВОЛЬТЕН”, “Интеграл”, “Аплайд Проджектс”, “Промсервис” компаниялари; Туркиянинг “İNCİ TRANSFORMATÖRAKSESUARLARI SAN. VETİC. A.Ş.”, “KAEL MUHENDİSLİK ELEKTRONİK TİC.” ва “SAN. LTD. ŞTİ.”; Беларуснинг “Минский электротехнический завод им. В.И.Козлова” (МЭТЗ) номли корхоналари билан доимий алоқада ишлаймиз.

Сизнинг бизнесингизнинг ижтимоий аҳамияти қандай? Масалан, қанча иш ўрни яратилди? Корхонангизнинг эҳтиёжманд гуруҳларга нисбатан ижтимоий сиёсати қандай? Ходимларингизнинг ижтимоий пакетлари ва даромад даражаси етарлими?

– Бизнинг фаолиятимиз нафақат иқтисодий ривожланиш, балки ижтимоий масъулиятни кучайтиришга ҳам йўналтирилган бўлиб, биз учун ишчи-ходимларимизнинг фаровонлиги ва ижтимоий ҳимояси устувор аҳамиятга эга.

Корхонамизда 100 дан ортиқ иш ўрни ташкил этилган. Янги лойиҳаларни амалга ошириш орқали 2025 йил ичида иш ўринлари сонини 200 дан ошириш режалаштирилган.

Ходимларимиз соғлиғини сақлашга ҳам эътибор қаратяпмиз. Юрак билан боғлиқ муаммолари бўлган ходимимиз Ф.Нурмонова учун зарур бўлган операция ўтказишда катта ёрдам кўрсатдик. Бу жараёнда Швейцария ва Америкадан юқори малакали шифокорлар жалб қилинди. Бу саъй-ҳаракатларимиз ходимларимизнинг саломатлигига бўлган муносабатимизнинг ёрқин намунасидир.

Эҳтиёжманд ходимларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар бир байрамда уларнинг оилаларига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатамиз. Бу уларнинг турмуш даражасини яхшилашга қаратилган доимий қадамларимиздан биридир.

Таълим сифатини ошириш ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 260 ўринли замонавий мактаб қуриш режалаштирилган. Лойиҳа Мелихўжа МФЙ “Тонг” қўрғонида амалга оширилади. Лойиҳанинг ишга тушиш муддати 2025-2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, 60-70 та янги иш ўрни яратилади. Бу мактаб замонавий жиҳозлар ва инновацион таълим методлари билан жиҳозланади. Иқтидорли ёшлар учун бу катта имкониятлар яратади.

Биз ишлаб чиқараётган маҳсулотлар нафақат ички бозорни таъминлайди, балки вилоятимизда энергетика соҳаси ривожланишига муҳим ҳисса қўшади. Шу билан бирга, ижтимоий лойиҳалар орқали жамоатчилик манфаатларини ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Бизнинг мақсадимиз – иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш ўртасида мувозанатни таъминлаш.

Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича тайёрланган қайси Фармонлар, қарорлар ва чора-тадбирлар сизнинг бизнесингизга энг фойдали таъсир кўрсатди ва бу қандай намоён бўлди?

– Янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишимизда солиқ тизимида қилинаётган ислоҳотларнинг аҳамияти катта бўлмоқда. Масалан, 2021 йил апрель ойидан электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун даромад солиғининг 50 фоизи корхоналар ихтиёрида қолдирилиши бизга молиявий барқарорлик ва янги технологияларга инвестиция киритиш имконини яратди.

2023 йил январь ойидан ҚҚС ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилиши маҳсулотларимизнинг таннархини пасайтириб, ички ва ташқи бозорда рақобатбардошлигини оширди.

Бизнес учун қулай имкониятлардан фойдаланган ҳолда биз юқори кучланишли (110 кВ) электротехника ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лойиҳасини бошладик. Бугунги кунда ушбу ускуналар, асосан, четдан импорт қилинади. Заводимизда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали миллий иқтисодиётимизга ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз.

Агар ушбу лойиҳалар доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кафолатли бозор билан таъминланса, биз 2025-2026 йилларда юртимизнинг энергетика тизими учун зарур бўлган юқори кучланишли ускуналарни тўлиқ ишлаб чиқаришга ўтамиз ва 200 га яқин янги иш ўрни яратамиз. Бу нафақат иқтисодий ривожланишга, балки ишсизликни камайтиришга ҳам хизмат қилади.

Бу каби Фармон ва қарорлар тадбиркорлик ривожи учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда, шунинг учун бундай ислоҳотларнинг давомлилиги катта аҳамиятга эга.

Сиз қандай лойиҳаларни ишлаб чиқмоқдасиз ёки режалаштирмоқдасиз? 2024 ва 2030 йилларга мўлжалланган ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалар режаларингизга қандай таъсир қилади?

– Каттақўрғон туманида 2025-2030 йилларга мўлжалланган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда саноат, таълим ва тадбиркорлик соҳаларида янги лойиҳалар муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлат сиёсатига мувофиқ, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Бу вазифалар доирасида биз ҳам қатор истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни режалаштирганмиз.

Каттақўрғонда саноат салоҳиятини ошириш учун “Каттақўрғон электротехника заводи” МЧЖ лойиҳаси амалга оширилмоқда. Қуввати 100 МВА, кучланиши 110 кВ бўлган трансформаторларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни мақсад қилган бу завод туманнинг саноат ривожланишида янги босқични бошлайди. У 2028 йилгача ишга туширилади ва янги заводда 500 та янги иш ўрни яратилади. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 75 млрд сўмлик саноат трансформаторлари ишлаб чиқаришга тенг бўлади.

Бу лойиҳа туманнинг экспорт салоҳиятини ошириш, энерготежамкор маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали вилоят миллий иқтисодиётига катта ҳисса қўшишга йўналтирилган. Заводнинг ишга тушиши нафақат иқтисодий юксалиш, балки аҳолини иш билан таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Хуллас, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилган қулай шароитлар туфайли мен илм ва амалиётни уйғунлаштириш асосида муваффақиятли бизнес лойиҳаларни амалга ошира олдим, деб айта оламан.

Одил Олимжонов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

"Иқтисодий шарҳ" журнали №3/2025

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар